Давралар оралиғида Олий лига клубларида юз берган ўзгаришлар билан танишинг.
"Локомотив"
«Темирйўлчилар» мамлакат кубоги чорак финал доирасида «Бухоро»га қарши кечган жавоб ўйинидан кейиноқ тикланиш машқларига киришишди. Машғулот аввалида футболчилар енгил югуришди. Чигалёзди жараёни якунига етгач, тўп билан ишлашга ўтилди. «Бухоро» билан учрашувда иштирок этган футболчилар нисбатан енгилроқ машқлар билан чекланган бўлсалар, қолганларга тўлиқ ҳажмда юклама берилди. Таркибдаги ўзгаришларга келсак, «Ал-Сайлия» (Қатар) клуби билан шартномаси муддати ниҳоясига етган Санжар Шоаҳмедов айни пайт озод агент мақомида ва «Локомотив» машғулотларида иштирок этмоқда. Аммо унинг иккинчи даврани «темирйўлчилар» таркибида бошлаши аниқ эмас. Шунингдек, биринчи даврада «Сўғдиёна» таркибида бўлган Сарвар Каримов ҳам «Локомотив» машғулотларида кўриниш берди. Давралар оралиғида «Навбаҳор» сафига қўшилгани айтилган дарвозабон кутилмаганда, «лочинлар» билан хайрлашди. Хуллас, Каримов куни-кеча «Локомотив» ёшлар жамоаси таркибида «Шўртан»га қарши баҳсда майдонга ҳам тушди.
«Қўқон-1912»
Ёзги танаффусда жамоа таркибида бир қатор ўзгаришлар юз берди. Хусусан, Музаффар Абдуллаев, Руслан Мелзитдинов ва Собир Ҳамидов «Қўқон-1912» билан хайрлашишди. Табиийки, улар ўрни янги кучлар ҳисобига тўлдирилди. Дейлик, Қувондиқ Рўзиев қўқонликлар сафига қайтди. «Обод»даги ёрқин ўйинлари орқали мутахассислар назарига тушган Дониёр Ҳасанов ҳам Нўъмон Ҳасанов жамоасини танлади. Маълум вақт «Динамо» кўригида қатнашган Андрей Сидоровнинг яна «Қўқон-1912» либосида майдонга тушиши аниқ. Клуб мутассаддилари мавсумнинг иккинчи қисмига киришишдан аввал Қўқондаги «Марказий» стадионида таркибга жалб этилган янги футболчиларни оммага расман таништиришди. «Қўқон спирт» АЖ бошқарув кенгаши раиси вазифасини бажарувчиси И.Абдуллаев, жамоа раҳбарлари, мураббийлар, футболчилар ва мухлислар иштирок этган ушбу шоу-тадбир аввалида Қувондиқ Рўзиевга 70 ҳамда Дониёр Ҳасановга 14-рақамли футболка тақдим этилди. Шундан кейин «Марказий» аренасида биринчи лига карвонбошиси «Цементчи»га қарши назорат учрашуви бўлиб ўтди. Ўйиннинг 12-дақиқасида қувасойликлар аъзоси Абдулазиз Юсупов ҳисобни очгач, мезбонлар шиддатни оширишди. Лекин илк бўлимда олий лига вакилининг ҳисобни тенглаштиришга бўлган уринишлари зое кетди. Ниҳоят, 75-дақиқада Ойбек Рустамов қувасойликлар дарвозасини нишонга олиб, дуранг натижани таъминлади. Дарвоқе, учрашувда «Қўқон-1912»нинг собиқ аъзолари - Маъруф Зокиржонов ва Ойбек Нурбоев «Цементчи» шарафини ҳимоя қилишди.
«Қўқон-1912» (бошланғич таркиб): И.Абдуллаев, Н.Отақўзиев, И.Раҳимов, О.Рустамов, А.Маматхўжаев, А.Раҳмонов, М.Раҳимов, И.Маликжонов, И.Охунжонов, Д.Мелиқўзиев, М.Содиқжонов.
