Европа чемпионати географияси тобора кенгайиб бормоқда. Бу гап фақат иштирокчи жамоаларгагина тааллуқли эмас. Ҳа, финал раундига 24та терманинг чиққани турнир ҳудуди сезиларли даражада «чўзилгани»дан далолат. Шунинг баробарида «кўҳна қитъа» биринчилиги футболчилар ўйнайдиган лигалар миқёсида ҳам анча кенгайди. Ўзингиз ўйланг, Франция майдонларида давом этаётган мусобақага Европа мамлакатлари миллий чемпионатларида тўп сурувчи футболчилардан ташқари, узоқ АҚШ, Канада, Мексика, Австралия, Хитой, Қатар ва Саудия Арабистонида ризқ тераётган легионерлар ҳам жалб этилди. Оддий айтганда, иштирокчи терма жамоалар мураббийлари «заявка» тузаётганда, бошқа қитъалар яшил майдонларига ҳам назар солишди ҳамда нақ 10 нафар муносиб номзодни топишди. Хуллас, қуйида Евро-2016га «бегона» қитъалардан ташриф буюрган шу футболчиларга эътибор қаратамиз.
Аарон Хьюз - Австралия
Шимолий Ирландия терма жамоасининг 36 ёшли марказий ҳимоячиси Австралия миллий чемпионатида «Мельбурн Сити» клуби шарафини ҳимоя қилади. Айтиш ўринли, Хьюз «яшил қитъа» сари юз буришидан олдин узоқ йиллар Англия жамоалари сафида жавлон урган. Хусусан, «Ньюкасл», «Астон Вилла» ва «Фулхэм» жамоаларида чакки таассурот қолдирмади. Ўтган ёзда эса, эркин агент мақомини олгани ҳамоно узоқ Австралияда ҳам ўйнаб кўришга аҳд қилди. Тўғри, ҳозирча «Мель-бурн»да ишлари унча юришаётгани йўқ. Дейлик, атиги 6 марта майдонга тушиб, 1та гол урган футболчи асосий вақтини захира ўриндиғида ўтказди. Шунга қарамай, Шимолий Ирландия терма жамоаси бош мураббийи Майкл О~Нил уни Евро-2016 «заявка»сига қўшди. Бевосита Евро-2016га келсак, Аарон польшаликларга қарши илк ўйинда захирада қолди, чунончи, мураббий ҳимоя марказида бошқа футболчиларга ишонч билдирди. Гуруҳ босқичи 2-туридан ўрин олган Украина термаси билан ўйинда эса фахрий ҳимоячи тўлиқ 90 дақиқа ҳаракатланиб, Шимолий Ирландия термасининг тарихий ғалабасига муносиб ҳисса қўшди. Кейин эса немислар билан баҳсда ҳам ҳимояни мустаҳкам ушлашда фаоллик кўрсатди. Хуллас, Майкл О~Нил танловини оқлади. Ахир Шимолий Ирландия термаси «сенсацион» тарзда «плей-офф»га ўтди.
Лоран Симан - Канада
Бельгия термасининг 30 ёшли ҳимоячиси жорий йил январда Канадага йўл олди. Аниқроқ айтсак, Симан Америка бош лигаси - MLSда иштирок этувчи «Монреаль Импакт» клуби билан 3 йиллик шартнома тузди. Лоран бунгача ўз юртида ўйнаб, кўп йиллар Льежнинг «Стандарт» жамоасига хизмат қилганди. Океан ортидаги фаолиятига тўхталсак, Симан MLSнинг жорий мавсумида 12та ўйин ўтказишга улгурди - барчасида тўлиқ вақт ҳаракатланди. Натижада Бельгия термаси устози Марк Вильмотс ушбу универсал ҳимоячини Евро-2016 иштирокчилари рўйхатига киритибгина қолмай, уни итальянларга қарши илк учрашувда бошланғич таркибда майдонга туширди. Аммо ўнг қанотда тўп сурган Симан стартда бошқа амплуадошлари каби ишончни оқлолмади ва 75-дақиқада ўз ўрнини захира вакилига бўшатиб берди.
Владимир Вайсс - Қатар
Мамлакат терма жамоаси собиқ бош мураббийи Владимир Вайсснинг ўғли катта футболда кўплаб клубларни кўрди - «Манчестер Сити», «Глазго Рейнжерс», «Эспаньол», «Олимпиакос». 2014 йилнинг январида эса барчани бирдек ҳайратлантириб, еврофутболдан юз ўгирди-да Қатарга қиё боқди. Ваҳоланки, ярим ҳимоячи ўша вақт 24 ёшда бўлиб, истиқболи баланд кўринаётганди. Хуллас, словакиялик Владимир Владимирович «Лаҳвия» жамоаси билан шартнома тузиб, бинойидек пул топа бошлади. Шу йил «Ал-Гарафа» жамоасига ўтган кичик Вайсс Юлдузлар лигасининг охирги мавсумида 15 марта майдонга тушиб, ўз ҳисобига 8та гол ва 4та самарали «пас» ёзиб қўйди. Кўринишидан, словак Қатарда шоҳона ҳаёт оғушида бўлсада, юқори савияда футбол ўйнашни унутмаган, чоғи. Дейлик, у Францияда жамоасининг Уэльс термасига қарши кечган илк ўйинида нақ 4 марта ажойиб узатмани амалга оширишдан ташқари, 5 марта дриблинг салоҳиятини кўз-кўз қилиб, рақибларини алдаб ўтди. 2-турда эса Россия термаси дарвозасини нишонга олди.
