Шу кунларда футзал бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси Тошкентда ўқув-машғулот йиғинини ташкил этмоқда. Йиғин якунида Тожикистон термасига қарши ўртоқлик ўйинлари ҳам ўтказилади. Ушбу йиғин ва назорат баҳслари бевосита шу йилнинг сентябрь ойида Колумбияда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатига тайёргарлик вазифасини ўтаб беради. Маълумки, термамиз қуръа натижасига кўра, Панама, Португалия ва мезбонлар билан бир гуруҳдан жой олишган. ЖЧ финал босқичида илк маротаба иштирок этадиган футзалчиларимиз йилнинг энг нуфузли мусобақасига жиддий ҳозирлик кўришяпти. Биз навбатдаги машғулотлардан сўнг етакчи футзалчиларимиздан бири Нодир Элибоевдан интервью олдик.
- 27 июндан бери Ўзбекистон спорт мажмуасида кунига икки маҳалдан шуғулланяпмиз, - дея сўз бошлади тажрибали футзалчи. - Жаҳон чемпионатида илк маротаба иштирок этамиз. Албатта, ўзига яраша ҳаяжон бўлади, лекин айни пайт биз бу ҳақда ўйлаётганимиз йўқ.
- Терма жамоамизнинг гуруҳдаги рақиблари маълум. Учинчи ўрин ҳам бизни гуруҳдан олиб чиқиши мумкин экан. Шахсан сиз имкониятларимизни қандай баҳолайсиз?
- Олдимизга қўйилган мақсад - гуруҳдан чиқиш. Илк маротаба қатнашяпмиз, муҳими - иштирок, деган фикрдан йироқмиз. Менимча, гуруҳдаги биринчи ўйинимиз кўп нарсага ойдинлик киритади. Мундиалдаги иштирокимизни Панама термасига қарши ўйин билан бошлаймиз. Мураббийларимиз бу жамоа ҳақида имкон қадар кўпроқ маълумот топишга ҳаракат қилишяпти. Португалия ва Колумбия термаларига эса ортиқча таъриф бериш шарт эмас. Ҳар икки жамоа жуда кучли. Айниқса, колумбияликлар сўнгги жаҳон чемпионатида кучли учликдан жой олишган. Қолаверса, уларнинг мундиал мезбони эканликларини ҳам унутмаслик даркор. Ўз мухлислари кўз ўнгида ўйнайдиган жамоа икки ҳисса кучли бўлади. Ахир, «Ўз уйинг-да деворлар ҳам ёрдам беради», деб бежиз айтишмаган. Шахсий фикрим, гуруҳимиз фаворити - Колумбия. Португаллар таркибида ўтган мавсум якунларига кўра, дунёнинг энг яхши футзалчиси, деб топилган Рикардиньо тўп суради. Кўпчилик бу ўйинчини видеороликлари орқали яхши танишади. Ўйлайманки, кучли жамоаларга муносиб рақобат туғдиришнинг иложи бор. Мураббийларимиз уларга қарши қандай услуб ва тактика асосида ўйнаш кераклигини тушунтиришади. Насиб қилса, олдимизга қўйилган вазифани бажарамиз.
- Жаҳон чемпионатида иштирок этаётган жамоа биринчи галда ҳаяжонни енга олиши керак. Айнан ҳаяжон, одатда, биринчи тўсиқ сифатида баҳоланади. Сиз шу фикрга қўшиласизми?
- Жаҳон чемпионатида илк бор қатнашадими ёки учинчи маротабами, менимча, бу аҳамиятсиз. Ҳар қандай расмий мақомдаги ўйинда ҳаяжон бўлиши табиий. Фақатгина оғайниларингиз билан йиғилиб, футзал ўйнаганингизда шундай ҳолат рўй бермаслиги мумкин.
- Терма жамоадаги дўстларингиздан бири Рикардиньога қарши кечадиган ўйинни сабрсизлик билан кутаётганини айтди. Сизда ҳам шундай истак борми?
- Албатта. Бундай кучли, дунё тан олган футзалчига қарши тўп суриш ҳар бир ўйинчининг орзуси бўлса керак. Улар қаторида мен ҳам бу учрашувни интизорлик билан кутяпман. Рикардиньонинг кучли ва заиф томонларини ўрганиб чиқиб, ўйин пайти уни зарарсизлантиришга ҳаракат қиламиз.
- Келинг, шу ўринда футзалдаги илк қадамларингизни ҳам эслайлик. Нима учун айнан шу спорт турини танлагансиз?
