Бугун, 27 сентябрь куни Миллий Олимпия Қўмитасининг анжуманлар залида Ўзбекистон Футбол Федерациясининг янги сайланган президенти Умид Аҳмаджонов иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Матбуот анжуманида, шунингдек, ЎФФ вице-президенти Шоакром Исроилов, МОҚ Бош котиби Ойбек Қосимов ҳамда ЎФФ Ижроқўмининг аъзолари Рустам Қурбонов ва Мурод Алиев иштирок этишди. Матбуот анжумани аввалида Умид Аҳмаджонов ЎФФнинг бўлажак режалари, кутилаётган натижалар ҳақида сўзлади.
“Ассалому алайкум ҳурматли ОАВ вакиллари! Бугун федерациянинг ҳисобот сайлов конференцияси ўтганига 15 кун тўлди. Шу вақт ичида биз Ўзбекистон футболининг 2018-2022 йилларга мўлжалланган ривожлантириш дастурини охирги бобини ёзиб битирдик. Унда кейинги 4 йил ичида қилиниши керак бўлган энг муҳим масалалар акс этади. Бизнинг ишчи гуруҳимиз ушбу дастурнинг лойиҳасини сизга танишиб чиқиш учун тақдим этаяпти.
Қисқача қилиб айтишим мумкинки, Ўзбекистон Футбол Федерацияси катта ислоҳотлар остонасида турибди. Ислоҳотларни амалга ошириш гуруҳи ишни бошлаш учун қулай нуқта – устувор масалаларни аниқлаб олган бўлиб, биз футболни кўтариш учун ана шу нуқтадан янги манзил сари йўлга тушамиз.
Устувор масалалар ҳақида биз жамоатчиликка хабар бердик. Лекин, бугун мен бу масалаларни яна бир бора алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман.
Биринчиси, миллий терма жамоага бош мураббий тайинлаш масаласи бўлиб, ҳозирда ушбу жараён давом этаяпти.
Иккинчиси, келишилган ўйинларга қарши курашишни янги босқичга олиб чиқишдан иборат. Бунинг учун Ўзбекистон Футбол Федерациясида янги жамоа иш бошлаяпти, деб бугун мен бемалол сизга айта олишим мумкин.
Учинчиси, футболимиздаги таниш-билишчилик ва уруғ-аймоқчилик каби иллатларга қарши курашишдир. Мен тўғри тушунаман, агарда бу спортчилар оиласи бўлса ва улар ҳақиқатан ҳам ўз жойларига муносиб бўлишса, марҳамат. Лекин, шундай ҳолатлар борки, бу футболимизнинг илдизига болта уради. Биз мана шундай ғирромлик ва қинғирликдан тозалаш учун алоҳида мутахассислар гуруҳини жалб қилдик.
Тўртинчиси, федерация ишини шаффофлаштиришдир. Бу билан биз ишқибозларнинг федерацияга бўлган ишончи ва ҳурматини қозонишни ният қилганмиз. Чунки, биз учун халқнинг федерация ҳақидаги фикри жуда муҳим. Ҳаммага ёқишнинг иложиси йўқ, лекин салбий фикрларни йўқотиш учун бор имкониятимизни ишга соламиз.
Бешинчиси, чипталар савдосини ислоҳ қилиш қилиш бўлиб, бунда биринчи рақамли вазифа электрон чипталар савдосини йўлга қўйишдир. Айнан шу йўл орқали чипталарнинг олиб-сотарлар қўлига ўтиб кетишига қарши курашиш бугунги куннинг устувор вазифаларидан биридир.
