Ўзбекистон 25-миллий чемпионатида биринчи давра ўз якунига етди. Ортда қолган давра ҳақида нима дейиш мумкин. Албатта, чемпионлик учун кураш асосан «Локомотив» ва «Бунёдкор» жамоалари ўртасида кечиши деярли ойдинлашиб қолди. Бу икки жамоа таъқибчиларидан илгарилаб кетишди. Бронза медали учун кураш «Насаф», амалдаги чемпион «Пахтакор», шунингдек, «Металлург», «Бухоро» жамоалари ўртасида кечиши кутиляпти. Мавсум бошланиши арафасида таркибини сезиларли тарзда кучайтириб олган «Бухоро» эса кутилмаганда ўз майдонида «Машъал»га имкониятни бой бериб қўйди. Биз бухороликлар ҳимоячиси Сардор Раҳмоновдан интервью олдик.
- Сардор, ўз майдонингларда мағлубиятга учрадинглар. Бунга нима сабаб бўлди?
- Бу - футбол. Ғалаба ва мағлубият ҳамиша ёнма-ён юрган. Лекин мағлубият билан мағлубиятнинг фарқи бор. Биз бу учрашувда ғалаба қозонишимиз шарт эди. Аммо ҳамиша кучли жамоа ютавермас экан. «Машъал» билан ўйинда шундай бўлди. Меҳмонлар яримта имкониятдан фойдаланиб кетишди. Битта қарши ҳужумда гол уриб, бизни чинакамига жазолашди.
- Балки хотиржамликка берилгандирсизлар?
- Бўлиши мумкин.
- Рақибни менсимаслик ҳолати кузатилгандир?
- Менимча, бундай ҳолат кузатилмади. Биз ҳар қандай рақибга қарши кечадиган учрашувларда ҳурматни сақлаган ҳолда майдонга тушамиз. «Машъал» билан ўйин ҳам бундан мустасно эмасди.
- Муборакликлар ниманинг ҳисобига ғалаба қозонишди?
- Рақибларимиз ҳимоя чизиғида тартибли ўйин намойиш этишди. Ғалабанинг асосий омили ҳам шу бўлди. Улар ҳимоявий тактика қўллаб, дурангни ушлаб қолиш учун ўйнашди. Орада битта қарши ҳужум юзага келди ва улар бундан унумли фойдаланиб қолишди. Гол ўтказиб юборилгандан кейин ҳам бизда вазиятлар юзага келди. Афсуски, улардан йигитларимиз фойдалана олишмади. Омад эса «Машъал» футболчилари томонида бўлди.
- Сардор, мураббийингиз Жамшид Саидов омадсизлик туфайли ютқаздик, деди. Бу фикрга қўшиласизми?
- Ҳа, албатта қўшиламан. Ростдан ҳам, «Машъал» билан ўйинда омад меҳмонлар томонида бўлди. Футболда кўп нарса омадга боғлиқ.
- Бу мағлубиятни муҳокама қилдингларми?
- Йўқ ҳали. Кечаги (суҳбат 26 июнь куни уюштирилган, - муаллиф) ўйиндан кейин мураббийларимиз футболчиларга бир кунлик дам беришди. Эртадан «Шўртан»га қарши ўйинга тайёргарлик бошланади. Жамоа базасида йиғиламиз ва ўйлайманки, мағлубиятимиз билан якунланган ўйинни атрофлича муҳокама қиламиз.
- «Машъал»га қарши ўйинни захирадан кузатдингиз. Бу таркибда рақобат кучли эканлигидан далолатми?
- Худди шундай. Фикрингизга тўлиқ қўшиламан. Бу йил «Бухоро» жамоаси таркиби сезиларли тарзда кучайди. Тажрибали футболчилар билан шартнома имзоланди. Асосий таркибга кириш учун рақобат ўта кучли. Рақобат бор жойда эса ўсиш ҳам бўлади. Ҳар бир футболчи жамоа билан шартнома имзолаётган пайтда буни тўғри қабул қилган. Ўзимга келсак, собиқ жамоам «Локо-мотив»га қарши кечган ўйинда жароҳатланиб, учрашувни охиригача якунлай олмагандим. Жароҳат сабаб ҳозирча ўйинни захира ўриндиғидан кузатишга мажбур бўляпман. Балки мураббийлар жисмоний ва функционал ҳолатим талаб даражасида бўлмагани учун асосий таркибда ўйнатишмаётгандир. Буни тўғри қабул қиламан.
- Ҳозир жароҳатдан тўлиқ фориғ бўлдингизми ёки ҳалиям асоратлари борми?
- Ҳали ўйинга тайёр эмасман. Тўлиқ спорт формасига кириб олишим учун вақт керак. Клуб шифокорлари ёрдамида муолажаларни давом эттиряпман. Бахтимга биринчи давра ҳам якунига етиб боряпти. Танаффус чоғида ҳолатимни яхшилаб олишга астойдил ҳаракат қиламан. Ўйлайманки, иккинчи давра ўйинларида жамоамга фойда келтира бошлайман.
- Энди сафарда «Шўртан»га қарши майдонга тушасизлар. Ғу-зорликлар ҳам ўтган турда мағлубиятга учрашди. Бўлажак ўйиндан қандай натижа кутяпсиз? Ға-лабага умид борми ёки дуранг жамоангиз учун ижобий натижа бўладими?