Кристиан Немет - Қатар
Венгрия миллий жамоаси ҳужумчиси ёшлик йиллари аввалига «Ливерпуль», кейин Грециянинг «Олимпиакос» жамоалари таркибидан мустаҳкам жой ололмади. Оқибатда унинг учун ижара «саёҳат»лари бошланди. Кристиан кейинчалик Голландия «Рода»сида 2 мавсум ўйнагач, бирдан эредивизионни MLSга алмаштирди. Шундай қилиб, 2015 йили Америка лигасида «Канзас Сити» учун 10та гол урди. Бу йилдан эътиборан, словак - Вайсснинг клубдоши сифатида Қатарнинг «Ал-Гарафа» жамоаси шарафини ҳимоя қиляпти. Айтганча, венгр йигити янги клубда омадли ва ёрқин дебют қилди - «дубл»га эришди. Энг муҳими, Кристиан Осиёда ўйнаб ҳам, Венгрия термаси устози - Бернд Шторк ишончини йўқотмади. Мисол учун, германиялик мутахассис саёҳатчи-ҳужумчига Евро-2016 доирасидаги илк ўйин (Австрия термаси доғда қолдирилди - 2:0)да ҳам асосий таркибдан жой берди.
Драгош Григоре - Қатар
Руминия термаси марказий ҳимоячиси 2014 йилгача ўз юртида ўйнаш билан чекланди. Хусусан, нақ 6 мавсум Бухарестнинг «Динамо»сида фаолият юритди. Драгош 28 ёшга тўлгач эса, ҳаёти янги футбол ранглари билан жилоланди. У аввалига Франциянинг «Тулуза»си билан шартнома тузди, ўтган ёз эса ҳаракат йўланишини кескин ўзгартириб, Қатарга йўл олди. Айни пайт «Ал-Сайлия» шарафини муносиб ҳимоя қиляпти. Муҳими, узоқ йиллар Осиёда ишлаган Руминия термаси устози Ангел Йорданеску унинг иқтидорига шубҳа билан қарамади. Тажрибали футболчи Евро-2016 баҳсларида чакки кўринмади, аммо руминлар гуруҳ раундидан кейиноқ курашдан четга чиқишди.
Бурак Йилмаз - Хитой
Охирги йилларда Хитой футболи гўёки, ҳисобсиз пуллар уммонида сузаётгандек ва бу ҳолатда топ-даражали ижрочилар ҳам Чин юртига хурсанд ҳолда йўл олишяпти. Айниқса, бразилияликлар. Бир қарашда, Евро-2016 иштирокчилари орасида Хитойда ўйнаётган биргина футболчи борлиги ҳам ғалати. Туркия терма жамоаси ҳужумчиси Бурак Йилмаз еврофутболда ўзига яраша из қолдирди. Дейлик, «Трабзонспор» ва «Галатасарой» жамоаларида етарлича голлар урди. Жорий йил февраль ойида эса Хитой супер-лигаси вакили «Пекин Гуоан» (Егор Кримец жамоаси) турк голеадорига 8 млн. евро тўлади. Айтганча, Йилмаз янги чемпионатдаги дастлабки 2та ўйинида 1та гол урди, аммо жароҳатга йўлиқди. Мана, у тикланиши билан Евро-2016га тайёргарлик кўрди ва турнирнинг илк учрашувида захирадан майдонга тушди. 3-турда эса Буракнинг Петр Чех дарвозасига урган голи Фотиҳ Терим жамоасига ғоят қўл келиб, у якунда 2:0 ҳисобида зафар қучди. Аммо «плей-офф»га чиқиш вазифаси бажарилмади, барибир.
Андре-Пьер Жиньяк - Мексика
Француз ҳужумчиси Евро-2016га MLS орқали келди. Унинг танлови - Мексика жамоаси. Аслида Жиньяк 2015 йили «Марсел»дан Москва «Динамо»сига ўтиш тараддудини кўраётганди. Бироқ рус жамоаси тараққиёт йўналиши ўзгаргач, тайёр трансфер келишуви амалга ошмай қолди. Натижада Жиньяк эркин агент мақоми остида «Тигрес» клуби билан ҳамкорликни йўлга қўйди. Қарангки, Мексика ҳавоси Андре-Пьерга роса маъқул тушиб, у 31та ўйинда 24та гол урди. Умуман олганда, франциялик айрим таҳлилчилар ҳаттоки, Евро-2016да мамлакат миллий жамоаси бош ҳужумчиси ролини айнан Жиньяк бажаришини тахмин қилишганди. Бироқ Дидье Дешам олдинги чизиқда Оливье Жируга кўпроқ таянаётгандек. Ҳар ҳолда, узоқ Мексикадан келган Жиньякка захира кучи сифатида қараяпти. Тўғри, ҳужумчи албанлар билан бўлган гуруҳ босқичи 3-тур баҳсида бошланғич таркибдан жой олди ва ўз ҳисобига самарали узатма ёзиб қўйди.
