Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спортчи, «Дўстлик» ордени соҳиби Оксана Чусовитина 2016 йилнинг 18 апрель куни Рио-де-Жанейрода бўладиган ёзги Олимпиада ўйинларига йўлланмани қўлга киритди; бу унинг учун еттинчи Олимпиада — ҳали ҳеч бир спорт гимнастикачиси бундай кўрсаткичга эришмаган. Оксана гимнастика билан шуғулланишни бошлаган вақти — 1982 йили унинг Риодаги бўлажак рақиблари ҳали дунёга ҳам келмаган эди.
Чусовитинанинг собиқ мураббийи Лидия Иванова ўзининг энг яхши ўқувчиси ҳақида тўлқинланиб илиқ фикрлар билдиради. «Олимпиадада соврин қўлга киритадими-йўқми, аҳамиятсиз, еттинчи марта у ерда эканининг ўзи энг юксак олқишларга лойиқ. Яна ким шундай натижага эриша олишини тасаввур ҳам қила олмайман. Мен қизларни улкан мамлакатда танлаб-танлаб олгандим, Оксана эса юзимни ерга қаратмади», — дейди мураббий «Р-Спорт»га берган интервьюсида.
Оксана 13 ёшида ўсмирлар ўртасидаги собиқ Иттифоқ чемпионатида ғолиб чиққан, 1990 йилдан эса собиқ Иттифоқ термасининг асосий таркиб аъзоси сифатида халқаро мусобақаларда иштирок эта бошлади. 1991 йили АҚШнинг Индианаполис шаҳрида бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида жамоавий баҳсларда ва эркин дастурда олтин, таянчга таяниб сакрашда эса кумуш медаль эгасига айланди. Унинг биринчи Олимпиадаси арафасида эса собиқ Иттифоқ деган давлат йўқ бўлди.
1992 йили Барселонада бўлиб ўтган Олимпиадада Олимпия байроғи остида қатнашган Бирлашган жамоа таркибида Оксана Чусовитина ҳам бор эди. Оксананинг биринчи Олимпиадасидаги биринчи медали олтин бўлди. Ўша йили МДҲ байроғи остида жаҳон чемпионатида қатнашиб, бронза медални қўлга киритди. У 1993 йилдан Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилишни бошлади.
Хиросимада ўтган 1994 йилги Осиё ўйинларида иккита бронза медаль эгасига айланди, айнан шу ерда бўлажак турмуш ўртоғи — эркин курашчи Баҳодир Қурбонов билан танишиб, 1997 йили унга турмушга чиқди, 1999 йили уларнинг фарзанди — Алишер дунёга келди. Умуман, 1993—2006 йиллар давомида Чусовитина Ўзбекистон байроғи остида учта Олимпиада ва учта Осиё ўйинларида қатнашди, халқаро мусобақаларда 70 дан ортиқ медалларни қўлга киритди.
Бироқ, фарзандига лейкемия ташхиси қўйилгани сабаб, Германияга кетишга мажбур бўлди. У 2003 йилдан бошлаб Германияда яшагани ҳолда, Ўзбекистон номидан мусобақаларда қатнашиб турди. 2006 йили эса Германия фуқаролигини олди. Ҳаёт, тақдир шунга мажбур қилди.
Ўғли Алишер ва Германия
«Мен уни болалигидан, мен раҳбарлик қилган ёшлар жамоасига келганидан бери биламан. У табиатан сакровчи, сакраши билан жаҳонда ўрнини топди. Қизалоқ ўзининг туғма қобилиятлари, кучли иродаси ва, қўшимчасига, ҳаётдаги вазиятлар — оилавий ҳолати сабаб ўзини кўрсата олди. Бу спортдаги узоқ умрнинг ажойиб, меҳнатга бўлган муносабатнинг эса такрорланмас намунасидир», — дейди мураббий Лидия Иванова.
Чусовитина 2002 йили Венгриянинг Дебрецен шаҳрида бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида таянчга таяниб сакраш бўйича олтин медални қўлга киритди. Scotland Herald’нинг ёзишича, мусобақадан сўнг ўша вақтда 27 ёшда бўлган спортчи интервью бераркан, шундай деган: «Агар мусобақаларда қатнашмасам, ўғлимнинг ҳаёти тугайди. Ҳаммаси шундай оддий. Бугун ўғлим операцияни бошдан ўтказди, мен ишлаб пул топаётганим учун у даволаниш имконига эга. Менда бошқа танлов йўқ».
Эътиборли томони, Оксана иккинчи Олимпиада медалини айнан Германия терма жамоаси таркибида қўлга киритди. 2008 йилги Пекин Олимпиадасида таянчга таяниб сакраш баҳсларида кумуш медалга лойиқ натижа қайд этди. Ва бу ҳали ҳаммаси эмас: 2007 йили Амстердамда ўтган Европа чемпионатида бронза медални қўлга киритган асли ўзбекистонлик спортчи 2008 йилги чемпионатда натижасини олтин медалгача яхшилай олди. 2011- ва 2012 йилги Европа биринчиликларида эса кумуш медаллар эгасига айланди.
