Мана, узоқ Габонда навбатдаги Африка миллатлар кубоги стартга чиқди. Soccer.ru сайтининг Max Vargas блоги шу муносабат билан аслида Африка жамоалари учун ўйнашлари мумкин бўлган, аммо бошқа юртлар байроғи остида тўп суришни маъқул кўрган футболчилар орасидан ўзига хос рамзий терма тузиб чиқди. Ишонинг, ушбу виртуал жамоа таркиби бинойидек кўриниш олди.
Дарвозабон
Стив Манданда
Фуқаролиги: Франция
Турнирда Конго ДР термаси учун ўйнаши мумкин эди
Франция футболидаги энг кучли голкиперлардан бири Стив Манданда аслида бутун Африка қитъасида энг яхши мақомини олиши мумкин эди. Бироқ у туғишган укалари - Парфе ва Руффидан фарқли равишда, «леопардлар» эмас, «учранглилар» сафида ўйнашни маъқул кўрди. Il fenomeno номини олган тўнғич Манданда Франция термасида доимо тажрибали Уго Льорис ортида ўтиришга мажбур, аммо бундан сира нолимайди. Чунончи, Дидье Дешам унга ишончли захирачи сифатида қарамоқда. Хуллас, Манданда французлар жамоасида иккинчи кипер саналади ва унинг роли мутлақо дахлсиздир.
Ҳимоя
Давид Алаба
Фуқаролиги: Австрия
Турнирда Нигерия термаси учун ўйнаши мумкин эди
Алаба 17 ёшидаёқ «вундертим»да дебют қилганча ўзи сабаб, Австрия-Нигерия номи остида алоҳида драма бошланишига имкон қолдирмади. Ҳа, «Бавария» ҳимоячиси бироз шошилмаганида ва африкаликлар фойдасига қарор чиқарганидами, эҳтимол, аввалига Нигерия термасининг финал раундига чиқишига катта ҳисса қўшиб, кейин Африка чемпионатининг асосий жавоҳирига айланармиди? Бироқ у ўз келажагини Австрия термаси билан боғлаб, «қора қитъа»нинг бош турнири учун мутлақо бегона бўлди...
Жером Боатенг
Фуқаролиги: Германия
Турнирда Гана термаси учун ўйнаши мумкин эди
Жером ҳам туғишган акаси Кевин-Принс Боатенг йўлига терс ўлароқ, «бундесманшафт»ни танлади ва ўз имкониятини анча кутди. Ваҳоланки, акасидек қарор чиқарганида, «қора марваридлар» сафида бош юлдузлардан бири сифатида мудом асосий таркибда ўйнарди. Хуллас, у Гана футбол федерацияси таклифини бир неча марта рад этди. Яъни тарихий ватани учун ўйнашдан бош тортиб, охир-оқибат, немислар жамоаси вакилига айланди. Германия миллий термасида 2009 йили дебютини нишонлаган Жеромни ҳозир олқишлаш мумкиндир. Зеро, у айни пайт Йоахим Лёв жамоасида муҳим ролга эга, ютуқлари салмоғи ҳам тобора ошяпти.
Одил Рами
Фуқаролиги: Франция
Турнирда Марокаш термаси учун ўйнаши мумкин эди
2011 йили «Лилль» сафида Франция чемпиони бўлган футболчи вақтида Марокаш термасини танлаганида, ҳозир Меҳди Бенатия билан шерикликда тўп суриб, Африканинг энг кучли марказий ҳимоячилари жуфтлигини ташкил этармиди? Бироқ Одил 2008 йилиёқ марокашликлар чорловини қабул қилолмаслигини билдирганди. У бу масалада қуйидагича баёнот берган: «Яхшиси, Франция терма жамоаси сафидаги Марокаш вакили бўламан». Футболчи ўз қароридан афсусланмаса керак. Ахир «учранглилар» жамоасидан мунтазам чорлов олиш Рами учун жиддий ютуқ ҳисобланади.
