Яқинда Маҳмаюсуф Бердиевнинг “Орзу” китоби нашрдан чиқди.
Ҳали кенг омма қўлига етиб бормаган бўлсада, китобга бўлган қизиқиш кундан-кунга ортиб бормоқда. Фикримизча, «Орзу» китоби – ҳар бир футболчини БУЮК МУВАФФАҚИЯТИга олиб борадиган, йўлини ёритадиган МАЁҚдир!
Суҳбатни эътиборингизга ҳавола қилишдан аввал, китобнинг кириш қисмида берилган Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган мураббий, профессор Рустам Акрамовнинг китоб ҳақидаги билдирган фикрларидан парчалар келтирамиз.
“Бир тасаввур қилиб кўринг-а, сизнинг маҳаллангизда бир бола ёки қиз ўз тенгдошларидан ҳеч бир жиҳатидан ажралиб турмас ҳам қатори ўқир ёки спорт билан шуғулланар ёки бўлмаса ўй-рўзғор ишларида ота-онасига ёрдам бериб юрар эди. Аммо орадан маълум вақт ўтгач, уларнинг тақдири ҳақида қувончли хабарлар эшитасиз. Уларни қанчалик машҳур бўлиб кетгани ҳақида эшита бошлайсиз. Улар ҳақида матбуотда мақолалар чоп этишади, шаънига шеърлар битишади, китоблар ёзишади, фильмлар суратга олишади.
Маҳмаюсуф Бердиевнинг “Орзу” номли бу “сеҳрли” китобини катта қизиқиш билан ўқиб чиқдим. Аввало, ушбу китобни маълумоти бўйича физик-математик, собиқ футболчи ва мураббий ёзганлиги учун ҳам китоб менда катта қизиқиш ўйғотди. Иккинчидан, бу китоб муаллифи футбол оламида машҳур бўлган сулола – Бердиевлар оиласидан эканлиги қизиқишимни икки ҳисса оширди.
Агар сиз “Юлдуз” бўлишни ҳоҳласангиз, агар сизда миллионер бўлиш нияти бўлса, менинг азиз ва ёш ҳамкасбларим, бу китобни ўқиб чиқишга шошилинг, унинг ҳар бир бобига сингиб кетинг.
Фақат бир жиҳатдан афсусланаман. Мениг ўсмирлик йилларимда юксак мақсадлар сари элтувчи “Орзу” каби китобнинг бўлмаганлиги…
Етишиб, чиқаётган ёш авлодга, келажагимиз эгаларига Маҳмаюсуф Бердиевнинг бу китобини қунт билан ўқиб чиқишни тавсия қиламан. Ишончим комилки, ўшанда жонажон Ўзбекистонимизни бизнинг бошқа “юлдуз”ларимиз янада машҳурроқ қила олишади.”
Энди, “Орзу” китобининг муаллифи Маҳмаюсуф Бердиев билан суҳбатимизни эътиборингизга ҳавола қиламиз.
-Аввало менинг «Орзу» деб номланган китобимни ўрганиб чиқиб, ўзларининг бу китоб ҳақида муносабатларини ва қимматли маслаҳатлари учун устозларим, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган мураббий, профессор Рустам Акрамович Акрамовга ва футболимиз дарғаси, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи, устоз Ахбор Рустамович Имомхўжаевга ўзимнинг чексиз миннатдорчилигимни билдираман. Ушбу китоб Рустам Акрамов тақризи остида футбол жамоатчилиги ва кенг ўкувчилар оммасига хавола килинади.
–Футбол сиз учун нимани англатади?
-Футбол мен учун хаётимнинг маълум бир даврларида ҳар хил аҳамият касб этган. Масалан, болалигимда футбол мен учун завқ олиш манбаи бўлган. Футболни жамоада расмий равишда ўйнаганимда, ўз иқтидоримни намойиш килиш ва шу билан бирга «қора қозонни қайнатиш» воситаси бўлган. Ҳозирги даврга келиб, футбол мен учун бу – ИЛМдир. Футболни тадқиқ қилиш керак.
