Бугунги интервью қаҳрамонига ОАВ шу кунгача у қадар жиддий эътибор қаратмаган. Лекин аслида у - эътиборга молик шахс. Бунга эса, сабаблар етарлича. Масалан, Никита ҳали ёш бўлса-да, ҳар қандай кучли клубда қизиқиш уйғотишга қодир иқтидорга эга. Қолаверса, у болалик пайтларида Германиядаги футбол мактабларида тарбияланган. Немис футболи эса, табиийки, маҳоратли даврозабонларни етиштириб бера олиши билан машҳур. Хуллас, у билан яқинроқ танишиб оламиз...
- Никита, суҳбат аввалида бироз ўзингиз ҳақингизда тўхталсангиз...
- Тошкент шаҳрида туғилганман, демак, ҳақиқий тошкентликман. Эсимни танибманки, ҳовлида, мактабда, хуллас, тўғри келган жойда футбол ўйнардим. 2003 йили оиламиз билан Германияга кўчиб борганимиздан сўнг миллионлар ўйини билан жиддий шуғулланишни бошладим. У ерда биз - рус тилида сўзлашадиган оилалар фарзандлари ҳар якшанба тўпланиб, бирга тўп тепардик. Улар орасида фамилияси меникига ўхшаш (Рибас) бир оғайним бор эди. У менга бирор-бир клубда ўзимни синаб кўриш таклифини берди. Рибаснинг дўсти эса, Бранденбургдаги «Шталь» клубининг болалар жамоасида ишларди. Шу тариқа, Берлиндан 70 км. узоққа қатнаб, шуғулланишни бошладим. Аввалига мени гоҳ дарвозада, гоҳ майдонда синаб кўришди. Ўзимга эса кўпроқ дарвозани қўриқлаш ёқарди. Кўп ўтмай, мени ўқувчилар рўйхатига киритишди. Лекин худди шу вақтда ота-онам Тошкентга қайтишга қарор қилишди. Пойтахтда мен Мурод Розиев бошқараётган «Чилонзор» клуби машғулотларига қўшилдим ва дарҳол дарвозани эгалладим. Ёдимда, биринчи ўйиним «Чиғатой»га қарши ўтганди, иккинчиси эса, «Пахтакор»га. Шундан кейин «Пахтакор» устози Роберт Сергеевич Гай ўйиндан кейин тўғри ёнимга келиб, кўрикдан ўтишни таклиф қилди. Мен эса, бунга хурсандчилик билан рози бўлдим. Зеро, «Пахтакор»да ёш футболчиларни тарбиялашга эътибор қанчалик кучайганини, қандай шароитлар яратилганини яхши билардим. Шундай қилиб, 2004 йилнинг иккинчи ярмида «Пахтакор» сафига қўшилдим...
- Жамоани алмаштириш сиз учун қийин бўлмаганини тасаввур қиляпман. Чунки «Чилонзор» ва «Пахтакор» клублари ўртасидаги алоқалар жуда илиқ. Хўш, кейин нималар бўлди?
- Кейин биз оиламиз билан яна Германияга, Брандербургга кетдик ва мен «Зюйд-05» клуби таркибига қўшилдим. Бу ҳаваскорлар жамоаси бўлиб, ота-онам клуб машғулотларида қатнашиб туришим учун ойига 70 евродан пул тўлашарди. Кейинроқ бу жамоа сафида бир неча турнирларда қатнашдим. Ана шундай мусобақаларнинг бирида мени Берлиннинг «Герта»сига таклиф қилишди. Бу клубда бирмунча вақт шуғулланганимдан сўнг «Нюрнберг»дан қўнғироқ қилишди. У ёққа кетдим... Биласизми, бундай воқеалар жуда кўп бўлганди ўшанда: қайсидир клубга таклиф қилишади, уч-тўрт кун машғулотларда қатнашаман, кейин шундай дейишади: «Қўнғироғимизни кут, тез орада сен билан боғланамиз...» Ниҳоят, беш-олти ойдан сўнг «Герта» вакиллари мени охирги, ҳал қилувчи кўрикка чақиришди. Кўрикни клуб асосий таркиби мурабийи Адам Матишек ўтказди ва унинг якунида менга қуйидаги гапларни айтишди: «Август ойида кел, сен билан шартнома тузиб, яшаш учун шароитларни яратиб берамиз...». Бу гап июнда бўлганди ва мен ўшанда 16 ёшда эдим. 2009 йилда яна Тошкентга қайтдим.