Ярим ҳимоя
Бенжамин Хенрикс
Фуқаролиги: Германия
Турнирда Гана термаси учун ўйнаши мумкин эди
Бундеслиганинг энг истиқболли ва юқори суръатда ўсаётган футболчиларидан бири Леверкузенда, яъни «Байер»да шу даражада яхши таассурот уйғотдики, «маншафт» бош мураббийи Йоахим Лёв уни Германия байроғи остига олишни пайсалга солмади. Шундай қилиб, Хенрикснинг дебют ўйини ҳам тезда кузатилди - ёш футболчи саралаш турнири доирасида Сан-Марино термасига қарши баҳсда майдонга тушди. Натижада ганаликлар иқтидори баланд йигитни қўлга киритиш ҳаракатини бошламай туриб, ундан умид узишди. Тўғри, Бенжаминнинг ўзи она томонидан тарихий ватани саналмиш Гана байроғи остида ўйнаш вариантини ўйлаб ҳам кўрмаганди.
Н~Голо Канте
Фуқаролиги: Франция
Турнирда Мали термаси учун ўйнаши мумкин эди
Бугун Лондон «Челси»си ярим ҳимоячисини танимайдиган мухлис топилмаса керак. Ахир «Лестер» сафидаги ажойиб мавсумдан сўнг миттигина футболчининг биографиясини обдон титкилашди. Хуллас, Канте нафақат Франция термаси, балки Мали миллий жамоасида ўйнаш имкониятига ҳам эга эди. Эсласангиз, Фредерик Кануте вақтида айнан малиликлар фойдасига қарор чиқарганди. Бироқ Н~ Голе ундан фарқли ўлароқ, «бургутлар» сафида АМК-2015га бориш таклифини рад этди. У ўз қарорини аввало, «Кан» таркибидан муқим жой олишни хоҳлаши билан изоҳлади. Шунинг баробарида терма жамоалар масаласида ҳали якуний тўхтамга келмаганини яширмаганди. Кейинроқ эса «Лестер»да бош ролга чиқди ва Дидье Дешамдан аниқ таклиф олди. Хуллас, Н~Голо Евро-2016 арафасидаги ўртоқлик ўйинларида французлар миллий жамоаси либосини кийди. Бу унинг Мали футбол федерациясига берган якуний жавоби эди - «Йўқ».
Поль Погба
Фуқаролиги: Франция
Турнирда Гвинея термаси учун ўйнаши мумкин эди
«Саккизоёқ» нафақат ўз оиласидаги энг иқтидорли футболчи бўлиб чиқди, балки жаҳон бўйича трансфер рекордини ҳам янгилади-қўйди. Поль аввалига навбати билан Франциянинг турли ёш тоифасидаги термаларида ўйнади ва 2013 йилиёқ миллий жамоа либосида кўриниш берди. Шундай экан, у Африкага йўл олиш ва «филлар» шарафини ҳимоя қилишни хаёлига ҳам келтирмаган бўлса керак. Умуман, Погба айни пайт Дидье Дешамнинг ишонган «тоғ»ларидан бири. Демакки, терма жамоа танлашда адашмаган...
Серж Гнабри
Фуқаролиги: Германия
Турнирда Кот-д~Ивуар термаси учун ўйнаши мумкин эди
Германия термасининг яна бир ёш вакили Лондоннинг «Арсенал» клубида ўзини кўрсатолмаганидан кейин «Вердер»нинг бундеслига доирасидаги ўйинларида мутлақо бошқача қиёфага кирди. Аслида Гнабри 18 ёшидаёқ Кот-д~Ивуар миллий жамоасидан таклиф олганди. Бироқ футболчи «филлар» тўдасига қўшилишни хоҳлагани йўқ. «Бунгача Германиянинг турли ёш тоифасидаги термаларида тўп сурдим, шунинг учун таклиф олгач, ўйламасдан рад жавобини бердим. Зеро, бош мақсадим - бундестим учун ўйнаш»,—деганди Серж ўз қарори юзасидан. Эҳ, агар бошқача вариантни танлаганида эди, Англия ва Кот-д~Ивуар масаласида роса иккиланган Вильфрид Захага ажойиб шерик бўларди.
