Зайниддин Зидан ваъдасига мувофиқ иш тутиб, Реал»нинг «Эспаньол»га қарши ўйинида Гарет Бэйлни майдонга туширди. Уэльслик футболчи бунга жавобан қайтишини гол билан безади. Бироқ ҳамон сафдан четда қолаётган юлдузлар кўп. Хуллас, Soccer.ru сайти мавсумнинг энг муҳим палласида «мажбурий томошабин» ролига маҳкум бўлган футболчилардан ўзига хос «рамзий» терма жамоа шакллантирди. Ишонинг, бинойидек таркиб юзага келди, чунончи, унга 90 кун майдонга тушолмаган Гарет Бэйл ҳам киритилди.
Ян Облак («Атлетико»; Словения)
Жароҳат ўлароқ, қанча муддат майдонга тушолмайди? Тахминан 100 кун
Облак декабрь ойи ўрталарида, Ла-лига тақвимидан ўрин олган «Вильярреал»га қарши учрашувда жароҳатга йўлиқди. Натижа - жарроҳлик амалиёти ва узоққа чўзилган тикланиш... Энг ёмони, асосий голкиперисиз қолган «Атлетико» бу орада бир қатор муҳим баҳсларда қимматли очколарни бой берди. Облакнинг сафдан чиқиши клуб учун чиндан ҳам, жиддий йўқотиш эди. Ҳаттоки, Диего Симеоне ўшанда «матрасчилар»нинг 0:3 ҳисобидаги мағлубиятларига ҳам парво қилмай, айнан дарвозабон жароҳатига тўхталганди: «Ян Облакнинг сафдан чиқиши олдида 0:3 ҳеч нарса эмас...».
Қачон сафга қайтади? Тахминан март охири ёки апрель бошида
Алейш Видаль («Барселона»; Испания)
Жароҳат ўлароқ, қанча муддат майдонга тушолмайди? Тахминан 150 кун
«Барселона» сафига қўшилиш Алейшга ҳозирча бахт келтиргани йўқ. У узоқ вақт таркибга киролмади ва «жомадон» устида ўтирганча кетиш ҳақида ўйлай бошлади. Ҳаттоки, Луис Энрикедан ошкора ўпкаланди ҳам. Ниҳоят, ҳимоячи мураббий ишончига кириб, секин-аста самарали ҳаракатлари билан эътиборга тушаётган вақтда, ўта нохуш жароҳатга тўқнаш келди. Оддий айтганда, Видалнинг тўпиқ суяги чиқиб кетди ва у энди камида 5 ой футболсиз яшашга мажбур.
Қачон сафга қайтади? Тахминан июнь-июлда
Андреа Барзальи
(«Ювентус»; Италия)
Жароҳат ўлароқ, қанча муддат майдонга тушолмади? Тахминан 90 кун
Қанчалик аламли бўлмасин, Барцальининг футболдаги даври уфққа яқинлашмоқда, чоғи. Вақтида «Ювентус»нинг асосий ҳимоячиларидан бири ҳисобланган ва Леонардо Бонуччи ҳамда Жорже Кьеллини билан ажойиб триони ташкил этган Андреа айнан саломатлигига боғлиқ доимий муаммолар сабаб, захира вакилига айланди-қўйди. Дейлик, футболчи жорий мавсумнинг ўзида жами 90 кун даволанди. У ўтган йилнинг охирида елка суяги чиқишидан азият чекканди, кейин сони панд берди. «Кекса синьора» эса Барцальисиз ўйнашга ҳам кўникиб улгурди.
Қачон сафга қайтди? Февраль охирида
Жером Боатенг («Бавария»; Германия)
Жароҳат ўлароқ, қанча муддат майдонга тушолмайди? Тахминан 80 кун
Бундеслиганинг жорий мавсумдаги энг қимматбаҳо «бемори». Боатенг жароҳат оқибатида ҳимоя марказида Матс Хуммельс билан тўлақонли ҳамкорлик қила олганича йўқ. Зеро, у мавсум бошидан буён саломатлиги борасида кўнгилсизликлардан бўшамаяпти. Мисол учун, мавсумолди йиғинларида мушаклар тизимига боғлиқ муаммолар ўлароқ, яхши ишлай олмади. Кузга келиб, футболчи кичик лат ейишлардан азобланди. Декабрь ўрталарида эса елкаси жароҳатлангани бўйича ҳали майдонга қайтгани йўқ.
