Ўзбекистон Профессионал футбол лигасида янги мавсум учун қуръа ташлаш баробарида бир қатор қарорлар ҳам қабул қилинди. Улар орасида энг кутилмагани - суперкубок баҳсининг бекор қилингани. Бу фикримизга қарши чиқадиганлар кўп топилмаса керак. Умуман, бундан ташқари ҳам, ПФЛ масаласида бир қатор саволлар йиғилиб қолганди. Шу сабаб, ташкилот раҳбари Фарҳод Магометов билан махсус суҳбат уюштиришни лозим топдик. Аввало, «ИнтерФутбол» таҳририяти илтимосимизни инобатга олиб, таклифимизни қабул қилгани учун ПФЛ раҳбариятига миннатдорчилик билдиради. Фарҳод Магометов билан суҳбатимиз эса суперкубок ўйини хусусида бошланди.
СУПЕРКУБОК ВА ТИББИЙ КЎРИК
- Фарҳод ака, суҳбатимиз аввалида бир нарсага аниқлик киритиб олишни истардик - ўтган мавсум чемпионлик ҳам, кубок ҳам битта жамоага насиб этгани учун суперкубок баҳси бекор қилинди. Аммо келаси йил нима бўлади?
- Очиғи, бу борада ҳозирча аниқ тўхтамга келганимиз йўқ. Фурсат топиб, клублар вакилларини йиғамиз ва улар билан маслаҳатлашамиз. Зеро, аввало, суперкубок улар учун қай даражада муҳимлигини аниқлаб олишимиз лозим. Бу масалада хоҳишим битта: ўйин биринчи навбатда, мухлисларни қизиқтириши лозим. Қизиқишни эса клублар таъминлаб беришлари шарт. Ахир расмиятчилик учун ўйин ташкиллашдан маъно нима? Боз устига, бу йил суперкубок ўйини учун мақбул вақт ҳам топилмади. ОЧЛда иштирок этувчи «Насаф», «Бунёдкор» ва «Локомотив» клублари янги мавсумга тайёргарлик ишларини анча эрта бошлашди. Қайсидир жамоа йиғин ўтказиш учун чет элга чиқади, бошқаси ўзимизда қолади.
- Клублар томонидан билдирилаётган эътирозлардан бири тиббий кўрикка боғлиқ. Чунончи, барча клублар кўрик учун Тошкентга келишга мажбурлар. Шу жараённи вилоятларда ташкиллаш имкони йўқми?
- Эътирозда жон бор. Шахсан менга ҳам клублардан кўп шикоятлар келиб тушган. Ушбу масала бўйича ЎФФ вице-президенти Сардор Раҳматуллаевга мурожаат қилдим. Демоқчиманки, барчасини ЎФФ раҳбарияти билан кўриб чиқишимиз лозим.
БАДАЛ ПУЛИ ВА МАРКЕТИНГ
- Профессионал футбол лигаси фаолияти ҳозирда тўлиғича клублардан олинадиган бадал пулига боғлиқ. Аммо бу тизим футболи ривожланган ўлкаларда аллақачон эскирган. Бизда қачон ўзгариш бўлади?
- Аслида бадал пули кўплаб давлатларда мавжуд. Бу борада истаганча баҳслашиш мумкин. Масалан, Россия чемпионатида бадал пули қанчалигини биласизми? Мана, мен айтаман - 9 миллион рубль! Бу ўтган мавсумдаги маълумот ва тўлов миқдори янада ошган бўлиши мумкин. Японияда эса клублар бадал пули сифатида 500 минг доллардан тўлашади. Бизда эса қанча? Олий лига клуби учун белгиланган миқдор - 150 миллион сўм. Ички мусобақаларни айнан шу йиғиладиган маблағ эвазига ташкиллаймиз. Тўпланган пул қаерга ва қанча сарфланишини регламентда аниқ-тиниқ ёзиб қўйганмиз. Дейлик, битта тур ўйинлари учун ҳакамларга қанча ҳақ тўланишини биласизми? Бунинг устига, уларнинг тайёргарлик жараёни харажатлари ҳам бизнинг зиммамизда. Яъни ҳакамлар учун махсус йиғинлар ташкил қиламиз. Уларда жами 150 нафар ҳакам иштирок этади. Яна назоратчилар йиғини ҳам бор. Буларга ҳакамлар мактаби фаолиятига боғлиқ харажатларни ҳам қўшинг...
