Жорий йилнинг 17 март куни Суперлиганинг 3-туридан ўрин олган “Навбаҳор” – “Локомотив” учрашувида Намангандаги стадионда ҳақиқий футбол байрами бўлиши кутилмоқда.
“Навбаҳор”нинг жорий мавсумдаги ўз майдонидаги илк учрашувда катта футболни соғинган мухлислар стадионни тўлдириши аниқ. Мазкур ўйинни кузатиб бориш учун Ўзбекистон миллий олимпия қўмитаси президенти ва Ўзбекистон футбол Ассоциацияси 1-вице-президенти Умид Аҳмаджонов Наманганга ташриф буюради.
Ўйин бошланишидан аввал стадионга йиғилган мухлислар учун эстрадамиз юлдузлари чиқиш қилади. Жумладан, Намангандаги мавсумнинг очилиш учрашувида Ўзбекистон футбол Ассоциацияси томонидан стадионга келадиган мухлислар учун совға сифатида Жасур Умиров, “Божалар” гуруҳи ва Нилуфар Усмонова куйлайди.
Намангандаги барча футбол мухлисларини катта футбол байрамига таклиф этамиз. Эслатиб ўтамиз, “Навбаҳор” – “Локомотив” учрашуви 17 март куни соат 20:00да бошланади.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).