Биласиз, бугундан Олий Лигада 9-тур учрашувларига старт берилди.
Тур доирасидан ўрин олган дастлабки ўйинда мамлакатимизнинг икки гранд жамоалари – “Локомотив” ва “Пахтакор” ўзаро баҳс юритишди. Жуда муросасиз ва қизиқарли кўриниш олган матчда “темирйўлчилар” кичик ҳисобда ғалабага эришишди.
Ўйин якунлангач ҳар икки жамоа аъзолари журналистлар учун ажратилган микст-ҳудудда беллашув борасидаги фикрлари билан бўлишишди. Хусусан, “Локо” ҳимоячиси Ислом Тўхтахўжаев қуйидагиларни таъкидлади:
- Учрашув чиндан “дерби” мақомига мос тарзда ўтди. Ҳар икки жамоа ҳам майдонга фақат ва фақат ғалаба илинжида чиқиши тайин эди. Шу сабабли ҳам бугун майдоннинг ҳар бир қаричи учун кураш кетди. Ўйин жуда қизиқарли кўриниш олди. Шукрки, биз унда ғалаба қозона олдик.
Бугун рақиб ҳам ёмон ўйнамади. Биз гол ургач, имкон қадар шу ҳисобни сақлаб қолиш учун уриндик. Якунда вазифа уддаланди ва Осиё Чемпионлар Лигаси доирасидаги учрашув олдидан муҳим ғалабага эришдик. Ишончим комил, бу ғалаба “Ал Ҳилол” билан баҳс олдидан йигитларимизга катта руҳий мадад беради, - дейди тажрибали ҳимоячи SPORTS.uz интернет-портали мухбирига.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).