- Аммо айни пайт бадал пули кўплаб клубларга оғирлик қилиши мумкин. Масалан, биринчи лигада вазият анча оғир.
- Қуйи лига иштирокчиси учун бор-йўғи 20 миллион сўмга тенг бадал пули белгиланган. Эътибор беринг, бу миқдор ҳакамларга боғлиқ харажатларни кўтариш учун ҳам етмайди. Лекин лига равнақини ўйлаб, молиявий талабларни оширмаяпмиз.
- ПФЛ мусобақаларни ўтказишга кетадиган харажатларни бошқа томондан топиши мумкин эмасми? Айтайлик, маркетинг ва ҳомийлар билан ишлаш бўйича қандай ишлар амалга оширилмоқда?
- Бутун дунёда футбол ривожи аввало, телевидениега боғлиқ. Мусобақалар бюджетининг 60-70 фоизи трансляциялар сотувидан тушадиган маблағ эвазига қопланади. Аммо бизда вазият бошқача.
- ПФЛ ҳам трансляцияларни сотиш борасида иш олиб борса бўлмайдими? Қолаверса, маркетингни ривожлантириш мумкин...
- Албатта, маълум лойиҳаларни тайёрлаяпмиз. Масалан, UzReport TV телеканали билан ҳамкорлик қилиш режаси бор. Бу канал билан аста-секин иш бошлашни кўзлаб турибмиз. Тўғри, бирданига барча ўйинлардан трансляция узатиш қийин масала. Шу боис, аввалига балки фақат тур доирасидаги марказий ўйинлар телеҳуқуқини берармиз. Аммо ҳозирча бу аниқ маълумот эмас. UzReport TV билан ҳамкорлик - яқин келажак учун ўйлаб қўйилган режа. Жаҳон амалиётида маркетинг масаласида қилинадиган ишлар - футболкалар, атрибутлар ва бошқа сувенирлар савдосидан тушадиган маблағ бюджетнинг бор-йўғи 1 фоизини қоплаши мумкин. Трансляция эса 60-70 фоиз маблағни таъминлайди. Умид қиламанки, бу борада олдинга силжиймиз, барибир.
ЯНА ЎША ТАҚВИМ
- Фарҳод ака, ПФЛнинг танқид қилинишига асосий сабаб саналган яна бир жиҳат - бу тақвим. Айтингчи, бизда ўйинлар санаси нега бунчалик кўп ўзгартирилади?
- Ҳа, тақвим масаласи ўзимиз учун ҳам катта бош оғриғи. Аммо бунинг ҳам ўзига яраша сабаблари бор. Аслида ўйинларни қолдиришдан ПФЛга қандай наф бор? Нима, тақвимнинг бузилиши бизга ёқадими? Энди сабабларга келсак, улар орасида айтиладиган ва айтилмайдиганлари бор. Яна бир томони, тақвим кўпинча Ўзбекистон миллий жамоаси манфаатларидан келиб чиқиб, ўзгартирилади. Унутмаслик керакки, регламентга мувофиқ, 3 нафар футболчисини терма жамоага юборган клуб ўз ўйинини кейинроқ муддатда сурдиришга ҳақли.
- Терма жамоа манфаатини ўйлаб, иш юритиш яхши, албатта. Аммо бу муаммо неча йиллардан буён ҳал этилмаётгани ҳам айни ҳақиқат. Миллий жамоанинг йиллик режаси олдиндан маълум экан, тақвимни шунга мослаб тузиш мумкин эмасми?
- Ҳа, терма жамоа режаси олдиндан тасдиқланади ва бу борада эътироз билдириш ортиқча. Аммо муаммо шундаки, биз терма жамоага қайси пайт қайси клублардан неча нафар ўйинчи чақирилишини билмаймиз-ку!
- Лекин йил давомида бўш кунлар кўп, наҳотки, терма жамоа йиғини ўтказиладиган муддатга умуман ўйин белгиламасликнинг иложи йўқ бўлса...?