- Футзалга тасодифан кириб келганман. Тақдиримга футзалчи бўлиш ёзилганидан хурсандман. 2005 йили «Строитель-Зарафшон» мураббийи Александр Королёв футзалда кучимни синаб кўришим мумкинлигини айтиб, жамоага таклиф қилганларидан сўнг, онамнинг дуоларини олиб, фаолиятимни бошлаганман. Қароримдан асло афсусланмайман. Бир неча бор Ўзбекистон чемпиони, мамлакат кубоги соҳиби бўлдим. Осиё чемпионатлари совриндорига айландим. Термамиз билан бирга жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритдик.
- Бугунги кунда «Ардус» жамоаси шарафини ҳимоя қиляпсиз. Термага номзод айрим футзалчилар клубларини ўзгартиришди. Сизда ҳам шундай ният борми?
- Ҳа, бундан хабардорман. Икки жамоадошим «Олмалиқ»қа ижарага берилди. Биласиз, тез орада бу жамоа клублар ўртасидаги Осиё чемпионатида юртимиз шарафини ҳимоя қилади. Фурсатдан фойдаланиб, олмалиқликларга ушбу нуфузли турнирда омад ёр бўлишини тилайман. Артур Юнусов эса фаолиятини Вьетнамда давом эттиряпти. «Ардус»да ўтган мавсумни охиригача етказиш насиб қилмади. Энг муҳим паллаларда жамоадошларимга ёрдам беролмадим. Соғлиғим билан боғлиқ муаммо туғилди.
- «Ардус»га чинакамига омад етишмади. Чемпионатнинг ҳал қилувчи ўйинида мағлубиятга учрадинглар. Бу нима билан боғлиқ?
- Балки, чарчоқ аломатлари таъсир ўтказгандир. Тўғри, илк учрашувда катта ташаббусга эга бўлган ҳолда ғалаба қозондик. Афсуски, кейинги икки баҳсда мағлубиятга учраб, чемпионликни бой бердик. Нима ҳам дердик, ҳар бир учрашувда ғалаба қозониш имконсиз. «Олмалиқ»нинг мағлубиятдан тўғри хулоса чиқаргани жамоага қўл келди. Асосийси, учта ўйиндан иборат финал учрашувлари мухлисларга манзур бўлди.
- Шу йилнинг февраль ойи Тошкентда бўлиб ўтган Осиё чемпионати финалини эсга олсак. Айнан мана шу мусобақада фаолиятингиздаги энг катта ютуққа эришдингиз. Осиё чемпионатининг кумуш медали сиз учун қанчалик қадрли?
- Шахсий коллекциямда кўплаб медалларим бор. Лекин Осиё чемпионати «кумуш»и алоҳида аҳамият касб этади. Ахир у бизга жаҳон чемпионати йўлланмасини тақдим этди. Финалда форслар билан тенгма-тенг ўйин намойиш этдик. Бу жамоага ортиқча таъриф бериш шарт эмас. Ўшанда кўпчилик «Асосий вазифа бажарилди, Эрон термаси барибир, жуда кучли ва ютқазсак ҳам ҳеч нарса қилмайди», деган фикрларни илгари сурди. Ўйлашимча, биз бундан ҳам юқорироқ натижа қайд этсак бўларди, зеро йигитларимизнинг нималарга қодир эканликларидан яхши хабардорман. Кўп йиллардан бери биргаликда ўйнаб келяпмиз. Эронга қарши кечган учрашувни ёмон бошламагандик, ҳисобни ҳам очдик. Кейинчалик бир нечта хавфли вазиятлар содир этдик. Лекин ўтказиб юборилган голлар чоғида озгина эътиборсизликка йўл қўйдик, деб ўйлайман. Учрашувдан олдин барчамиз майдонга фақат ғалаба илинжида тушгандик. Мухлислар кўришди, менимча, ёмон ўйнамадик. Фақат ҳал қилувчи паллаларда бироз омад етишмади.
- Ҳар кимнинг асосий касбидан ташқари хоббиси ҳам бўлади. Хўш, Нодир Элибоевнинг қизиқишлари нималардан иборат?
- Бўш вақт туғилса, балиқ овига борамиз. Терма жамоадаги дўстим Жавлон Аноров аввал Жамолиддин Шариповни, сўнгра мени бу машғулотга қизиқтириб қўйди.
- Ўзаро ким кўп балиқ тутиш бўйича мусобақалашиб турасизларми?
- Бу борада Жавлонга етадигани йўқ. Жамолиддин иккимиз эса кўпинча ухлаб қоламиз. Аноров эса жуда сабрли, ярим тунгача балиқ овлайверади. Кундузи бироз ухлаб олгач, кечқурун эринмай севимли машғулотини эттираверади.
- Сиз овлаган энг улкан балиқнинг вазни қанча?
- Тахминан 6 кг. атрофида бўлган. Дўстларимиз орасида эса энг катта балиқни Жавлон тутган: унинг вазни нақ 11 кг. эди.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).