-Бу китобни ёзиш ғояси қаердан пайдо бўлди?
-Мазкур китоб футболчиларни тезкор ўқитиш услубида ёзилди. Мен бу китобимни ёзиш жараёнида, ҳар доим қаршимда улкан муваффақиятларга эришишни ҳоҳлайдиган футболчи турганлигини ҳис қилганман. Ва бу ғойибона шогирдим билан диалог кўринишида суҳбат қурганман.
Табиатан яхшигина кузатувчиман. Жаҳон, Европа ва ватанимиз футболини доимий равишда кузатиб бораман. Муваффақиятга эришаётган жамоалар, футболчилар, мураббийларни кузатаман ва уларнинг қандай қилиб муваффақиятга эришаётганларини, мағлубиятга учраган бўлса, нима сабабдан мағлуб бўлишаётганларини таҳлил қилишга интиламан. Ва уларнинг барчасини ўзимизнинг футболчиларга солиштираман ҳамда таққослайман.
Ўзимнинг кўп йиллик мураббийлик фаолиятимда ўз шогирдларимни ва бошқа кўплаб футболчиларни кузатганимда, улар ўз имкониятларини қай тарзда бой бераётганлигини кўриш мен учун доимо жуда ачинарли бўлган.
Ҳозирги даврга келиб футболчиларимизнинг 100дан 98 нафари ўзларининг ички дунёсидан норози, улар ўз мақсадларини қандай ҳолатда кўришни билишмайди.
Сиз бир тасаввур килиб кўринг! Ҳаётда мақсадсиз қалқиб юрган, ҳамиша норози, кўп сонли тусиқларга қарши курашаётган, ўз олдига ҳеч қандай аниқ мақсад қўймаган футболчилар ҳақида бир ўйлаб кўринг. Айни пайтда футболчиларимиз ҳаётдан нималарни исташаётганини айтиб бера оладиларми?
Инсон руҳиятига оид кўплаб китобларни ўқиб чиқдим. Таҳлил қилдим. Ва битта катта ХАҚИҚАТга гувоҳ бўлдим. Футболчиларимизнинг бугунги дунё футболини қабул қилиши ва атроф-оламни англаши нотўғри шаклланган ва шаклланмоқда. Бунинг натижаси улароқ футболчиларимизнинг онги футбол майдонидай келадиган чеклашлар билан чегараланган. Бу худди йилдан – йилга эриб битаётган Арктика музликларига ўхшайди. Бу чегара киши билмас, йилдан – йилга қисқариб бораверади, аммо уни пайқаш ва ўз вақтида бартараф этиш биз каби мураббийларнинг бурчидир.
Биз гоҳида футболчиларимиз ва футболимиз савияси ҳақида гапириб қоламиз. Савиянинг ўзи нима ва у нима билан ўлчанади?
Савия бу – футболчининг фикрлаш қобилияти, дунё футболидаги тутган ўрни ва ўз олдига қўйган орзу-мақсадлари билан белгиланади.
Ҳозирги кўплаб футболчиларимизнинг ўз олдига қўйган энг катта орзу-мақсадлари Ўзбекистон терма жамоасида футбол ўйнаш билан чегараланмоқда. Аммо футболчиларимизнинг ақлий салоҳияти ва потенциал имкониятлари улкан муваффақиятларга эришиш учун етарли. Аслида, ҳар бир футболчимизда, ўзларига хос ялқовлик, ёки хатолар туфайли кўпчиликка расм бўлиб қолган ҳатти-ҳаракатлар, ҳакикатлар, тушунчалар исканжасида қолиб кетган БУЮК, ЗАБАРДАСТ, ДАҲО футболчи яширинган.