Ҳужум
Бриль Эмболо
Фуқаролиги: Швейцария
Турнирда Камерун термаси учун ўйнаши мумкин эди
«Шальке» ихтиёридаги ёш ва супериқтидорли ҳужумчи 17 ёшидаёқ 2та терма жамоа ўртасида талаш бўлди. Чунончи, Эмболо Камерунда туғилган ва болалик чоғидаёқ соатлар мамлакатига кўчиб ўтганди. Хуллас, Бриль Африка жамоасида ўйнаш ҳуқуқидан фойдаланишни истамай, швейцарияликлар таркибини тўлдирди. «Барчасини обдон ўйлаб кўргач, келажакда болалигимга гувоҳ бўлган мамлакат жамоаси учун ўйнашни кўпроқ хоҳлашимни англадим. Яъни қалбимга қулоқ тутиб, Швейцария термасини танладим. Айтишим жоиз, ҳар икки мамлакат футбол ассоциацияси менга жиддий қизиқиш билдирдики, бундан бағоят миннатдорман. Умидворманки, камерунликлар қароримни тўғри қабул қилиб, ўртадаги муносабатни ёмонлаштирмайдилар»,-деганди Эмболо 2014 йил охирида қийин танлови хусусида.
Виссан Бен Йедер
Фуқаролиги: Франция
Турнирда Тунис термаси учун ўйнаши мумкин эди
Лига1да энг қадрланмаган футболчилардан бири «Тулуза»даги ажойиб мавсумдан сўнг «Севилья» аъзосига айланди. Испан клуби бош мураббийи Хорхе Сампаоли аввалига ўткир ҳужумчи ролини кўпроқ ўз қитъадоши Лусиано Вьеттога ишониб топширган бўлса, кейинчалик Виссан аргентиналикни захирага «жўнатди». Дейлик, «Реал Сосьедад»га қарши баҳсда «хет-трик» қайд этиб, чилилик мутахассисда заррача шубҳа қолдирмади. Қисқаси, айни пайт «Севилья»да Вьетто эмас, айнан Бен-Йедер бош ролда. У 2014 йилиёқ Франция термасида ўйнашни хоҳлаши ва Тунис жамоаси либосини кийиш режаси йўқлигини маълум қилганди: «Шахсий танловим тайин - Франция. Бошқа гап ортиқча. Ҳаттоки, мени миллий жамоага чақиришмаса ҳам, орзумдан воз кечмайман. Яъни таклиф олиш йўлида бор маҳоратимни ишга солганча ишлашда давом этаман. Умид қиламанки, эртами-кеч менинг куним ҳам келади. Буни охиригача кутишга тайёрман».
Нобил Фақир
Фуқаролиги: Франция
Турнирда Жазоир термаси учун ўйнаши мумкин эди
Лига 1нинг энг ёрқин вакиллари қаторига кирувчи футболчи Африка кубогига ўзининг бехато ўйинларию, ҳужумдаги ноодатий ҳаракатлари билан ўзгача зеб бериши мумкин эди. Вақтида Нобил Фақирга боғлиқ «талашиш-тортишиш» шунчалик кескин тус олдики, футболчининг ўзи ҳаттоки, интервью беришдан ҳам бош тортадиган бўлиб қолди. Якунда эса, Жазоир термасида ўйнаш имкониятига эгалигига қарамай, Франция миллий жамоасини танлади. Яъни унинг таркибига тушиш қийинлигию, рақобат мисли кўрилмаган даражада баландлигига парво ҳам қилмади. «Ҳа, Франция термаси менинг якуний танловим эканлигини тасдиқлайман. Яқинда Дидье Дешам билан учрашиб, қарорим қатъийлигини билдирдим. Ўз навбатида, у менга умид билан қараётганини яширмади. Биринчи мақсадим - Евро-2016да иштирок этиш. Мен асли жазоирлик французман. Бу фахр уйғотади. Хуллас, Франция термаси учун ўйнаш истагим кучлироқ бўлиб чиқди. Тўғри, отам мени жазоирликлар сафида кўришни истаганди. Бироқ ўйнайдиган мен-ку. Якуний қарорим эса - Франция ва бу энди ўзгармайди! Зеро, шу заминга қаттиқ боғланганман»,-деганди Фақир Евро-2016 арафасида жиддий жароҳатга йўлиқишидан олдин.
Муқобил терма жамоа
Ивон Мвого (Швейцария|Камерун) - Антонио Рюдигер (Германия|Сьерра-Леоне), Дедрик Бойата (Бельгия|Конго ДР), Анжело Огбонна (Италия|Нигерия) - Теодор Гебре Селасси (Чехия|Эфиопия), Мусса Дембеле (Бельгия|Мали), Вильям Карвалью (Португалия|Ангола), Усмон Дембеле (Франция|Мали) - Юссуф Поульсен (Дания|Танзания), Ромелу Лукаку (Бельгия| Конго ДР), Анвар ал Ғози (Голландия|Марокаш).
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).