«Насаф»
«Қўқон-1912»га қарши кечган Ўзбекистон кубоги чорак финали жавоб учрашувидан кейин қаршиликлар пойтахтга йўл олишди. «Локомотив» билан бўладиган кубок ярим финали учрашувига тайёргарлик айнан Тошкент шаҳрида олиб борилмоқда. Эслатма, «Локомотив»га қарши ўйин эртага бўлиб ўтади.
«Пахтакор»
Пойтахт клуби Туркиядаги йиғини чоғида навбатдаги назорат беллашувида мағлубиятга учради. «Шерлар» Саудия Арабистонининг «Ал-Иттифоқ» клуби билан илк бўлимда тенгма-тенг кураш олиб боришди. Бироқ танаффусдан сўнг саудияликлар 3та тўп киритишди.
«Пахтакор»: А.Лобанов, В.Козак, М.Симич, Ш.Аъзамов, Д.Ҳошимов, А.Аҳмедов, Т.Безерра, С.Нуруллаев, Д.Иброҳимов, Г.Канюк, И.Сергеев.
Захирадан майдонга тушганлар: Ж.Искандеров, Ш.Каримов, З.Ўринбоев, А.Исматуллаев, К.Тожиев.
30 июль куни эса «Пахтакор» Туркия 2-лигаси қатнашчиси - «Истанбулспор»га қарши майдонга тушди ва 0:1 ҳисобида имкониятни бой берди.
«Пахтакор»: Э.Суюнов, И.Йўлдошев, Ш.Аъзамов, К.Тожиев, Ҳ.Алижонов, А.Исматуллаев, Ж.Юсупов, Ж.Искандеров, Ж.Яхшибоев, Ж.Ҳакимов, З.Ўринбоев.
Захирадан майдонга тушганлар: Д.Иброҳимов, Б.Содиллаев, Ж.Эрмаматов, А.Аҳмедов.
Шу ўринда айтиш жоиз, «Пахтакор» мутасаддилари «Майдонга чиқ» акциясини эълон қилишди. Унда 6 ёшдан 11 ёшгача фарзанди бор ота-оналар иштирок этишлари мумкин. 22 нафар ғолибнинг фарзанди 12 август куни ўтказиладиган «Пахтакор» - «Нефтчи» учрашувида футболчиларни майдонга бошлаб тушади. Бу имкониятдан фойдаланиш учун қуйидагиларни амалга ошириш талаб этилади:
- info@pakhtakor.uz электрон почтасига «Бола футболчини бошлаб тушади» сарлавҳаси билан хат жўнатиш.
- хатда боланинг тўлиқ исм-шарифи, сурати, бўйи, ёши, кийим ўлчови ва ота-онасининг телефон рақамини кўрсатиш.
Эслатма: конкурсда ўғил болалар билан бирга қизлар ҳам иштирок этишлари мумкин. Мактублар 6 августгача қабул қилинади.
«Бухоро»
Мавсумнинг биринчи қисмини «Динамо» (Самарқанд)да ўтказган Жавоҳир Қаҳрамонов энди «Бухоро» шарафини ҳимоя қилади. 21 ёшли футболчи ҳуқуқий жиҳатдан «Бунёдкор»га тегишли. Умуман олганда, жамоани иккинчи даврага ҳар томонлама пухта ҳозирлашни ўйлаган Улуғбек Бақоев танаффус чоғи таркибни маҳоратли ва иқтидорли футболчилар билан тўлдиришга ҳаракат қилди. Бош мураббий жамоанинг биринчи даврадаги иштирокидан келиб чиқиб, ҳимоя, ярим ҳимоя ва ҳужум чизиғида рақобатни янада кучайтириш мақсадида ўзи кўзлаб юрган футболчиларни таклиф этди. Хуллас, таркибни Алишер Санаев («Бунёдкор»), Алишер Саматов («Навбаҳор»), Тоҳир Шамсиддинов («Навбаҳор»), Азамат Алланиёзов («Қизилқум») ва Жавоҳир Қаҳрамонов («Динамо») билан тўлдирган Бақоев мавсумни юқори ўринларда якунлашни кўзламоқда.