Бундан ташқари:
– болалар ва ўсмирлар футболини ривожлантириш,
– мураббийлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини тубдан ислоҳ қилиш,
– олий лига ва биринчи лига мусобақаларининг савиясини ошириш,
– миллий терма жамоани 2022 йилги жаҳон чемпионатига олиб чиқиш,
– Ўзбекистон Футбол Федерациясини Осиёнинг энг яхши федерацияларидан бирига айлантириш,
– барча жаҳон чемпионатларида иштирок этишга эришиш,
– оммавий футболни янги босқичга олиб чиқиш,
– бутун Ўзбекистон бўйлаб футбол ўйнашни янада оммалаштириш ва осонлаштириш, ишқибозларнинг стадионларга келиб ўйин томоша қилишлари учун зарур шароитларни яратиб бериш
каби бошқа вазифалар ҳам борки, буларнинг бари Ўзбекистон Футбол Федерациясининг ривожлантириш дастуридан ўрин олган.
Бугун дунё ахборот билан яшаяпти. Замонавий фуқаро бошланаётган кунини ҳам, тугаб бораётган кунни ҳам ахборот олиш билан ўтказади. Ахборот шу даражада муҳим омилки, унинг оқими тугаса ёки тўхтаб қолса, бўшлиқ юзага келади. Шу сабабли ҳам ахборотни ўз вақтида ва тўғри бериш жуда муҳим аҳамиятга эга. Ўзбекистон Футбол Федерацияси бундан кейин ҳам ахборот бўшлиғига қарши курашиш сиёсатини қўллаб-қувватлаган ҳолда ишлайди.
Ўзбекистон Футбол Федерацияси мамлакатимиз футболини янада кўтариш учун ўз олдига устувор вазифаларни белгилаб олди. Федерациянинг янги жамоаси 12 сентябрь куниёқ ана шу вазифалар устида катта кўламли ишларни амалга ошириб келяпти. Мен ҳозир катта ваъдалар беришга шошилмайман, фақатгина режаларимиз узоқ муддатга мўлжалланганини, қолаверса, мақсадларимиз жиддий эканлигини ишонч билан айта оламан. Биз ишқибозлар билан, халқ билан диалогга доим тайёрмиз ва қилинаётган ишларда уларнинг хоҳиш ва иродаларини ҳам инобатга оламиз”, – деди Умид Аҳмаджонов.
Умид Аҳмаджонов савол-жавобга ўтишдан аввал футболни ривожлантириш бўйича журналистлар фикрини эшитишга тайёр эканини, бу борада ЎФФ эшиклари ОАВ ходимлари учун доим очиқ экани маълум қилди. Шундан кейин ОАВ вакиллари ЎФФ мутасаддиларига саволлар беришди.
– Миллий терма жамоанинг муваффақиятсиз иштирокига ким жавоб беради? Бош мураббийми, терма жамоалар марказими, халқаро бўлимми? Бунинг жавобгарлиги қанақа бўлади?
Ушбу саволга ЎФФ ижроқўми аъзоси Рустам Қурбонов қуйидагича жавоб берди:
– Жавобгарликни ким бўйнига олишини 12 сентябрь куни бўлиб ўтган сайлов-ҳисобот конференциясида кўрдингиз. Терма жамоа мураббийлар штабидан ташқари ЎФФ раҳбарияти ҳам тўлиқ янгиланди. Янги раҳбарият федерацияни аудит қилмоқда. Бу ерда молиявий масалалардан ташқари кадрлар ва штатлар масаласи кўриб чиқилмоқда деганидир.
– Ҳисобот-сайлов конференциясида президентдан ташқари уч нафар вице-президент тайинланди. Лекин уларнинг уччаласи ҳам ҳукумат даражасидаги инсонлар ва 24 соат давомида футболни ўйлаш имкониятига эга эмас. Сиз федерацияда бўлмаганингизда ёки сафарда бўлганингизда биринчи ёрдамчингиз ким бўлади? Ким ўша пайтда футболни бошқаради?
