«Тоттенҳэм»нинг бош юлдузи Ҳарри Кейн клуб футболидаги натижалари билан ҳар қанча мақтанишга ҳақли. Аммо у ҳозирча Англия миллий жамоаси таркибида ҳеч қандай каромат кўрсатганича йўқ ва бундан бироз хижолатда. Чунончи, Кейн навбатдаги интервьюсида келажак режалари ҳақида гапириш баробарида терма жамоа ўйинларидаги ҳаракатларидан сира қониқмаётганини алоҳида таъкидлади.
- Ҳарри, футболдаги келажагингизни қандай тасаввур қиласиз?
- Табиийки, олдимга муайян вазифаларни қўйганман. Уларнинг асоси - жаҳон миқёсида энг яхши футболчилардан бирига айланиш. Одамлар табиий равишда мени энг кучлилар қаторига киритишларини истайман. Ҳозирги ҳолатда элит рўйхатда эмасман ва буни яхши биламан. Масаланинг нозик томони шуки, энг кучлилар рейтингига кириш-кирмаслигинг асосан халқаро даражада қандай ўйнашингга ҳам боғлиқ. Мана, «Тоттенхэм»да 2 мавсумни жуда муваффақиятли ўтказдим. Энди навбатдаги қадамни далил ташлашим шарт. Оддий айтганда, элит футболчилар қаторида эътироф этилишни истасам, Англия терма жамоасининг катта ўйинларида ҳам ўзимни кўрсатишим зарур.
- Тўғри ёндашув, аммо ҳали ёшсиз ва хотиржам ишлаш орқали кўп нарсага бемалол улгуришингиз мумкин.
- Айни пайт одатдагидан анча кўп ишлаяпман. Ҳа, энди 23 ёшга тўлдим ва футболдаги энг яхши дамларим ҳали олдинда эканлигидан умидворман. Аммо хотиржам тортиш, баъзи жиҳатларга бефарқ қарашга асосим йўқ. Ҳар ҳолда, спортда муайян натижаларга алданиб, тўхтаб қолиш сира ярамайди. Тушунарлики, мен учун ўрганадиган жиҳатлар жуда кўп. Бас, шундай экан, ишлашдан тўхтамаслигим керак.
- Хўш, ҳозирги футболда кимга қараб юқорига интилиш ҳаракатидасиз?
- Мана, Криштиану Роналдуни олайлик, бу йигит ҳар қандай ўйиннинг бош қаҳрамони бўлишни уддаламоқда. Қаранг, ЧЛнинг асосий ўйинларида кўп нарсани Роналду ҳал қилди - ярим финал ва финалда голлар урди. Яширмайман, футболда айнан португалиялик юлдуз изидан боришни истайман. Оддий айтганда, Роналду мен учун маёқ янглиғ ҳужумчидир. Умидворманки, ажиб кунлардан бирида менга у билан битта қаторда туриш насиб этади, албатта.
- Айни ҳолатда сизга асосан нима етишмаяпти?
- Катта ўйинлар ва жиддий синовлар. Футболчининг салоҳиятига фақат энг йирик ўйинлардаги ҳаракатларига асосан баҳо бериш керак. Унинг ўзи ҳам объектив қарашни истаса, шундай қилгани маъқул. Ахир жаҳоннинг энг яхши футболчилари айнан катта ўйинларда тарих яратишади. Мисол учун, ЧЛнинг асосий учрашувларида. Ўз навбатида, эртами-кеч шундай йирик ўйинларда ўзимни кўрсатиш учун имкониятга эга бўлишимга ишонаман. Бироқ финалга чиқиш 1-2 нафар ижрочи эмас, бутун жамоа ҳаракатларига боғлиқ. Ҳар бир ўйинчи омма олдида ўз иқтидорини тўла-тўкис намойиш қилишга уринади. Хусусан, мен ҳам. Демоқчиманки, ҳар сафар майдонга энг кучли ҳужумчилардан бири эканлигимни исботлаш илинжида тушаман.
- Англия терма жамоаси сизга катта ўйинларда иштирок этиш имкониятини тезроқ тақдим этиши мумкин...
- Шу вақтга қадар «Тоттенҳэм» либосида майдонга тушишга ҳақли эканлигимни исботлаш ҳаракатидан бўшаганим йўқ. Терма жамоаги фаолиятим хусусида ҳам худди шу гапларни такрорлашим мумкин. Аммо натижа турлича. Мамлакат бош жамоаси либосидаги 17та ўйинда атиги 5та гол - бу ҳақиқий шармандалик. Клуб футболида ўзини кўрсатган бирор ҳужумчи терма жамоада бу қадар паст статистика қайд этмаган бўлса керак. Табиатан гол уриш ва майдонда бош ролни бажаришга мойилман. Демакки, терма жамоадаги умумий ҳолатни имкон қадар тезроқ тўғрилашим керак.
- Қизиқ, икки йўналишдаги шахсий статистикангиз ўртасидаги катта фарқнинг боиси нима?
- Кўпчиликка маълум, клуб футболида талаб даражасидаги спорт формасини бир меъёрда ушлаб туриш нисбатан осонроқ. Терма жамоада эса мутлақо бошқача. Дейлик, таркиб 2-3 ойда бир марта йиғилади. Асосий шарт битта - бунга кўникиш. Ҳа, миллий жамоадаги шахсий кўрсаткичларимдан асло хурсанд эмасман. Вазиятни бирозгина яхшилаш учун навбатдаги ўйинларда «хет-трик» қайд этсам яхши бўларди.
- Англия термаси тарихида ҳам сиз учун маёқ бўлишга муносиб ҳужумчилар бор...
- Аслида ўзгалар статистикасига алоҳида қарамайман ва очиғи, бошқа ҳужумчиларнинг Англия терма жамоасида қандай тўп суришганидан бехабарман. Лекин баъзан эски ўйинлар видеоёзувини кўриш асносида ўша ҳужумчилардан нималарнидир ўзлаштиришга уринишим табиий ҳол. Мисол учун, Алан Ширерни эътироф этишим мумкин - ҳам клуб, ҳам терма жамоа даражасида фантастик ҳужумчи. У миллий жамоамиз учун кўп ишларни амалга оширган. Ўйлашимча, Ширернинг ҳаракатлари янги даражага кўтарилишим учун туртки беради.
P.S.: Ҳарри Кейн Шотландия термасига қарши ўйинда гол уриб, жамоасини мағлубиятдан қутқариб қолди.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).