Тошкентнинг “Бунёдкор” клуби собиқ футболчиси Ривалдо билан боғлиқ қарздорлик клуб зиммасида қолади. Бу ҳақда матбуот анжуманида қатнашган “Дарё” мухбири хабар бермоқда.
20 апрель куни бўлиб ўтган тадбирда “Ўзбекнефтгаз” АЖ бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Суҳроб Ҳамроев клубнинг молиявий мажбуриятлари ва кўп йиллик қарздорлик масаласига тўхталиб ўтди. Унинг таъкидлашича, 2008–2010-йилларда жамоа сафида тўп сурган Ривалдо олдидаги қарздорликни тўлаш ташкилот зиммасига кирмайди:
“Бу мажбурият "Ўзбекнефтгаз"га эмас, балки клубга тегишли”, — дейди Ҳамроев.
Аввалроқ “Ўзбекнефтгаз” Ўзбекистон футбол ассоциациясига расмий хат йўллаб, “Насаф”, “Бухоро” ва “Бунёдкор” клубларини молиялаштириш тўхтатилишини маълум қилган эди. Шунингдек, “Машъал” (Муборак газни қайта ишлаш заводи клуби) ва “Шўртан” (“Шўртаннефтгаз” корхонаси томонидан қўллаб-қувватланган) жамоалари ҳам компания тизими орқали молиялаштирилган.
“Футбол клубларини молиялаштиришни тўхтатиш норасмий маълумот эмас, биз бу ҳақда бир неча бор айтганмиз. Охирги марта президент томонидан ҳомий сифатида молиялаштиришни тўхтатиш бўйича қарор қабул қилинди. Бу давлат топшириғи эди. 1 январдан молиялаштириш босқичма-босқич эмас, балки дарҳол тўхтатилди. Ҳозирги кунда бирорта футбол клуби бизнинг томонимиздан молиялаштирилмаяпти”, дея таъкидлади ташкилот вакили.
Шунингдек, унинг сўзларига кўра, аввал клубларга ажратилган маблағ ҳажми йилига тахминан 200–300 млрд сўмни (Марказий банк курси бўйича қарийб 16,5–25 млн АҚШ доллари) ташкил этган.
“Рақамлар аниқ бўлмаслиги мумкин, аммо гап йилига 200–300 млрд сўм атрофидаги маблағ ҳақида кетмоқда. Бу тўрт футбол клуби учун умумий ажратилган сумма эди”, — деди Ҳамроев.
FIFA қарори ва Ривалдо олдидаги қарздорлик тафсилотлари
Маълумот учун, 2024 йил февраль ойида FIFA “Бунёдкор” собиқ футболчилари Ривалдо ва Денилсон шикоятлари бўйича қайта иш очган. Орадан 15 кун ўтиб, клуб футболчилар олдидаги қарздорлик мажбуриятини бажариши лозимлиги ҳақида қарор чиқарган.
ОФК лицензиялаш талаблари асосида клуб 2024 йил 31 мартга қадар қарздорлик масаласини ҳал этиши керак бўлган. Музокаралар натижасида томонлар 30 март куни келишувга эришган ва “Бунёдкор” лицензиялаш платформасига зарур ҳужжатларни юклашга улгурган.
FIFA қарорига кўра, клуб 2024 йил 7 апрелга қадар қарздорликни бартараф этиши лозим эди.
“Қалдирғочлар” Спорт арбитраж суди (CAS) ва FIFA низоларни ҳал қилиш палатаси қарорларига мувофиқ қуйидаги тўловларни амалга ошириши белгиланган:
Ривалдога:
2 489 947 евро — тўланмаган мукофот пуллари ва йиллик 5 фоиз устама;
5 664 000 евро — шартнома бекор қилингани учун товон пули ва йиллик 5 фоиз бонус;
10 минг Швейцария франки — арбитраж харажатлари.
Денилсонга:
700 000 доллар — тўланмаган мукофот пуллари ва йиллик 5 фоиз устама;
400 000 доллар — шартнома бузилгани учун товон пули ва йиллик 5 фоиз бонус;
10 минг Швейцария франки — арбитраж харажатлари.
Кейинги келишувга кўра, мазкур суммалар сезиларли даражада камайтирилган. Денилсонга тўловлар 2026-йилгача уч қисмга бўлиб берилиши, Ривалдо билан ҳисоб-китоб эса 2028-йилгача ҳар йили бир мартадан амалга оширилиши белгиланган.
