Сўнгги пайтларда «Реал» ҳимоячиси Серхио Рамоснинг ўз голлари билан жамоаси жонига ора кираётганига кўп гувоҳ бўляпмиз. «Барселона» ва «Малага»га қарши баҳсларда халоскорга айланганини барча кўрди. Яқинда Soccer.ru мудофаа чизиғида тўп суришига қарамай, тўп-урарлик салоҳиятини ҳам намоён этган машҳур ҳимоячиларга тўхталиб ўтди. Табиийки, улар орасида Рамос ҳам бор.
763та ўйинда 253та гол - Рональд Куманнинг ушбу рекорд кўрсаткичи сайёрамизнинг энг сермаҳсул ҳимоячилари учун «ориентир»га айланса, ажабмас. Бундан бир неча кун олдин голландиялик афсона «Барселона» сафида жаримадан тўп киритиш бўйича унинг рекордини такрорлаган Мессини табриклаганди. Бироқ ўзининг умумий рекордини ҳеч кимга топширмоқчи эмас, ахир у стандартлардан гол уриш билангина чекланиб қолмасди-да. Шу ўринда айтиш керакки, Куман голларининг бир қисмини ярим ҳимоячи сифатида урган. «Эвертон» устози ўйинчилик пайтида бир чизиқ бўйича кучли зарба бериб, донг таратган ва уни қайтариб бўлмасди. Гол машинасига айланган Рональд техник ижро борасида ҳам мақтана оларди. Клублар ва терма жамоада сафида жами 253та тўп киритиш ҳамма ҳимоячининг ҳам қўлидан келавермайди. Мисол учун, ҳатто Россия футболи тарихидаги энг сермаҳсул ҳужумчилардан бири Александр Кержаков ҳам фаолияти давомида шунча гол урмаган. Тўғри, «Зенит» фахрийси камроқ ўйин ўтказган, аммо унда тўп киритиш учун қулай имкониятлар анча бисёр эди. Шунинг учун Куман - афсона!
175та гол - бу Жанубий Америка учун рекорд кўрсаткич. Манаман деган ҳужумчилар ҳам голлар сони бўйича Даниэль Пассарелла билан баҳслаша олишмаган. «Ривер Плейт» афсонасининг кўрсаткичлари Куманнинг голлари олдида қадрсизланаётгандек туюлиши мумкиндир, бироқ аргентиналик ўйинчи Европага келгач, «Фиорентина» ва «Интер» сафида марказий ҳимоячи ва либеро сифатида тўп сурганини унутмаслик даркор. У қанотларга ўтмаган, ҳужумларда ҳам доим иштирок этмаган. Бироқ стандартлар - ҳимоядаги чемпионларнинг қуролидир.
163та гол - тарихдаги энг сермаҳсул испаниялик ҳимоячи Фернандо Йерронинг кўрсаткичи. Рамос унга рақобатчи бўлолмайди, бу тушунарли. Аммо «Реал» сафидаги фаолияти бошида у Серхио ва Мадрид клубининг бошқа сермаҳсул ҳимоячиларидан фарқли равишда ҳужумга анча яқинроқ ўйнаганини ҳамма ҳам эслай олмаса керак. 1991|1992 йиллар мавсумида унинг ҳисобида 26та гол бўлган ва бу ҳазил эмас. Шунга яқин биргина кўрсаткични 25та голи билан Пассарелла қайд этганди.
Энг сермаҳсул франциялик ҳимоячи Лоран Блан клублар ва терма жамоадаги фаолиятида 154 бор тўп киритган. У «Монпелье»дан тортиб, «Манчестер Юнайтед»гача бўлган барча клубларида гол урган. Аммо ойдинлик киритиш керакки, 82та тўпни қадрдон жамоаси сафида ярим ҳимоячи бўлиб ўйнаган кезлари киритган. Яъни, Блан марказий ҳимоячига айланганида унинг сермаҳсуллиги у қадар зўр бўлмаган.
