Супер клубларнинг трансфер сиёсатини доим ҳам ўзини оқлайвермайди. Лекин шундай трансферлар борки, улар жамоанинг ютуқларида жудда катта омил бўла олди. Ҳозир баҳоли қудрат шу ҳақида сўз юритамиз. Топ ўнлик системасида сўнгги ўн йилликдаги омадли трансферлар билан танишинг. Марҳамат!
10-ўрин. МУҲАММАД САЛОҲ
“Рома” – “Ливерпуль”
Ҳозир “Олтин бутса” учун курашаётган мисрлик тилла бола бутун Европани ўзига қарата олди. Ҳатто Флоринтино Перес уни Бэйлнинг ўринбосари сифатида кўра бошлади. Табиийки, унинг трансферини бир юз олтмиш миллионга баҳолашмоқда. Гап шундаки, агар “Ливерпуль” уни пуллашни истаса, “Реал Мадрид” бундан ҳам кўпроқ беришга тайёр. “Ливерпуль” мутасаддилари бир мавсумда Муҳаммад Салоҳга сарфлаган пулни исташса беш баробар қилиб чиқариб олишлари мумкин. Мана буни “бинго” деса бўлади. Бу масаланинг иккинчи томони холос. Асосийси, Муҳаммад Салоҳ “Ливерпуль”да ақлбовар қилмас ўйин кўрсатиб, тинимсиз голлар урмоқда. У шу кетишда бу мавсум “Олтин бутса”га эга чиқади, шекилли.
9-ўрин. УЕСЛИ СНЕЙДEР
“Реал”дан — “Интер”га
Бир қарашда “Реал Мадрид”да ўзига жой топа олмаган Снейдернинг карьераси хавф остида қолгандай эди, гўё. Лекин “Интер” эгалари уни харид қилиб адашишмаган эди. Жамоа постини Моуриньо қўлга олгач Снейдер ўзини кўрсата бошлади. “Нерадзурри” сафида у ҳақиқий Снейдерга айланди. Ўша мавсум “Интер” билан “требл”га эга чиқишди. Снейдер ўша мавсумни шу қадар супер ўтказдики, ҳатто “Олтин тўп”ни Мессига беришганда мухлислар ўртасида норозиликлар пайдо бўлди. Ҳалигача ўша “Олтин тўп”ни Снейдерники дейдиганлар топилади. Қисқача айтганда “Интер” сўнаётган юлдузни харид қилиб ҳеч ҳам адашмаган эди, чунки голландиялик футболчи “Интер”нинг бир мавсумда 3та совринни қўлга киритишида жудда катта омил бўлиб хизмат қилганди ўшанда.
8-ўрин. ЭДEН АЗАР
“Лилль”дан — “Челси”га
Францианинг “Лилль” жамоасидаги ажойиб мавсумдан сўнг Эден Азарга совчилар кўпайиб кетти. Харидорлар ўртасидаги ўзига хос рақобатда “Челси” ўзиб кетди ва ўзининг энг омадли харидларидан бирини амалга оширди, десак муболаға бўлмайди. Эден Азар “Челси”га келгач, дебют ўйинидаёқ ҳаммани ўзига қарата олганди. Чаққонлик унинг энг устун томини эди ўша пайт. “Челси”да у футболчи сифатида ўсишга эришди. Антонио Конте қўл остида чемпион бўлишган мавсумда ҳар хил позицияларда ўзини кўрсата олди. Айниқса, қанотдан марказроққа сурилиши унинг сермаҳсуллигини янада оширди. Ҳозир Эден Азарнинг трансфер суммаси сотиб олинган суммадан бир неча баробар баланд. Бундан кўриниб турибдики, “Челси” Эден Азар масаласида адашмади.
7-ўрин. СЕРХИО КУН АГУЭРО
“Атлетико”дан — “Манчестер Сити”га
“Атлетико”да энди порлаган, порлаётган пайтидаёқ харид қилинган бу аргентиналик футболчи ўзига билдирилган ишончни оқлай олди. “Шаҳарликлар”нинг АПЛдаги икки марта зафар қучишида Кун Агуэронинг хизматлари катта бўлди. Айниқса, унинг ўша машҳур сўнгги дақиқада “Куинз Парк Ренжерс” дарвозасига урган голининг ўзи уни тарихга киргазган бўлса ажаб эмас. Ўшанда унинг голли Фергюссоннинг қўлидаги кубокни юлқиб олган эди. “Шаҳарликлар” ўша учрашувни аср ўйини деб аташади. “Манчестер Сити”нинг имкониятларини қандай эканлигини ҳамма билади. Лекин шу жамоа нечта ҳужумчи олган бўлса, ҳеч қайсиси биринчи бўла олмайди. Уларнинг ҳаммаси Кун Агуэронинг соясида қолиб кетаверди. Ҳозирда Кун Агуэронинг “трансфермаркет”даги нархи ҳам чакки эмас. “Манчестер Сити” мутасаддилари унинг харидидан мамнун бўлишса арзийди.
