Тадбиркор Энрике Рикельме «Реал Мадрид» президентлиги учун бўлиб ўтадиган сайловларда иштирок этиш эҳтимоли ҳақида фикр билдирди.
Аввалроқ, амалдаги президент Флорентино Переснинг ташаббуси билан клуб президентлик ва директорлар кенгаши учун муддатидан олдин сайловлар ўтказилишини эълон қилган эди. Номзодларни рўйхатга олиш 23 майгача давом этади ва иштирок этиш учун 187 миллион евро миқдорида молиявий кафолат талаб қилинади.
«Албатта, менда кафолат бор, акс ҳолда бу ҳақда гапириб ўтирмасдим. Янгиликлар икки-уч кундан кейин пайдо бўлади. Биз ҳали ҳам бу борада ишлаяпмиз. «Реал» учун ҳақиқатан ҳам муҳим, арзирли ва яхши нарсани ташкил қилиш учун бизга жуда кам вақт берилди. Биз вақтни беҳуда сарфламоқчи эмасмиз.
Яқин кунларда бир қарорга келамиз. Агар сайловда иштирок этсак, бу сосьос (клуб аъзолари) учун кейинги 10, 15 ёки 20 йил давомида муҳим ва илҳомлантирувчи лойиҳа бўлади. Режамиз — яна уч кун ишлаш ва агар тайёр бўлсак, шубҳасиз ўз номзодимизни қўямиз», — деди Рикельме.
37 ёшли тадбиркор қайта тикланувчи энергия соҳасида дунёдаги етакчи компаниялардан бири бўлган Cox Energy Group акцияларининг 75 фоизига эгалик қилади.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).