- Иложи бор, албатта. Лекин терма жамоанинг талаблари йил давомида ошиб боришини ҳам инобатга олиш лозим. Тақвимни қанчалик қулай тузишга уринмайлик, мураббийлар штаби яна-да яхшироқ шароит яратиб беришимизни сўраши мумкин.
- Нима, йил бошида дейлик, Самвел Бабаян билан бирга ўтириб, «Қандай шартинг бўлса, ҳозир айт, тақвим тузилгандан кейин уни бузмаймиз», дейиш қийинми?
- Табиийки, аввалдан келишиб оламиз. Мана, терма жамоанинг йиллик режаси бор ва тақвим тузиш жараёнида шундан келиб чиқиб, иш юритамиз. Аммо бу ўринда футболчиси терма жамоага чақирилмайдиган клублар манфаатини ҳам унутмаслик лозим. Ҳар қандай клубнинг ўзига яраша тайёргарлик режаси бўлади ва терма жамоага боғлиқ танаффус чўзилиб кетиши айрим жамоалар зарарига ишлаши ҳеч гап эмас. Хуллас, тақвим тузишда барча иштирокчилар манфаатини ҳисобга олиш талаб этилади. Бу ўринда ЎФФнинг талаби ҳам бор. Тақвим ўзгарса, бизнинг ишимиз ҳам кўпаяди. Айниқса, хавфсизлик масаласига жиддий эътибор қаратиш лозим. Ўйин бошқа кунга кўчирилган тақдирда, ҳуқуқ-тартибот органлари вақтида бохабар қилиниши шарт. Қисқаси, тақвим бузилиши нафақат мухлислар, балки кўпчилик учун ноқулайликлар туғдиради. Аммо ўртада Ўзбекистон терма жамоаси манфаати турганида, ўзгаришларга қўл уришга мажбурмиз.
- Лекин бу ҳолат қачонгача давом этиши мумкин?
- Ўзимизга қолса, тақвимни умуман ўзгартирмаймиз. Ҳозир ФИФАнинг 2020 йилга қадар тузиб қўйган режасидан хабардормиз. Аммо улар биздаги шароит билан мос эмас. Ҳаммасини келиштириш эса анча мураккаб. Фақат шуни айтишим мумкинки, янги мавсумда бу борада имкон қадар яхшироқ ишлашга ҳаракат қиламиз.
КУБОК ФИНАЛИ
- Ўзбекистон кубоги финал ўйини Самарқанд шаҳрида ташкиллаштирилди ва бу ҳаммага ёқди. Бунинг учун раҳмат. Аммо битта савол бор: учрашув нега соат 13:00га белгиланди? Боз устига, ҳафта ўртасида...
- Аслида Ўзбекистон кубоги финали режа бўйича 27 ноябрда, яъни якшанба куни ўтказилиши лозим эди. Шунда ҳеч қандай муаммо чиқмасди. Аммо яна юқорида айтилган сабаблар панд берди. Аниқроғи, Ўзбекистон терма жамоаси йиғинлари анча вақт олди. Камига яна шу сабабга кўра, битта ярим финал баҳси тақвимга сиғмай қолди. Шунинг учун ўйинни 30 ноябрга кўчиришдан ўзга чора тополмадик. Энди соат 13:00га белгиланганига келсак, бу борада ҳамма жиҳатларни инобатга олдик - ўша куни об-ҳаво қандай келади, мухлислар қор-ёмғирда қолиб кетишмайдими, кечроққа қўйсак, одамлар стадиондан уйга қайтишда қийналишмайдими? Оддий айтганда, барчасини обдон кўриб чиқиб, кейин ўйин вақтини белгилаганмиз. Ўйин Самарқандда бўлгани билан асосий ташкилотчилар Тошкентдан боришди. Уларнинг ортга қайтиш имкониятини ҳам инобатга олганмиз.
- Лекин футбол мухлислар учун ўйналади! Ташкилотчиларга қулайлик яратиш ўз йўлига, аммо ҳар қандай шароитда аввало, мухлислар манфаати биринчи ўринга қўйилиши мақсадга мувофиқ эмасми?
- Ҳа, албатта. Лекин вазият шуни тақозо этди. Ўша куни об-ҳаво маълумотларида қор ва изғирин бўлиши кўрсатилганди. Финал баҳси эса чўзилиб кетиши мумкин. Мухлисларни ўйлаганимиз учун ҳам, ўйинни эртароққа белгиладик. Биз учун уларнинг хавфсизлиги биринчи даражали масала.