«Пекиндаги Олимпиададан сўнг, икки оғир мавсумни бошдан ўтказдим: иккала елкамни операция қилдиришга тўғри келди, сўнг оёқ пайларим узилиб кетди. Тикланиб, таркибга қайтганимдан сўнг, немислар менинг мураббийимни на жаҳон чемпионатига, на Лондон Олимпиадасига чақиришди. Мазкур мусобақалардаги муваффақиятсизлигим, маълум маънода, шу билан ҳам боғлиқ эди. Бундан ташқари, Германия термасининг катта мураббийи томонидан менга нисбатан талаблар кучайиб бораётганини ҳис қилдим», — дейди Оксана.
«Охири, мени қўйиб юборишларини сўрадим. Мазкур масала юзасидан федерацияда махсус йиғилиш бўлиб ўтди, тўғриси, йўлимга тўсиқ қўймагани учун Германия гимнастика иттифоқи раҳбариятидан жуда миннатдорман», — дея қўшимча қилди Чусовитина.
Қайтиш ва қаҳрамонга айланиш
40 ёшда спорт гимнастикаси билан шуғулланиш нима дегани? Бу спорт тури учун 40 ёш ҳатто нафақа даври ҳам эмас. Бу ёшда мазкур собиқ спорт гимнастикачилари ҳар куни оддий қадам ташлашда ҳам оғриқ сезади. 2016 йилнинг январида 37 ёшга тўлган россиялик спорт гимнастикачиси, икки карра Олимпия ўйинлари ғолиби Светлана Хоркина спортдаги фаолиятини 25 ёшида якунлаган эди — шунда ҳам уни «спорт гимнастикасида энг узоқ умр кўрганлардан» бири сифатида эътироф этишади.
Замонавий гимнастика тўгаракларига қизларни 4 ёшдан қабул қилишади, 14—18 ёшлик — аёл организмининг ривожланиш даври муваффақиятларга эришиш учун мақбул давр ҳисобланади. Ҳаддан ортиқ кўп шуғулланиш натижасида 20 ёшга келиб кўпчилик спортчи қизларда умуртқа, болдир, товон, тиззада муаммолар пайдо бўлади ва уларнинг аксарияти спортчилик фаолиятини якунлаб, кўп ҳолатларда бутун умрга ногирон бўлиб қолади. Шу сабабли ҳам, Оксана Чусовитинанинг қарийб 25 йилдан бери спорт гимнастикаси билан юқори савияда шуғулланиб келаётгани ақлбовар қилмас ҳодисадир.
«Ҳар куни эрталаб онамга телефон қилсам, у ҳар гал шундай дейди: ‘Қандай гўзалсан, қизалоғим! Аъло қизим! Фақат бироз тентаккинамсан сен мени — қирқ ёшга тўлиб ҳам, сакраб тўймадинг’», — дейди Оксана Чусовитина. Ҳақиқатан ҳам, фаолиятини тўхтатиш учун унда барча асос бор эди — 2012 йилги Лондон Олимпиадасидан сўнг Германия термаси таркибига кириши қийинлиги очиқ кўриниб қолган, ўғли Алишер эса қарийб соғайиб бўлган эди. Лекин у азалий орзусини рўёбга чиқариш учун ҳам Ўзбекистонга қайтди.
«Алишер тўла соғлом эканини айтишганидан сўнг, биринчи бўлиб хаёлимга келган нарса Ўзбекистонга қайтиш бўлди. Кўп йиллардан бери бир орзум бор — ўзим туғилиб ўсган мамлакат учун олимпия медалини қўлга киритиш. Умуман, спортчилик фаолиятимни ҳам уйда якунлашни хоҳлардим. Жуда қизиқ ҳолат: Ўзбекистонда турмуш ўртоғимдан бошқа ҳеч ким қолмаган, барча қариндошларим аллақачон Россияга кўчиб кетган. Лекин ҳар сафар Тошкентга келганимда мен шу ерлик эканимни ҳис қиламан. Менинг ерим, менинг шаҳрим», — дейди Чусовитина.
2013 йили спорт гимнастикаси бўйича жаҳон чемпионатида яна Ўзбекистон номидан қатнашган Оксана таянчга таяниб сакраш бўйича мусобақаларда камтарона натижа қайд этди — 5-ўрин. 2014 йили Жанубий Кореянинг Инчхон шаҳрида ташкил этилган Осиё ўйинларида эса шоҳсупага кўтарилди — таянчга таяниб сакраш мусобақаларида кумуш медаль эгасига айланди. Бунгача, 1994—2002 йиллар давомида у Осиё ўйинларида иккита олтин, иккита кумуш ва иккита бронза медалларини қўлга киритиб улгурган эди.
2016 йил апрелида Оксана бутун дунё оммавий ахборот воситалари диққат марказига тушди. Fox Sports телеканалининг Facebook’даги саҳифасида: «40 ёшли Оксана Чусовитина Олимпия ўйинларига йўлланма олди. Нима, нима?», деган изоҳ билан қолдирилган видеохабар 72 мингдан ортиқ лайк тўплади, 84 минг мартадан кўпроқ улашилди, хабарга 5500 га яқин фикр билдирилди.