Қачон сафга қайтади? Тахминан мартнинг ўрталарида
Алессандро Флоренци («Рома»; Италия)
Жароҳат ўлароқ, қанча муддат майдонга тушолмайди? Тахминан 1 йил
Жорий мавсумнинг энг даҳшатли жароҳати. Октябрь ойида «Сассуоло»га қарши кечган ўйин чоғи Флоренцининг тизза суяги шикастланди ва у операция столига ётди. Жарроҳ аввалига Алессандрони 3-4 ой ичида оёққа тиклашини айтди. Шунга мувофиқ, футболчи февраль ойида машғулотларга ҳам киришди, бироқ машқ бажариш жараёнида кўп азият чеккан чап тиззаси яна лат еди. Энди тўлақонли тикланиши учун камида 7-8 ой кетиши таъкидланмоқда.
Қачон сафга қайтади? Тахминан октябрда
Санти Касорла («Арсенал»; Испания)
Жароҳат ўлароқ, қанча муддат майдонга тушолмайди? Тахминан 130 кун
Касорланинг четда қолиши «Арсенал» учун қаттиқ зарба бўлди. Экспертлар испаниялик футболчини бежиз «канонирлар» сафидаги энг яхши хавбек сифатида тилга олишмаётганди. Чиндан ҳам, Санти профессор Арсен Венгер томонидан йўлга қўйилган тизимли ўйин услубига жуда яхши мослашганди. Афсуски, Касорла октябрь ойида болдиридан жароҳатланди. Клуб шифокорлари консерватив муолажа билан чекланишга қарор қилишди, бироқ 1,5 ой йўқотилгани қолди, холос. Хуллас, даволаш курси натижа бермагач, ярим ҳимоячи декабрда операция столига ётди. Агар кутилмаган муаммолар чиқмаса, Касорлани тез орада яна майдонда кўришимиз мумкин.
Қачон сафга қайтади? Тахминан июнь-июльда
Эрик Ламела («Тоттенхэм»; Аргентина)
Жароҳат ўлароқ, қанча муддат майдонга тушолмайди? Тахминан 130 кун
Шимолий Лондоннинг яна бир клуби - «Тоттенхэм» ҳам худди «Арсенал» каби октябрь ойи ўрталаридан буён энг ўзгача ҳаракатланадиган ярим ҳимоячиларидан бири хизматидан фойдаланолмаяпти. Боз устига, Ламеланинг умумий ҳолати хусусида ҳали-ҳамон аниқлик йўқ. Эрик муаммолари тананинг бел қисмига боғлиқ. Аслида «тақачилар» бошида унинг жароҳати унча жиддий эмаслигини маълум қилишганди, бироқ ке-йинчалик ҳаммаси чалкашиб кетди. Дейлик, футболчи акасининг автоҳалокатга учрашидан сўнг депрессия ҳолатига тушиб қолди ва бу тикланиш жараёнига салбий таъсир кўрсатди. Қолаверса, Эрик севимли итининг ўлишидан ҳам роса сиқилди.
Қачон сафга қайтади? Мартда
Илкай Гюндоган («Манчестер Сити»; Германия)
Жароҳат ўлароқ, қанча муддат майдонга тушолмайди? Тахминан 200 кун
Германиялик турк Хосеп Гвардиола схемасига айни керак футболчи бўлиб чиқди, бироқ Англияда ҳам унинг «биллур»лиги тасдиқланди. Эътибор қаратинг, ушбу ярим ҳимоячи охирги 4 йил оралиғида майдондан кўра, шифохонада кўпроқ вақт ўтказди. Аслида Илкай юқори савияга эга. Мисол учун, ўтган йил охирларида жуда ажойиб спорт формасига кириб, «Манчестер Сити» етакчилари қаторига қўшилганди. Аммо бахтга қарши, тиззаси яна «ҳунар» бошлади ва футболчи ярим йилдан кўпроқ муддатга четга сурилди. Хуллас, Гюндоган учун мавсум тугади, янги чемпионат стартигача тўлақонли тикланса ҳам катта гап.
