Футбол янгиликларида Лассана Диаррага “Манчестер Юнайтед” қизиқиб қолганлиги ва Одил Аҳмедовнинг Хитой клубига ўтаётгани ҳақидаги хабарларни орқама орқа ўқиб қолаётганимда, кимдир келиб, Аҳмедовнинг Хитойга ўтиши юқорига кўтарилиш ҳисобланади, деб қолса, эсинг жойидами, деган бўлардим.
Аҳмедов тўп сурадиган янги клубда Халк, Оскар каби бразилиялик футбол юлдузлари тўп суради. Жамоага Андре Виллаш Боаш мураббийлик қилади. “Краснодар” таркиби ҳам, унинг мураббийи ҳам, жамоа амбициялари ҳам ўша Шанхай жамоаси яқинига кела олмаслиги шубҳасиз. Бу фактни инкор эта олмайман, албатта. Бу жиҳатдан қараганда, бояги, мен хабар ўқиб ўтирганимда келиб қолган ўртоғимнинг фикрлари тўғридек. Аммо…
Менимча, қўйида тушунтириб бермоқчи бўлаётганим, икки сабаб билан, Одил Аҳмедовнинг Россия чемпионатидан Хитойга кўчиб ўтиши орқага ташланган қадамдир. Ҳеч бўлмаса, олдинга ташланиши мумкин бўлган қадамлардан воз кечиш демакдир.
Биринчидан. Хитой ва Россия чемпионатидаги рақобат ўртасидаги фарқлар.
АҚШ, Қатар ёки Хитой қанчалик шов-шув қилиб, қатор юлдузларни ўзига жалб қилмасин, айнан рақобат бобида, футболчи учун белгиланган минимал талаблар борасида Голландия ёки ҳатто Швейцария чемпионатларидан паст деб биламан.
Жамоа ёки чемпионатнинг савиясини аниқлашда ўша жамоа ёки чемпионатда тўп сураётган энг яхши футболчиларни солиштириш тўғри бўлмайди. Жамоа таркибининг ўртача савиясини аниқлаш керак. Айтайлик, Халк ёки Оскар каби футболчи “Краснодар”да йўқ, аммо “Шанхай ШИПГ” асосий таркибида тўп сурадиган аксарият футболчилар “Краснодар”нинг асосий таркибига торта олишмайди.
Осонроқ тушунтириш учун олти йил олдинги “Бунёдкор”ни мисол келтиришим мумкин. Саҳоб Жўраев “Бунёдкор”да Ривалдо билан бирга тўп сурган. Денисов эса Украина чемпионатида “Днепр” шарафини қўриқлаган. Хўш, Ривалдони ўлчов қилиб, Жўраев кучлироқ чемпионатда, кучлироқ юлдуз билан тўп сурмоқда, дейиш тўғри бўлармиди? Агар ўшанда Денисов “Днепр”ни ташлаб, “Бунёдкор”га келганида, бу воқеани олдинга ташланган қадам дея олармидик? Ҳозир Жўраев қаерда-ю, Денисов қаерда?
Шубҳасизки, Аҳмедовнинг “Шанхай” жамоаси асосий таркибидан жой олиши “Краснодар”даги ўз ўрнини ушлаб қолишидан осонроқ. “Краснодар”нинг Россия чемпионатидаги рақибларининг ўртача даражаси Хитой жамоалариникидан юқорироқ.
Иккинчидан.
Юқорида бекорга Лассана Диаррани эсламадим. “Локомотив” аъзоси саналган ва Аҳмедовдан 2 ёш катта бўлган ушбу футболчи Англия чемпионатида ўйнаб қолиши мумкин. Умуман, Одилнинг ёши ўтиб бораётгани, бундан кейин Россиядан бошқа жойда ўйнаши имконсиз экани ҳақидаги фикрларга қўшилмайман. Бу шунчаки ўзини овутиш холос.
Мен ҳатто шу яқинда ҳам, “Краснодар”нинг Европа Лигасида “Манчестер Юнайтед” ёки “Интер”га қарши келиб қолиши, ўша ўйинда ҳамюртимиз ажойиб ўйин кўрсатиб, рақибнинг эътиборини тортишини орзу қилиб юргандим. Ҳа нима, бундай мисоллар йўқми? Аҳмедов шу ёшида ҳам қандайдир кучли Европа жамоасининг эътиборига тушиши ҳеч гап эмас эди. Али Дайи 29 ёшида “Бавария” аъзосига айланганди, мисол учун.
