Саудия Арабистони Про-Лигасининг ҳал қилувчи 34-турида “Ан-Наср” ўз майдонида “Дамак”ни 4:1 ҳисобида мағлуб этиб, чемпионликни қўлга киритди. Учрашув қаҳрамони эса яна бир бор Криштиану Роналду бўлди.
Тур олдидан “Ан-Наср” чемпионлик учун курашда барчасини ўз қўлига олганди. Ғалаба жамоага олтин медалларни кафолатларди. Шу боис Ар-Риёд клуби босим остида майдонга тушди. Рақиб “Дамак” ҳам мотивациясиз эмасди — жамоа мағлуб бўлса, қуйи дивизионга тушиб кетиши мумкин эди.
Ўйиннинг дастлабки дақиқаларида “Ан-Наср” ҳужумлар уюштирган бўлса-да, гол уриш осон кечмади. Криштиану Роналду, Садио Мане ва Жоау Феликс бир неча бор хавфли вазиятлар яратди, аммо меҳмонлар ҳимояси ва дарвозабони ишончли ҳаракат қилди.
35-дақиқада ҳисоб очилди. Бурчак тўпидан кейин Жоау Феликснинг узатмасини Садио Мане бош билан дарвозага йўллаб, “Ан-Наср”ни олдинга олиб чиқди.
Танаффусдан кейин майдон эгалари устунликни оширишди. 52-дақиқада Кингсли Коман жарима майдони ташқарисидан аниқ зарба бериб, ҳисобни 2:0 кўринишига келтирди.
Бироқ “Дамак” тез орада интригани қайтарди. Симаканнинг қўл билан ўйнаганидан кейин белгиланган пенальтини Силла голга айлантириб, ҳисобни қисқартирди — 2:1.
Шундан кейин саҳнага Криштиану Роналду чиқди. 63-дақиқада португалиялик юлдуз ўткир бурчакдан жарима зарбасини бевосита дарвозага йўллаб, мухлисларга ўзининг энг яхши йилларини эслатди. Бу унинг фаолиятидаги 972-голи бўлди.
Учрашувга нуқтани ҳам айнан Роналду қўйди. 81-дақиқада у Ал-Бушалнинг паст узатмасидан кейин яқин масофадан тўпни дарвозага жойлаб, дубль расмийлаштирди — 4:1.
Финал ҳуштагидан кейин Роналду ҳис-туйғуларини яшира олмади. Португалиялик ҳужумчи кўз ёш тўкди, трибуналар эса унинг машҳур “Сиу” шиорини баралла куйлади. Шу тариқа Криштиану ниҳоят Саудия Арабистонида ҳам чемпионликка эришди.