Инсон руҳиятини чуқурроқ ўрганганимда, футболчиларимиз учун тўсиқ бўлаётган сабаблар яққол кўзга ташланди. Улар муваффақиятга эришиши учун барча сабаблар етарли, фақатгина фикрлаш қобилиятида ва олдига қўйган мақсадларида хатолик бор.
Шунинг учун, ўзим ёзувчи бўлмасамда, футболчиларимизга ўз хатоларини кўрсатиб бериш, футболчилик ҳаётида тўғри ҳаракатланиш тадбирини ишлаб чиқишга кўмаклашиш, муваффақиятга олиб борувчи йўлни кўрсатиш ва ичида очилмай ётган кўплаб қобилиятларини ишга тушириш учун, бу китобни ёзишга қарор қилдим.
«Орзу» китоби – ҳар бир футболчини Буюк Муваффақиятига олиб борадиган йўлини ёритадиган маёқдир!
«Орзу» китоби – ҳар бир футболчини улкан хазинаси томон йўл кўрсатувчи харитадир!
-Китобнинг дастлабки бобида бизнинг футболчиларга «туртки» етишмаслиги ҳақида ёзгансиз. Сизнинг тасаввурингизда бу қандай туртки?
-Ўзимизда бўла туриб бошқа жойдан ахтаришга не ҳожат. Камтаргина камсуқумгина бир ўзбек йигити Равшан Эрматовнинг ҳакамлик соҳасида эришаётган муваффақиятларидан ҳайратга тушаман. Равшан Эрматов феноменини «асос»га таяниб ўрганишимиз керак. «Асос» – бу катта Фан!
«Асос» нималардан иборат?
Мана ўша асослар:
У қандай қилиб фикрлайди?
У қандай қилиб орзу қилади?
У қандай қилиб ўз олдига юксак мақсадларни қўяди?
У қандай қилиб орзу-мақсадларига эришиш режаларини тузади?
У қандай қилиб ўз қурқувини енгади?
У кандай килиб ўзида ишонч ва катиъятни шакллантиради?
У қандай қилиб ўз келажагини тасаввур қилади?
У қандай қилиб Худо томонидан берилган ИЛМдан фойдаланади?
Мана шу жиҳатлар ҳар бир футболчининг келажакдаги эришадиган муваффақиятларининг асосини ташкил қилади.
Бу китобда юқоридаги саволларнинг барчасига жавоб бор. Фақатгина, футболчиларимиз бу китобни қунт билан қайта, қайта, қайта ўқиб чиқиб, урганганларини амалда қўллаш қолади, холос.
–Спортда, хусусан футболда ўз кучига ишониш, инсон иродасининг шаклланишида қанчалик муҳим деб ҳисоблайсиз?
-Ҳар бир футболчи юксак даражада муваффақиятга эришиши учун битта чуқур ғоянинг ўзи кифоя. Муваффақият тамойилларидан бири – нимага эришишни исташни қатъий билишдир.
Барча омадли инсонлар энг биринчи чуққини белгилаб олиб, сўнгра уни забт этиш учун онгли равишда режалар ишлаб чиқишган. Агар ҳар бир футболчи ўзига ҳаддан зиёд ишониб, руҳланган бўлса қўл етмас юксакликка кўтарилади.
Энг муҳими – Фикр ёки Ғоя!
Унга ишончни чорлаш ва мустаҳкамлаш мумкин. Ишонч шундай нарсаки, ҳатто у йўқ деб тасаввур этилган жойда ҳам у такомиллашуви мумкин. Ишонч барча ақлий қобилиятлар учун қўзғатувчидир. Ишонч бу «мўжизалар» ва барча сир-асрорлар асоси бўлиб, фан қоидалари асосида кашф этилиши мумкин.
Сизнинг ботиний онгингиз универсал қонун асосида ишлайди. Унга нима берсангиз у шунга ишонади. Фақат бизга танлаш имконияти берилган, холос.