«Бунёдкор»
26 июль куни «Бунёдкор» стадиони матбуот анжуманлари залида клубнинг 7 нафар янги футболчиси оммага таништирилди. Маросимда «Бунёдкор» бош директори Муроджон Алиев ва бош мураббийи Миржалол Қосимов ҳозир бўлишди. «Қалдирғочлар» давралар оралиғида ҳимоячилар - Анвар Ғофуров («Обод»), Исломжон Қобилов («Металлург»), ҳужумчилар - Воҳид Шодиев («Қизилқум»), Шоҳруз Норхонов («Обод»), ярим ҳимоячилар - Шоҳруҳ Гадоев («Бухоро»), Сардор Собирхўжаев («Шўртан») ҳамда дарвозабон - Суҳроб Султонов («Металлург»)ни ўз сафларига қўшиб олишди.
«Металлург»
Бекободликлар навбатдаги назорат учрашувини «Истиқлол» (Тожикистон)га қарши ўтказишди. Бироқ «Металлург»нинг ўйини бу сафар унча қовушмади. Шунинг учундир, мураббийлар штаби танаффусдан сўнг асосий таркиб аъзолари ўрнига ёш, ғайратли футболчиларни туширди. Тўғри, бутун ўйин давомида ҳудудий устунлик «Металлург» томонида бўлди ва ҳисоб ҳам шунга яраша 17-дақиқада очилди: Жаҳонгир Абдумўминовнинг ажойиб тўп оширишидан сўнг Ислом Исоқжонов рақиб дарвозабони билан яккама-якка вазиятга чиқиб, имкониятни қўлдан бой бермади - 1:0. Шундан кейин ҳам бекободликларда бир қатор имкониятлар туғилди. Бироқ уларга якунловчи паллада совуққонлик етишмади. «Истиқлол» эса сўнгги сонияларгача курашдан чекинмади ва ҳакам томонидан қўшиб берилган вақтда жавоб голини йўллади - 1:1.
«Металлург»: З.Сафаев, М.Сулаймонов, Ҳ.Ҳошимов, Д.Одилов, А.Ҳусинов, А.Нўъмонов, Ж.Абдумўминов, Ж.Эсонқулов, М.Тошматов, И.Исоқжонов, З.Абдуллаев.
Захирадан майдонга тушганлар: Т.Тўйчиев, М.Султонов, А.Тошқўзиев, Д.Каримқулов, М.Қаҳрамонов, С.Қодирқулов, А.Зиёвуддинов, Х.Сатторов, Ж.Аҳмедов.
Табиийки, иккинчи давра бошланиши арафасида «Металлург» таркибида ҳам қатор ўзгаришлар кузатилди. Жамоа бошлиғи Шавкат Саидов клуб расмий сайтига бу борада алоҳида маълумот берди: «Таркибда жиддий ўзгаришлар бўлаётгани бор гап. Асосий дарвозабон Суҳроб Султоновга бир неча йиллардан буён ўз олдига катта мақсадларни қўядиган жамоалардан таклифлар тушаётганди. Давралар оралиғида уни шундай клублардан бири - «Бунёдкор»га кузатиб қўйдик. Сал аввалроқ марказий ҳимоячиларимиздан икки нафари билан хайрлашгандик. Бизда ижара асосида ўйнаган Ислом Қобилов трансфер ҳуқуқи «Бунёдкор»га тегишли ва тошкентликлар уни ортга қайтаришни лозим топишди. Ислом каби U-22 терма жамоаси сафида Осиё чемпионати саралаш баҳсларида муваффақиятли қатнашган Достонбек Турсунов эса иккинчи даврани ўз вилояти бош жамоаси - «Нефтчи»да ўтказишни хоҳлади. Фарғона клуби уни ярим йил муддатга ижара келишуви бўйича олди. Биринчи даврада деярли ўйин амалиётига эга бўлмаган Вусол Магерамов «Олмалиқ», Дониёр Исмоилов эса «Динамо» (Самарқанд)да айнан ижара асосида тўп суришга рухсат сўрашди. Шунингдек, Камронбей Кападзе, Фарҳод Намозов, Темур Усмонов билан дўстона хайрлашдик. Аммо мухлисларимиз хавотирга тушмасинлар. Айни таркибимиз билан ҳам ижобий натижаларга эришамиз, менимча. Қолаверса мураббийларимиз таркибни кучайтириш устида изланишяпти. Жумладан, «Обод»дан универсал ҳимоячи Аброр Ҳусиновни жалб этдик. Мазкур жамоанинг яна бир етакчиси саналган ярим ҳимоячи Дониёр Ҳасановнинг трансфер ҳуқуқи ҳам «Металлург»га тегишли. Яъни у билан шартнома тузганмиз. Аммо баъзи сабабларга кўра, Дониёр жорий мавсумнинг иккинчи ярмини «Қўқон-1912»да ўтказади, албатта, ижара асосида. Шунингдек, «Бунёдкор» тарбияланувчиси Жавоҳир Эсонқулов ҳам «Металлург»нинг тўлақонли аъзосига айланди. Асли «Металлург» тарбияланувчилари - Зуфаржон Акбаралиев ва Сирож Тошпўлатов биринчи лигада маҳорат ошириб, сафимизга қайтишди. Ёшлар таркибидан ҳам бир қатор иқтидорли ўйинчиларни «асосий»га чорлаш фурсати етди, деб ўйлайман. Иккинчи даврада бунга ўзингиз гувоҳ бўласиз».
