ОЧЛда ҳал қилувчи палла яқинлашди - бугун «Ғарб», эртага эса «Шарқ»да ярим финал босқичига старт берилади. Аниқроғи, «Ал-Ҳилол» (Саудия Арабистони) Эроннинг «Пирузи»сини қабул қилган бўлса, Одил Аҳмедов жамоаси - «Шанхай СИПГ» ўз майдонида «Урава Редс Даймондс»га қарши ўйнади.
Ҳар икки қарама-қаршилик шиддатли тус олишига асло шубҳа йўқ. Ҳар ҳолда, Осиё клуб футболи баъзан мисли кўрилмаган даражада қизиқарли бўлишини чорак финал баҳсларидаёқ кўриб улгурдик.
Умуман, ОЧЛ-2017 ярим финалчиларининг ҳеч бири бу босқичга енгилгина етиб келмади. Агар тарози палласи бирозгина бошқа томонга оққанда, бугун буткул ўзгача квартет ҳақида гаплашармидик...?
«ҒАРБ» МИНТАҚАСИ
«Ал-Ҳилол»нинг ярим финал йўлида «Ал-Айн» (БАА) билан 2та мураккаб ўйин ўтказишига тўғри келди. Таркибида Умар Абдулраҳмон, Кайо Фернандес ва Дуглас каби моҳир ижрочиларни жамлаган БАА клубини «Насаф» ва «Бунёдкор»га қарши ўтказган учрашувлари орқали яхши биламиз. Бу футболчилар маҳоратига ҳаттоки, рақиб жамоа мухлислари ҳам очиқчасига тан беришади.
Аммо «Ал-Айн»нинг ОЧЛдаги юриши чорак финалда тўхтаб қолди ва бунда айнан «Ал-Ҳилол»нинг «айби» катта. Бу жамоалар ўртасида илк учрашув БААда бўлиб ўтди ва унда 0:0 ҳисоби қайд этилди. Ҳаммасини ҳал қиладиган жавоб ўйини эса «Ал-Айн»нинг устунлиги билан бошланди, аммо кўп ўтмай, «Ал-Ҳилол» ярим ҳимоячиси Карлос Эдуардо катта саҳнага чиқди. Умар Ҳарбин каби ҳужумчилар иши юришмай турган вақтда айнан бразилиялик йигит бор масъулиятни қўлга олиб, 3та гол урганча жамоасини ярим финал сари етаклади.
«Ғарб» зонасидаги яна бир чорак финал баҳси Саудия Арабистони - Эрон қарама-қаршилиги («Ал-Аҳли» - «Пирузи») остида кечди. Аммо бу жуфтлик тўқнашувида саудияликлардан омад юз ўгириб, ярим финал чиптаси Эрон вакилига насиб этди. Аслида «Пирузи» юриши бу қадар чўзилишини кўпчилик кутмаганди. Чунончи, форслар у қадар ёрқин ўйин намойиш этолмаётгандилар.
Шунга монанд Эрондаги дастлабки баҳс 2:2 ҳисобида якунланган ва жавоб ўйинида 83-дақиқага қадар ҳам 1:1 натижаси сақланиб турганди. Агар ҳисоб ўзгармаганида, «Ал-Аҳли» ярим финал иштирокчисига айланарди.
Бироқ сўнгги дақиқаларда хитойлик ҳакам Ма Ни томонидан белгиланган 2та пенальти ҳаммасини бутунлай буриб юборди. Хуллас, 3:1 кўринишида ғалаба қозонган «Пирузи» ортга ярим финал чиптаси ва Саудиянинг яна бир вакили билан ўйнаш ҳуқуқини олиб қайтди.
«ШАРҚ» МИНТАҚАСИ
«Шарқ» ҳудудидаги чорак финал раундида кузатилган биринчи ғалати ҳолат шуки, учрашувларнинг бири Хитой, иккинчиси эса Япония ички дербисига айланди. Зеро, ушбу босқичга икки мамлакатнинг 2тадан клуби етиб келди. Мусобақа аввалида ташланган қуръа ва кейинчалик қайд этилган натижаларга кўра, «Гуанжоу Эвергранд» Одил Аҳмедов клуби - «Шанхай СИПГ», «Урава Редс Даймондс» эса «Кавасаки Фронтале» билан куч синашди. Натижада чорак финалнинг ўзида иккита драматик жанг гувоҳига айландик. «Шанхай СИПГ» жорий мавсум бошланиши олдидан таркибини анча кучайтирганди. Жамоага Оскар, Халк ва Рикарду Карвальо каби дунё даражасидаги юлдузлар ва Одил Аҳмедов таклиф этилди.