- Биз ҳар бир ўйинга ғалаба иштиёқида тушамиз. Рақиб ким бўлиши, қаерда ўйнашимизнинг аҳамияти йўқ. Лекин вазиятга реал баҳо берадиган бўлсак, Ғузордаги ўйинда бизга осон бўлмаслиги аниқ. Унутманг, айнан «Шўртан» бир тур олдин ўз майдонида амалдаги мамлакат чемпиони «Пахтакор»ни 3:1 ҳисобида мағлуб этди. Зафар Полвоновнинг 3та голи «Шўртан»га чиройли ғалабани келтирди. Албатта, биз бўлажак ўйинда рақибни ҳурмат қилган ҳолда майдонга тушамиз. «Машъал»га қарши кечган учрашувдаги хатоларни такрорламаган ҳолда, ортга уч очко билан қайтишга ҳаракат қиламиз.
- Турнир жадвалида 7-ўринга тушиб қолдинглар. Ваҳоланки, 14-тур олдидан кучли бешликда эдинглар...
- Ҳа, афсуски мағлубият бизни 7-ўринга тушириб юборди. Биринчи даврани имкон қадар юқорироқ ўринларда тугатишни мақсад қилгандик. Лекин ҳали ҳеч нарса йўқотилгани йўқ. Жамоа олдига қўйилган вазифани иккинчи даврадаги учрашувларда яхши натижа қайд этиб, бажаришга ҳаракат қиламиз.
- Шартномангиз мавсум охиригача тузилганми?
- Шундай.
- «Бухоро» билан эркин агент мақомида шартнома имзолаганмисиз?
- Ҳа, эркин агент сифатида жамоа сафига қўшилганман.
- Бир турдан сўнг 1-давра якунланади. Хулосаларингиз қандай?
- Анча қизиқарли чемпионатга гувоҳ бўляпмиз. Менимча, ўйинларда қайд этилаётган кутилмаган натижалар ҳам футбол мухлисларига маъқул келяпти. Бу йил «Бухоро», «Металлург» каби жамоалар совринли ўринлар учун курашадиган клублар қаторига қўшилишди. Бу эса ҳар бир мухлисни хушнуд этади. Мана шу турда «Металлург» ўз майдонида «Локомотив»ни мағлуб этишига бир баҳя қолди. Чемпионлик учун курашаётган жамоа дарвозасига 3та тўп киритиш бу осон иш эмас. Ана шундай курашувчан жамоалар олий лигада қанча кўпайса, футболимиз шунчалик ўсиб бораверади. Албатта, бу курашда «Нефтчи» жамоасини ҳам эсдан чиқармаслик керак. Иккинчи даврада фарғоналиклар ўзларини кўрсатишларига ишонаман. Бир сўз билан айтганда, бизни иккинчи даврада янада шиддатли ўйинлар кутиб турибди.
- Сардор, Евро-2016 ўйинларини кўриб боряпсизми?
- Албатта. Катта футбол байрамини мириқиб томоша қиляпман. Европа чемпионатида илк бор 24та жамоа иштирок этяпти. Бу эса ижобий томонга ўзгариш бўлганини кўрсатяпти. Шахсан менга жамоалар сонининг оширилгани маъқул келди. Уэльс ва Исландия каби термалар берилган бу имкониятдан фойдаланиб қолишди. Илк маротаба Европа чемпионатининг финал босқичида иштирок этаётган Уэльс (Исландия ҳам) чорак финал йўлланмасини қўлга киритди. Менга бироз кучли жамоаларнинг мусобақа сеткасида бир томонга тушиб қолишгани маъқул келмади. Италия ва Испания терма жамоалари нимчорак финалдаёқ тўқнаш келишди. Ваҳоланки, бу икки терма жамоа сўнгги Европа чемпионатининг ҳал қилувчи финалида ўйнашганди. Энди улар ўртасидаги ўйин ғолиби чорак финалда Германия билан ўйнайди. Аслида, бу жамоалар ярим финалда ўйнашлари керак эди.
- Қайси терма жамоага мухлислик қиляпсиз?
- Болалигимдан Англия терма жамоасига мухлислик қилиб келаман.
- Тахмин қилиб кўринг-чи, якунда қайси жамоа чемпион бўлади?
- Менга қолса, Англия чемпион бўлсин (кулади).
- Сизнингча, бугунгача киритилган энг чиройли гол?
- Менимча, бу Швейцария терма жамоаси етакчиси Жердан Шакирининг голи. Ҳақиқатан ҳам, унинг қайчи усулида Польша терма жамоаси дарвозасига урган голи анча чиройли чиқди. Тан бериш керак. Зарба ҳам анча мукаммал кўриниш олганди. Жарима майдончаси ташқарисидан тўпни ерга туширмай туриб дарвозага киритиш бу ҳаммага ҳам эмас.
- Позициянгиздан келиб чиқиб айтинг-чи, ҳозиргача ўтказилган ўйинларда энг яхши ҳаракат қилган ҳимоячи ким?
- Жером Боатенг.
К.Алимов суҳбатлашд
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).