Ўтган ҳафтанинг охирги кунида бразилиялик Кака футбол билан хайрлашди. Энди майдонда “Олтин тўп”ни олган ерлик футболчи қолмади, деб ёзди нашрлар. Месси ва Роналду ўзларидан олдинги охирги қиролни кузатиб қўйиш учун хайрлашувга бора олишмади. Чунки бу кеча иккисининг кўзи фақат бир-бирини кўрадиган пайтга тўғри келиб қолди. Яна. Нечанчи марта такрорланаётганини билмадиму, лекин яна…
Мен тақдирни воқеалар орқали тушунаман. Келажакдаги ишларни билмаганимиз учун ҳам ўтиб бўлган ҳодисалар орқали тушунсак керак ноилож. Роналду ва Месси борасидаги ишларга эътибор қаратсангиз, тақдирнинг нозик иплари бир-бирига тегиб кетаётганини кўрасиз. Антиқа ишларда тўқнаш келаверади бу иккиси.
Яқин ўтмишни эслайман. Криштиану Роналдуни биз, сиз, ҳаммамиз 2003 йилдан таниганмиз. АПЛда порлаган йилида. Бироқ, бу порлаш ўта жиддий эмасди. Чунки у даврларда ерлик юлдузлар кўп эди. Зидан бор эди, Роналдо бор эди, Португалиянинг ўзида ҳам Фигу аталмиш кучли йигит ўйнаб юрар эди. Фильмларда бўлгани каби ўзга сайёралик йигит ўзгалар оламида бировга сирини айтмай юраверди ўша пайтлари.
2006 йилги мундиал кўпгина мегаюлдузларнинг фаолиятини якунлаб берди. Зидан мусобақани калла қўйиб тарк этган бўлса, бу турнир Роналдо, Роналдиньо, Бекҳэм, Фигу, Оэун, Раул, Дель Пьеро, Тотти ва шу савиядаги кўплаб суперйигитлар учун охиргисига айланди. Қисқа қилиб айтганда, тахтни бўшатиб кетишди. Кришти ана шундан сўнг ўзгарди. Тўғри, 2007 йили “Милан”га ЕЧЛ олиб берган Кака “Олтин тўп”ни ўзиники қилиб олган, дерсиз, бироқ, қизил иблислар таркибидаги йигитнинг финтларию голлари барибир ўзгачароқ эди.
“Олтин тўп”ни тақдирлаш маросимига биринчи марта йўл олган Роналду бир Каканинг қўлидаги матоҳга қарарди, бир бу томонида турган кичкина шаҳзодага… “Олтин тўп”ни ушлаб турган юлдуздан кўра, кичкина жуссали ўртоқ унга танишроқ эди, йўқ, қизиқроқ туюлаверди.
У таниди. Йиллаб қидириб юрган сайёрадошини таниб олди.
… Кейинги ўн йил давомида Роналду ва Месси доимий равишда ёнма-ён туришга ўша палладаёқ келишиб олишди гўё. Фақат бунисидан фарқли ҳолда – бояги ордона қурғур матоҳни бошқа одамга бермаслик шарти билан…
2007 йилнинг энг яхши футболчилари учлиги охирги марта учта мамлакат чемпионатидан аниқланди. Кака А серия, Роналду АПЛ ва Месси ла-лига вакили сифатида келган эдилар.
Кейинги йилдаёқ Какани ўйиндан чиқариб юборишди улар. Роналду фаолиятида илк бора дунёнинг энг яхшисига айланди. Месси унинг олдида эди. Олдида эдию, йил давомида бир-бирларидан узоқ яшаганлариданми, негадир ўша маросимда бир масала юзасидан “келишиб” олишмаса бўлмасди. “БИТТА ЧЕМПИОНАТДА ЎЙНАМАЙМИЗМИ?” дейишди бир-бирига унсиз нигоҳ ташлар экан.
Мессининг табиатидан келиб чиқадиган бўлсак, у бир жойда кўкарадиган дарахт сирасига киради. Роналду эса, бир марта чемпионат алмаштирган. Португалиялик юлдузга бу иш оғир эмас. Майли, ёнингга мен борақоламан, деди у. Боришига бошқа сабаб ҳам бор эди. Месси АПЛга келгани билан бу икковлон ўртасида, бошқа юлдуз ўрталарига аралаша олмайдиган оловли баҳслар гувоҳи бўлмаслигимиз мумкин эди. Роналдунинг “Реал”га ташрифи эса, аср тўқнашувига сабаб бўларди. Чунки Испанияда Мадрид ва Каталония ўртасидаги даҳшатли рақобат бор эдики, бу рақобат икки юлдузга ҳам ўртага бировни аралаштирмай курашиш имконини берарди. Дуэль учун бундан зўр чемпионат йўқ эди.
Ўша тўқнашув шу пайтга довур қандай кўриниш олгани ҳақида ҳамма билади, гапириб ўтирмайман. Бошқа жиҳатга тўхталмоқчиман. Бу икки эркатойнинг ўзаро учрашмайдиган битта турнири бор, у ҳам бўлса қитъа чемпионатлари. Роналду Европада, Месси Конмеболда иштирок этади чунки. Лекин бир йил олдин бу нуқтада ҳам тақдирий тўқнаш содир бўлди. Жанубий Америка кубоги баҳслари Европа чемпионати ўтадиган йилга ўтказилди, жуфт йилларга. Атай бир пайтда ўтказиладиган бўлди. Месси финалга чиқиб пенальтилар сериясида хато қилди, Роналду эртасига тақдир ҳукми билан шу нуқтага яқинлашди.
Бу ҳам майли, Россия-2018 йўлларида ҳам улар бир амаллаб тўқнашиб олишмоқда. Криштианунинг Португалияси саралашни мағлубият билан бошлаган, ўйинда Роналду қатнашмаган. Ўша жамоани охирги турда енгибгина Европа чемпионлари ЖЧ йўлланмасини қўлга киритишга мажбур бўлиб қолдилар. Аргентина ҳам саралашни Мессисиз бошлади, Эквадорни қабул қилиб худди шу ҳисобда – 0:2га ютқазиб қўйди. Охирги турда ўша Эквадорни енгибгина мундиал эшикларини очиши мумкин эди. Ва бу икки ўйин ўртасидаги фарқ бор-йўғи 4 соатни ташкил этади. Океан нариёғида бўлиб ҳам бир-бирини ўйлаб ўйнайдиган бошқа яна кимни топа оласиз, азизлар?!
Ҳа, ушбу сўзларни чоршанбанинг тонгида ёзиб тугатдим. Икки даҳонинг учрашадиган нуқтаси бу сафар — Россия!
Уларни бу галча кўрмаймиз, деб ўйловмидингиз, адашдингиз?!
Хайрулла ҲАМИДОВ, «Эрудит Спорт» газетаси.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).