Тошкентнинг «Локомотив» клуби Осиё Чемпионлар Лигаси 1/8 финалида «Ал-Ҳилол»ни мағлуб этиб, чорак финалга чиқди. Шу тариқа, Ўзбекистон клуби 4 йилдан сўнг ОЧЛнинг кузги «плей-офф» босқичида иштирок этадиган бўлди. Сўнгги бор 2012 йилда «Бунёдкор» жамоаси чорак финалга йўлланма олган эди. Ўша йили «қалдирғочлар» ярим финалда Жанубий Кореянинг «Ульсан Хюндай» клубига имкониятни бой беришганди. «Локомотив» жамоасининг чорак финалдаги рақиби қуръадан сўнг маълум бўлади. Ушбу босқичнинг дастлабки учрашуви 23-24 августда, жавоб баҳслари 13-14 сентябрь кунлари бўлиб ўтади. Биз «Локомотив» - «Ал-Ҳилол» учрашувидан сўнг ўйиндаги иккинчи гол муаллифи Шерзод Файзиевдан интервью олдик.
- Аввало, бугунги ғалабамиз билан барча юртдошларимизни, футболга бефарқ бўлмаган инсонларни жамоамиз номидан табриклайман, - дея сўз бошлади ҳимоячи. - Бундан кейинги босқичларда ҳам мухлисларни хушнуд этиш истагидамиз. Айтишади-ку, иштаҳа овқат пайтида очилади, деб. Чорак, ярим финал ва насиб қилса, ҳал қилувчи учрашувда ҳам бугунгидек чиройли ғалабаларни қўлга киритишга астойдил ҳаракат қиламиз.
- Ўйиндан кейин кийиниш хонасидаги муҳитни тасаввур қилиб турибмиз...
- Ҳа, ҳамма хурсанд. Хурсандчиликни сўз билан тасвирлаш мушкул. Клуб раҳбарияти футболчилар ва мураббийлар штабини чиройли ўйин ва ғалаба билан табриклади. Мухлислар уйларига шодон кайфиятда қайтишди. Шунинг ўзи биз учун катта бахт.
- Бугунги учрашувда майдонга ғалаба учун тушишинглар аниқ эди. Чунки ғалабадан ўзга натижа рақибларимиз фойдасига хизмат қиларди. Шу нуқтаи назардан, барибир, бироз ҳадик бормиди?
- Биласизми, ҳадик эмас, бироз ҳаяжон бор эди. Шундай десам тўғрироқ бўлар. «Ал-Ҳилол» - Осиёнинг кучли жамоаларидан бири. Бу клубга ортиқча таъриф бериш шарт бўлмаса керак. Улар ҳам бу ерга ижобий натижани кўзлаб келишганди. Ҳар ҳолда, ютқазиб кетамиз, деган ният бўлмаган. Менимча, биринчи бўлим ўрталарида урган голимиз фойдамизга ишлади. Аммо бу ғалаба дегани эмасди. Битта тўп ўтказиб юборсак, чорак финалга саудияликлар йўл олишарди. Шуни ўйлаб ҳам тўлиқ ҳужумга ўтиб кетиш зиёнимизга ишлаши мумкин эди.
- «Ал-Ҳилол»нинг ўйини қовушмадими ёки уларнинг ўйлаган режаларини амалга оширишларига сизлар йўл қўймадингларми?
- Ҳар икки омилни ҳам сабаб сифатида кўрсатса бўлади. Ар-Риёдда кечган баҳсда майдон эгалари кучли ўйин намойиш этишганди. Бу сафар шу вазифани биз такрорладик. Мухлисларга маъқул келадиган ўйин кўрсатиб, юзимиз ёруғ бўлди. Бундан эса барчамиз бирдек қувондик.
- Учрашувдан олдин мураббийлар қандай тактика асосида ўйнаш кераклигини уқтиришганди?
- Биринчи вазифамиз ўз дарвозамиздан тўп ўтказиб юбормаслик эди. Кейин имкони борича, тезкор гол уришимиз талаб қилинганди. Бу вазифани уддаладик.
- Дарвозамизга белгиланган шубҳали пенальти ҳақида қандай фикрдасиз?
- Мен ўша вазиятга яқин тургандим. Ҳеч қандай пенальти йўқ эди. Қоида бузилмаганди. Футболчилар иккинчи қаватда тўп учун курашишганди.
- Шахсан сиз чорак финалда қайси жамоа билан тушиб қолишни истамаган бўлар эдингиз?
- Шахсий фикрим, Осиёнинг энг кучли жамоасини мағлубиятга учратдик. «Ал-Ҳилол» ўтган йилги ОЧЛ мусобақасида ярим финалга қадар етиб борган эди. Шунинг ўзиёқ, Саудия Арабистони клубининг мавқеидан дарак бериб турибди. Кузги «плей-офф» босқичида оддий жамоалар бўлмайди. Қитъамизнинг кучли 8та жамоаси бош мукофот учун курашни давом эттиради. Энди ким билан ўйнашнинг унчалик катта аҳамияти бўлмайди.
- Бугунги учрашувда жамоангизнинг иккинчи ва шу билан бирга ғалаба тўпига муаллифлик қилдингиз...
- Албатта, бундан жуда ҳам хурсандман. Лекин мен ҳамиша шахсий ютуқларни иккинчи даражага қўйиб келганман. Мен учун муҳими, жамоамнинг ғалабаси. Ўз ўйинларим билан «Локомотив» клубининг ғалабаларига улуш қўшишни истайман. Қолаверса, «Локомотив» ўзи учун янги тарих яратди. Бу тарихнинг янгиланишида иштирок этганимдан хурсандман. Ўтган йили жамоа гуруҳ босқичидан чиқа олмаган эди. Бу йил ҳозирча чорак финалдамиз. Энди тўхташ йўқ. Ўзбекистоннинг ягона жамоаси сифатида Осиёнинг энг нуфузли мусобақасида иштирок этаётганимизни ҳам унутмаслигимиз керак. Адашмасам, турнирда қанча узоқроққа борсак, бу ОЧЛда клубларимизга бериладиган квоталар сонига таъсир қилади.
- Рақиб жамоа таркибидаги қайси футболчилар бугун ҳимоячиларимизга кўпроқ ташвиш туғдиришди?
- Ҳар иккала қанотдан уюштирилган ҳужумлар хавфли бўлди. Ўйиндан олдин мураббийлар бизга айнан қанотлар хавфли бўлишини айтишганди.
- Мана, бир неча ойдан бери «Локомотив»дасиз. Жамоага тўлиқ мослашиб кетдингизми?
- Тўғриси, бошида қандай бўлар экан, жамоа ўйинига мослашиб кетар эканманми, деган ҳадик бор эди. Барибир, «Локомотив» кучли жамоа, ўз олдига фақат олий мақсадларни қўяди. Шу жиҳатдан бироз чўчигандим ҳам. Лекин янги жамоадошларим тўлиқ қўллаб-қувватлашди. Уларнинг ёрдамлари билан тезда жамоа ўйинига қўшилиб кетдим. Кейин аксарият футболчилар билан таниш, дўст бўлганим ҳам фойда берди.
Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).