114та - Осиёнинг энг сермаҳсул ҳимоячиси Тулио Танака ҳисобида худди шунча гол мавжуд. Онаси италиялик бўлган япон футболчиси ҳимоячи бўлиб етишди, лекин голларни коллекция қилишни унутмади. Отаси ёки онаси бошқа давлатдан келган японлар болалар учун мазах бўлишади, аммо Тулио мактаб инжиқликларидан яхши ўтиб, Япония футболи афсонасига айланди. Унинг европалик футболчилардан фарқли ўлароқ, «кунчиқар юрт»да кўп ўйнамаганини инобатга оладиган бўлсак, голларнинг ўртача кўрсаткичи бўйича Тулио жаҳондаги энг сермаҳсул ҳимоячи бўлиб чиқади.
113та гол - бу рекорд Англия футболи тарихидаги энг сермаҳсул ҳимоячилардан бири Стив Брюсга тегишли. Инглизлар термасида ўйнамаган, лекин кўп йиллар давомида «Манчестер Юнайтед» шарафини ҳимоя қилган футболчи учун бу муносибдан ҳам ортиқ кўрсаткич, дейиш мумкин. Сабаби, масалан, жарима майдонининг ҳозирги даврдаги қаҳрамони Жон Терри бундай натижа билан мақтана олмайди.
113та гол Роберто Карлоснинг ўта сермаҳсуллигини тасдиқлаб турибди. Бразилиядан бошлаб, Ҳиндистон клубларигача етиб борган «Реал» фахрийси ўзини ғаройиб тўп-урар деб аташи мумкин. Лекин Куман даражасидагидек эмас, албатта. Кучли зарбалар устасининг кўрсаткичлари ёмон эмас, бироқ футбол тарихининг энг сермаҳсул ҳимоячилари билан баҳслашиш қийин. Қанот ўйинчисининг асосий иши тўпни ошириб беришдан иборат эканлиги туфайли ҳам гол уриш осон бўлмаган.
111та - тарихдаги энг сермаҳсул немис ҳимоячиларидан бири бўлиш учун айнан шунча гол уриш кифоя қилди. Франц Беккенбауэр Пауль Брайтерни бир нечта голга ортда қолдиришга эришган. Бу ерда айрим голлар борасида тортишиш мумкин. Яхшиси, биринчилик ушбу икки жаҳон чемпиони ўртасида тақсимланса, мақсадга мувофиқ бўлади. Ахир ўзгаларнинг голи «Кайзер»нинг ютуқларини бекор қилмайди-ку. Бошида ёш Франц ярим ҳимояда ўйнаган, худди кейинроқ Баллак ҳаракат қилган жойда. Рақиб дарвозасини тез-тез нишонга олишга уринарди. Бироз вақт ўтиб либеро жойида хоҳлаган ишини қилди.
Аргентина, Колумбия ва Мексика каби давлатларнинг турли клубларида ўйнаган Эдгардо Бауса 499та ўйинда 109та тўп киритган. Натижада баланд бўйли ўйинчи футбол тарихидаги энг сермаҳсул марказий ҳимоячига айланди. Аргентина терма жамоасининг ҳозирги кундаги бош мураббийида шундай истеъдод бўлганлигини ким ҳам ўйлабди, дейсиз. Собиқ футболчининг сермаҳсуллигидан ҳамманинг ҳам хабари бўлмаган, ҳойнаҳой. Дарвоқе, Бауса - очиқкўнгил инсон, ахир ҳамма мураббий ҳам шахсий сайтини очавермайди.
