Газетамизнинг сешанба сонида ўзбек футболчиларининг болалик йиллари билан таништириш одат тусига кирган. Биз ушбу анъанани давом эттириш мақсадида «Бунёдкор» клуби ҳимоячиси, Ўзбекистон миллий терма жамоасига номзод Акмал Шораҳмедов билан суҳбат қурдик.
- Акмал, «Бунёдкор» жамоаси сиз учун қадрли бўлиб қолди. Айнан шу клубдаги фаолиятингиз сабаб миллий терма жамоага чақирилдингиз, ОЧЛда ажойиб мавсумларни ўтказдингиз. Суҳбатимиз аввалида айни мавзу бўйича фикрларингиз билан ўртоқлашсангиз.
- Ҳақиқатан ҳам, «Бунёдкор»нинг фаолиятимда тутган ўрни ўзгача. Мен футбол ўйнашни бошлаган давр билан ҳозиргиси ўртасида катта фарқ бор. Биз эндигина яшил майдонга мослашаётган чоғимизда ҳозиргидек замонавий стадионларни орзу қилардик. Бироз кечроқ бўлсада, ниятимга етдим. Мана, олий лигада 11 йилдан буён тўп суряпман. Шу вақт оралиғида «Пахтакор», «Сўғдиёна», «Андижон» жамоалари шарафини ҳимоя қилдим. Озми-кўпми футболчи сифатида танилдим.
- Шу даражага етишингизда мураббийларнинг ҳам ҳиссаси катта бўлган, тўғрими?
- Албатта. Ҳар бир соҳада устоз ва мураббийларнинг ўрни беқиёс. Барча болалар каби футбол ўйнашни кўчадан бошлаганман, қуёш ботгунига қадар тўп тепардик. Профессионал тарзда илк сабоқларни Бахтиёр ва Дилшод ака Нуралиевлардан олганман. Ҳозирги даражага етишишимда уларнинг меҳнатлари катта. Болалар футболидаги билим ва кўникмалари, тарбиялаган шогирдларини инобатга олсак, бу икки мутахассисга етадигани йўқ. Фурсатдан фойдаланиб, уларга ўз миннатдорчилигимни билдираман.
- Аксарият болалар ҳужумчи бўлиш, гол уриб, тезроқ танилишни исташади. Сиз эса ҳимояни танлагангиз. Бу қарор қабул қилинишида ҳам мураббийнинг кўрсатмаси бош мезон бўлганми?
- Футбол ўйнашни ярим ҳимоя чизиғидан бошлаганман. Аслида, 16-17 ёшдаёқ футболчининг қайси чизиқда кўпроқ фойда келтириши яққол кўзга ташланиб қолади. Менда ҳам шундай ҳолат юз берган. Дилшод Нуралиев ҳимояда яхшироқ ўйнашимни кўра билганлар ва уларнинг тавсиялари билан шу чизиқ вакили бўлиб қолдим.
- Ўзбекистон миллий термасига чорлов, мамлакат бош жамоаси сафидаги илк ўйин, ундаги ҳаяжон, буларни унутиб бўлмайди. Шундай эмасми?
- Дарҳақиқат, ҳар бир футболчининг олий орзуси - ўз мамлакати миллий жамоаси либосида майдонга тушиш. «Андижон»да ўйнаб юрган кезларим ҳам термамиз йиғинларига таклиф этилганман. Лекин ҳақиқий чорлов ЖЧ-2014нинг энг муҳим саралаш босқич ўйинларига тўғри келган. Эронга қарши Тошкентда кечган учрашувни асло ёддан чиқармайман. Бутун ўйин давомида катта ташаббусга эга бўлиб, якунда мағлубиятга учраш роса аламли бўлганди. Бир неча кун ўзимга кела олмаганман. Одил Аҳмедовнинг тоза голини япониялик ҳакамлар инобатга олишмаганди. Ким билади дейсиз, балки ўша гол ҳисобланганида, термамиз Бразилиядаги мундиалда иштирок этиб қайтармиди?.. Аммо омад жамоамиздан очиқчасига юз ўгирганди. Биз каби 14 очко тўплаган Жанубий Корея термаси ЖЧ йўлланмасини қўлга киритди. Тўртинчи саралаш баҳслари якунланишига учта тур қолганида 6 очко жамғарсак, ЖЧга чиқамиз, деб ўйлагандик. Лекин қўлга киритилган ўша очколар ҳам бизга ёрдам бермади. Ҳа, бу спорт, олдиндан бир нарса дейиши қийин.
- Футболчининг фаолиятида қизиқарли воқеалар тез-тез учраб туради. Сиз ҳам шундай ҳолатларга дуч келганмисиз?
- Албатта. Бир куни уйдагилар дала-ҳовлимизга кетишган эди. Мажбурлигимдан кўйлагимга ўзим дазмол босишимга тўғри келган. Бунга ўрганмаганим учун кўйлакни куйдириб қўйгандим (кулади). Футболда ҳам қизиқарли ҳолатлар юз бериб туради. Масалан, ОЧЛ гуруҳ босқичидаги «Ал-Жаиш»га қарши кечган учрашувни ўтказиб, Дохадан қайтаётганимизда 2-3 нафар футболчимиз рейсдан қолиб кетишган. Улар уйдагиларга совға-салом оламиз, деб самолётга кеч қолишган ва оқибатда бошқа йўналиш орқали Тошкентга қайтиб келишганди.
- Волидаи муҳтарамангиз бир неча йилдан буён информатика фанидан ёшларга зиё тарқатиб келяптилар. Болалигингизда сизда ҳам ўқитувчилик касбини танлаш имконияти юзага келганми?
- Очиғини айтсам, менда бундай танлаш имконияти бўлмаган. Болалигимдан футболга меҳр қўйдим. Балки кейинчалик футболни тугатиб, мураббийлик фаолиятини йўлга қўйсам, онамнинг касбларини давом эттирарман. Ҳозирча эса ўзим ўқитувчилардан, мураббийлардан ўрганяпман.
Маълумот учун
Акмал Шораҳмедов
Туғилган санаси: 10.05.1986
Туғилган жойи: Тошкент
Бўйи:178 см. Вазни:78 кг.
Амплуаси: ҳимоячи
Футболчилик фаолияти: «Сўғдиёна» (Жиззах) - 2005-2006; «Навбаҳор» (Наманган) - 2007;
«Сўғдиёна» (Жиззах) - 2008; «Андижон» (Андижон) - 2009-2010; «Бунёдкор» (Тошкент) - 2011 - ....
Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).