– Шоакром Холматович биринчи вице-президент ва менинг биринчи ёрдамчим бўладилар. Улар Ўзбекистон Давлат Жисмоний тарбия институтидан кетдилар ва эндиликда ЎФФда ишлайдилар. Янги лавозимлар жорий қилинганидан кейин футболни яхши тушунадиган маслаҳатчилар ҳам тайинлаймиз. Терма жамоага бош мураббийни тайинлаш бўйича ҳам махсус комиссия тузилади. Аввал мураббийни бир киши тайинлаган бўлса, ҳозирда бу ишни клубда ишлайдиган бир неча нафар мураббийдан ташкил топган комиссия аъзолари бажаради. Селекция ишларига ҳам мураббийлар ёрдам беради. Бундан ташқари, биз Ижроқўм аъзолари билан келишган ҳолда ҳар ойда йиғилиб, муаммоларни ҳал қилишга ҳаракат қиламиз.
– Саволим иккита. Биринчиси: Цюрихдаги сафар давомида ФИФА президентига Ўзбекистонда халқаро мусобақалар ўтказиш бўйича таклифлар билдирдингиз. Ушбу мусобақалар қачон бўлиб ўтиши режалаштирилмоқда? Янги стадионлар қуриладими? Иккинчиси: миллий терма жамоа бош мураббийлигига қайси номзодлар кўриб чиқилмоқда?
– Цюрихдаги сафарда футболни янада ривожлантириш ва оммавийлаштириш борасида нафақат халқаро мусобақалар, балки ФИФА Конгрессларини ҳам Тошкентда ўтказиш бўйича таклиф билан чиқдик. Айни вақтда бу борада иш олиб борилмоқда. Жаноб Инфантинога ёшлар, ўсмирлар, аёллар ўртасидаги жаҳон чемпионатига 2022 йили мезбонлик қилиш таклифларини билдирдик ва улардан жавоб келгач бу ҳақда ҳам расмий ахборот берилади. Иккинчи саволга келсак, Миллий терма жамоа бош мураббийи ким бўлади деган савол кун тартибидаги долзарб масала. Биз бу борада иш олиб боряпмиз, терма жамоа бош мураббийларига номзодларни кўриб чиқяпмиз. Лекин музокаралар қоидасига кўра номзодлар ким эканини маълум қила олмаймиз. Якуний қарор қабул қилингач, ЎФФ расмий сайти орқали ахборот берамиз.
– Футболни янги босқичга олиб чиқамиз дедингиз. Чемпионат ва Биринчилик ўзбек футболида долзарб масалалардан бири саналади. Ўзбекистон Профессионал Футбол Лигаси катта ислоҳотларга муҳтож. ЎзПФЛ раҳбариятини ўзгартириш ҳақида ўйлаб кўрдингизми?
– Федерацияда бўлгани каби ЎзПФЛ ташкилий тузилмаси қайтадан кўриб чиқилмоқда. ПФЛнинг меъёрий ҳужжатларига тегишли ўзгартишлар киритилмоқда. Ҳозирги кунда ташкилот нуфузини кўтара оладиган янги мутахассислар гуруҳи жалб қилиняпти. ПФЛнинг молиявий томонини ташкил қилиш, ташкилотни халқаро талаблар асосида янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилмоқда. Бундан ташқари, дунёнинг кучли лигалари ташкилий тузилмаларини ўрганиб чиқиб, ўзаро тажриба алмашиш ва ҳамкорликни кучайтириш ишга туширилиши кўзда тутиляпти. ПФЛни, клубларни кучайтирсак, терма жамоа ҳам кучли бўлади. Бу устида катта ишлаб олиб борилмоқда. Жаноб Инфантино билан суҳбатда ПФЛ тузилмасини ўзгартириб, штатларини кўриб чиққандан кейин “Реал Мадрид” ва “Барселона” каби Европанинг номдор клубларига ПФЛ ходимлари ва мутахассисларини юбориш ва у ерда иш ўрганиш ҳақида муҳокамалар бўлди. Федерация ходимларини ҳам 10 кунга ФИФАга юбориб, уларнинг малакасини оширишни режалаштиряпмиз. Янги таркибий тузилма тўғрисида 10 кун ичида маълумот берамиз. Терма жамоага янги бош мураббий тайинланиши ҳақидаги маълумотни ҳам яқин 15–20 кун ичида тақдим этамиз. Бундан ташқари, федерацияда селекционерлар гуруҳи иш бошлади. Уларнинг иши нимадан иборат бўлади деган савол пайдо бўлади. Жавоб шуки, улар вилоятларга бориб, футболчиларни кузатади. Олдинга ўтиб шуни айтиш керакки, футболни ривожлантириш учун ҳар бир вилоятга алоҳида дастур ишлаб чиқилади.