Ривалдо 2008–2010-йилларда “Бунёдкор” сафида 63 ўйинда 34 гол ва 7 ассист қайд этиб, уч карра Ўзбекистон чемпиони бўлган. Денилсон эса 2010-йилда жамоа билан чемпионликни қўлга киритиб, 23 ўйинда 10 гол ва 3 та ассист муаллифи бўлган.
16-куни жамоа матбуот хизмати вакили Фурқатбек Нишонов Facebook саҳифасида коммунал тўловлардан қарздорлик сабаб “Бунёдкор” стадиони ва академияси иссиқ ва совуқ сув, шунингдек, электр таъминотидан узилганини маълум қилган эди.
“Етиб келганимиз шу бўлса керак: "Бунёдкор" стадиони ва академиясида 2 ойдан бери иссиқ сув йўқ эди, ойликни охирги марта декабрда олганмиз. Мана, бугун бутун академия ва стадион ҳудудида электрни ўчиришибди. Айтганча, бу йил Ўзбекистон тарихда биринчи марта Жаҳон чемпионатида қатнашади! Омад ёр бўлсин!” дея ёзган Нишонов.
Кейинчалик, муаммолар қисман бартараф этилгани ҳақида хабар берилди.
Янги молиялаштириш тизими ва имтиёзлар
2026-йилги мавсумдан бошлаб Ўзбекистонда футбол клубларини молиялаштириш тизими ўзгарди. Президент қарорига мувофиқ, Суперлиганинг ҳар бир клубига давлат бюджетидан тўғридан тўғри маблағ ажратилади:
2026-йилда — 35 млрд сўм;
2027-йилда — 30 млрд сўм;
2028-йилда — 25 млрд сўм.
Қарорда солиқ имтиёзлари ҳам алоҳида ўрин эгаллаган. Хусусан, 2026 йил 1 апрелдан бошлаб Суперлига ва Пролига футболчилари уч йил муддатга жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод этилади. Шу билан бирга, улар учун ижтимоий солиқ ставкаси 1 фоиз этиб белгиланади.
Мазкур имтиёзлар Олимпия ва Паралимпия ўйинларига тайёргарлик доирасида миллий терма жамоаларга жалб қилинадиган мураббийларга ҳам татбиқ этилади. Бундан ташқари, спорт тизимига хусусий секторни кенгроқ жалб этиш мақсадида ҳомийлик фаолиятига ҳам рағбатлар жорий қилинди.
Футбол клублари ва спорт федерацияларига ҳомийлик қилган тадбиркорлар учун солиқ енгилликлари белгиланган. Улар давлат телеканалларида спорт транслациялари вақтида рекламаларни ярим нархда жойлаштириш ҳуқуқига эга бўлади.
Клуб харажатларининг камида 20 фоизини қоплаган тадбиркорларга профессионал футбол клубини ишончли бошқарувга бериш амалиёти жорий этилади. Бунда:
Ўзбекистон футбол ассоциацияси томонидан танлов асосида ишончли бошқарувга берилиши режалаштирилаётган профессионал футбол клублари рўйхати ЎФА томонидан эълон қилинади ва танлов муддати 15 кун этиб белгиланади;
Профессионал футбол клуби фаолиятини сақлаш харажатларига энг кўп ҳомийлик маблағи киритишни таклиф қилган тадбиркор ғолиб деб топилади ва жамоа учун аввалги йилларда ҳомийлик қилиб келган тадбиркорларга устунлик берилади;
Танлов иштирокчиларининг ҳомийлик маблағи киритиш тўғрисидаги таклифлари қиймати бир хил бўлганда, тегишлилиги бўйича ЎФА томонидан клубни ривожлантириш бўйича энг яхши таклиф берган талабгор ғолиб деб эълон қилинади;
Ғолиб бўлган тадбиркор ҳамда профессионал футбол клуби таъсисчилари ўртасида ишончли бошқариш тўғрисида шартнома тузилади;
Мазкур тартиб муассислар таркибида тадбиркорларнинг улуши 50 фоиздан юқори бўлган профессионал футбол клубларига татбиқ этилмайди.
Клубни тўлиқ сотиб олиш ёки спорт объектларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш ишлари учун 1 йиллик имтиёзли давр билан 5 йил муддатга йиллик 14 фоиз ставкада кредит ажратилади давлат томонидан имтиёзли кредит ажратилиши ҳам назарда тутилган.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).