Сиз ҳар қандай фикрни, ҳатто «Мен жаҳон чемпиониман!» деган фикрни ҳам ботиний онгингизга ўтказиб олишингиз мумкин. Ҳар қандай фикр такрорлаш орқали ботиний онгга «тушади». Албатта, ботиний онг осонгина кириладиган аудитория эмас. Ишончни қўлга киритиш бу – жараён. Энг қизиқ жараён мана шу ерда бошланади. Айнан мана шу ерда анча тер тўкишга тўғри келади. Айнан шу ерда футболчи онгли равшда феъл – атворини, имкониятларини, ўзини – ўзи бир ҳолатдан бошқа ҳолатга ўтказишни дастурлаш бошланади. Энг катта тартиббузарлар, энг катта бошбошдоқликлар футболчининг онгида жойлашган.
Битта микрондек келадиган нутфадан инсон дунёга келади. Инсоннинг дунёга келиши бу – жараён. Инсоннинг дунёга келиши учун 9 ой 9кун вақт керак бўлади.
Ғоя ҳам, худди шундай.
Ғоя бу – уруғ.
Ҳар қандай ғоя футболчининг ботиний онгига «тушади» ва бу ғоя ўзида ишончни пайдо қилиш учун ривожланиш босқичига ўтади.
Владимир Жикаренцевнинг ёзишича, фикр – орзуларнинг амалга ошиши учун туққиз ой вақт керак бўлар экан. Шу муддат ичида улар қувват тўплайди, рўёбга чиқиши учун етилади, шаклланади.
Энг муҳими ғояга бўлган ишончни қўлга киритишдир.
Ишончни, қатъиятни қўлга киритган футболчилар гуё рудага ўхшайдилар, уларда пўлат қўйиб олиш мумкин. Бу тоифа футболчиларга Одил Ахмедовни мисол қилиб келтириш мумкин. Одилнинг юзида, кўзида, гапиришида ва футбол майдонидаги ҳатти – ҳаракатларида ишонч уфириб туради. Ҳеч эътибор берганмисиз, унинг ўзига бўлган ИШОНЧИ унинг ўзидан олдин «жарчилик» қилиб боради. Албатта, ўзбек футболида Одил Ахмедовга нисбатан техник салоҳияти юқори ва жисмоний жиҳатдан баркамол бўлган футболчилар кўп. Лекин улар Одилдек фикрлаш қобилиятига эга эмас, унингдек ИШОНЧ ва ХАРАКТЕРни қўлга киритишмаган.
Бизда «олмос»лар бор! Уларга озроқ ишлов бериш керак, холос. Мен ҳар доим айтаман: «Олмосларни сабзавотлар растасида сотиш мумкин эмас!», – деб.
«Ғалаба ҳам, мағлубият ҳам ишончнинг фарзандларидир!»
Аслида ғолиб бўлиш учун ўзимизнинг ақлий тўсиғимиздан бошқа бу оламда ҳеч қандай тўсиқнинг ўзи йўқ. Бутун олам сизнинг муваффақият ва ғалаба қозонишингизни кутади. Бизга фақат танлаш имконияти берилган, холос. Қайси бирини танлаш сизнинг ҳукмингизга ҳавола қилинган.
– Бу китоб ёш авлодга, жумладан футболга энди-энди кириб келаётган болаларга нима беради?
-Менимча, болалар футболини мураккаблаштириш керак эмас. Болажонларга шундай футбол муҳитини яратиб беришимиз керак-ки, улар фақат футболдан завқ олишсин ва уларнинг қалбида футболга нисбатан ишқ ва муҳаббат ўйғонсин. Футболга нисбатан ИШҚ ва МУҲАББАТда катта ФАЛСАФА бор, катта ХАҚИҚАТ бор, катта ИЛМ бор. Болажонларнинг келажакдаги муваффақияти асосини мана шу туйғулари ташкил қилади. Фақат, битта шарти билан: Футбол бўйича болалар мураббийларимиз уларга бот-бот жаҳон даражасидаги футболчи бўлишларини, келажакда улкан муваффақиятларни қўлга киритишларини эслатиб туришлари лозим. Боланинг онги «оппоқ қоғоз»га ўхшайди. Унга нима ёзсангиз, у шунга ишонади.
