17 ноябрь куни Тошкентда Марказий Осиё мамлакатлари қиличбозлик федерациялари раҳбарларининг кенгаши бўлиб ўтди. Йиғилишда Халқаро қиличбозлик федерацияси ижроия қўмитаси аъзоси В.Логвин ҳам иштирок этди.
Кенгашда сўзга чиққан Логвин минтақада қиличбозлик спорти шиддат билан ривожланаётганлигини ҳисобга олган ҳолда, шунингдек миллий қиличбозлик федерациялари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида Марказий Осиё қиличбозлик Конфедерациясини ташкил этиш масаласини кўриб чиқишни таклиф қилди.
Кенгаш қатнашчилари ушбу ташаббусни якдиллик билан маъқулладилар. Йиғилишда сўзга чиққан Қозоғистон қиличбозлик федерациясининг вице-президенти Р.Кичиков Марказий Осиё қиличбозлик конфедерацияси раҳбар органини шакллантириш зарурлигини таъкидлаб, Марказий Осиё қиличбозлик конфедерацияси президенти лавозимига Ўзбекистон қиличбозлик федерациясининг раиси Рустам Шоабдураҳмонов номзодини таклиф қилди.
Кенгаш қатнашчилари бир овоздан Р.Шоабдураҳмонов номзодини қўллаб-қувватладилар ва Марказий Осиё қиличбозлик конфедерацияси президенти этиб сайладилар.
Конфедерация бош котиби лавозимига Афғонистон қиличбозлик федерацияси президенти А.Тарик, ташкилот вице-президентилигига эса Қозоғистон қиличбозлик федерациясининг вице-президенти Р.Кичиков сайланди.
Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси матбуот хизмати
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).