Энди бундан сўнг, Одил Аҳмедов ҳеч қачон топ чемпионатларда тўп сурмайди. Хитойда пул қанча кўп бўлмасин, у ердан футболчи сотиб олишмайди. Хитой чемпионати асосан маҳаллий футболчилар ва нафақадаги юлдузлар тўп сурадиган масканга айланади. Чунки моддий тарафдан ҳам, спорт нуқтаи назаридан ҳам, Хитой вариант ҳеч қандай олдинга қадам ташлаш эмас, балки йўлнинг охиридир.
Агар Аҳмедов бирор топ чемпионат клубига ўтганида, ҳам футбол нуқтаи назаридан, ҳам моддий тарафдан яхшироқ шартномага эга бўларди. Аҳмедов “Краснодар” аъзоси сифатида худди шу вариантни орзу қилиши мумкин эди. Аммо Хитойда туриб бундай орзуни қилиш қийин. Одил ҳозир “Краснодар”дан кўра яхшироқ шартномага эга бўлиб бўлди, энди у Европага кучлироқ жамоани орзу қиладиган бўлса, бугунги маошидан камроқ таклифга рози бўлиши керак. Бунга эса, ҳеч бир футболчи кўнмайди. Айтмоқчиманки, Одил Аҳмедов учун олдинга қадамнинг молиявий тарафи ҳал бўлди холос. Бу эса футболчидаги мотивацияни ўлдиради, кейинги қадамларни ташлаш истагини йўқотади. Аминманки, Одил Аҳмедовнинг охирги жамоаси ё Хитойдан ёки Ўзбекистондан бўлади. Афсус.
Танганинг бошқа томони, Аҳмедов “Краснодар”да ўз ўрнини йўқотиб қўйиши мумкинлиги, аксинча, Хитойда юлдузлар ичида ўйнаб, ўз спорт формасини яхшироқ ушлаб, терма жамоамизга фойдаси тегиши мумкинлигини айтаётганлар ҳам бор. Балки шунақадир.
Аммо биласизми, футболимизга фойда келтириш деганда, фақат терма жамоа сафида тўп суриб, голлар уришни тушунмаслик керак. Мен Тринидад Тобагода футбол борлигини, умуман Тринидад Тобаго борлигини Дуайт Йорк туфайли билганман. Либерия терма жамоасининг бирорта ўйинини кўрмаган бўлсам ҳам, Жорж Веанинг ўша ердан эканини биламан. Ўша Веа аслида Европадаги африкалик юлдузларнинг биринчиларидан экани, айнан Веанинг муваффақиятли ўйинлари африкалик футболчиларга ишонч пайдо қилиб, нафақат Либерия, бутун Африка футболини, Африка терма жамоаларини кучайтириб юборганини биламиз-ку?
Европа футболида ўзбек ўғлонининг жавлон уриши албатта, бошқача воқеа бўларди. Балки шу бахона, Европа клубларининг бизнинг футболчиларга бўлган эътиборлари ўзгарган бўлармиди, деб ўйлаб қоламан.
Аслида балки, Одил Аҳмедов “Краснодар”да қолса, барибир Европага кетиш имконияти бўлмасди. Буни балки Аҳмедовнинг ўзи яхши биларди. Унинг агенти, унинг маслаҳатчилари ҳам жуда яхши билишарди. Аҳмедовга ҳали умуман мавжуд бўлмаган вариантни танлашини талаб қилишим, уни айблашим нотўғри. Балки Аҳмедов айни дамда ўзи учун ҳам, футболимиз учун ҳам энг тўғри қарорни қабул қилди. Балки Аҳмедов аллақачон вазиятга реал қараб, Европа орзусидан воз кечиб бўлгандир. Розиман.
Мақола Аҳмедов ҳақида эмас. Мақола мен ҳақимда. Аҳмедовни Испания ёки Англия чемпионатида кўриш орзуим ана эндигина, расман армонга айланганини айтяпман. Мен ҳали воз кечмагандим.
Қаҳрамон АСЛАНОВ, «Эрудит Спорт» газетасидан.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).