6-ўрин. ГРИЗМАНН
“Реал Сосьедад”дан — “Атлетико Мадрид”га
Келиб чиқиши португалияликларга бориб тақаладиган “кичкина шаҳзода” Симеоненинг қўлида ўз имкониятлари чегарасидан ҳам чиқиб кетди. У жамоасини икки маротаба УЕФА чемпионлар Лигасининг финалигача олиб чиқди. Узоқ кутилган чемпионликка эришишида тер тўкди. Ҳақиқатан ҳам Гризманн Европанинг юлдуз фудболчиси даражасига чиқа олди (Play Station’да ҳам унинг эвалюцияси ҳайратда қолдиради). Ҳозирда унинг ишқида “Барса”, “Манчестер Юнайтед”дек грандлар ёнмоқда. “Матрасчилар” мутасаддилари бу йигитни барибир трансферга қўйишади. Чунки “Атлетико”нинг сиёсати шунақа. Мадридликлар чамамда мундиалдан сўнг “кичкина шаҳзода”ни сотишади. Гризманинг нархи яна ҳам кўтарилса керак, чунки Франция ЖЧ ғолиблигига асосий даъвогар бўлиб турибди.
5-ўрин. ИСКО
“Малага”дан – “Реал Мадрид”га
Иско “Реал”га ўтгач, аввалига ҳеч ҳам жамоага мослаша олмади. Секин-секин унинг ҳам омадсиз трансферлар қаторига қўшилганлар топила бошлаган эди. Шу паллада жамоа рулини “Зизу” қўлига олди. Бу иш Исконинг ҳаётига тубдан ўзгариш ясади. Иско Зидан тактикасининг мотори вазифасини бажара бошлади. Кетма-кет икки бор чемпионлар лигасининг ғолиблигига айланди. Испания чемпиони бўлди. Клублар ўртасидаги жаҳон чемпиони бўлди. Бир сўз билан айтганда, Иско ўзининг ўйинлари билан ҳатто жамоанинг ашаддий рақиби “Барселона”нинг эътибор марказидан тушмаяпти. “Реал” ўзининг “Фантазиста”сининг товон пулини ҳам фантастик қилиб қўйди. Иско ҳозирда ўзининг позициясида дунёда деярли 1-рақамли футболчи. Мадридликлар бу трансфери орқали ўзининг аввалги мавқеига кўтарилиб олишда унумли фойдалана олди. Ўзбекча қилиб айтганда, “Реал” бу трансфердан “барака топди”.
4-ўрин. ДАВИД ДЕ ХЕА
“Атлетико Мадрид” – “Манчестер Юнайтед”га
Жуда ёш бўлишига қарамасдан чўчимай АПЛга келган Де Хеа ўзини йўқотиб қўймади. Аста-секинлик билан формага кириб борди. Айниқса, сўнгги икки мавсумда бутун дунёнинг эътиборини ўзига қарата олди. Манчестерликларнинг ўзига ўхшамаган мавсумларида ҳам у жамоада ўз ишини ошиғи билан бажара олди. “Манчестер Юнайтед”нинг киппери ҳозирда тахминан 100 миллиондан ошиқроққа баҳоланмоқда. Унга етишиш учун “Реал” бундан ҳам кўпроғини беришга тайёр. Лекин манкунианликлар Де Хеани қўйиб юбормасалар керак. Ўзи энди дарвозабонга ёлчиди. Ҳар ҳолда “қизил иблислар” Испаниядан келган йигитчадан унумли фойдаланишмоқда. Де Хеа ҳам ҳозирда дунёнинг 1-рақамли дарвозабони номини Нойердан тортиб олишга ҳам муваффақ бўлди. Де Хеанинг келажаги ҳали олдинда. У бундан ҳам кўпроқ ютуқларга эришишга потенцияли етади. “Манчестер Юнайтед” ёш йигитча учун таваккал қилиб ишлатган пулларига хеч ҳам афсусланмаса керак. Чунки биринчидан заиф жойларини мустаҳкамлаб олишди, иккинчидан агар хоҳлашса яхшигина пул ишлаб олишлари ҳам мумкин.