«Машъал»
Тошкент шаҳрида йиғинни давом эттираётган Муборак клуби Тожикистоннинг «Истиқлол» жамоаси билан куч синашиб кўрди. Биринчи бўлиб ҳисобни очган меҳмонлар ҳимояга «ётиб» олишди. Аммо таркибида бир қатор ёш ва тажрибали футболчиларни жамлаган «Машъал» якунда мувозанатни тиклади. Аниқроғи, 9-дақиқада урилган голга иккинчи бўлим бошида Никита Павленко жавоб қайтарди. Ўйин «Машъал»нинг ғалабаси билан тугаши ҳам мумкин эди, бироқ Сардор Раҳмонов 2та пенальтидан ҳам фойдаланолмади.
«Машъал»: Ж.Илёсов, А.Шодмонов, С.Раҳмонов, А.Агалиев, А.Бегимқулов, М.Камолов, В.Павленко, Ш.Шайманов, А.Олимов, Ҳ.Муртазоев, К.Тўраев.
Захирадан майдонга тушганлар: Р.Давронов, Н.Павленко, З.Тўраев, И.Тиманюк, У.Матмусаев, И.Шойқулов, Ж.Мирзақулов, С.Мелиев, З.Қўзибоев.
Шунингдек, «газчилар» «Андижон»га қарши назорат баҳсини ҳам ўтказишди. Унда Зоҳир Қўзибоев ва Ҳумоюн Муртазоевнинг голлари эвазига «Машъал» 2:0 ҳисобида устун келди.
«Динамо»
Бир ойлик танаффус чоғи Самарқанд жамоаси таркибида ҳам сезиларли ўзгаришлар бўлди. Жумладан, «Динамо» сафида ижара асосида тўп сурган Жавоҳир Қаҳрамонов («Бунёдкор»), Абдужамол Исроилов, Дамир Низанов («Нефтчи») жамоа билан хайрлашишди. Ярим ҳимоячи Омаджон Тойлоқовга ҳам жавоб берилди. Улар ўрнига янги футболчилар билан шартнома имзоланди. Хусусан, «Пахтакор» клубидан черногориялик ҳимоячи Аднан Ораховац таклиф этилди. Қолаверса, «Олмалиқ» вакили Муҳаммад Исаев ва «Металлург» аъзоси Дониёр Исмоилов сингари ярим ҳимоячилар иккинчи даврада «Динамо» шарафини ҳимоя қилишади - улар билан ижара келишуви тузилди. Пойтахт йиғинида жамоа машғулотларида иштирок этишган Андрей Сидоров ва Артём Макарченконинг ҳаракатлари эса мураббийларга маъқул келмади.
