Конфедерациялар кубоги турнири россиялик футбол мухлисларига бир қатор таниқли юлдузлар билан яқиндан танишиш имкониятини берди.
Жумладан, руслар Мексика терма жамоаси фахрий ҳимоячиси Рафаэль Маркес ўйинларидан яна бир бора баҳра олишди - бу сафар жонли тарзда. Узоқ вақт давомида «Барселона» шарафини муносиб ҳимоя қилиб, еврофутболда ёрқин из қолдирган 38 ёшли Рафа мусобақага энг сара юлдузлардан бири сифатида ташриф буюрди.
Гарчи у барча учрашувларда тўлиқ вақт тўп сурмаган бўлсада, ишончли ҳаракатлари билан мухлислар ҳурматини қозонди.
«СЭ» нашрининг мексикалик мураббий ва касбдошларимиз томонидан берилган факт-маълумотлар асосида тайёрлаган мақоласи ўқувчиларимизда Маркес ҳақида тўлиқроқ тасаввур ҳосил қилса, ажабмас.
№ 1. 16 ёшида терма жамоадан таклиф олган
- О, Рафаэлми? Уни 1995 йилдан буён яхши биламан,-дея хотирлайди «ацтеклар» терма жамоаси собиқ аъзоси, ҳозирда ТВда эскперт вазифасини бажараётган Карлос де Лос Кобос. - Ўшанда мен 23 ёшгача бўлган футболчилардан тузилган терма жамоани бошқарардим. Ўртоқлик учрашувларида куч синашиш учун Ж.Кореяга йўл олиш арафасида Маркесни ҳам таркибда қўшдим. Эътибор беринг, 16 ёшли йигитчани! Тўғри, афсуски, Осиёда унга ўйнаш имкониятини тақдим этолмадим - вазият туғилмади. Эҳ, ёш йигитчанинг мендан қанчалик ранжигани ҳамон ёдимда. Очиғи, ўшанда ёш футболчини бақувват рақиблар майиб қилиб қўйишлари мумкинлигидан чўчигандим. Ахир улар Рафаэлдан камида 4-5 ёш катта эдилар-да. Алоҳида айтишим жоиз, Маркес ўша пайтдаёқ ноёб иқтидори билан ажралиб турарди. Мана, охир-оқибат, Мексика футболининг энг ёрқин юлдузлари қаторидан жой олди. Энг муҳими эса ажойиб инсон бўлиб етишди.
№ 2. Жонажон клубини сотиб олишга уринган
- Рафаэль илк марта Гвадалахаранинг «Атлас» жамоасида кўриниш берганди,- дейди TV Azteca вакили Энрике Гарсия. - Ушбу камтарин жамоа атиги бир марта, 1950|1951 йиллар мавсумида чемпионлик унвонини қўлга киритган. Маркес илк клубини шу қадар яхши кўрадики, Европадаги фаолияти гуллаган вақтлар ҳам қачондир унинг сафига қайтишини таъкидлашдан чарчамасди. У ниҳоят, 2016 йили Европа ва MLSдаги узоқ йиллик самарали фаолиятидан сўнг жонажон ватанига қайтди. Аввалига «Леон» сафида 2 мавсум тўп сургач, кейин ўз ваъдасига мувофиқ, қадрдон жамоаси сафидан жой олди.
EL Mexicano газетаси мухбири Мануэль Медина футболчининг «Атлас»ни сотиб олишга урингани ҳақида шундай дейди: «Эътиборлиси, унинг асосий мақсади - клубни шоҳсупага олиб чиқиш. Аслида Рафаэль жамоани тўлиқ ўз тасарруфига олишни истаганди. Бунинг учун қўшимча ҳомийлар ҳам топиб қўйганди. Афсуски, узоқ давом этган музокаралардан бирор самара чиқмади. Чунки жамоанинг аввалги соҳиблари Маркеснинг нияти жиддийлигини кўриб, нархни сунъий равишда ошириб юборишди. Ваҳоланки, 66 йилдан буён чемпионликдан четда қолаётган «Атлас» муаммолар гирдобида эди. Рафаэль шундай жамоани инқироз ботқоғидан олиб чиқишни режалаштирди ва бу борада айрим амалий ҳаракатларни ҳам бошлади. Бунинг боиси шуки, у «Барселона» ва «Леон» клублари билан етарлича нуфузли совринларни қўлга киритди. Аммо жонажон клубида ҳеч нарсага эришолмаганди. Қарангки, баҳоси ҳаддан ташқари ошириб юборилгани боис, жамоани сотиб ололмаган Маркес унга футболчи сифатида ёрдам беришга бел боғлади. Бу мардлик ва жонкуярлик нишонасидир».
