"Интерфутбол" нашри «Олмалиқ» етакчиларидан бири Ғуломҳайдар Ғуломовдан интервью олди.
- Ғуломҳайдар, чемпионатнинг «Машъал»га қарши кечган 10-тур ўйинида дуранг қайд этилди. Учрашув натижага мос бўлдими?
- Аслида, мазкур баҳс соат 18:30да бошланиши керак эди. Баъзи бир сабабларга кўра, у ярим соат олдинга кўчирилди.
- Бу қарор ўйинга таъсир ўтказди, деб ўйлайсизми?
- Учрашув иккала жамоа учун ҳам қийин ўтди. Иссиқ ҳавода ўйнашга тўғри келди. қашқадарё мамлакатимизнинг жанубий вилояти ҳисобланади. Табиийки, ҳарорат бошқа ҳудудларга қараганда бирмунча юқорироқ бўлади. Учрашувни бошқариб борган ФИФА рефериси Равшан Эрматов мавжуд ҳолатни тўғри баҳолаб, биринчи бўлимнинг тахминан 25-дақиқасида кичик танаффус эълон қилди. Футболчилар томоқларини ҳўллаб олишганидан сўнг ўйин давом эттирилди.
- Сафарда дурангга эришдинглар. Бу сизлар учун ижобий натижами?
- Биз ғалаба илинжида тўп сурдик. Ўйин тенг курашлар остида кечди. Иккинчи бўлимда «Машъал» кетма-кет ҳужумлар уюштирди. Ҳар ҳолда мезбон жамоа, бошқача бўлиши ҳам мумкин эмасди. Ҳаттоки, дарвозамиз томон пенальти ҳам белгиланди. Бахтимизга ўша вазият голга айланмади. Албатта, бизда ҳам рақиб дарвозасини ишғол қилиш учун етарлича вазиятлар юзага келтирилди. Афсуски, улардан унумли фойдалана билмадик. Шунга қарамай, натижа бизни қониқтирди. Ҳар қандай ҳолатда ҳам меҳмонда қўлга киритилган очконинг қиймати юқори бўлади. Нолишга йўймангу, биз Муборакка фақат ғалаба қозониш мақсадида боргандик.
- Пенальти голга айланганида, сизлар учун очко олиш вазифаси янада қийинлашарди. Шу жиҳатдан олиб қараганда, балки бир очко ҳам яхшидир?
- Бу - футбол. Айрим жамоалар айнан дарвозаларидан тўп ўтказиб юборишганидан сўнг ўйинни кучайтиришади. Ўша гол жамоага ижобий таъсир қилиши ҳам мумкин. Шу боис, бу борада бир нарса дея олмайман.
- Ниҳоят, «Олмалиқ» ўз ўйинини топиб олган кўринади, шундайми?
- Ҳали 100 фоиз эмас. Лекин ўйиндан-ўйинга ўсиш кузатилмоқда. Буни қайд этаётган натижаларимиз ҳам кўрсатиб турибди. Секин-аста услубимизни шакллантириб боряпмиз. Яна кўпроқ ишлаб, 100 фоизлик кўрсаткични таъминлай олсак, Ўзбекистоннинг етакчи жамоалари сафига қўшиламиз.
- Жамоанинг ўйини дастлабки турларда бироз қовушмади. Натижа ҳам шунга яраша бўлди. Бу ҳолатни қандай изоҳлайсиз? Сизнингча, «Олмалиқ»қа нима етишмади?
- Тўғри айтасиз. Ҳақиқатан ҳам ўз ўйинимизни топиб олиш учун вақт керак бўлди. Мавсумга тайёргарликнинг асосий қисми хорижда ўтказилди. Туркиядаги ўқув-машғулот йиғини чоғида хориж клубларига қарши назорат учрашувлари ташкил этилди. Лекин мамлакатимиз жамоаларининг ўйин услуби умуман ўзгача. Шу боисдан бўлса керак, илк турларда бу нарса бизга панд берди. Эътибор қаратган бўлсангиз, жисмоний жиҳатдан ҳеч бир жамоага ютқазмадик. Ҳар қандай янгитдан шаклланаётган жамоа учун маълум вақт керак. Умид қиламанки, энди ҳаммаси яхши бўлади.