«Навбаҳор»
Наманган жамоаси аъзолари клуб базасида тўпланишиб, машғулотларнинг якуний босқичини бошлашди. Таркибга «Бунёдкор»дан дарвозабон Дилшод Ҳамроев қўшилган эди. Айнан шу сабаб, Тошкент йиғинида кўрикда қатнашган бошқа посбон - Сарвар Каримов бу сафар чақирилмади. Ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионати-2016 финал босқичи қатнашчиси Остон Ўрунов ҳам Илҳом Мўминжонов шогирдлари қаторидан жой олди. 2000 йилнинг 19 декабрь санаси туғилган иқтидорли ярим ҳимоячи «Пахтакор»дан жалб этилди. Ярим ҳимоячи ўтган йили Ҳиндистонда ўтказилган Осиё чемпионати доирасидаги 4та учрашувда асосий таркибда майдонга тушганини қўшимча қилиш жоиз. Бундан ташқари, Саиджон Абдужабборов (08.07.1992) наманганликлар сафини тўлдириши мумкин. Ушбу футболчи Тошкентдаги машғулотлар якунида таркибга қўшилганди. Жамоанинг Намангандаги йиғини 30 июлга қадар давом этди. Бу вақт оралиғида футболчилар биринчи лига вакили «Ёзёвон Лочинлари»га қарши назорат учрашувида майдонга тушишди. Мухлислар 33-дақиқада дастлабки голга гувоҳ бўлишди: Ойбек Қиличев жарима зарбасини аниқ амалга ошириб, ҳисобни очди. 56-дақиқада эса Неманья Йованович иккинчи голга муаллифлик қилди. Учрашувнинг якуний қисмида эса Дониёр Усмонов чап қанотдан жарима майдончасига ёриб кириб, ўткир бурчакдан аниқ зарба йўллаш асносида «Навбаҳор»нинг йирик ҳисобда ғалаба қозонишини таъминлади.
«Навбаҳор»: А.Омонов, А.Отахонов, Ж.Меҳмонов, Ғ.Комилов, М.Ғофуров, А.Махсталиев, Д.Жабборов, А.Алиев, А.Турғунбоев, О.Қиличев, Н.Йованович.
Захирадан майдонга тушганлар: Д.Ҳамроев, Д.Усмонов, О.Ўрунов, Р.Аҳмедов, И.Бойдедаев, Р.Хурсанов, С.Абдужабборов.
Дарвоқе, «Навбаҳор» футболчилари аввалги ҳафта тиббий кўрикдан ҳам ўтишди.
«СўҒдиёна»
Диёр Файзиев шогирдлари «Шўртан»га қарши назорат учрашувида майдонга тушишди. Бу ўйин Эдгар Гесс бошқарувидаги Ғузор клубининг 4:2 ҳисобидаги ғалаба билан якунланди. Жиззахликларнинг голларига Шоҳруҳ Достонов ва Иззатилла Абдуллаев муаллифлик қилишди.
«Сўғдиёна» (биринчи бўлим): 99. Ш.Абдуллаев, 55. С.Қаҳҳоров, 91. Ж.Гусейнов, 4. Э.Орипов, 47. Ш.Жалилов, 8. С.Қобилов, 92. У.Қодиров, 77. С.Эминов, 18. Қ.Баҳодиров, 15. И.Абдуллаев, 11. Ш.Достонов.
Иккинчи бўлим: 16. М.Абдуллаев, 4. Э.Орипов, 55. С.Қаҳҳоров, 59. С.Жўраев,13. Р.Аъзамов, 14. Ғ.Умиров, 3. А.Исроилов, 10. А.Маҳмудов, 7. С.Рашидов,15. И.Абдуллаев,11. Ш.Достонов.
Дарвоқе, шу куни Ихтиёр Тошпўлатов ва Сардор Қулматов кичик жароҳат сабаб, майдонга тушолмадилар. Айнан ғузорликлар билан кечган ўйиндан кейин «Сўғдиёна» аъзолари 2 кунлик таътилга чиқишди. 29 июлдан эса футболчилар жамоа қароргоҳида йиғилишди ва чемпионатга тайёргарликни давом эттиришмоқда. Биринчи давра якунида «Сўғдиёна» дарвозабонлар мураббийи Шавкат Абдухўжаев истеъфога чиқарилган эди. Бўшаб қолган лавозимда Игорь Михайлов иш бошлади. У 1980 йилнинг 24 февралида туғилган. Футболчилик фаолияти давомида Тошкент вилоятининг «Дўстлик», «Тараз» (Қозоғистон), «Динамо» (Самарқанд), «Қизилқум» (Навоий), «Андижон» клублари дарвозасини қўриқлаган. Шунингдек, «Обод» клубида дарвозабонлар мураббийи сифатида фаолият олиб борган.