№ 3. Дарғазаб мухлислар билан учрашишдан чўчимаган
- Маркес тахминан бир йилча муқаддам ишлари юришмаётган жамоасини ҳимоя қилиш учун исёнкор мухлислар билан мулоқотга киришди. Зеро, фанатлар омадсизликда футболчи ва мураббийларни айблаб, уларни ўзларича жазолаш ҳақида ўйлагандилар. Рафа ана шундай кескин вазиятда аламзада мухлислар олдига ёлғиз ўзи чиқишдан чўчимади. Табиийки, у можароли суҳбат чоғи жамоадошлари ва мураббийларни ҳимоя қилди. Яъни клуб вазиятни ўнглаш учун бор имкониятларни ишга солаётганини тушунтирди,-дея давом этади Медина. - Умуман, Маркес ҳеч қачон ўзини мухлислардан олиб қочмайди ва доимо бор ҳақиқатни очиқ-ойдин гапиришга одатланган. Бошқача айтсак, ҳар қандай ҳолатда чинакам сардорга хос иш тутади. Мухлисларга келсак, ўша мулоқотдан сўнг уларнинг «Атлас»га муҳаббатлари янада ортди, чамамда. Демакки, Маркес етарли таъсир кучига эга. Ахир тиғиз паллада «даҳанаки жанг» орқали бўлсада, фанатлар фикрини ўзгартиргани нимадандир далолат.
№ 4. Ўта жиддий, лекин меҳрибон
- Табиийки, Маркесдан жуда кўп интервью олганман,-дея хотирлайди Медина. - У ўта жиддий ва вазмин йигит. Дейлик, қандай савол билан мурожаат қилманг, барчасига аниқ-лўнда жавоб қайтаради. Бундай табиати «Барселона»да шаклланган бўлса, ажабмас. Чунончи, Рафа ёшлигида бу қадар жиддий эмасди. Ўзи жиддийлик биз - мексикаликларга унча хос бўлмаган хислат ҳисобланади. Зеро, доимо ҳазиллашиш ва чақчақлашишга мойилмиз. Шуни эътиборга олиб, Рафани Мексикадаги энг совуққон кишилардан бири сифатида таърифласам, хато бўлмайди. У яна ўта чўрткесар йигит. Очиғи, менга айнан шундай муомала ёқади. Мухбир учун нима муҳим? Суҳбатдошидан ўз саволига керакли ва аниқ жавоб олиш. Маркес можарога сабаб бўладиган қандайдир фикрларни рўй-рост айтиши мумкинми? Албатта, у ҳақиқат олдида рўйхотирликни бир четга суриб қўяди. Дейлик, Мексика футбол федерацияси ва ўйинчилар ўртасида келишмовчилик юзага келган кезлари жамоа сардори сифатида шериклари манфаатларини ҳимоя қилади. Айнан шундай вазиятда айрим фикрлари кескин янграши ва можаро келиб чиқиши мумкин. Маркеснинг жанжалкашдек кўриниши боиси шу. Аслида у самимий ва меҳрибон йигит. Мисол учун, шахсий маблағидан хайрия жамғармаси очди ва унинг воситасида турли муаммоларга йўлиққан болакайларга ёрдам қўлини чўзмоқда. Аниқроғи, уларни соғломлаштириш, озиқ-овқат билан таъминлаш ишларига ҳисса қўшмоқда, таҳсил олишлари ва спорт билан шуғулланишларига қўшимча имкониятлар яратмоқда.
№ 5. Машҳурлик бобида 4-рақамли футболчи
- Маркес айниқса, «Монако» ва «Барселона»даги муваффақиятли фаолияти натижасида Мексикада бемисл обрў орттирди. Факт шуки, Уго Санчес давридан кейин янги юлдузлар авлоди юришини айнан у бошлаб берди. Эҳтимол, ҳозирда Хавьер Эрнандес машҳурлик бобида бироз ўзиб кетгандир. Ҳарқалай, Чичарито ҳали анча ёш, Рафа эса фаолиятини якунлаш арафасида турибди. Шахсан мен Маркесни Мексика футболи тарихидаги энг сара юлдузлар рўйхатида Уго Санчес, Хорхе Кампос ва Антонио Карвахалдан кейин 4-ўринга қўяман,-дейди EL Mexicano журналисти.