Янги даврнинг энг сермаҳсул ҳимоячиларидан бири 36 ёшли Жон Терри 72та голли шахсий рекордини қайд этган. Бу рақамга қараб шуни тушуниш мумкинки, 90-йиллар бошидаги Чемпионлар Кубоги финалида Куман томонидан киритилган «Барселона»нинг ғалаба тўпидан кейин футбол кескин ўзгарган. Энди юзталаб гол ура оладиган ҳимоячини учратиш қийин ва бунга рақиблар йўл қўймасликлари муқаррар. Жон Терри ҳимоянинг жуда сермаҳсул ўйинчиси бўлиши мумкин, аммо фаолиятида 100та гол уролмайди, барибир.
67та гол - Ла Лиганинг ғаройиб рекорди, ахир у ерда Рональд Куман ўйнарди-да. Буюк голланд легионери Испания чемпионати доирасида худди шунча тўп киритган. Кейинги ўринни «Реал»нинг икки вакили Фернандо Йерро ва Пирри бўлишиб туришибди. Учинчи поғона Рамосга тегишли. Бироқ Куманнинг ҳеч йўқ примера доирасидаги рекордини янгилаш учун у яна 5-7 йил ўйнаши шарт.
63та гол - бу натижа Россия футболининг энг сермаҳсул ҳимоячиси бўлмиш Сергей Игнашевичга тегишли. Серёжа рекордни бундан икки йил олдин янгилаб, Игорь Чугайновни ортда қолдирган. Евсеев билан Онопкони қувиб ўтганигаку анча бўлганди. ЦСКА ҳимоячисини яқин орада ортда қолдириш осон эмас, чунки бунинг учун барқарор ва сермаҳсул ўйин кўрсатиш лозим. Бундай ишни уддалайдиган йигитлар ҳозирча кўринмаяпти. Ҳаттоки, қанот ҳимоячилари ва хавбеклар ҳам ўттиз ёшга бориб-бормай фаолиятларида 40та гол уришлари мумкин, холос. Лекин нима бўлишидан қатъий назар, Игнашевичнинг кўрсаткичи ажойиб.
«Вердер» ва «Вольфсбург» сафида жами 56та гол урган марказий ҳимоячи Налдо Германиянинг янги даврдаги энг сермаҳсул мудофаа қўрғони вакили бўлиб турибди. Голли узатмалар борасида ҳам бразилиялик ҳимоячи яхши натижага эга. Кўриб турганингиздек, гол уриш мақсадида таваккал қилиб олдинга борадиган ҳимоячиларнинг даври ўтди ва ўз-ўзидан Беккенбауэрнинг натижасини янгилай оладиган ҳимоячи яқин вақт ичида чиқмаса керак.
Яқинда «Малага» билан ўйинда «дубль» қайд этган «Реал» ҳимоячиси Серхио Рамос Испания чемпионатидаги голлари сонини 50тага етказиб олди. Улардан иккитасини «Севилья» таркибида ўйнаб юрган кезлари уришга муваффақ бўлган. Қолган 48таси табиийки, Мадрид клубидаги фаолиятига тўғри келади. Бундан ташқари, Рамос пенальтилар тепиш имкониятига эга эмас. Агар «Реал»да Роналду бўлмаганида, пенальтиларни катта эҳтимол билан айнан Серхио ижро этарди. Кейин қарабсизки, унинг голлари сони аллақачон юзтадан ошарди.
48та голга муаллифлик қилган Даниэль Алвесни ҳам ғаройиб ҳимоячи, дейиш мумкин. Сабаби, ўтган йилнинг май ойида бразилиялик ўйинчи 100-голли узатмасини қайд этиб, примера тарихида учинчи ўринга чиқиб олганди. Ундан юқорида фақатгина Месси ва Фигу туришибди. Мисол учун, Роналду ҳали юзлик довонга етиб бормаган. Ҳимоячи учун бундай кўрсаткич ноодатий ҳисобланади ва ҳатто айрим афсонавий плеймейкер ҳамда вингерлар ҳам бу каби натижа билан мақтана олишмайди Шу боис Алвес ушбу рўйхатга киритилмаганида нотўғри иш бўларди.