- Бош мураббийнинг ўйин услуби, тактикаси нимага асосланган? Умуман, Виктор Балютович ҳақида қандай фикрдасиз?
- Бир сўз билан айтганда, жамоамизда европача услуб шаклланяпти. Виктор Кумиков тезкор футбол тарафдори. Ҳужумни хуш кўради, лекин шунинг баробарида ҳимояни ҳам унутмайди. Биринчи навбатда, дарвозамиз дахлсизлигини сақлашга эътибор қаратади. Гол уриш учун эса ҳамиша фурсат ҳамда имконият топилади. Фақат ундан максимал даражада фойдаланиш керак, холос.
- Очиғи, футболчиларимиз тезкор футболда бироз оқсашади. «Олмалиқ» вакиллари мисолида олсак, бу тактикага мослашиш қийин кечмаяптими?
- Ўрганса бўлади. Одамлар фил, айиқ ва бошқа ёввойи ҳайвонларни нафақат қўлга ўргатишяпти, балки ҳар хил трюкларни бажаришга мажбур қилишяпти. Инсон онгли ва шу билан бирга олий мавжудот-ку! Биз ҳам мураббийнинг кўрсатмаларини бекаму кўст бажаришга интиляпмиз. Тўғри, бошланишига осон бўлмади, тушуниш қийинроқ кечди. Лекин вақт ўтиши билан кўникиб кетдик. ғалаба ва унинг ортидан қўлга киритилган очколардан сўнг мураббийнинг тактикаси футболчиларга маъқул кела бошлади. Камчилик ҳаммада бўлган ва бундан кейин ҳам сақланиб қолади. Хато қилмайдиган инсоннинг ўзи йўқ. Фақат бундан ўз вақтида хулоса чиқариб, хатоларни такрорламасликка интилиш лозим. Биз футболчилар ўзимизда бор камчиликларни бартараф этишга астойдил уриняпмиз. Умуман олганда, Виктор Балютович ҳамма билан бирдек чиқишиб кетди. Жуда яхши ишлаяпти. Хоҳлаган вақтингизда саволларингизга эринмай жавоб беради. Бирор нарса сўрасангиз, бундан хурсанд ҳам бўлади. Тўғри маслаҳат бериб, йўл-йўриқ кўрсатишга интилади. Мулоқот учун ҳаммага очиқ.
- Олдинда сизларни пойтахт вилояти дербисидан ўрин олган учрашув кутиб турибди. Мавсумни бироз кутилмаганда омадсиз ўтказаётган «Металлург» ҳақида фикрингиз қандай?
- «Металлург» бир неча йилдан бери таркиби деярли ўзгармай келаётган олий лигамиздаги камсонли жамоалардан бири ҳисобланади. Бу йил ҳам шундай ҳолат кузатилди. Футболчилар бир-бирларини тушуниб ҳаракат қилишади. Ўтган йилларда қайд этилган ижобий натижалар ҳам ана шу ҳамжиҳатликнинг самараси. Албатта, кучли жамоаларда ҳам пасайиш кузатилади. Бунга Европанинг кўзга кўринган клублари мисол бўлиши мумкин. Менимча, «Металлург» футболчиларига омад етишмаяпти. Ҳаммада шундай вазият бўлади. Ҳали Бекобод жамоаси ўз ўйинини топиб олади. Шахсан мен бунга ишонаман. Чунки жамоа таркибида тажрибали футболчилар бисёр.
- «Металлург»нинг омадсизлигидан фойдаланиб қолишга ҳаракат қиласизларми?