- Нега? Шартномани узайтиришни ўзингиз истамадингизми? Ёки бу ердан таклиф олганмидингиз?
- Ҳа, келишувни узайтиришни ўзим хоҳламадим. Қолаверса, «Пахтакор»дан ҳам таклиф бўлганди ва мен иккиланмай уни қабул қилдим.
- Германиядаги ва ўзимиздаги машғулотлар жараёнини таққослаб бера оласизми?
- Умуман олганда, фарқ унчалик катта эмас. У ёқда ҳам, ўзимизда ҳам асосий таркибнинг машғулотларида доим ўринбосарларни қўшиб қўйишади. Шунинг учун ўсмирлар футболидан катталар футболига ўтиш жараёни деярли сезиларсиз бўлади. Ҳаммаси футболчининг ўзига боғлиқ.
- Сиз келган вақтда асосий рақобатчиларингиз кимлар бўлган?
- У вақтларда Игнатий Нестеров биринчи рақамли кипер эди. Шунингдек, таркибда яна Тимур Жўраев ва Элдор Тожибоев сингари тажрибали дарвозабонлар ҳам бўлган.
- Хўш, «Пахтакор»даги ишлар қандай борди?
- Албатта, дастлабки вақтларда жамоа учун янада кўпроқ ўйин ўтказишни хоҳлардим. Лекин ўйин амалиётисиз қолганим ҳам йўқ. Менинг ўсмирлик даврим Германия қуйи лигаларида ўтгани сабабли, биринчи лигадаги жамоамиз дарвозасини мендан-да ёшроқ тарбияланувчилар қўриқлашди. Камина эса доим асосий таркиб рўйхатида турдим.
- Қачон асосий таркиб даражасига етганингизни англадингиз? Бунгача ўзингиздан қониқмаган ҳолатлар ҳам бўлганми?
- Ҳаётимда ҳар қандай ҳолатлар учраган. Ҳаттоки, ўринбосарлар таркибининг захирасида ҳам қолиб кетганман. Масалан, 2012 йил Италиядаги «Копа Карневале» турниридаги бир ўйинда омадим келмаган. Якуний ҳисоб 3:3 кўринишини олган бу ўйинда икки марта ўта қўпол хатога йўл қўйдим. Шунинг учун кейинги ўйиндан дарвозани Асилбек Омоновга ишониб топширишди. У эса, бир эмас, бир неча бор мураккаб вазиятларда ишончни оқлади. Кейинроқ у ўринбосарлар таркибида ҳам муваффақиятли иштирок этди. Мен захирада қолдим. Тўғриси, шу пайтда жамоани ўзгартириш ҳақида ҳам ўйлай бошладим. Ахир, 2011 йили мен ҳатто ОЧЛдаги масъулиятли учрашувларда ҳам асосий таркибда майдонга тушгандим, энди бўлса захирада навбатимни кутиб ўтирибман... Аммо миямдаги бекорчи хаёлларни қувиб, сабр билан ўз устимда ишлайвердим. Зеро, бундай ҳолатлар футболда, албатта, кузатилади. Энди ўша кунларни ўйласам, кулгим келади: худди ёш боладек фикрлаган эканман.
- Хўш, жамоанинг асосий дарвозабони бўлиш қандай экан?
- Бир томондан, ўзимга ишончим кучли. Лекин меҳнатдан ҳеч қачон бўйин товламаслигим кераклигини ҳам яхши биламан. Чунки ҳар бир ўйинда ўзим учун қандайдир янгиликларни кашф қиламан. Асосий таркибдаги ўйин бари-бир, бошқача. Ҳаттоки, йирик ҳисобда ютаётган пайтимизда ҳам ҳушёрликни бир зумга сусайтирмаслик талаб этилади. Устига-устак, олий лигадаги ҳар бир жамоа бизга қарши бор кучини ишга солиб ҳаракат қилади. Айниқса, бу йил қанчалик қийналаётганимизни кўриб турибсиз...