– Федерацияда ишлаган шундай инсонлар борки, улар халқ орасида ўз обрўсини йўқотган. Бу инсонлар билдирилган ишончни оқлай олмади. Улар ҳамон ишлаяптими?
– Юқорида таъкидлаганимдек, ЎФФ ва унинг таркибий тузилмалари кўриб чиқилмоқда. Биз янги ходимларни танлов асосида саралаб оламиз. Федерацияда 90 фоиз ишчи алмашади.
– Келишилган ўйинлар футбол илдизига болта урадиган иллат. Бундан ПФЛ, олий лига ва терма жамоа жабр кўради. Бу борада қандай чора-тадбирлар режалаштирилган?
– Федерацияда хавфсизлик бўйича янги учта штат очилади. Бу лавозимларда хавфсизлик тизимида ишлаган ходимлар ишга олинади. Ҳар бир ўйиндан кейин ҳакамларнинг иши ҳам кўриб чиқилади. Келишилган ўйинларга қарши кураш бугунги куннинг устувор вазифалардан бири ҳисобланади. Келишилган ўйинларга қарши курашиш бўйича бўлим ва янги қўмита иш бошлайди.
– ЎФФдан ажралиб чиққан футзал ассоциацияси ишончни оқлаяпти. Футзал термаси жаҳон чемпионатига чиқди, Ашхободдаги Осиё ўйинларида кумуш медаль олди. Лекин аёллар ва пляж футболи ассоциациясида аҳвол яхши эмас. Миллий чемпионат ва Кубок ўйинлари ҳам тартибсиз ўтказилмоқда. Ҳатто ёпиқ спорт иншоотларида ўтадиган Осиё ўйинларининг илк чемпиони футзал бўйича аёллар терма жамоаси бу йил Ашхободда ўтган Осиё ўйинларида қатнашмади. Пляж футболи ҳақида эса гапирмаса ҳам бўлади. Ички мусобақалар ўтказилмаган ҳолда терма жамоамиз Жаҳон чемпионати саралаш ўйинларида сайёҳ сифатида қатнашиб келмоқда. Республикадаги ягона – Қарши шаҳридаги пляж майдони қаровсиз аҳволда. Шундай экан, ассоциация фаолиятини ЎФФ тасарруфига қайтариш чоралари кўриляптими?
– Футзал, аёллар футболи ва пляж футболи бўйича янги бошқарма очдик. Бу ишлар билан энди федерация шуғулланади.
– Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси Осиё чемпионати саралашидан ўта олмади. Жамоанинг ташкилий масалалари яхши йўлга қўйилмаган. Жамоа ўйинга 2 кун қолганида йўлга чиққан ва Жидда шаҳридан маҳаллий аэропортга улгурмай Ар-Риёддаги рейсга кеч қолган. Ваҳоланки, Жиддадан Ар-Риёдга ҳар ярим соатда рейс бор. Кейин эса, жамоа автобусда 12 соат йўл юриб, манзилига етиб борган. Таббийки, ёш футболчилар чарчаган. Бундан ташқари мезбон Саудия Арабистони ўз ўйинларини кечги вақтга белгилаган. Делегация раҳбари сифатида инглиз тилини билмайдиган одамни юбориш қанчалик тўғри?