«Бунга ақл бовар қилмайди! 20 ёшдан каттаси қари ҳисобланадиган спорт турида у ҳақиқий йўлчи юлдуз! Жаҳон чемпионатлари ва Олимпия ўйинларининг медалларини қўлга киритишдан иборат спортчилик фаолиятини оилавий ҳаёт ва лейкемиядан азият чекаётган фарзандига ғамхўрлик қилиш билан бирга бир мувозанатда ушлаб тура олгани уни мен учун янада каттароқ афсонага айлантиради», — дейди Fox Sports’нинг лондонлик муштарийларидан бири.
«40 ёш — ҳечам кекса эмас, деяётганлар спорт гимнастикасидан бутунлай бехабар кишилардир. Мен 16 ёшимда жароҳат олиб, ўшандаёқ спорт гимнастикачиси сифатида фаолиятимни тугатганман. Оксана — ҳайратланарли даражада ажойиб!», — деб ёзади бошқа бир, австралиялик фойдаланувчи. «Етти Олимпиадада иштирок этишнинг ўзи-да ҳар қандай спортчи учун ақлга сиғмайдиган ҳодиса», — дея қўшимча қилади яна бир британиялик.
Балки Чусовитина Олимпиадада иштирок этиш бўйича тарихдаги мутлақ рекордни ўрната олмас (канадалик Ян Миллар от спорти бўйича Олимпия мусобақаларида 10 марта қатнашган), бироқ спорт гимнастикаси бўйича ҳақиқий рекордчига айлангани бор гап. У Олимпия ўйинларида олти бор қатнашган болгариялик гимнастикачи Йордан Йовчевдан ўзиб кетди ва яқин орада биров унинг бу рекордини янгилай олмаса ҳам керак.
«Оёғинг оғрияптими? Оёғинг борлигига шукр қил!»
Онасининг кенжа эркатойи ҳисобланган Оксана Чусовитина спортчилик фаолиятини якунлаётгани ҳақида камида уч марта баёнот берган. Германия терма жамоасидаги иштироки даврида, айниқса, Лондон—2012 Олимпиадаси арафасида бу масала анча муҳокама қилинган. Лекин Оксана спортдан кейинги ҳаёти ҳақида фақат энди ўйлаяпти.
«Онам доим менинг пианиночи бўлишимни истаган, ҳатто мен учун пианино ҳам сотиб олган эди. Лекин пианино чалишни ўрганиш — спортдан кейинги ҳаётим режалари орасида ҳам йўқ. Аксинча, от минишни яхшилаб ўрганмоқчиман. Ҳозир фақат ёмон минишни биламан. От спорти билан шуғулланувчилар кекса вақтида ҳам мусобақаларда қатнашиши мумкинлигидан хабарим бор. Лекин агар от миниб мусобақаларда қатнашадиган бўлсам, фақат пони беришларини сўрардим — йиқилаётганда камроқ қўрқиш учун», — дея қувноқлик билан жавоб берди Чусовитина «Спорт-Экспресс»га берган интервьюсида.
Спортда Оксана каби «узоқ умр кўрувчилар», оз бўлса-да, бор. Масалан, 42 ёшида биатлон бўйича 20 марта жаҳон чемпиони бўлган Оле-Эйнар Бьёрндален, ёки бўлмаса Пекин—2008 Олимпиадасида 41 ёшида иштирок этиб, учта кумуш медални қўлга киритган сузувчи Дара Торрес каби. Чусовитинанинг айтишича, у бундай спортчилар тақдирини алоҳида кузатмайди, бироқ у ёки бу маънода қарийб барча спорт турларига қизиқади.
Лекин унга жуда кучли таъсир қилган спорт билан боғлиқ ҳодиса умуман бошқа: «2008 йили оёқ пайларимдан жароҳат олиб, Швейцариядаги клиникада даволанаётган эдим, тинимсиз: ‘Қандай бахтсизман!’, деб ўз-ўзимни койирдим. Бошим шундай хаёлларга тўлиб турган маҳал, телевизорни ёқиб, паралимпиячилар тайёргарлиги ҳақида кўрсатувни кўриб қолдим. Қўлсиз, оёқсиз одамлар қанчалар тиришқоқлик билан шуғулланаётгани кўриб, йиғлаб юбордим. Ўшанда ўзимга ўзим айтгандим: ‘Ҳа, Чусовитина, оёғинг оғрияптими? Овозингни ўчир ва оёғинг борлигига шукр қил!’. Оёқ ва қўли бор экан, одам ҳеч нарсадан қўрқмаслиги керак: бундай инсон ҳар қанақасига, ҳатто пол артиб бўлса-да, кун кўра олади».
Оксана қайд этган натижадан ҳайратда қолган шотланд газетасининг ёзганларига қўшилмай илож йўқ: «Чусовитина намуна рамзи ва илҳом манбаи сифатида хизмат қилишда давом этмоқда. Нафақат спорт гимнастикасидагилар учун. Балки бошқалар — биз учун ҳам. Тонгда уйғониб, каравотдан туриши-да катта бир курашга айланувчилар учун».
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).