Қачон сафга қайтади? Тахминан июль-августда
Гарет Бэйл («Реал»; Уэльс)
Жароҳат ўлароқ, қанча муддат майдонга тушолмади? 90 кун
Гарет Бэйл Чемпионлар Лигаси доирасида Лиссабоннинг «Спортинг» клубига қарши кечган баҳсда тўпиғидан жароҳатланди. Оқибатда «Мадрид» нақ 3 ой давомида етакчи ўйинчиларидан бирисиз ўйнади. Бэйлнинг йўқлиги жамоа ўйинини бироз издан чиқарди, шубҳасиз. Ниҳоят, уэльслик тезкор футболчи учун азобли вақт тугаган кўринади. Эътиборлиси, Бэйл «Эспаньол» билан баҳсда сафга қайтди ва дарҳол гол ҳам урди.
Қачон сафга қайтди? Февраль ярмида
Бриль Эмболо («Шальке»; Швейцария)
Жароҳат ўлароқ, қанча муддат майдонга тушолмайди? 170 кун
«Шальке» ўтган йили ёзда Эмболо учун «Базел»га нақ 22,5 миллион евро тўлади ва табиийки, 20 ёшли иқтидорга катта умид боғлади. Бироқ ҳозирча харажатлари ҳузурини кўргани йўқ. Яъни Бриль бундеслигада тузукроқ ўйнашга улгурмай туриб, сафдан чиқди. Тўғри, у Менхенгладбахнинг «Боруссия» жамоасига қарши кечган баҳсда «дубль» қайд этиб, 22,5 «лимон» бесамар кетмаслигига ишора қилганди. Аммо омад ортидан омадсизлик кузатилди - тўпиқ суяги синиши ва чамаси 6 ойлик «таътил».
Қачон сафга қайтди? Тахминан мартда
Габриэль Жезус («Манчестер Сити»; Бразилия)
Жароҳат ўлароқ, қанча муддат майдонга тушолмайди? Тахминан 90 кун
Ёш ҳужумчи иштирокида яна бир кўнгилсиз воқеа. Габриэль Жезус «Манчестер Сити» сафига қўшилиши ҳамоно алоҳида иқтидори борлигини намойиш этиб, ҳаттоки, Серхио Агуэрони асосий таркибдан чиқариб юборди. Йигитчани кимсан Криштиану Роналдога ўхшата бошлаган ва унинг АПЛ бош кашфиёти бўлишини башорат қилаётгандилар. Бироқ «Борнмут» билан учрашув бразилиялик ҳужумчига кўнгилсизлик тақдим этди - суяк синиши ва операцион аралашув. Энди Габриэль жорий мавсум бошқа ўйнамаса керак.
Қачон сафга қайтди? Тахминан май охирида.
Айтганча...
Жароҳатдан эндигина қутулган Гарет Бэйл замонамизнинг энг тезкор футболчи сифатида эътироф этилди. Мексиканинг «Пачука» нашри ижодкорлари футболчиларнинг тезлик суръатини алоҳида кузатиб, якунда яхлит рейтинг тузишди. Унинг кучли 10талигида Бэйлдан ташқари, Лионель Месси ва Криштиану Роналдуга ҳам жой тегди.
10-ўрин. Уэйн Руни («МЮ», Англия) - соатига 31,2 км.
9-ўрин. Лионель Месси («Барселона», Аргентина) - соатига 32,5 км.
8-ўрин. Тео Уолкотт («Арсенал», Англия) - соатига 32,7 км.
7-ўрин. Криштиану Роналду («Реал», Португалия) - соатига 33,6 км.
6-ўрин. Аарон Леннон («Эвертон», Англия) - соатига 33,8 км.
5-ўрин. Пьер-Эмерик Обамеянг («Боруссия» Д., Габон) - соатига 34,6 км.
4-ўрин. Антонио Валенсия («МЮ», Эквадор) - соатига 35,1 км.
3-ўрин. Юрген Дамм («Тигрес», Мексика) - 35,2 км.
2-ўрин. Орландо Беррио («Фламенго», Бразилия) - 36,0 км.
1-ўрин. Гарет Бэйл («Реал», Уэльс) - 36,9 км.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).