Лучьян Синмэртян - Саудия Арабистони
Руминия термасининг Евро-2016да иштирок этган яна бир бошқа «қитъалик» аъзоси. Вақтида «Панатинаикос», «Стяуа» ва «Утрехт» каби жамоалар сафида тўп сурган 36 ёшли ярим ҳимоячи Лучьян Синмэртян фаолиятининг якуний қисмида оз-моз маблағ жамғаришга қарор қилиб, Саудия Арабистони томон юзланди. Муҳими, у араб чемпионатида ўзини жуда яхши ҳис қиляпти: охирги мавсум «Ал-Иттиҳод»нинг 20та ўйинида майдонга тушиб, 6та гол урди ва яна 5тасига ассистентлик қилди. Бундай натижаларга бефарқ қарамаган Йорданеску уни қитъа биринчилиги иштирокчилари рўйхатига қўшишдан чўчигани йўқ. Тўғри, Синмэртян дейлик, Григоредан фарқли ўлароқ, француз ва швейцарлар билан учрашувларда кўриниш бермади ва фақат албанларга қарши кечган 3-тур ўйинида танаффусдан кейин майдонга тушди.
Шкельзен Гаши - АҚШ
Албания термаси Евро-2016га мутлақо бошқа-бошқа савия ва даражадаги миллий чемпионатлар вакилларидан тузилган «нотекис» таркиб билан ташриф буюрди. Мисол учун, 27 ёшли ҳужумчи Шкельзен Гаши MLSда иштирок этувчи «Колорадо Рэпидз» (АҚШ)да ўйнайди. У Швейцарияда ўсиб-улғайган ва охирги йилларда «Грассхоппер» ҳамда «Базель» каби жамоалар либосини кийиб маҳаллий лигада анча кўп гол урди. Шунингдек, Швейцариянинг ўсмирлар ва ёшлар тоифасидаги барча термаларида навбатма-навбат синовдан ўтди, бироқ якунда барибир, тарихий ватани миллий жамоасини танлади. 2016 йилнинг февралида «Колорадо» клуби этник албанни 2,7 млн. евро эвазига харид қилди. Гаши Европа чемпионатига келишдан олдин MLSда 10 марта майдонга тушиш ва 2та гол уриб, яна 2та самарали узатмага муаллифлик қилишга улгурди. Тақдир экан, унинг Европа чемпионати финал раундидаги дебюти айнан Швейцария термасига қарши ўйинга тўғри келди. Аниқроқ айтсак, Гаши ҳисоб 0:1 бўлиб турган пайт захирадан майдонга тушди ва ўйин охирида ажойиб имкониятни кўкка совурди. Демакки, швейцарияликларни қувонтирди. Франция ва Руминия термалари билан бўлган кейинги учрашувларда эса АҚШлик легионерга эҳтиёж сезилмади.
Робби Кин - АҚШ
Ирландия терма жамоаси тарихидаги энг яхши тўпурар, 35 ёшли Робби Кин 2011 йилдан буён Европа ташқарисида ўйнаяпти, шунга қарамай, навбатдаги қитъа чемпионатига ҳам сўзсиз, чақирилди. Ҳаттоки, ўқув-машғулотлар йиғинида орттирилган кичик жароҳат ҳам Киннинг миллий жамоадаги жойини шубҳа остида қолдирмади - обрўси шунчалик баланд. Бундан 5 йил олдин «Тоттенхэм» Роббини «Лос-Анжелес Гэлэкси» жамоасига чамаси 3 млн. фунт стерлинг эвазига сотганди. Ирландия фахри шу кунга қадар MLSда 114 марта майдонга тушиб, 77та гол урди ва 35 марта жамоадошларининг рақиб дарвозасини нишонга олишларига имконият яратди. Дейлик, бу йил 4та гол ҳосил қилишга улгурди. Табиийки, Робби терма жамоа билан муносиб хайрлашишни хоҳлайди. Бироқ фахрий футболчи Франция майдонларида чекланган ўйин вақти билан кифояланишга мажбур бўлмоқда.
Яна вакиллик хусусида
Евро-2016да биргина жамоа фақат миллий чемпионат футболчиларига таянди - Англия термаси. Бошқача айтганда, Рой Хожсон ўз жамоаси таркибига бирор легионер қўшмади. Россия термаси таркибида эса биргина легионер кўзга ташланди - Роман Нойштедтер («Шальке»). Қолган иштирокчилар сафида маҳаллий лига вакиллари анча оз. Дейлик, Шимолий Ирландия, Ирландия, Исландия ва Уэльс терма жамоалари таркиби бутунлай хорижда тўп сураётганлардан тузилди.
Championat.com - А.Қодиров тайёрлади
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).