Таиланд пойтахти Бангкок шаҳрида ўтказилган AҒC Annual Awards гала маросимида Осиёнинг 2017 йилги энг яхши футболчиси аниқланди. Бу шарафли номга Сурия терма жамоаси ва «Ал-Ҳилол» клуби ҳужумчиси Омар Харбин сазовор бўлди.
Соврин учун курашда хитойлик Ву Лей (Гуанчжоу Эвергранд) ҳамда БАА т/ж яримҳимоячиси Омар Абдулраҳмонни (Ал-Айн) ортда қолдирган Харбин ушбу нуфузли мукофотга эришган дастлабки суриялик футболчига айланди. Шу тариқа ОФК «Ал-Ҳилол» клуби либосида қитъа Чемпионлар Лигаси финалигача етиб келган ва Сурия терма жамоаси таркибида ЖЧ-2018 саралаш босқичида плей-оффда иштирок этган 23 ёшли форварднинг ўйинларини муносиб баҳолади.
ФАОЛИЯТИ
Омар Харбин профессионал футболчилик фаолиятини бошлаган йилда Сурияда ҳали фуқаролар уруши бошланмаган ва ёш йигитча ўз юртида сиёсий нотинчлик мамлакат ҳаётини, шу жумладан, футболни изидан чиқаришини хаёлига ҳам келтирмаганди. Шунингдек, у яқин келажакда айнан миллионлар ўйини – футбол орқали қитъага танилиши ҳамда жафокаш Сурия халқига қувонч ҳамда тинчлик ҳукм суришини истаган қалбларга таскин олиб келишини ҳам эҳтимол билмаган бўлса керак.
Акаси Муҳаммадни яшил майдонда тўп тепишини кўриб футболга ихлос қўйган Омарнинг келажак йўли маълум эди. Дамашқлик ёш форвард дастлаб Суриянинг «Ал-Вахда» клубида тўрт йил тўп сурган ва 2012 йилда мамлакат чемпионлигига эришган. 2013 йилда у Ироқ чемпионатидаги фаолиятини бошлаган — аввал «Ал-Қува Ал-Жавия» жамоасида икки мавсум ўйнаган, сўнгра 2015/2016 йилги мавсумда «Ал-Минаа» клуби шарафини ҳимоя қилган. Бу орада Сурияда уруш ва нотинчликлар авжига чиққан, юзага келган қийинчиликлар Омарнинг иродасини ҳам тоблаган эди. Бироқ у юртига қайтмай қўшни мамлакатларда тўп суришни давом эттирди.
ЛЕГИОНЕР
2016 йилнинг январь ойида БААнинг «Ал-Дафра» клуби Харбинни бир йилга ижарага олди. Тез орада у «Ал-Айн»га қарши дебют учрашувидаёқ янги жамоасидаги дастлабки голини нишонлади. Омар май ойига қадар «Ал-Дафра» таркибида 12 учрашувда 9 гол урди ва бир марта жамоадошларининг голига ассистентлик қилди. Натижада Амирликлар жамоаси унинг трансферини тўлиқ сотиб олди. Йил якунига «Ал-Дафра» сафида барча турнирларда 26 учрашув ўтказиб 17 гол муаллифи бўлди. Аммо унинг клуби мамлакат чемпионатида бор-йўғи 8-ўрин билан кифояланди.
2017 йил 16 январь куни Саудия Арабистони вакили «Ал-Ҳилол» уни 1,3 млн. АҚШ доллари эвазига олти ой муддатга ижарага олди. У Саудия Арабистони Премьер-Лигасида 10 учрашувда 7 гол уриб, жамоадошлари билан ғолиблик шоҳсупасига кўтарилди. Шунингдек, 3 ўйинда 5 гол билан Қирол кубогида ҳам ғалаба нашидасини сурди. 19 июнь куни саудияликлар унинг трансферини 44 миллион Саудия риали (бугунги курс бўйича 11,7 млн. доллар) эвазига сотиб олишди. Харбин дастлабки ўйинлардан бу улкан маблағни оқлашга тушиб кетди. Айниқса унинг жонбозлиги ва самарали ўйинлари «Ал-Ҳилол»га Осиё Чемпионлар Лигасида муваффақиятли иштирок этишга ёрдам берди. Суриялик футболчининг урган 5 голи «Ал-Ҳилол»га мусобақа финалигача етиб боришини таъминлади, аммо ҳал қилувчи учрашувларда Харбин ва жамоадошларининг йўлларига «Урава Ред Даймондс» клуби тўғаноқ бўлди.
СУРИЯ ТЕРМАСИ ЕТАКЧИСИ
Омар Харбин бугунги кунда Сурия терма жамоасининг ҳақиқий етакчиси ҳисобланади. У Сурия терма жамоасидаги дебютини 18 ёшидаёқ нишонлаган – 2012 йил 20 ноябрь куни сурияликлар Фаластин терма жамоасига қарши баҳс олиб боришган. 2013 йил 26 мартда эса Харбин Бағдодда Ироқ билан кечган ўртоқлик учрашувида (1:2) илк голини нишонлаган. 2018 йилги жаҳон чемпионати саралаш босқичида ҳам қаҳрамонимиз сермазмун ўйинлари билан ажралиб турди. Унинг рақиблар дарвозасига урган 6 голи Сурияга плей-оффгача етиб боришига ёрдам берди, афсуски Омар бошчилигидаги Сурия ушбу раундда Австралияга имкониятни бой берди. «Биз учун бу жуда оғир учрашувлар бўлди, — дея тан олди ҳужумчи, — биз майдонда бир тан, бир жон бўлиб ҳаракат қилдик. Бор кучимизни бердик. Бутун Сурия халқига қувонч олиб келишни истагандик. Аммо омад биздан юз ўгирди. Шунга қарамай биз юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилганимизга аминман».
Шак-шубҳасиз Омар Харбин бошчилигидаги сурияликларнинг турнирдаги иштироки барчани бефарқ қолдирмади. Миллий терма жамоа ва етакчисининг ажойиб ўйинлари бир неча йилдан буён қонли урушдан азият чекиб келаётган маҳаллий халқнинг бирлашишига ва қуролли тўқнашувларга барҳам берилишига хизмат қилган бўлса ажаб эмас. Унинг кейинги фаолиятига ҳам омад ёр бўлишига ва Сурия осмонида тинчлик ҳукм суришига тилакдошмиз!
Статистика…
Харбин «Ал-Ҳилол»да бир йил ичида барча турнирларда 30 учрашув ўтказиб, 23 гол муаллифига айланган.
Рақам
Суриялик футболчининг бугунги кундаги трансфер қиймати 5 млн. еврони ташкил этади.
«Эрудит Спорт» маълумотномаси
ОМАР ХАРБИН
«Ал-Ҳилол» (Саудия Арабистони) ва Сурия терма жамоаси ҳужумчиси. 1994 йил 15 январда Дамашқ (Сурия) шаҳрида туғилган.
Амон ХОЛБОЕВ тайёрлади.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).