РОЗК томонидан мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари ўртасида спорт ўйинлари ўтказилди
Ўзбекистон футбол ассоциацияси, Ўзбекистон профессионал футбол лигаси, Чилонзор тумани мактабгача таълим бўлими ва Республика олимпия захиралари коллежи ҳамкорлигида “Ёшлар – келажагимиз” Давлат дастури доирасида “Спортга илк қадам” лойиҳасининг навбатдагиси Чилонзор туманидаги 284-МТМда ташкил этилди.
Лойиҳа давомида мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчиларининг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, уларни спортга бўлган қизиқишларини кучайтириш мақсадида, улар ўртасида бир қатор спорт ўйинлари ташкил этилди. Лойиҳани МТМ қошида фаолият олиб бораётган гимнастика тўгараги қизлари томонидан тайёрланган мусиқали чиқишлари очиб берди.
Шундан сўнг “Чаққон болажон” шиори остида қувноқ стартлар, “Яшил майдон юлдузчалари” шиори остида бир қатор ёш футболчилар томонидан мастер класслар намойиш этилди. “Олтин тож” шиори остида ташкил этилган шахмат-шашка мусобақалари болажонлар ўртасида катта қизиқиш уйғотди.
Бундан ташқари юнон-рум кураши бўйича Осиё ва жаҳон чемпионати совриндорлари ҳам ташриф буюриб, бўлажак чемпионларга мастер класслар кўрсатиш билан биргаликда, ўзлари ҳам болажонларимизга қўшилиб, машқларни бажаришди. Ушбу лойиҳа болажонларда кўтаринки кайфият уйғотиб, улар орасида спортга бўлган қизиқишни оширди. Бу ёшларимиз орасидан келажакда Ўзбекистон байроғини кўкларга кўтарадиган Осиё, жаҳон ва Олимпия чемпионлари етишиб чиқишига умид қилиб қоламиз.
Манба: www.the-uff.com
Киритилди: 16:50, 18.07.2018. Ўқилди: 3261 марта. Фикрлар: 1 та.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).
Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар