Хабар берганимиздек, «Бунёдкор» кеча Минскдаги ўқув-йиғин машғулотларини бошлади.
Машғулотлар «Минск» клуби майдонида ўтказилди. Аниқроғи, «Минск» жамоасига қарашли машғулот майдонларидан бири «Бунёдкор» учун ажратилган. Машғулотлар енгил тарзда ўтказилди. Футболчилар майдон бўйлаб югуришди, танани қиздирувчи машқларни бажаришди, «квадрат» ўйнашди, яна югуришди ва дарвозабонларнинг маҳоратини синовдан ўтказишди. Бу табиий ҳол. Сабаби, Ўзбекистон Лига Кубоги баҳсларидан кейин жамоа аъзолари таътилга чиққан, бир ҳафталик танаффусдан кейин эндигина машғулотлар бошланди. Кечаги машғулотларда Исломжон Қобилов якка тартибда шуғулланди. Боиси, ҳимоячи биринчи давранинг сўнгги турлари арафасида жарроҳлик столига ётишга мажбур бўлган эди. Шундан бери биринчи марта машғулотларга қўшилди.
Дарвозабонлар Муроджон Зуҳуров, Абдумавлон Абдужалилов ва Элдор Адҳамов билан тажрибали мутахассис Абдусаттор Раҳимов шуғулланди.
Бугундан машғулотлар икки маҳалдан ўтказилади. Қолаверса, режадан кечки овқатдан сўнг назарий машғулотдан ҳам ўрин олган.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).