Хорватиялик Лука Модрич янги-янги ғалабаларни кўзламоқда. Мадриднинг «Реал» жамоаси яримҳимоячиси навбатдаги чемпионатга қаратилган йиғинларга киришишдан олдин Marca нашрига эксклюзив интервью берди.
У суҳбат жараёнида хусусан, якунланган мавсумда қайд этилган «олтин дубль», «Мадрид» гербининг аҳамияти, шунингдек, таътилдан сўнг енг шимариб ишлашга тайёрлиги ҳақида гапирди.
- Лука, бугунги «Мадрид»нинг «олтин дубл»га эришишида айнан нима асосий омил бўлди? Умуман, аввалги «Реал» ва ҳозиргиси ўртасида қандай яққол фарқли томонлари бор?
- Шахсан мен аввало, мураббий хизматларини алоҳида таъкидлайман: у ҳар бир футболчининг нималарга қодирлигини яхши билишини амалда исботлади. Шунинг эвазига мавсумнинг ҳал қилувчи палласига энг юқори спорт формасида етиб келдик. Менимча, жамоамиз айни шу жиҳатда аввалгиларидан фарқланди. Зеро, олдинги мавсумлар финиш маррасида чарчоқ аломатлари яққол сезилганди. Демакки, Зидан оқилона ротация сиёсати билан умумий ҳолатни ижобий томонга ўзгартирди. Натижада футболчилар ҳам, мураббийлар ҳам ортиқча қийналмадилар. Муҳими, Зидан қайси футболчини майдонга туширмасин, у ишончни оқлаб, жамоага имкон қадар ёрдам берди. Хуллас, «олтин дубль» қайд этишимизда тўғри ротациянинг ўрни катта бўлди.
- Хўш, сиз тўп сурган энг яхши таркиб шуми ёки...?
- Дабдурустдан аниқ жавоб беришим қийин, аммо ғалабаларимиз салмоғини назарда тутсак, энг яхшиси бўлса керак. Чунончи, таркибдан ўрин олган 24 нафар футболчининг ҳар бири биринчи даражали профессионал эканлигига шубҳа йўқ.
- Умуман, аввалги мавсум ўзингиз учун қандай янгиликларни кашф этдингиз?
- Айтарли янгилик йўқ, шунчаки, жамоавий ҳаракатлар ҳар нарсадан устун эканлигига ишончим ортди. Мана, футболчилар, клуб атрофидаги ходимлар ягона мақсад йўлида бирлашсалар, енгилмас куч шаклланишини амалда кўрдик. Бош мураббий айни шу жиҳатни биринчи ўринга қўйди ва биз унинг ғояларига тўлиқ ишондик. Муҳими - жамоа!
- Чемпионлар Лигаси финалини қайта томоша қилдингизми?
- Тўлиқ эмас, фақат ёрқин лаҳзаларни қайта кўрдим, тўғри бир неча марта.
- ЧЛда ғалаба тақдим этган 3та финалдан нималарни алоҳида қайд эта оласиз?
- Энг аввало, яна жамоа руҳиятини. Бизга ҳеч қачон таслим бўлмаслик ва ҳар қандай ҳолатда руҳни туширмаслик қўл келди. Энди ҳар бир финал тўғрисида алоҳида тўхталсам, десима (10-ғалаба) йўлидаги баҳсни деярли бой берганимизга қарамай, сўнгги сонияларгача вазиятни ўзгартиришга ишондик, ҳаракатдан тўхтамадик. Кейин жамоа қатъиятини намоён қилди: ички хотиржамлик эвазига «Сан Сиро»даги пенальтилар сериясини ўз фойдамизга ҳал этдик. Охирги финалда ҳам жамоавий руҳ, характер ва тўлиқ куч сарфлаш бош ролга чиқди.
- Кардифф стадиони майдонида ғалабани хотиржам нишонлай олмадинглар. Бундан ҳайрон қолмадингизми?