- Футболда олдиндан бир нима дейиш қийин. Ўйинга ким тўғри тайёргарлик билан етиб келса, ўша жамоа ғалабага ёки ўзи учун ижобий натижага эришади. Учрашув мобайнида камроқ хато қилганлар кўчасида байрам бўлади. Ўйлаймизки, муваффақиятли серияни давом эттириб, мухлисларимизни хушнуд этишга интиламиз.
- Бу йилги чемпионатимиз баҳслари аввалгиларидан фарқ қиляпти. Турнир жадвалига эътибор қаратсангиз, етакчи жамоалар аутсайдерлар сафида юришибди. Аксинча, ўртамиёна клублар пешқадамлар сафида боришмоқда. Нима деб ўйлайсиз, бу вақтинчалик ҳолатмикан?
- Менимча, йўқ. Бу йил чемпионатимиз шу зайл давом этса керак. Келаси мавсумда эса етакчи клубларимиз ўз ҳолатларини яхшилаб олишади. Балки бу борада адашаётгандирман?! Лекин шахсий фикрим шундай.
- «Бунёдкор» ва «Пахтакор» каби грандларнинг турнир жадвалида юқорига кўтарилишларига ишонмаслигингизга сабаб нима?
- Боиси, ҳозир «Пахтакор» ҳам, «Бунёдкор» ҳам жуда тушкун ҳолатда. Бу вазиятдан чиқиб кетиш осон эмас. Юқорида айтганимдек, айни ҳолат дунёнинг кучли клубларида ҳам учраб туради. Бундан ортиқча фожиа ясамаслик лозим. Ҳозир биринчи давра якуни сари яқинлашяпти. Шу боис, катта ўзгаришларни кутиш ҳам ноўрин бўлса керак. Грандларда ижобий томонга ўзгариш бўлган тақдирда ҳам «Навбаҳор», «қўқон-1912», «Машъал», «Олмалиқ», «Динамо» ва бошқа жамоаларимиз шунчаки томошабин сифатида қараб туришмайди. Улар ҳам ўйинларда очколар жамғаришда давом этишади.
- Балки «Пахтакор» ҳамда «Бунёдкор» клублари раҳбарияти ва мураббийлар штабидаги ўзгаришлар вазиятнинг ижобий тус олишига замин яратар?
- Шундай бўлишига ишонаман. Лекин бирданига чўққига сакраш қийин кечади. Чунки бошқа жамоалар томоша қилиб туришмайди. Ҳар қандай ҳолатда ҳам олий лигамизнинг барча 16 клубига қолган ўйинларда омад ва ғалаба ёр бўлишини тилайман.
- Жамоанинг ўтган йиллардаги иштирокига назар солсак, «Олмалиқ» стадиони мухлислар билан деярли тўларди. Жорий мавсум бу борада ижобий фикр билдира олмаймиз...
- Ўз ўйинимиз билан секин-аста мухлисларни стадионга қайтаришга ҳаракат қиламиз. Ҳаммаси ўз қўлимизда.
- Ғулом Ҳайдар, келинг, энди бироз ортга қайтиб, футболдаги илк қадамларингизни эслаймиз. Нима учун бошқа спорт турларини эмас, айнан футболни танлагансиз?