Бу китоб 15-16 ёшли ўсмир футболчиларимиз, бу ёшдан катта футболчилар ва фарзандларини келажакда ўзлари орзу қиладиган даражада футболчи бўлишларини ҳоҳлайдиган ота-оналар учун ёзилди.
Нима учун ота-оналар?
Ҳозирги кунда узбек футболининг энг катта муаммоларидан бири, энг оғриқли нуқталаридан бири бу – ота-оналардир. Биз ўз фарзандларимизни бизданда юксакроқда бўлишларини ҳоҳлаймиз. Уларни биздан ҳам узоқроққа боришларини орзу қиламиз. Улар ҳар жиҳатдан биздан яхшироқ бўлишига ҳаракат қиламиз. Аммо…
Биз ёшлигимизда футбол ўйнар эдик. Футбол ўйнаганимиз учун ота-онамиз олдида жавоб берар эдик. Бизнинг ҚАНДАЙ? футбол ўйнаганимиз ота-онамизни ҳеч қачон қизиқтирмаган. Улар ҳар доим бизга футбол ўйнашни таъкиклашарди: «Ўқи, одам бўл! Футбол сенга нон – ош бермайди!», – дейишарди.
Лекин, барибир биз ҳар қандай таъкиққа қарамасдан қочардик, уша завқни, уша лаззатни ахтарардик.
Ҳозирги пайтга келиб ёш футболчилар футбол ўйнолмагани учун ота-оналари олдида жавобгардир. Ота-оналарнинг футболга бўлган муносабати 180 даражага ўзгариб кетди. Ота-оналарнинг истак – ҳоҳиши фарзандлариникидан олдинга утиб кетмоқда. Болалар ҳали ёш, атроф-оламни англаб етиши ҳали тўла шаклланмаган, ота-оналарнинг истак-ҳоҳишларини ҳали тушунишмайди. Улар футбол майдонида ўз ҳиссиётлари билан курашиш асносида ота-оналари ҳиссиётлари билан курашишларига тўғри келмоқда. Бу эса ёш футболчиларга «босим» юклайди. Бу эса ёш футболчиларимиз учун футбол «ҳоҳиш-хурсандчилик» ўрнига «ҳоҳиш-азоб»ни юзага келтиради. Ота-оналарнинг ҳиссиётлари ижобий бўлса, хўп-хўп. Мабодо салбий бўлса-чи? Болалар ўз ота-оналарини ҳис қилиб турадилар. Биттагина салбий муносабат болани бор иқтидоридан, истеъдодидан маҳрум қилиши мумкин. Албатта, мен бугунги кунда юзага чиққан футболчиларнинг ота-оналари ҳақида гапирмаяпман. Юзага чиқиш учун кўплаб тўсиқларга қарши курашаётган истеъдодли футболчиларнинг ота-оналари ҳақида гапираяпман. Мени мақсадим танқид қилиш эмас, балки эътиборингизни, диққатингизни мана шу жиҳатларга қаратиш. Ахир, ҳаммамиз фарзандимизни, шогирдларимизни жаҳон даражасидаги футболчи бўлишларини ҳоҳлаймиз.
Бу китобни биринчи бўлиб ота-оналар ўқиб чиқишини ҳоҳлардим. Кейин, мураббийлар ва футболчилар. Бу китоб ота – оналарнинг футболга бўлган муносабатини, фарзандларининг футболга бўлган муносабатини ва ота – она ва фарзанди ўртасидаги муносабатларга ойдинлик киритиб беради. Бу жуда ҳам муҳим.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).