- Ҳа, ҳа, ҳаммаси аралашиб кетди: оилаларимиз, мухлисларимиз билан кўнгилдагидек байрам қилолмадик, совринни уларга кўрсатолмадик... Ахир майдон сураткашлар, операторлар ва журналистлар билан тўлиб кетдики, ҳаттоки, ҳаракатланиш ҳам мушкулотга айланди. Хуллас, бизни тинч қўйишмади, бироқ энг муҳими - ғалаба қозонганимиз.
- Ортга назар ташласак, сиз учун «Мадрид»даги илк мавсум анча оғир кечганди.
- Аслида ҳеч қачон ўз кучимга шубҳа билан қараган эмасман - «Мадрид»да ўз ўрнимни топишимни билардим. Фақат дебют мавсумига мавсумолди тайёргарлигисиз киришгандим. Яъни клуб сафига мавсум бошланиши арафасида қўшилдим, шунга қарамай, нималарга қодирлигимни кўрсатишни истадим. Ҳа, талаб ўта жиддий эди ва осон бўлмаслигини, барчаси ўзимгагина боғлиқлигини теран тушунардим. Энг муҳими, оғир лаҳзалардан ҳам лаззатландим. Зеро, қийинчилик одам ишончини янада мустаҳкамлайди. Табиатан муваффақият қозониш йўлида янада кўпроқ ишлашга мойилман. Шуни назарга олсак, «Мадрид»даги йўлим бошида кузатилган қи-йинчиликлар мени тоблади, кўп нарсага ўргатди.
- Шунча кўп соврин ютишга улгурганингизга қарамай, янги ғалабаларга ишонч ва иштиёқни қандай сақлаб қоляпсиз?
- Ҳаммаси жуда оддий. Агар 1-2 марта зафар қучсанг, ғалаба таъмига шунчаки, ўрганиб қоласан... Натижада ўз-ўзидан янада кўпроғига эришиш ҳақида ўйлайсан. Демоқчиманки, янги-янги зафарларни кўзлаш футболчи иштиёқини кучайтиради, уни ғалабалардан асло зериктирмайди. Яна бир томони, доимо энг яхшилар қаторида юришга интиладиган, барча совринларга эга бўлишни кўзлайдиган клубда тўп сураётганим ҳам иштиёқни бир маромда ушлаб туришимни тақозо этади.
- Ўтган мавсумдаги ғалабалардан сўнг бўлажак чемпионат «Мадрид» учун анча оғир кечмасмикан?
- Менимча, йўқ. Тўғри, бу борада фақат ўзим учун жавоб бераман - олға юришдан тўхтамасликни мақсад қилганман, айни пайт мавсумолди тайёргарлиги бошлашни интиқ ҳолда кутяпман, тўлиқ куч билан ишлашга тайёрман. Ғалаба онларидаги ҳиссиётларни яна-яна туйишни хоҳлайман ва ўйлайманки, янги мавсум жамоамиз учун охиргисидан-да омадлироқ кечади. Бундай ишончнинг боиси шуки, ҳар қандай вазиятда ҳам, ғалаба қозонишдан чарчамаймиз. Клуб бунга сира йўл қўймайди, мухлислар ёндашуви ҳам. Тўғри, ғалабалар тез унутилади, аммо сен йил давомида ҳеч нарса ютолмасанг, ўз салоҳиятингга нисбатан шубҳалар туғилади - энг ёмони шу. Демакки, озгина бўшашишга ҳам ҳаққимиз йўқ. Бошқача айтганда, улкан зафарлар йўлида бор имкониятларни ишга солишимиз, умумий ёндашувни бир маромда сақлаб туришимиз шарт. Чунончи, тушунарлики, ғалаба умрбод давом этмайди ва ҳозир жамоамиз кучли экан, нега энди зафарларни зафарларга уламаслигимиз керак?
