Энтони Жошуа ва Владимир Кличко ўртасидаги жанг олдидан ва ундан кейин билдирилган фикрлар қуйида тақдим этилади.
Жанг олдидан
«Мен Энтонини ҳеч қачон бундай бақувват ва забардаст кўрмагандим. У Арнольд Шварценеггернинг навқирон йилларини эслатиб юборди. У нокаутчи, мен эса уришни биладиган боксчиман.
«Бу кеча мен учун аталишини ҳис қилмоқдаман. Бу Жошуа учун олдинга ташланган катта қадам бўлади. Чунки у бунга қадар менинг савиямдек рақиб билан тўқнаш келмаган. Шу билан бир қаторда бу жанг мен учун ҳам чақириқ қўнғироғидир» - Владимир Кличко, супер-оғир вазнда жаҳоннинг собиқ чемпиони.
Жошуага қарши жанг олдидан афсонавий Майк Тайсон ҳам Кличко томонида эканини яширмади.
«Эшитинг, агар Кличко ўтган вақт давомида қилган ишларни сарҳисоб қилсак, у энг зўр боксчи. У ўз вақтида энг кучли боксчиларни мағлуб этган. Ҳа, у мағлаб ҳам бўлган, бироқ ҳар сафар рингга қайта олган. Ваҳоланки йирик мағлубиятидан кейин йўқ бўлиб кетган ва биз у ҳақда кейинчалик эшитмаган боксчилар тўлиб ётибди.
Мен украиналик боксчи ғалаба қозонишини истардим. Аммо бу умуман осон бўлмайди. Мен Жошуанинг ҳаракатларини кўриб тушундимки, у даҳшатли йигит.
Бу ёшда рингга чиқишга бўлган иштиёқни топишнинг ўзи муаммо. Одамлар қариб қолганинг, вақт ўтаётгани ҳақида гапиради, аммо энг муҳими — спортда эканингни ҳис қилиш ва рингга кўтарилишга эриша олиш. Бунда рақибни уриб ташлашга бўлган иштиёқ олдингиларидан ҳам кучлироқ бўлиши керак.
Жошуа? У ақлбовар қилмас даражада йирик. У ҳақиқий чемпионлар келбатини кўрсатмоқда. Бунга ҳаққоний эришиши учун эса Кличкони мағлуб этиши керак. У боксни жиддий қабул қилди, демак, шу соҳанинг келажаги деб бемалол айтсак бўлади. Бундай вазнда бераётган тезкор зарбалари реалликдан йироқдек ҳам кўринади.
Жошуа рақибига йиртқич каби ташланиши турган гап. Кличко эса масофани ушлай билиши ва ботмондек келадиган ўнг қўли билан бўладиган ҳамласи учун пайт пойлаши керак.
Жошуа эса ютиши учун шунчаки рингга чиқиши ва рақибини уриши лозим. Унда бунинг учун ҳамма шароит бор, ҳаттоки, нокаутга эришиши учун ҳам» - Майк Тайсон, оғир вазнда жаҳоннинг мутлоқ чемпиони.
Жанг олдидан берган интервьюсида Жошуанинг буюк бўла олишини тахмин қилган, бироқ унинг ўзи каби даражага чиқа олмаслигига ишонган Леннокс Льюис Кличко ҳақида илиқ фикрлар билдирди.
«Ҳамма Кличконинг қариб қолгани ва қўлидан иш келмаслиги ҳақида гапирмоқда. Бироқ мен аминманки, Владимир бу гаплар бир тийинга қиммат эканини исботлашга тайёр. Чунки мен ҳам шундай қилган бўлардим.
Мен Кличкони ҳеч қачон бундай яхши формада кўрмаганман. Жошуа эса керагидан кўп оғирлашиб кетган, бу фарқни келтириб чиқариши мумкин. 12 раунд давомида бундай оғирликни кўтариб юриш жуда қийин. Демак, Жошуа ўша-ўша чаққонлигини намойиш қила олишига ўзини ишонтириши керак бўлади» - Леннокс Льюис, супер-оғир вазнда жаҳоннинг собиқ чемпиони.
Жангдан кейин
«Энтони Жошуа, ёмон эмас. Сенинг Кличко билан жангинг ҳаёт учун эмас, ўлим учундек таассурот қолдирди. Мен эса у билан шунчаки ўйнагандим. Рақс тушамизми?» - Тайсон Фьюри, жаҳоннинг собиқ чемпиони.
Леннокс жангдан роҳат олганини унинг фикрлари исботлаб турибди.
«Қандай ажойиб жанг?! Ҳар икки боксчини табриклайман, улар ишқибозлар узоқ вақт гапириб юрадиган жанг ўтказа олди. Бунда бокс мухлиси орзу қиладиган ҳамма нарса бор эди: жентельменларга хос тарбия, юқори драма, машаққат, муносиблик ва ўзаро ҳурмат.
Бу катта ғалаба, бу Жошуа учун олдинга улкан қадам. Ва Кличко томонидан кўрсатилган ҳақиқий эркаклик. Уларга менинг ҳурматларим!» - Леннокс Льюис, супер-оғир вазнда жаҳоннинг собиқ чемпиони.
Жанг олдидан Кличко рақибини кимга ўхшатган бўлса, ўша инсон жангни Лондоннинг ўзидан томоша қилди.
«Бу мен кўрган энг ажойиб жанглардан бири бўлди. Мен Жошуани ғалаба билан, Кличкони эса аъло даражадаги жанг билан табриклайман. Умид қиламанки, биз реванш жангини кўрамиз» - Арнольд Шварценеггер, актёр ва сиёсатчи.
Энг сўнггида ғолиб Жошуанинг ўзи саҳнага чиқди.
«Мен идеал эмасман. Аммо ўз устимда ишлайман ва ҳеч қачон унутмайманки, бокс — биринчи навбатда ҳарактер. Бугун мен шу нарса ўзимда борлигини исботлай олдим. Нокдаундан кейин мен юракдан жанг қилдим. Фақатгина шундай жанглардагина сен ўзингнинг нималарга қодирлигингни ҳис қила оласан.
Кличко реванш талаб қиладими ёки йўқ — билмайман. Нима бўлган тақдирда ҳам мен унга жанг учун миннатдорчилик билдираман. Владимир мағлуб бўлиб ҳам ўрнак бўла олди» - Энтони Жошуа, супер-оғир вазнда жаҳон чемпиони.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).