Чемпионлар Лигаси ярим финалининг биринчи ўйинлари ўтказилганидан сўнг деярли ҳеч ким инглиз жамоалари финалга чиқа олишига ишонмаётганди.
Мухлислар «Барселона» ва «Аякс» ўртасидаги финалнинг сценарийсини тахмин қилишни ҳам бошлаб юборишди. Аммо икки инглиз клуби бутун Европа футболининг «оёғини осмондан қилиб юборишди». АПЛнинг қолган чемпионатлардан илгарилаб кетгани ниҳоят халқаро майдонда ҳам самара бера бошлади. 7 йиллик танаффусдан ЕЧЛ бош соврини Англияга кетади. Қуйида «Ливерпуль» ва «Тоттенҳэм» ниманинг эвазига Чемпионлар Лигаси финалигача етиб келишгани ҳақида фикр юритамиз.
Премьер-Лигадаги тотал ўсиш
«Ливерпуль» кетма-кет иккинчи марта Чемпионлар Лигаси финалига чиқди. Ўтган мавсумда Клопп жамоасининг финалга боришида АПЛнинг ҳиссаси ҳақида гапириш қийин эди, чунки «Ливерпуль»нинг ўзи мавсумни жуда яхши ўтказганди. Муҳаммад Салоҳнинг ўйини очилиб кетгани ҳам асосий омиллардан бирига айланганди. Аммо бу мавсумда иккита финалчи ҳам АПЛдан. Бу эса чемпионатнинг охирги йиллардаги ўсиши клубларнинг халқаро натижаларига ҳам ижобий таъсир қила бошлаганини кўрсатади.
АПЛ кучлими ёки Ла Лига деган савол кўп йиллардан буён муҳокама қилинади. Қизиқарлилиги жиҳатидан Англия Премьер-Лигасига тенг келадиган чемпионат йўқлигини кўпчилик тан олади, аммо натижалар борасида АПЛнинг Ла Лига олдида «тили қисиқроқ» эди. Эндиликда Англия Премьер-Лигасини расман дунёнинг тенгсиз лигаси деб аташ мумкин. Камида бу мавсумда.
Қанотли «Ливерпуль»
«Ливерпуль» Каталониядаги биринчи ўйиндан сўнг жуда мушкул аҳволга тушиб қолганди. Айниқса Месси ўйин охирида жарима нуқтасидан урган гол Клопп жамоасига жиддий руҳий зарба бўлганди. Етмаганига жавоб баҳсида Муҳаммад Салоҳ ва Роберто Фирмино жароҳат сабаб ўйнай олишмади. Хуллас, ҳамма нарса гўёки «Ливерпуль»нинг зарарига ишлаётганди. Бироқ биргина факт «Ливерпуль»нинг жавоб ўйинидан олдин имкониятларини сақлаб қолаётганди: жамоа мураббийи Юрген Клопп экани! Ўйиндан сўнг футболчиларини битта-битта қучоқлайдиган, ҳаммага позитив кайфият улашадиган Клопп футболчилари майдонда «ўлиб тирилиши» учун нима дейиш кераклигини билади.
Каталониядаги ўйиндан сўнг «Барселона» футболчилари билан ҳам кўришган, ўз жамоасини тор-мор қилган Мессига нималардир деб, унинг ҳам кайфиятини кўтарган Клоппнинг мардлиги тақдирланиши керак эди! Шундай бўлди ҳам. Биласизми, майдонда Салоҳ ва Фирмино бўлганида балки «Ливерпуль»нинг камбэки амалга ошмасди. Улар борлигида футболчилар хоҳлашадими йўқми, жамоасининг етакчисига айланган бу йигитларга ишониб қолган бўлишарди. «Тўпни уларга ошираман, нима қилишни ўзлари билишади» деган хулоса инстиктив тарзда хаёлларидан ўтган бўларди.
Салоҳ ва Фирминонинг йўқлиги, биринчи ўйиндаги йирик мағлубият, Мессининг жарима зарбаси, Суарес ва Коутиньо каби собиқ етакчиларнинг рақиб жамоаси сафида ўйнаётгани – ҳамма-ҳаммаси «Ливерпуль» футболчиларининг жаҳлини чиқаргани аниқ. Салбий фактлардан ҳам адреналин ола билган Клопп шогирдлари «Барселона»ни кўрдим демай ўтиб кетишди.
