Ўзбекистон Олий лигасининг тўрт клуби — «Локомотив», «Пахтакор», «Нефтчи» ва «Насаф» қишки йиғинни ўтказиш учун Туркиянинг Анталия шаҳрини афзал билди.
«Темирйўлчилар» олти кун муқаддам хорижга жўнаб кетган бўлса, «Пахтакор» бугун — 5 февраль куни шуни такрорлади. Олий лиганинг 2016 йилги мавсумини 5-ўринда якунлаган клуб 19 февралга қадар Анталияда машғулот олиб боради.
Фарғонанинг «Нефтчи» жамоаси ҳам Тошкент клубларининг ортидан эргашди. Андрей Фёдоров шогирдлари икки ҳафта давомида Анталиядаги йиғинда иштирок этади. «Насаф» эса Осиё Чемпионлар лигасига тайёргарликни Туркияда олиб борди.
Аввалроқ Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Самвел Бабаян «Локомотив» ва «Пахтакор» клубларига қулайроқ бўлсин деб, терма йиғинини ҳам Туркияда бўлишини таъминлагани ҳақида айтиб ўтганди. 9—13 февраль кунлари орасида миллий терма жамоа Анталияда 2 та ўртоқлик ўйинида майдонга тушади.
Ўзбекистон клубларининг нима сабабдан айнан Туркияни танлаётгани очиқланмаган. Аввалроқ Туркиядаги беқарор вазият туфайли Арманистон терма жамоасини йиғинни Кипрга кўчирган ва Ўзбекистонга қарши ўртоқлик ўйинини бекор қилганди. Шунингдек, Германия Бундеслигаси клублари ҳам Туркияга боришдан бош тортиб, Испания, Қатар, БАА, АҚШ каби мамлакатларда йиғин ўтказишга қарор қилганди.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).