- Айни пайтда жамоани Григорий Колосовский бошқармоқда. У эса маълумки, футболга алоҳида фан сифатида қарайдиган, илмий изланишни хуш кўрадиган, футболнинг нозик жиҳатларигача эътибор қаратадиган мураббий. У билан машғулотлар қандай ўтяпти? Умумий ишга муносабат ўзгардими?
- Очиғини айтсам, «Пахтакор» фалсафаси ўзгармаган: биз ҳар доимгидек, энг юксак мақсадлар сари интилаверамиз. Янги мураббий ишга тайинланганидан сўнг ҳужумга эътибор янада кучайди. Аслида, ҳар қандай клубда мураббий алмашгач, баъзи-бир жиҳатлар ўзгариши, табиий. Лекин масалага умумий назар ташласак, вазифамиз ўша-ўша: «агрессив» ўйин кўрсатиш. У ёғи эса, рақибнинг бунга қанчалик имкон беришига боғлиқ. Биз ҳар қандай рақибни ҳурмат қилиб, ҳар бир ўйинга 100 фоиз тайёрланамиз. Чунки, рақибни менсимаслик ёмон оқибатга олиб келиши ҳеч гап эмас.
- Замонавий футболдаги ўзгаришларга муносабатингиз?
- Ҳа, чиндан ҳам жуда кўп ўзгаришлар кўзга ташланмоқда. Қандайдир 5 йиллар олдин футбол бундай ўйналмасди. Бугунга келиб эса, илгари, умуман, хаёлимизга келмаган омиллардан фойдаланяпмиз. Булар - рақибни батафсил ўрганиш, кучли прессинг, тўпга бир тегинишда керакли нуқтага йўналтириш ва ҳоказо. Бундай машғулотларни бажаришда эса, мураббийларнинг ўрни жуда муҳим. Менимча, футболдаги бундай услублар ёш истеъдодларни тарбиялашда ғоят катта аҳамият касб этади. Ўз навбатида, эрта-индин катталар футболига кириб келадиган ёшлар ҳам бугунги машаққатли машғулотларга астойдил ёндашишлари талаб этилади. Аслида бу - жуда мураккаб жараён. Агар ўзим мисолимда айтадиган бўлсам, баъзи бир қийинчиликларга қарамай, турли ёш давридаги футболга мослашиш мен учун анча осонроқ кечган. Ўйлашимча, омадим келгани учун ҳаммасига ўз вақтида улгурдим: ўсмирлар футболига болалар футболи орқали кириб келдим, кейин ёшлар жамоалари даражасига чиқдим, сўнг ўринбосарлар таркибигача етиб бордим. Хуллас, бари босқичма-босқич рўй берди. Керакли муддатдан олдин ҳеч ким мени ўта масъулиятли вазифага тайинламади. Ҳолбуки, ёшларга хос қизиққонлик ва ўзини кўрсатиш истаги менда ҳам йўқ эмасди. 2009 йили Ўзбекистонга қайтганимдан сўнг «Пахтакор» ўринбосарлари таркибида бир-иккита ўйин ўтказдим. Аслида эса, ҳар бир учрашувда иштирок этишни жуда-жуда хоҳлардим. Шунингдек, ўша пайтлари Марат Кабаев қўл остидаги ёшлар терма жамоаси (U-19)га ҳам чақирилдим. Биласизки, бу жамоа 1991-92 йилларда туғилган футболчилардан ташкил топганди. Минг афсуски, биз ўшанда ЖЧга чиқа олмадик. Ваҳоланки, жамоамизга гап бўлиши мумкин эмасди. Адашмасам, ўша вақтларда мен клубдан кўра, терма жамоада кўпроқ тўп сурдим, чоғи.
Айтганча, Санкт-Петербургда ўтган Валентин Гранаткин хотира турнири ҳам бир умрга ёдимда қолган. Чунки бундай турнирларда биз чет эллик тенгдошларимиз билан куч синашиб, тажриба орттиргандик.
- Гранаткин хотирасига бағишланган турнирнинг 1991 йилги баҳсларида собиқ иттифоқ ёшлар терма жамоаси ҳам иштирок этган ва энг ҳайратланарлиси, жамоа таркибида «Пахтакор»нинг 1974 йилда туғилган бир эмас, 6 нафар тарбияланувчиси бўлган: Павел Бугало, Эркин Назаров, Тимур Шабанов, Андрей Яровой, Олег Шацких ва Валерий Кечинов. Уларнинг бири Павел Бугало ҳалигача майдондан узоқлашмаган: «Бунёдкор»да ўйновчи-мураббий вазифасини бажармоқда. Бугалони ҳар қандай ёш футболчига намуна қилиб кўрсатсак, арзийди. Шундай эмасми?