Юқорида Коутиньо ва Суареснинг «Барселона»да ўйнаётгани ҳам «Ливерпуль» футболчиларининг кайфиятига таъсир қилгани ҳақида айтдик. Шу ҳақда икки оғиз. Суарес ҳам, Коутиньо ҳам битта сабаб билан «Ливерпуль»дан кетишган: кучлироқ жамоа сафига ўтиш учун. Ваҳолангки, ҳар икки футболчининг қолишини мухлислар жуда хоҳлашганди.
«Ливерпуль»нинг ҳозирги футболчилари эса жамоаларини кичкина деб ҳисоблаб кетган Суарес ва Коутиньога «кўрсатиб қўйиш учун ҳам» икки ҳисса яхшироқ ўйнашди. Суарес ва Коутиньо кетган вақтда «Барселона» чиндан Европанинг энг зўри бўлгандир, лекин энди бундай эмас. Ҳозир «Ливерпуль» икки йилдан буён ЕЧЛ финалига чиқаётган клуб, «Барселона» эса 4 йилдан буён финалга чиқмагани етмаганидек кетма-кет уч марта азалий рақиби «Реал»нинг Европада тенгсиз бўлганини ҳазм қилишга мажбур клуб.
«Ливерпуль» биргина ўйинда футбол тахтига қайтишига деярли ҳеч ким шубҳа қилмаётган «Барселона»ни дунёдаги энг омадсиз клубга айлантириб қўйди. Аҳвол шунчаликка бордики, «Барселона»дагилар Вальверденинг истеъфоси ҳақида ўйлай бошлашди. Таянч ярим ҳимоячиси ва бутун мавсумни захирада ўтказган ҳужумчилар билан ютиб кетди «Ливерпуль» Мессиси бор жамоани.
Юқорида «Ливерпуль»ни қанотли жамоа деб атадик. Чунки Клопп жамоасининг қанотлари тўхтатиш жуда қийин бўлган чизиққа айланган. Эндрю Робертсон ва Тренд Александр-Арнольд каби югуриш бўйича мусобақаларда ҳам бемалол қатнаша оладиган қанот ҳимоячилари унча-мунча рақибни кўрдим демайди. «Барселона» дарвозасига урилган 4та голдан учтаси айнан қанотдан уюштирилган ҳужумлардан сўнг юзага келди.
Бир сафар Шақири чап қанотдан голли узатмани амалга оширди. Иккита гол эса Трент Александр-Арнольднинг узатмаларидан сўнг урилди. Айниқса ҳал қилувчи голда Трент худди 20 йилдан буён юқори даражада футбол ўйнаб юрган футболчилардек ҳаракат қилди. Бурчак тўпини бундай амалга оширишни кўпчилик биринчи марта кўрди. Ана шундай супер қанот ҳимоячиларига эга «Ливерпуль» бу устунлигидан ажойиб тарзда фойдаланмоқда.
Қанотдан уюштириладиган ҳужумда ҳеч қандай экстроординар нарса йўқ. Қанот футболчиси шунчаки югуради ва керак вақтда бир-иккита финт қилади. Ҳаммаси жуда оддий, лекин уни тўхтатиш қийин. Линекернинг зўр гапи бор. Бу гапни «Лестер» Англия чемпиони бўлгач айтганди: «Футболда энг қийин иш энг оддий ишни тўғри қилишдир». «Ливерпуль» мана шуни эплади.
Мураббий жамоалари
«Ливерпуль» ва «Тоттенҳэм»ни бир жиҳат боғлаб туради. Бу уларнинг ҳақиқий мураббий жамоаси эканлиги. Почеттино ҳам, Клопп ҳам ўз жамоасида жуда ажойиб муҳитни юзага келтирган. Энг асосийси, улар футболчилар билан яхши муносабатда бўлишади. Агар бу икки клуб мураббий жамоаси бўлмаганида, финалга чиқа олмаган бўларди. «Тоттенҳэм»да Ҳарри Кейн, «Ливерпуль»да эса Муҳаммад Салоҳ жароҳати сабаб майдонга туша олмаганига қарамай, икки клуб ҳам супер камбэкларни амалга оширди.
Мураббий жамоаси ҳисобланмаган «Реал» ва «Барселона» (бу таъриф Зиданнинг «Реал»ига тегишли эмас) Роналду ёки Мессисиз қандай аҳволга тушганини кўрдик. «Реал» Роналдусиз ўтказган илк мавсуми қўрқинчли туш каби унутилишини хоҳламоқда. «Барселона» ҳам Месси майдонда бўлмагани у ёқда турсин, у кайфиятсиз майдонга тушган баҳсларда ўйнолмай қолади. Худди «Энфилд»да бўлгани каби.