- Ротация сиёсати сизни ҳам четлаб ўтмади. Зеро, аъло даражадаги спорт формасига эга бўлгунингизга қадар тўлиқ 90 дақиқа барқарор тўп суролмасдингиз. Балки айнан ротация туфайли ҳам мавсумни кўнгилдагидай тугатгандирсиз...
- Бу фикрга қўшилиш мумкин, қайсидир маънода. Тан оламан, мавсум давомида баъзи ўйинларни ўтказиб юборганим финиш маррасига яқин вақт тетик бўлишимга кўмак берди. Умуман, бу масалада мураббий ва маъмурлар билан кўп гаплашдим, жисмоний тайёргарлик мутахассисларининг спорт формасини яхшилаш бўйича берган кўрсатмаларига тўлиқ амал қилдим. Шунингдек, ҳеч нарсадан ортиқча безовталанмадим, чунки клубнинг барча ходимларига ишонаман.
- Айниқса, Кардифф финалида қойилмақом даражада тўп сурдингиз.
- Ҳа, ҳаммаси ўхшади. Мисол учун, вазиятлардан бирида тўпни олиб қўйиб, Карвахалга узатдим ва у қайта ўзимга берди. Шунда бундай имкониятдан унумли фойдаланиш зарурлигини тушуниб, дарҳол Криштиану томон кескин узатмани амалга оширдим, ўша ҳужум нима билан тугагани барчага аён.
- Қизиғи, бошида бундай ротация муваффақият келтиришига ишонмаслигингизни айтгандингиз. Воқеаларнинг омадли ривожидан сўнг фикрингиз ўзгардими?
- Дарҳақиқат, кенг ротациянинг самара келтиришига шубҳам бор эди: гоҳ ўйнайсан, баъзида ўйнамайсан ва нималарнидир ўтказиб юборасан... Аммо Зидан якунда ўз ғояси иш беришини исботлади - айнан ротация туфайли совриндор бўлдик. Жамоа тўғри ротацияга нечоғли эҳтиёж сезишини энди тўлиқ тушундим. Ёқимли томони, барча ўйинчилар ғалабага ўз улушларини қўшишдики, бу ҳам аҳилликни мустаҳкамлади.
- «Мадрид»да худди Хорватия термасидаги каби 10-рақам остида тўп суришни хоҳлармидингиз?
- Бундай саволга бир неча йил аввал «Ҳа» жавобини берардим, ҳозир эса рақамлар аҳамияти йўқолган. Хусусан, менга 19-рақам ҳам ёқади ва уни ўзгартиришдан маъно кўрмаяпман.
- Худди Озил ва ди Мария каби «Реал Мадрид»дан ўз ихтиёрингиз билан кетишингиз ҳам мумкинми?
- Эҳ, «Мадрид» билан хайрлашиш осон эмас. Ахир бу клубдан кетишинг пастга шўнғиш ҳисобланади. Тўғри, кетганларда шунга яраша сабаблари бор, лекин мен бундай йўл тутиш фикридан йироқман. Футболда умумий вазият тез ўзгарса-да, жамоада қолиш учун ҳар нарсага тайёрман.
- Чиндан ҳам, «Мадрид»дан кетиш мушкул, бироқ жамоада мустаҳкам жой олиш ундан-да қийин. Янги мавсумда таркибга Льоренте, Эрнандес ва Вальехо каби ёш иқтидорлар қўшиладилар. Агар ихтиёр сизда бўлганида, яна қайси трансферларни амалга оширишни хоҳлардингиз ёки ҳозиргидан кучлироқ таркиб тузиш имкони йўқми?
- Аниқ гап айтиш қийин. Клуб сўнгги йилларда бир қатор ёш футболчилар билан шартнома тузиб, келажак учун мустаҳкам пойдевор яратди. Ўзи ҳозирги жамоани янада кучайтиришга қодир футболчини топиш ва уни таклиф этиш осон эмас. Умуман, жамоага нима кераклигини раҳбарлар ва мураббийлар билишади - улар қабул қилган қарорларни тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз.