Шу ўринда айтиш жоиз, «Сўғдиёна» 7 нафар футболчи билан шартнома тузди: Музаффар Абдуллаев («Қўқон-1912»), Ширинбой Абдуллаев («Обод»), Жавлон Гусейнов («Чаинат Хорнбилл», Таиланд), Сардор Қаҳҳоров («Обод»), Шерзод Жалилов («Обод»), Ғайрат Умиров («Обод»), Умид Қодиров («Нефтчи»). 26 июль куни ушбу футболчилар Республика спорт тиббиёти илмий-амалий марказида кўрикдан ўтишди. Демак, уларнинг «Сўғдиёна» шарафини ҳимоя қилишлари аниқ. Сўнгги хабарга қараганда, янги мураббийлар штаби ҳимоячи Рустам Аъзамов билан дўстона хайрлашишга қарор қилди.
«Шўртан»
Тошкент йиғини доирасида Ғузор клубига «Сўғдиёна» рақиблик қилди. Қизиқарли ва кескин курашлар остида кечган учрашувда «оқ бўрилар» янги бош мураббий - Эдгар Гесс бошқарувида ишончли ғалабага эришишди - 4:2. Жамоа голлари Жасур Холтўраев (2та), Игорь Таран ва Отабек Нарзуллаев номига ёзилди.
«Шўртан»: А.Туробов, Ж.Отақулов, Р.Мелзитдинов (О.Жўрабоев, 48), О.Нарзуллаев, Ҳ.Эргашев, Л.Убайдуллаев (О.Каримов, 54), М.Муродов (Е.Кочнев, 55), А.Омонов (М.Сафаров, 65), С.Мамадалиев, Ж.Холтўраев (Д.Хушбаков, 69), И.Таран.
Эдгар Гесс шогирдлари шунингдек, «Обод»га қарши назорат баҳсини ҳам ўз фойдаларига ҳал қилишди - 2:1.
«Обод»
Биринчи давра аутсайдери айни пайт назорат учрашувларига зўр бермоқда. «Обод» ўринбосарлари Тошкент шаҳар чемпионати иштирокчиси - «Намуна» билан куч синашган бўлсалар, асосий таркиб «Шўртан»га қарши майдонга тушди. Ёшлар рақибни 6:0 кўринишида мағлубиятга учратишди. Бош жамоа эса гарчи ўйинда ҳисобни очган бўлса-да, якунда мағлубиятга учради - 1:2.
«Нефтчи»
Ўзбекистон кубоги чорак финали доирасида «Бунёдкор»га қарши кечган жавоб учрашувидан сўнг фарғоналик футболчиларга қисқа таътил берилди. Жамоа вакиллари энди иккинчи давранинг илк турига тайёргарликни яна Қиргулида давом эттиришади. Жамоавий ўйинни шакллантиришга эътибор қаратаётган Вадим Абрамов «Шўртан»га қарши баҳсгача битта «ўртоқлик» ташкиллашни режалаштирган. Рақиб ҳам тайёр - биринчи лига етакчиси Қувасойнинг «Цементчи» клуби. Ушбу ўзаро назорат ўйини бугун Фарғонадаги «Истиқлол» стадионида бўлиб ўтади.
«Андижон»
Биринчи лига вакили давралар оралиғида бир қатор футболчилар билан хайрлашди. Бу ҳақда клуб расмий сайти хабар тарқатди. Хусусан, жамоани Лочин Долимов, Баракатилло Исроилов, Абдукарим Муҳамедов, Аҳрор Ўктамов, Фаррух Шотурсунов, Акбар Хўжаев, Абдурасул Комилов, Кемран Нажафалиев, Муҳаммадюсуф Абдумажидов, Санжар Асқаралиев, Мансур Мақсудов ва Шаҳзод Каримов тарк этишди. Янги футболчилар сафи ҳам анча кенг: Элдор Исабоев, Акмал Ортиқов, Ҳамза Каримов, Сирож Ҳамроев, Фурқат Ҳасанбоев, Акмал Холматов, Рафиқ Каримов, Фирдавс Асадов, Равшан Асланов ва Собир Ҳамидов.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).