«Тоттенҳэм» жорий мавсумнинг ўзида иккинчи марта Кейнсиз қолишга мажбур бўлди. Биринчи марта Кейн жароҳат олганида жамоа АПЛдаги муваффақиятсизликларига якун ясаб, кетма-кет учта ўйинда ютганди. Иккинчи марта эса Чемпионлар Лигаси финалига чиқиб турибди. Кейн шубҳасиз жамоанинг етакчиси. Ахир у бутун бошли Англия миллий жамоаси сардори. Шундай бўлса-да, Почеттино жамоасида асосий инсон ҳисобланади. Шу сабаб йўқотишлар, «қуруқ ўтган» трансфер ойналари ҳам жамоага деярли таъсир қилмаяпти.
«Тоттенҳэм» камбэклар камбэкини амалга оширди
Тан олиш керак, «Тоттенҳэм»нинг камбэки «Ливерпуль»никидан зўрроқ бўлди. Чунки «Аякс» биринчи бўлимдан сўнг 2:0 ҳисобида олдинда бораётган ва инглизларда деярли имконият йўқдек кўринганди. Почеттино эса ўйинни ўзгартириб юборди ва «Тоттенҳэм» ўйиннинг ичида камбэк қилиб ташлади. Аргентиналик мураббийнинг таваккал қилишдан қўрқмаслигини мухлислар айниқса яхши кўришади.
Тўғри, «Аякс» – «Тоттенҳэм» каби ўйинларда тактикадан кўра ҳиссиёт юқорироқ планга чиқади, лекин Почеттино тактик йўқотишларсиз таваккал қилиб, ўйинни қутқариб қолишга муваффақ бўлди. Иккинчи бўлимда у иккита тактикага жиддий таъсир кўрсатадиган ўзгаришни амалга оширди. Марказда рақиб ҳужумни бузиши керак бўлган Виктор Ваньяма ўрнига таянч зонасидан кимдир эмас, марказий ҳужумчи Фернандо Льоренте тушди. Кейинроқ эса Киран Трипьер ўрнига Эрик Ламела ўйинга қўшилди.
Ҳар икки захирада ҳам таваккал қилган Почеттино бўш жойларни ёпишни ҳам эплади. Ваньяма ўрнига марказий ҳужумчи тушгач, марказдаги қора ишларни қилаётган Сиссокога ўйинни ҳужумда бошлаган Деле Алли кўмаклашди. Мураббий Аллининг жисмоний ҳолати жуда зўр эканидан унумли фойдаланди. Алли таянч зонасини ёпиш билан бирга Лукаснинг иккита голида ҳужумни бошлаб, ассистентлик ҳам қилди.
Трипьер ўрнига ҳужумкор футболчи тушгач, унинг қанотини яна бир жисмоний жиҳатдан бақувват футболчи Сиссоко тўлдирди. Сиссоко ва Аллининг бирданига иккита чизиқда ўйнай олгани «Тоттенҳэм»нинг ҳужумдаги вакиллари сони ошишига сабаб бўлди ва бу ўз самарасини берди. Шу тариқа, «Тоттенҳэм» даҳшатли камбэкни амалга ошириб, ҳақли равишда финалга чиқди.
Англия чемпионатининг ҳар бир турида етакчи жамоаларнинг қийналиши, интрига охирги турларгача сақланиб қолиши, чемпионлик учун олтита жамоа кураш олиб бориши, ўтган мавсумда зўрға лигада жон сақлаб қолган жамоанинг чемпион бўлиб кетиши... буларнинг ҳаммаси бир кун келиб ўз мевасини бериши керак эди. Бунақа шиддатли чемпионат вакиллари 7 йилдан бунё Европа футболи тахтига кўтарила олмаётгани мухлисларнинг дилини хира қилаётганди. Энди инглиз футболи мухлислари бемалол, ким ютса ҳам биз ютамиз, деб Чемпионлар Лигаси финалини кўришади. Инглизча финал Испанияда ўтказилишида ҳам бир ҳикмат бордек.
Дарвоқе, бонусига Европа Лигасида ҳам инглизча финал бўлиши мумкин ва бу ҳақиқатга яқин. «Арсенал» ва «Челси» Европа Лигаси ярим финалининг биринчи ўйинларида ўзлари учун керакли натижа кўрсатишган. Бугун улар финал йўлланмасини ижобий ҳал қилишлари мумкин. Хуллас, бу мавсумда «Еврокубоклар ёмғири» инглизларники...
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).