Натижа ўзини кўп куттирмади, охирги йилларда Хитойнинг энг кучли клуби сифатида қаддини букмаётган «Гуанжоу Эвергранд» чорак финалнинг илк ўйинида йирик - 4:0 ҳисобида мағлубиятга учратилди. Бунақасини тасаввур қилиш ҳам қийин эди. Аммо «Гуанжоу» анойилардан эмас. Бу жамоани бразилиялик Луиз Фелипе Сколари бошқармоқда. Хуллас, жавоб ўйинида вазиятни тўғрилаш ва рақибдан устун келиш учун ҳийла-найрангларнинг 100 хили ишга солинди.
Дейлик, «Шанхай СИПГ» делегациясига атайин Гуанжоу шаҳрининг чекка ҳудудидаги хароба меҳмонхонадан жой ажратилди. Камига полициячилар текширув баҳонасида тун бўйи футболчиларни безовта қилиб чиқишди. Шу тариқа меҳмонларнинг яхши дам олишларига имкон берилмади. Энг катта айёрлик эса эртаси куни, яъни стадион томон йўлга чиқилган пайт рўй берди.
Атайинми ёки тасодифан, ишқилиб, «Шанхай СИПГ» аъзолари жойлашган автобус қайси йўлдан ҳаракатланмасин, албатта, бирор автотўқнашув сабаб, машиналар тиқилинч ҳолатда туриб қолди. Бу эса табиийки, футболчиларни асабийлаштирди, руҳан толиқтирди. Қолаверса, «Шанхай СИПГ» стадионга вақтида ҳам етиб боролмади. Ўйинда воқеалар шунга яраша тез ривожланди.
Биринчи бўлим яримламай туриб, «Гуанжоу» 2:0 ҳисобида олдинга чиқиб олди. Асосий вақт якунлаганида эса таблода 4:0 порлаб турарди. Аммо Гуанжоу клубининг кучи бундан ортиғига етмади. Томонлар қўшимча бўлимларда биттадан гол уришди ва янги регламентга мувофиқ, пенальтилар сериясига мурожаат қилинди. Муҳими, Одил Аҳмедов ҳам «лотерея» тортишда адашмади ва «Шанхай СИПГ»нинг ярим финал йўлланмасини қўлга киритишига муносиб ҳисса қўшди.
Буни қарангки, «Урава Редс Даймондс» ва «Кавасаки Фронтале» ўртасида кечган японча жанг ҳам драма жиҳатидан қолишмади. Бу жамоаларнинг дастлабки тўқнашувида «Кавасаки» 3:1 ҳисобида ғалаба қозонган бўлса, жавоб учрашувида «Урава» кутилмаганда, «уйғонди» ва рақибни 4та гол билан «сийлади». Ҳа, жамоа шунинг баробарида ўз дарвозасидан бир марта тўп олиб чиқди, аммо 4:1 табиийки, кейинги босқич йўлланмаси учун етарли бўлди. Хуллас, «Шарқ»да ОЧЛ чорак финал раунди шундай жўшқин ҳолатда ўтди. Энди «осмоности ўлкаси» ва «кунчиқар юрт» вакили финал йўлида янада жўшқинроқ «саҳна кўриниши»ни намойиш этса, ажабмас.
ЯРИМ ФИНАЛ
26 сентябрь (сешанба)
«АЛ-ҲИЛОЛ» (С.АРАБИСТОНИ) - «ПИРУЗИ» (ЭРОН)
----------------------------------------------------------
27 сентябрь (чоршанба)
«ШАНХАЙ СИПГ» (ХИТОЙ) - «УРАВА РЕДС ДАЙМОНДС» (ЯПОНИЯ)
3та «ҚИЗИЛЛАР» ВА ЯККА «ЕТАКЧИ»
«АЛ-ҲИЛОЛ»
Лақаби: «чин етакчилар»
Ташкил топган вақти: 1957 йил 15 октябрь
Стадиони: «Қирол Фаҳд», Ар-Риёд (сиғими - 70 000)
Бош мураббийи: Рамон Диас (Аргентина)
Таркибининг умумий баҳоси: 30,8 млн. евро
«ПИРУЗИ»
Лақаби: «қизиллар»
Ташкил топган вақти: 1963 йил декабрь
Стадиони: «Озоди», Теҳрон (сиғими - 78 000)
Бош мураббийи: Бранко Иванкович (Хорватия)
Таркибининг умумий баҳоси: 15,1 млн. евро
«УРАВА РЕДС ДАЙМОНДС»
Лақаби: «қизиллар»
Ташкил топган вақти: 1950 йил декабрь
Стадиони: «Саитама 2002», Саитама (сиғими - 63 700)
Бош мураббийи: Михало Петрович (Австрия)
Таркибининг умумий баҳоси: 23,7 млн. евро
«Шанхай СИПГ»
Лақаби: «қизил бургутлар»
Ташкил топган вақти: 2005 йил 25 декабрь
Стадиони: «Шанхай», Шанхай (сиғими - 57 000)
Бош мураббийи: Андре Виллаш-Боаш (Португалия)
Таркибининг умумий баҳоси: 58,3 млн. евро
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).