3-ўрин. НЕЙМАР
“Сантос”дан — “Барселона”га
Неймар Жуниорнинг “Барселона” харид қилгунча ҳар куни ҳар хил гаплар чиқаверди. Бир уни “Реал Мадрид”га ўтади дейишса, бир “Барселона”га ўтади дейишди. Узоқ давом этган можарога охири Неймар “Барселона”га ўтиб нуқта қўйди. Бразилиялик футболчи “Барселона”га келгач, “кўк-анорранглилар” сафида Суарес-Месси-Неймар учлиги ҳосил бўлди. Бу трио кутилганидек треблни қайд этди. “Барселона” Неймарнинг трансферидан катта манфаат олди. Сабаби ўзингизга маълум. Жамоа билан катта ютуқларга эришгач, унинг харидорлари кўпая бошлади. Тўғриси, Неймар ҳам Мессининг соясида қолишни ҳоҳламади, шекилли, Францияга йўл олди. “Барселона” Неймар харидидан унумли фойдаланиб кубокларга эга чиқдида, сўнг уни мўмайгина пулга (ўзи истамаган бўлса-да) пуллашди. Бир сўз билан айтганда, Неймар “Барселона”га омадли харид бўлди десак адашмасак керак.
2-ўрин. КРИШТИАНУ РОНАЛДУ
“Спортинг”дан — “Манчестер Юнайтед”га
Фергюссон бу йигитнинг ўйинларини кўриши билан дарҳол ўз жамоасига таклиф қилди. Роналду туманли альбионга келганда озғин, нимжонгина ўспирин, оддийгина бола эди. Сер Алекс эса уни Криштиану Роналду даражасига олиб чиқди. Жисмоний ҳолати, техникаси, тезлиги, бош билан ўйнаши, узоқ масофадан аниқ зарбалар, бу ҳамма функцияни Роналду Ферги бобонинг қўлида ўзлаштирган. Бекхэм кетгач, 7-рақамнинг юкини ҳеч ким кўтара олмаётган бир пайтда Роналду “МЮ” нинг ҳалоскори вазифасини қўлга олди. У аввалига “Манчестер Юнайтед” билан АПЛда ғолиб бўлди, сўнг УЕФА чемпионлар лигасида, сўнг клублар ўртасидаги ЖЧда ва ҳоказо... Булар иккинчи даражадаги масала. Асосийси шундаки, Роналду “қизил иблислар”нинг 21-асрдаги энг кучли таркибининг мутлақ етакчиси эди. Унинг “Манчестер” либосидаги ўйинларини “қизиллар” ҳали ҳам соғинишади. Балки, “Манчестер Юнайтед”нинг ишлари у қадар юришмаётганининг бир сабаби ҳам, шу йигитнинг етишмаётганидир, яна ким билади! “Юнайтед” мутассаддилари камтарона нархда харид қилишган бу йигитни ўша пайтлари рекорд суммага “Реал”га сотишди. Улар “Спортинг”дан келган ўспириндан фойдаланиб клублар ўртасида қандай ютуққа эришиш мумкин бўлса ҳаммасига эришиб бўлишганди. Балки унинг сотишганининг сабаби ҳам балки шудир?!
1-ўрин. КРИШТИАНУ РОНАЛДУ
“Манчестер Юнайтед” — “Реал Мадрид”га
Ҳа, жуда кўпчилик сезганидай, 1-ўринда Криштиану Роналду. Қироллик клубининг супер, мега юлдузи. 21-асрда “Реал”нинг таркибида жуда кўп юлдузлар ҳаракат қилишди. Лекин, ҳеч қайсиси “Реал”ни Европадаги обрўсини қайтара олмади. Етмаганига, ашаддий рақиблари ҳамма турнирларни қайта-қайта юта бошлашди.
Аввалига Роналдиньо, сўнг Мессидек даҳолар уларга кун бермай қўйди. Ана шу пайтларда уларга янги суперқаҳрамон керак эди. Роналду шундай пайтда харид қилинди. Ва бу трансфер шунчалик ўзини оқладики, Роналду аста-секинлик билан “Реал”нинг юзига айланди. Худди “Реал Мадрид” ва “оналду битта маънони англатадиган сўзлардек, гўё. “Қаймоқранглилар” Роналду билан аввалги “Реал”нинг обрў-эътиборини қайтариб олишди. Тўғри, “Реал”нинг қолган ўйинчиларининг ҳам бунда катта ҳиссаси бор. Лекин, барибир ғалабанинг калити Роналду билан боғлиқ. Роналду “Реал” билан бир неча маротаба “Олтин тўп”га эгалик қилди, кетма-кет УЕФА Чемпионлар лигаси ғалаба қозиниб, “Реал”нинг брендини яна ҳам оммалаштирди. Қисқача айтганда, “Реал”нинг том маънодаги юрагига айланди. “Реал” агар ҳозир Роналдуни трансферга қўйган тақдирида ҳам яхшигина пул ишлаб ола олади.
Хулоса. Бу шунчаки бизнинг тахмин. Агар сизда ўзингизнинг тахминий рейтингингиз бўлса, марҳамат, ўз фикрларингизни ёзинг. Шахсан биз учун бу жуда ҳам қизиқ. Комментларингизни кутиб қоламиз. Ҳаммага омад!
Яҳёхўжа УЛУҒХЎЖАЕВ
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).