- Бу муаммо янги мавсумда ҳам такрорланмайдими?
- Такрорланмаслигига ҳаракат қиламиз имкон қадар. Шу ўринда яна бир жиҳатга тўхталиб ўтай, аслида кубок финалини сал олдинроққа суришимиз ҳам мумкин эди. Бунинг учун тақвимни ўзгартирмай, клублардан терма жамоанинг номзод футболчиларисиз ўйнашни талаб қилишимизга тўғри келарди. Аммо икки томон бир хил шароитда ўйнашини таъминлашни маъқул кўрдик. Масалан, «Бунёдкор» учун Элдор Шомуродовнинг сафда бўлиши катта аҳамиятга эга, тўғрими? Шундай экан, клуб нима учун Шомуродовсиз ўйнаши лозим?
ЎТИШ ЎЙИНИ
- ПФЛ томонидан 2 йил олдин яхши ташаббусга қўл урилганди - олий ва биринчи лига вакили ўртасида ўтиш ўйини. Бироқ ҳозир ўтиш ўйини ўз ҳолига ташлаб қўйилгандек туюлмоқда. Хусусан, «Навбаҳор» ва «Норин» ўртасида кечган ўйинда муаммоларни ҳамма кўрди...
- Тўғриси, шу масалада дарҳақиқат, айбимиз бор. Буни тан оламан. Регламентга кўра, жамоалар бетараф майдонда ўйнашлари лозим. Чемпионат эса шундай кўриниш олдики, охирги турга қадар олий лигада қайси клубнинг 15-ўринни банд этиши мавҳум қолди. Шундан келиб чиқиб, стадион танлашга мажбур бўлдик. Айтишим жоиз, ТТЙМИ стадиони майсаси Тошкентда энг сифатлиларидан ҳисобланади. Бу томонини ҳам инобатга олганмиз. Ўтган йили ўтиш ўйинини Олмалиқда ташкиллаганимиз сабаби ҳам шу. Аммо об-ҳавони ҳеч ким олдиндан айтолмайди. Ўша кунга боғлиқ маълумотларда қор ёғиши айтилмаганди. Бироқ бирданига об-ҳаво ўзгариб, қор ёғди. Очиғи, майдонни тозалашга улгурмай қолишди. Чемпионат 23 ноябрь куни якунига етди, ўтиш ўйини эса 26 ноябрда ташкил этилди. Бундай қисқа вақт ичида ҳаммаси силлиқ ўтиши анча қийин.
- Ўйинни икки ҳафтадан кейинга белгилаш мумкин эмасмиди? Ҳаммасини режалаштириб, ўйлаб, тайёрланиб...
- Йўқ, шундай қилсак, биринчи лига вакили анча ноқулайлик сезарди. Биринчи лигада мавсум 12 ноябрда финишга етганди. «Норин» қолган вақт давомида рақибини кутишга мажбур бўлди. Шундай экан, ўйин вақтини яна-да ортга сура олмасдик.
- Барибир, йил бошида тақвим тузилаётган пайт шуни ҳам инобатга олса, бўлмайдими? Ахир мухлислар стадионга келмасалар, футболдан нима маъно? Балки ўтиш ўйинини биринчи лига вакили стадионида ўтказиш керакдир...
- Бу ҳақда иш олиб боряпмиз, ўйлаяпмиз. Муаммо ечимини топишга уриниб кўрамиз. Балки бу қарама-қаршилик «уй-меҳмон» тизимида ўтказилар.
- Янги мавсумда олий лигада қандай ўзгаришлар кузатилиши мумкин?
- Мусобақа формати ўша-ўша. Энг асосий мақсад - мухлисларни стадионга кўпроқ жалб этиш. Бунинг учун ўйинлар жозибасини ошириш керак. Олий лигада томошабоплик ошиши учун малакали мутахассислар зарур. Шартга кўра, янги мавсумда олий лига клублари бош мураббийлари PRO лицензиясига эга бўлишлари лозим. Ҳар қандай ишни ўз мутахассиси бажаргани маъқул. Шунда сифат кўринади, менимча.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).