«Марсель» ва «Лион» клубларида фаолият олиб борган ярим ҳимоячи Матье Вальбуэна айни пайт Туркиянинг «Фенербахче» жамоаси шарафини ҳимоя қилмоқда.
Яқинда у Le Parisien нашрига интервью берди. Ғуйида ана шу суҳбатни ўқишингиз мумкин.
- Жорий мавсумдан бошлаб «Фенербахче» сафида ўйнаяпсиз. Туркия чемпионатидаги ўйинингизга қандай баҳо берасиз?
- Ҳаммасини статистика кўрсатиб турибди. Барча турнирларда 6та гол уриб, 15та самарали узатма бердим. Ваҳоланки, иккинчи даврада камроқ ўйин амалиётига эга бўляпман.
- Жамоани ўзгартириш ҳақида ўйламаяпсизми?
- Йўқ, албатта. Катта клубда ўйнаётганим - омадим. Маҳаллий фанатларга ихлосим баланд. Улар футболни жуда севишади. Бундай ҳолатни Марселда кўргандим. Лекин Туркияда бутун мамлакат футболга мухлис саналади.
Шартнома имзолаш учун Истанбулга келганимда аэропортда минглаб одамлар кутиб олишди. Бу ерда фанатлар жамоага жиддий босим ўтказа олишади. Агар мавсумни иккинчи ўринда якунласак, буни инқироз дейишади.
- Франция чемпионатининг ўтган турида иккита собиқ жамоангиз - «Марсель» ва «Лион» тўқнаш келди. Уларнинг қай бирига мухлислик қилдингиз?
- «Марсель» - менинг ҳаётим. Бу жамоада футболчи сифатида ўсдим, ўз номимга эга бўлдим ва фаолиятимнинг энг яхши дамларини ўтказдим. Ҳаттоки, «Лион»да ўйнаганимда ҳам қалбимдаги жамоа «Марсель» эканлигини кўп бора айтганман.
- 2015 йилнинг сентябрида «Марсель» фанатлари «қайноқ» қабул қилишганидан кейин ҳамми?
- Ҳуштакбозликни жиддий қабул қилмайман. Лекин клуб тарихини ўчириб ташлаш ҳеч кимнинг қўлидан келмайди. «Марсель» учун кўп нарса қилганимни биламан. Ҳеч қачон алдамаганман. «Лион»га ўтишим кимларгадир ёқмагани табиий.
- Сиз француз футболидаги қарама-қарши персонажлардан бирисиз. Буни қандай изоҳлайсиз?
- Бутун фаолиятим давомида вазият билан курашишимга тўғри келди. Лекин ҳеч қачон тақдирга тан бермаганман. Ҳамиша олдинга интилганман. Ҳеч бир инсонни барча баробар яхши кўрмайди.
- «Лион»да ҳам муаммоларга дуч келдингиз...
- «Лион»даги биринчи мавсумим фаолиятимдаги энг қийини бўлган. Аммо аввалига барчаси ёмон кетмаётганди. Мени «шантаж» қилишни бошлашганидан сўнг муаммолар юзага келди (Бензема билан боғлиқ воқеа).
- Лекин ўтган мавсумда жуда яхши ўйнадингиз. Аввалги формангизни тиклаб олишингизда нима ёрдам берди?
- Кўпчилик имкониятларимга шубҳа билан қараганди. Лекин ўзим эмас. Мени клуб президенти Жан-Мишель Оляс қўллаб турди. Эҳтиросли инсонман. Унинг қўллашлари менга ижобий таъсир ўтказди. 2016 йилнинг ёзида яқинларимга ҳали юқори савияда ўйнай олишимни исботлашимни айтдим. Муваффақиятсизлик сабабларини ўзингиздан қидиришингиз керак. Мураббий ёки бошқалардан эмас.
- Франция терма жамоаси билан жаҳон чемпионатига бормаслигингизга кўникдингизми?
- Албатта. Вазиятга реал баҳо бериш керак. Ёшингиз ўтгани сари ҳаммасини тушуниб борасиз. Терма жамоада ўйнаганимдан фахрланаман. Бу ҳар қандай футболчи учун юқори чўққи ҳисобланади.
- Янги авлод футболчилари ҳақидаги фикрингиз қандай?
- Иқтидорли футболчилар борлиги яхши.
- Франция терма жамоаси Россиядаги жаҳон чемпионатида ғолиб чиқишга қодирми?
- Телевизор орқали терма жамоамизга мухлислик қиламан. Имкониятлари ҳақида гапирадиган бўлсам, жамоамиз ҳал қилувчи босқичларгача етиб бора олади. Лекин тан олиб айтиш керак, Германия, Бразилия ёки Испания терма жамоаларининг имкониятлари юқорироқ.
- Килиан Мбаппенинг ўйинларига қандай баҳо берасиз?
- 2016 йилнинг декабрида ҳам уни ҳеч ким танимасди. Ўтган евромавсумнинг кашфиётига айланди. Лекин топ-футболчи бўлиш учун бир неча йиллар ўзининг кучли эканини исботлашига тўғри келади.
Килианнинг шу ёшида қилаётган ишларига қойил қолиш керак. Аммо ундан мўъжизалар кутиш ярамайди. Албатта, Мбаппенинг иқтидорига гап йўқ. Бироқ ҳозирча ҳеч нимани исботламади. Унга вақт бериш даркор.
- Сўнгги савол: Агар Карим Бензема билан майдонда тўқнаш келсангиз саломлашасизми?
- Ҳа. Ҳеч қандай муаммосиз саломлашавераман.
InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).