- Чилонзор туманига кўчиб келганимизда, кўчага чиқиб, болаларнинг тўп тепаётганини кузатиб ўтирардим. Футболга илк қадамларимни айнан маҳаллада қўйганман, десам янглишмайман. Ўн ёшимдан миллионлар ўйини билан жиддий тарзда шуғулланишни бошлаганман. Ўша пайтлари академиялар бўлмаганлиги учун футболга бироз кечрок келганман. Олимпия захиралари коллежига болаларни 7-синфдан қабул қилишарди. Шу боисми, уйдагилар менга гимнастика билан шуғулланишни маслаҳат беришган. Ёшлигимда жуда ҳаракатчан, чаққон ва шўх бўлганман. Футболга кириб келишимда Маъмур ака Юсуповнинг ҳиссалари катта. У киши менинг футболдаги биринчи мураббийим ҳисобланадилар. Маъмур ака маҳаллалараро мусобақалар пайтида ўйинимни кўриб, қайси футбол мактабида ўйнашим билан қизиққанлар. Шунчаки, ҳаваскор эканлигимни айтганимда, ўзлари мураббий бўлиб ишлаётган БЎСМ-18га таклиф қилгандилар. Шу тариқа, миллионлар ўйини билан профессионал тарзда шуғуллана бошлаганман.
- «Пахтакор» жамоасида пайдо бўлишингиз қандай амалга ошди?
- Иттифоқо, БЎСМ-18 жамоаси сафида Дилшод Нуралиев мураббийлик қилаётган «Пахтакор»га қарши майдонга тушганмиз. Ўша ўйиндан кейин Дилшод ака мени «шерлар» сафида кўрикдан ўтиш учун таклиф қилганлар. Ҳаракатларим маъқул келган шекилли, тез орада жамоа сафига қўшилганман. Мактабни тамомлаш арафасида айрим футболчилар ўринбосарлар сафига ўтишган, мен ва қолганлар эса ўзимиз учун бошқа клуб топишимизга тўғри келган. Ўшанда мени «Трактор»га ижарага беришган ва бу клуб сафида бир йил ўйнаганман. Кейинчалик Семён Могилевский «Машъал-Академия» жамоасига таклиф қилган. Ҳаракатларим маъқул келгач, муборакликлар билан 3 йиллик шартнома имзолаганман. Бу жамоа 2009 йили олий лига йўлланмасини қўлга киритган, лекин молиявий муаммолар сабаб кучлилар сафида қатнашиш насиб қилмаганди. Ўша жамоа таркибида Элдор Суюнов, Раббим Ҳасанов, Акмал Абдураҳмонов каби футболчилар бор эди. «Машъал»да 2011 йил ёшлар лигасида деярли барча ўйинларда майдонга тушганман. Аммо келаси йили мураббийлар менга ишонч билдиришмади, чоғи, деярли ўйнамадим. Шу боис, ўзимга бошқа клуб изладим ва Равшан Ҳайдаров бошчилигидаги «қизилқум»га кўрикка бордим. Якунда бу жамоа билан шартнома имзоладим. Биринчи даврада Равшан Ҳайдаров истеъфога чиқди, унинг ўрнига Рустам Забиров келди. Фаолиятим ёмон кечмаётганди, майдонга ҳам тушаётгандим. Биринчи давра тугагач, «қизилқум» ва «Зарафшон» клублари раҳбарияти алмашди, янги футболчилар келишди. Шу боис фаолиятимни яна бошқа клубда давом эттиришимга тўғри келди. Ўша пайт олий лиганинг барча клублари иккинчи даврага «заявка» топшириб бўлишганди. Шу сабабли, биринчи лига иштирокчиси бўлган «Истиқлол» клубига ўтдим. Бу жамоадаги фаолиятим ёдимдан чиқмайди, дея оламан. Жамоа жуда аҳил, худди бир оиладек эди. Худди 3-4 йил шу клубда ўйнагандек таассурот қолдирганди. Кейинчалик «Шўртан»га ўтишимга Мухтор қурбонов сабабчи бўлган. Бу мураббий мени «NBU-Осиё»да ишлаб юрганидаёқ чақирганди. Аммо баъзи сабабларга кўра у ерга бора олмагандим.
- Олий лигадаги илк ўйинингиз ва голингизни эслай оласизми?
- Адашмасам, элитадаги дебютим 2011 йили «Металлург»га қарши баҳсда қайд этилган. Илк голимни эса 2015 йил «Сўғдиёна» дарвозасига урганман.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).