- О-о, Бугалога, умуман, гап йўқ. Унга фақат олқишлар ярашади. Сиз айтгандек, у - барчага намуна!
- Келинг, энди бугунги кун ҳақида гаплашайлик: сизнинг жамоангиз кубок баҳсларидан чиқиб кетди. Энди сизларда чемпионлик учун курашиш имкони қолди, холос. Бунга қандай қарайсиз?
- Клубимизнинг мақсади ўзгармаган - фақат энг юксак чўққиларга интилиш. Бизни ёқтирмайдиганлар қандай қабул қилишса-қилишаверсин-у, вазифамиз доимо бир хил - ҳар доим ва ҳар қаерда ғалабага эришиш. Кубокда омадимиз келмадими, демак, биз энди бор эътиборни чемпионатга қаратамиз. Ҳали ҳеч нарса йўқотилмаганини яхши тушуниб турибмиз. Шундай экан, 2-даврада вазиятни ўнглаш учун ҳаракат қиламиз.
- Энди мухлислар ва ҳамкасбларимиз томонидан йўлланган қисқа саволларга эътибор қаратамиз: ёшлигингизда қайси дарвозабонга ўхшашга интилгансиз? Ҳозир-чи, кимга ҳавас қиласиз?
- Мен футболга жуда эрта меҳр қўйганман. Ўшанда мен учун германиялик Оливер Кан тенгсиз кипер эди. Бугунги кунда эса Икер Касильяснинг ўйинлари ёқади.
- Ўзбекистонлик дарвозабонлар орасида-чи?
- Бу борада жавобим аниқ: ёшлигимда Игнатий Нестеровга ҳавас қилганман, ҳозир ҳам шундай.
- Қайси клуб ишқибозисиз?
- Илгари таркибида Касильяс бўлгани учун «Реал» Мадридга мухлислик қилардим. Айни пайтда эса, «Бавария»нинг ўйинларини кўпроқ томоша қиламан.
- Ундай бўлса, Мануэль Нойер ҳақида нима дея оласиз?
- Ўзига ишончи ўта кучли дарвозабон. Баъзида эса ҳатто чегарадан ҳам ўтиб кетади ва қўрқмай таваккал қилади. Умуман олганда, ажойиб голкипер.
- Буффон-чи?
- Буффон ҳам ҳурматга лойиқ ажойиб футболчи.
- Келажакдаги режалар қандай?
- «Пахтакор» билан келишувим давом этмоқда: мана шу - менинг режам. Ҳозирча мен учун энг муҳими - «Пахтакор».
- Бир вақтлари Нестеровга тўпни етказиб бериб турган болакай бугун унинг ҳамкасби. Устига-устак, медаллар учун курашда рақобатчиси...
- Дарҳақиқат, вақт ўтаверар экан... Бундан икки йилча аввал Осиё ўйинлари олдидан олимпия ва миллий терма жамоалари биргаликда йиғин ўтказдик. Ўшанда Нестеревга тўп олиб келиб юрган пайтларим ёдимга тушиб кетди. Энди бўлса, у билан бир майдонда тўп суряпмиз. Бу албатта, жуда қизиқ...
- Футболдан бўш вақтларда нима билан шуғулланасиз?
- Бўш вақтимни фаол ўтказаман. Айниқса, тоғда бўлишни, табиат манзараларини томоша қилишни ёқтираман. Бильярд, стол теннисини яхши ўйнайман, нарда ва шахматда ҳам чакки бўлмасам керак. Бир пайтлари бобом билан балиқ овига ҳам борганман, аммо бу менга эмас экан (кулади)!
- Никита, суҳбат учун вақт ажратганингиз учун каттакон раҳмат! Машаққатли ва масъулиятли ишингизда доимо омад тилаймиз! Ортингиздаги дарвоза тўри ҳеч қачон силкинмасин!
- Саломат бўлинг! Барчага «Пахтакор» номидан саломлар йўллаб қоламан!!!
Дмитрий ПОПОВ суҳбатлашди
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).