3 май куни Ла Лиганинг 34-тури доирасида «Эспаньол» ўз майдонида «Реал»га имкониятни бой берди (0:2).
Учрашувнинг 25-дақиқасида «Эспаньол» ҳимоячиси Омар Эл-Ҳилали Винисиусга нисбатан ишлатилган қўполлик учун қизил карточка олди, бироқ VARдан сўнг четлатиш сариқ карточкага ўзгартирилди. Бразилиялик юлдуз 55-дақиқада ҳисобни очган бўлса, 66-дақиқада дублни расмийлаштирди.
Ўйин давомида Винисиус ва Эл-Ҳилали бир неча бор даҳанаки жангга киришишди. Уларнинг суҳбатини «Movistar Plus+» телеканали камералари муҳрлаб қолган.
Эпизодлардан бирида вингер шундай дейди: «Аҳмоқликни бас қил. Кейинроқ футболка алмашишни таклиф қил. Сен аҳмоқсан. Уришишни хоҳлайсанми?».
Бошқа бир вазиятда Винисиус рақибнинг яна бир футболчиси Карлос Ромерога Эл-Ҳилали ҳақида гапириб: «У телевидениега чиқиш учун ўзини аҳмоқларча тутмоқда», — дейди.
Шунингдек, Винисиус Эл-Ҳилалига қарата: «Сен Сегундага қайтасан», — дея хитоб қилган ва рақиб мураббийи Маноло Гонсалесга юзланиб: «Уни алмаштиринг, ҳозир четлатилади», — деб маслаҳат берган.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).