- Айни пайт оғир мавсумолди йиғинларида зиммангизга тушадиган юкламаларни кўтаришга тайёрмисиз? «МЮ», «Барселона» ва «Манчестер Сити»га қарши кечадиган назорат ўйинлари, кейин 2та суперкубок баҳси. Мавсум стартига қадар етарлича майдонга тушасизлар...
- Албатта, машғулотлар жараёни енгил бўлмайди. Ҳаммамиз олдинда ўтган йилдагидан ҳам оғирроқ мавсумолди учрашувлари кутиб турганини яхши англаб турибмиз. Аммо ишимиз шу ва барчасини босиб ўтиб, янги мавсумга мукаммал тарзда тайёргарлик кўришимиз лозим. Бир томондан, мавсум арафасида мураккаб учрашувлар орқали синовдан ўтишимиз фойдалидир. Қолаверса, ҳар бир футболчи «МЮ» ёки «Барса»га қарши баҳсда майдонга тушишни истайди - булар беназир рақиблар.
- «Қаймоқранглилар» либосида ғалаба қозониш имкони юқорилигини қалбан ҳис қиласизми? Бошқача айтсак, майдонда клуб герби ҳам ёрдам берадими?
- Шубҳасиз, «Мадрид»нинг буюклиги алоҳида ишонч уйғотади: майдонга тушар экансан, ғолиблик ҳиссини туясан. Лекин муваффақият учун рамзнинг ўзи етарли эмас, аввало, ҳаракатларинг билан ғалабага муносиблигингни кўрсатишинг керак. Рақибларнинг бизга ҳурмат билан қарашлари тайин, улар шунинг баробарида «Реал»ни енгиш учун 200 фоиз куч сарфлашади. Жамоа рамзи эса буюк жамоада ўйнаётганингни эслатиб туради. Дейлик, «Реал Мадрид» ЧЛ ёки «Қирол кубоги» финалига чиқса, деярли ҳар сафар ғалаба қозонади. Мана, ЧЛни олайлик: «Реал» ўзи иштирок этган сўнгги 6та финалнинг барчасида кубок соҳибига айланди.
- Фаолиятингизни айнан «Мадрид»да тугатиш вариантига қандай қарайсиз? Умуман, неча ёшгача ўйнамоқчисиз?
- Очиғи, буни ҳозирча ўйлаганим йўқ ва аниқ муддатни айтолмайман. Аммо ҳозиргидек ишлаб, ўзимни назорат қилиб борсам, рақибларни ҳали кўп зериктирсам керак. Фаолиятимга «Мадрид»да нуқта қўйиш масаласига келсак, бу асосий орзум, аммо ҳаммаси ишларим қандай давом этишига боғлиқ. Тушунарлики, «Мадрид»да талаб жуда баланд ва унга жавоб бериш учун доимо энг юқори даражада бўлиш шарт. Бордию, буни уддадолмасанг, сенга нисбатан шубҳа туғилади. Қайтараман, агар ҳозиргидек ишласам, яна кўп йиллар аъло савияда ўйнашим аниқ.
- Якунда Мамич билан боғлиқ можарога ойдинлик киритсангиз...
- Ўта мураккаб ва ноқулай вазият, аммо виждоним тоза. Бу мавзуда бошқа гапиришни истамайман. Ҳаммаси анча йиллар аввал содир бўлган, ҳозирги воқеаларни кузатиш эса оғир. Ҳаётимда кўплаб муаммоларга учрадим ва ишончим комил, бунисини ҳам енгиб ўтаман. Ҳаммаси тез орада ижобий якун топишига ишонаман.
- Хўш, миллий терма жамоангиз ҳақида нима дея оласиз?
- Ҳозирча бир тўхтамга келганим йўқ, кўрамиз. Айни пайт бор эътиборим мавсумолди тайёргарлигига қаратилган.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).