Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаваро жамоанинг тайёргарлик жараёни, Жаҳон чемпионатидаги мақсадлар ва Осиё Кубоги ҳақида ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
Канадага қарши ўйин хулосалари
“Канадага қарши ўртоқлик учрашувида ижобий жиҳатлар ҳам, камчиликлар ҳам кўзга ташланди. Лекин бу ўйин биз учун муҳим синов вазифасини ўтаб берди, сабаби олдиндаги юқори савияли рақибларимиз даражасини яхшироқ ҳис қилишга ҳаракат қилдик. Жаҳон чемпионатида Шимолий Америка жамоасига қарши ўйнамасак-да, бизга бундай ўйин керак эди. Мен доим кучли жамоаларга қарши ўйнаш тарафдориман, чунки фақат улар сенинг камчиликларингни кўрсатиб бера олади. Кучсиз рақибларни ютишингиз мумкин, аммо бу орқали муаммоларингизни кўра олмайсиз.
Ўйиндаги ижобий жиҳат шуки, биз кўплаб вазиятлар яратдик. Гол уриш учун аниқ имкониятларимиз бўлди, бир оз омад етишмади. Биринчи бўлимда яхши ўйнадик, аммо иккинчи бўлимда жамоавий ҳаракатларда хатоларга йўл қўйиб, индивидуал ўйинга ўтиб кетдик. Бундай ҳолатда исталган рақибга қарши ўйнаш қийинлашади. Мураббийлар штаби билан ўйинни тўлиқ таҳлил қилиб, керакли хулосаларни чиқардик”.
Жаҳон чемпионатидаги рақиблар (Португалия, Колумбия, Конго ДР) ҳақида
“Бундай даражадаги жамоаларга қарши ўйнаганда имкон қадар хатосиз ҳаракат қилиш керак. Жаҳон чемпионатида рақибларнинг савияси ўта юқори бўлади — улар тезкор, жисмонан кучли ва ҳар қандай кичик хатони дарҳол жазолай олади. Бир жамоа бўлиб ҳаракат қилишимиз, қаттиқ ишлашимиз, сабрли бўлишимиз ва назоратни йўқотмаслигимиз шарт.
Асосий кучимиз иштиёқ, меҳнат ва таслим бўлмасликда бўлиши керак. Агар менда Криштиану Роналдуга қарши майдонга тушиш имкони бўлса, менда ундан-да кучлироқ иштиёқ бўлиши керак. Колумбия ёки Конго футболчиларига қарши ҳам худди шундай мотивация билан ўйнашимиз зарур. Олдимизда забт этишимиз керак бўлган катта тоғ турибди ва биз унинг чўққисига Ўзбекистон байроғини ўрнатишга интилишимиз шарт. Ўзбекистонликлар бутун дунёга бокс ва жанговар спорт турларидаги муваффақиятлари билан танилган. Футболда ҳам охирги сониягача курашадиган жангчи эканимизни ҳаммага кўрсатишимиз керак”.
Авлодлар алмашинуви ва Осиё Кубоги
“Таркибни шакллантиришда ўн йилга яқин вақт давомида терма жамоада ўйнаб келаётган, ЖЧга чиқиш йўлида хизмат қилган футболчиларни инобатга олдим — улар бу ерда бўлишга лойиқ. Лекин менинг позициям аниқ: футболчининг исми ёки ўтмишдаги ютуқлари ҳал қилувчи омил эмас. Агар яхши ўйнасангиз, ҳатто 16 ёшда бўлсангиз ҳам терма жамоага чақирилишингиз мумкин. U-17 ва U-19 даги бир нечта йигитлар ҳозирданоқ эътиборимни тортди. Таркибда тажриба ва ёшлик ўртасида тўғри мувозанат бўлиши зарур.
Жаҳон чемпионати биз учун катта мактаб. Агар яхши натижага эришсак, хурсанд бўламиз. Акс ҳолда, ишимизни давом эттирамиз, чунки кейинги улкан мақсадимиз кузда бошланадиган Осиё Кубоги бўлади. Ўша пайтга бориб таркибга янги кучларни ҳам жалб қиламиз”.
Мухлисларга мурожаат
“Мухлисларимиз бир нарсани билишларини хоҳлайман: футболчиларимиз ҳатто ғалаба қозона олмаган тақдирда ҳам майдонда бор кучини беришади. Улар Ўзбекистон либосини кийишдан фахрланади. Канадага қарши ўйиндан кейин йигитлар мағлубиятдан шу қадар сиқилишдики, ҳатто тузукроқ ухлай олишмади. Гарчи бу шунчаки ўртоқлик учрашуви бўлса ҳам, улардаги масъулият ва терма жамоага бўлган муносабат мени мураббий сифатида жуда қувонтирди”.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).