40та гол - ушбу АПЛ рекорди табиийки, Жон Террига тегишли. «Иккинчи қават»да ўйнаш бобида устаси фаранг футболчи ўз голларининг 27тасини боши билан урган. «Челси» аъзосидан кейинги ўринни «Эвертон»нинг собиқ ҳимоячиси Дэвид Ансворт 38та голи билан банд этган.
«Милан» ва Италия терма жамоасининг афсонавий ҳимоячиси Паоло Мальдинида ҳам 40та гол мавжуд. Бироқ Терридан фарқли ўлароқ, Паоло ўз голларини клуб ва миллий жамоа сафларида урган. Шунга қарамай, фаолиятида мингтадан зиёд расмий ўйин ўтказган ҳимоячи учун бу яхши натижа.
Жарима тўпидан 28та гол. Мазкур натижа Сербия футболи тарихидаги энг сермаҳсул ҳимоячи Синиша Михайловичга тегишли. Дель Пьеро, Роберто Баджо ва Тотти каби юлдузлар эса ундан орқада қолиб кетишган. Ҳимоячи юқорида тилга олинган ўз ишининг усталарини ортда қолдирибдими, демак унинг голеадорлик истеъдодига шак-шубҳа бўлмаслиги керак.
Яна Серхио Рамосга қайтамиз. Испания чемпионатининг 2010|2011 йиллар мавсуми бошидан буён унинг ҳисобида 26та гол тўпланиб қолган. Бу билан Рамос айни пайт топ-лигаларнинг энг сермаҳсул ҳимоячиси бўлиб турибди. Кейинги ўринларни 25та гол билан «Эвертон» вакили Бейнс ҳамда 23та голга муаллифлик қилган «Фиорентина» аъзоси Гонсало Родригеслар банд этишган. «Челси»нинг икки ўйинчиси Жон Терри ва Бранислав Иванович 21тадан гол уришган. Етакчи чемпионатларнинг қолган барча ҳимоячилари эса 20тадан кам тўп киритишган.
Хуллас, Куманга яқинлашишга даъвогар футболчиларнинг доираси жуда тор. Ҳаттоки, Рамос ҳам унга киролмаса керак. Ҳозирги кунга келиб Серхио фаолиятидаги 100-голини уришга анча яқинлашган, бунинг учун кўп йиллар давомида шаштини туширмасдан ўйнаши лозим. Ёки у Роналдунинг сотилишини кутиб, пенальтилар тепиш ҳуқуқини ўзиники қилиб олиши даркор. Бироқ нима бўлишидан қатъий назар, Серхио «Реал» учун жуда муҳим ўйинчи бўлиб қолаверади. Ҳар ҳолда, яқин ўтмишдаги Чемпионлар Лигасининг финал ўйинлари ҳамда ўтган йилги Европа Суперкубоги баҳси бу фикрлар нечоғли тўғри эканини тасдиқлаб беради. Ҳаттоки, Криштиану ҳам бундай ўйинларда иккинчи даражали футболчига айланиб қолди. «Реал» сардори кўп гол уриш билан бирга жамоани бир неча маротаба мураккаб вазиятлардан олиб чиққан. Фақатгина ҳужумчилар Рауль билан Ди Стефано «Реал» тарихида учта турли хил еврокубок бахсларида тўп киритишган. Энг асосийси, Серхионинг голлари соврин ютишда асқотяпти, муҳим ўйинлар натижасига таъсир ўтказмоқда. Бу - голни ҳис эта оладиган ҳақиқий етакчининг кўрсаткичлари.
Ҳозирги кунга келиб Серхио фаолиятидаги 100-голини уришга анча яқинлашган, бунинг учун кўп йиллар давомида шаштини туширмасдан ўйнаши лозим. Ёки у Роналдунинг сотилишини кутиб, пенальтилар тепиш ҳуқуқини ўзиники қилиб олиши даркор.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).