– Делегация раҳбари инглиз тилини билмаса, у сафарга бориб нима қилади? Бундан буёғига халқаро бўлимда ва умуман федерацияда инглиз тилини биладиган мутахассислар ишлайди. Дилшод Нуралиевнинг аризасини ҳам олдик, у киши ишдан кетди. Кўп нарсага Дилшод Нуралиев сабабчи. Ҳар бир футболчини ҳам ўрганиб чиқяпмиз. Қаердан келган, нима учун бу мусобақага борган. Бундан кейин бундай ҳолатлар такрорланмаслиги учун бор имкониятларимизни ишга соламиз. Мусобақаларга эса, тил биладиган мутахассислар сафарда юборилади.
Матбуот анжумани тугаб борар экан, Миллий Олимпия қўмитаси Бош котиби Ойбек Қосимов янги раҳбарият ЎФФни кучайтириши ҳақида ўйлаётганини, аввалги раҳбарият эса кучли пойдевор яратгани ҳақида ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди.
– Умид Аҳмаджонов ЎФФ президенти этиб сайланганидан бери, 24 соат футболни қандай кучайтириш ҳақида кўп ўйламоқда. Мен бу инсонни жуда яхши биламан. Шу сабабли ҳам ишонч билан айтишим керакки, яқин вақт ичида Ўзбекистон Футбол Федерацияси ташкилот сифатида, футбол эса спортнинг энг оммавий тури сифатида янада ривожланади. Бундан ташқари, Ўзбекистон Футбол Федерациясининг олдинги президенти Мираброр Зуфарович 12 йил ичида жуда катта ишларни амалга ошириб, футболнинг кейинги тараққиётига кучли пойдевор қўйиб кетдилар. У киши томонидан қилинган ислоҳотларнинг самарасини ҳеч қайсимиз инкор қила олмаймиз ва келажак авлод Мираброр Усмоновни ўзбек футболидаги нодир шахс сифатида яхши хотирлашига шубҳа йўқ. Тўғри, миллий терма жамоа жаҳон чемпионатига чиқа олмади, лекин қолган барча терма жамоалар бир неча марталаб жаҳон чемпионатларининг доимий иштирокчисига айланди.
Умид қиламанки, миллий терма жамоа навбатдаги жаҳон чемпионатига чиқади ва бутун Ўзбекистон буни байрам қилади. Бу борада янги раҳбарият, янги жамоага омад ва муваффақият тилайман.
– Ўзбекистон миллий терма жамоаси ФИФА рейтингида пастламоқда. Аввал Осиёда кучли тўртталикда эди, ҳозир эса олтиталикда юрибмиз. Бунга сабаблардан бири ўртоқлик ўйинларини ташкил қилиб, уларни бекор қилишдир. Эндиликда ўртоқлик ўйинларини ким ташкил қилади? Ёки аввалги ходимлар – Шерзод Эгамбердиевга ўхшаган инсонлар ишлашда давом этадими? Яна бир таклифим, ПФЛ ўйинлари трансляцияси – “Спорт ТВ” билан ҳамкорликда ўйинларни онлайн намойиш қилинса, келишилган ўйинлар олди олинарди. Бу борада қандай ишлаб олиб борилмоқда.
– Келаси йили Индонезияда ёшлар ўртасида Осиё ўйинлари, 2019 йили Осиё Кубоги, бундан ташқари, 2020 йили Олимпия ўйинлари бўлиб ўтади. Жаҳон чемпионатидан олдина барча мусобақаларда юқори натижалар кўрсатиш режада бор. Ўртоқлик учрашувларига келадиган бўлсак, ФИФА билан маслаҳатлашиб, ҳам Осиё, ҳам Европа жамоалари билан ўртоқлик ўйини ўтказиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда. Мен сиз айтган инсон – Шерзод Эгамбердиев билан ҳали суҳбатлашмадим ва якуний қарор қабул қилмадим. Трансляция масаласига келсак, биринчи кунданоқ трансляция бўйича МТРКга мурожаат қилдик. Айни вақтда марказий ўйинлар телевидение орқали тўғридан-тўғри намойиш қилинмоқда.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).