№ 6. Россия мундиалида иштирок этиши шарт
- Охирги мавсумга қарасак, Маркес «Атлас» таркибида мунтазам майдонга тушмади. Шундай экан, терма жамоадаги келажаги ҳақида дадил гапириш мушкул. Лекин клубга ҳам, терма жамоага ҳам улкан тажриба соҳиби сифатида бирдек кераклигига шубҳа йўқ. Айниқса, ЖЧлардаги иштирокини инобатга олсак, Россия мундиалида ҳам иштирок этиши шарт. Қолаверса, битта савол бор - терма жамоада кимнинг нуфузи баландроқ? Бош мураббий Хуан Карлос Осорионикими ёки Маркесники? Менимча, Маркес оғирроқ тош босади. Ҳа, мураббий бошланғич таркиб масаласида мустақил қарорга келиши мумкин. Аммо жамоадаги муҳитнинг шаклланиши, ҳар бир учрашувга алоҳида тайёргарлик кўриш ва жамоадошларига қимматли маслаҳатларни беришда Маркеснинг ўрни беқиёс. Ўйлашимча, у Россиядаги ЖЧда албатта, қатнашади. Балки атиги бир неча дақиқа ўйнар, лекин захира ўриндиғида ўтиришининг ўзиёқ жамоага сезиларли далда бағишлаши тайин - ишончи комил Мединанинг.
№ 7. Мураббийликка қўл урмаса керак
Журналистнинг тахминича, Маркес мураббийлик ишига мойил эмас: «Очиғи, бутсаларини михга илгач, мураббий сифатида ишлашини тасаввур қилолмайман. Балки ўзини бизнесга уриб, шахсий ресторан ёки бирор кичик корхона очар. У шунинг баробарида спорт директори каби лавозимларга муносиб. Хуллас, бош мураббийликни қўлга олиши эҳтимоли паст. Шахсий фикримча, Рафа бизнес соҳасига мойил. Фикримни асослайдиган бўлсам, у кўпчилик олдида нутқ сўзлашни ёқтирмайди. Чунки гапга чечан эмас. ТВда ҳам кам кўриниш беради. Шу боис, уни бош мураббий ролида тасаввур қилиш душвор».
№ 8. Муҳим учрашувларда қизил карточка олишга «мойил»
Медина Мексика футболи фахрини мақташ баробарида унинг камчилигига тўхталди: «Ҳа, Маркесда заиф томони ҳам йўқ эмас. У одатда терма жамоа кўмакка муҳтож лаҳзаларда асабларини жиловлай олмайди ва оддий ҳолатларда қизил карточка олиши мумкин. Мисол учун, ЖЧ-2002 нимчорак финалида Мексика термаси азалий рақиб - АҚШ жамоасига қарши тўп сурганди. Ўшанда имконият бой берилаётгани сардорга салбий таъсир кўрсатиб, у майдонни барвақт тарк этган ва шерикларини мушкул аҳволда қолдирганди. Умуман, бундай нохушлик деярли анъана тусини олган: агар Мексика термаси муҳим ўйинларда ҳисобда ортда борса, Рафа доимо майдондан четлаштирилади. Яъни асаби чатоқроқ ва бу кўпинча панд беради...».
№ 9. Парфюмерия маҳсулоти рекламаси туфайли рафиқаси билан ажрашган
Журналист якунда футболчининг шахсий ҳаёти ҳақида ҳам маълумот берди: «Рафаэль Маркеснинг биринчи турмуш ўртоғи - мексикалик ак-триса Адриана Лават. Ўртада 2 нафар фарзанд борлигига қарамай, улар 2007 йили ажрашишди. Сабаб оддий - Маркес таниқли парфюмерия бренди билан шартнома тузиб, реклама ролигида машҳур модель ҳамроҳлигида суратга тушганди. Адриана бунга чидолмади. Кейинчалик Маркес маълум муддат ўша модель билан учрашиб юрди. Лекин 2011 йили бошқа бир актриса - Хайди Мичелга уйланди».
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).