Хабар бериб ўтганимиздек Вьетнамнинг Да Нанг шаҳрида соҳил спорт турлари бўйича Осиё 5-ўйинлари давом этяпти. Бугундан самбо бўйича мусобақаларга старт берилди. Эслатиб ўтамиз спортнинг ушбу тури бўйича беллашувларда терма жамоамиз шарафини олти нафар самбочиларимиз ҳимоя қилишади. Бугун уларнинг иккитаси баҳсларга киришишди.
Вазни 93 килограмгача бўлган полвонлар беллашувида Илҳомжон Йўлдошев илк жангини ливанлик Николаос Кевенга қарши ўтказиб рақибини мағлубиятга учратди ва чоракфинал йўлланмасини қўлга киритди. Ушбу босқичда унга Таиланд вакили Женгхор Сонрам рақиб бўлди. Илҳомжон бу қарама қаршиликда ҳам рақибининг курагини ерга текказишга мувафақ бўлди.
Ярим финалда эса ҳамюртимиз эронлик Ираж Амирханига рўбаро келди ва бу сафар ҳам ортиқча қийинчиликсиз рақибини мағлуб этиб финал баҳсига йўлланмани нақд қилди.
Бугун шунингдек аёллар ўртасида 56 килограмгача бўлган вазн тоифасида Маликабону Мирзаева баҳсларни бошлаб берди. Маликабону илк беллашувда туркманистонлик Хурма Абдиевани таслим қилиб чоракфиналга йўлланма олди.
Ярим финал йўлланмаси учун курашда ҳамюртимиз энди Ливанлик Фархат Ли устидан зафар қучиб медаллар учун курашиш имкониятини сақлаб қолди. Ҳал қилувчи финал йўлланмаси учун кечган баҳсда Мирзаевага мусобақа мезбони, вьетнамлик Нгуен Нгок Хан рақиб бўлди. Афсуски мазкур беллашувда спортдаги “ўз уйингда деворлар ҳам қўллайди” ибораси яна бир бор ўз тасдиғини топди ва Маликабону беллашувни рақибига бой берди. Аммо ҳамюртимизда ҳали бронза медали учун курашиш имкони бор.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).