Бир неча дақиқа олдин “Реал” ЕЧЛ гуруҳ босқичи иккинчи ўйинида ўз уйида “Брюгге”ни қабул қилди ва дуранг ўйнади. Қизиғи, “қироллик клуби” мағлубиятдан қутулиб қолишни уддалади. Ҳа, жамоа яққол аутсайдер дея баҳоланган “Брюгге”га сал қолса ютқазарди.
ХАТОЛАРНИНГ БОШИДА — ЗИДАН
Айни дамда “Реал”нинг асосий муаммоларидан бири — дарвозабон. Кейлор Наваснинг сотилишини талаб қилиб, Куртуани асосий дарвозабонга айлантирган Зидан бугун бу қарори хато бўлганини қисман тан олди, чунки иккинчи бўлим бошидаёқ майдонга Куртуанинг ўрнига Ареола тушди. “Реал”да дарвозабон деярли алмашмайди агар жароҳат олмаса. Куртуада жароҳат йўқ эди, демакки, Зидан биринчи бўлимда ўтказиб юборилган голларда Куртуанинг ҳам айби борлигини тан олди. Агар алмаштирмаганида, эҳтимол, иккинчи бўлимда меҳмонлар томонидан уюштирилган хавфли вазиятлардан бири голга айланиши мумкин эди. Ареола эса бу вазиятни бартараф эта олди. Шу ўринда бир жиҳат, агар Куртуанинг ишончсиз ўйини давом этаверса, "Реал" бошқа дарвозабон харид қилишига тўғри келади, чунки "қироллик клуби" бир йиллик ижарадан сўнги Ареолани сотиб олиш ҳуқуқига эга эмас, яъни "ПСЖ" Ареолани қайтариб олишни истаса, "Реал" ҳеч нарса қила олмайди.
Зидан ишонч билдираётган яна бир футболчи — Лукас Васкес ҳам бугунги ўйинда “Реал”нинг зарарига ишлади. Очиғи, шу футболчини “Реал” нега сотмайди, Зидан нега майдонга тушираверади, ҳайронман. Биринчидан, ёши ўттизга қараб кетяпти агар ёш десак. Иккинчидан, ҳеч бир алоҳида ажралиб турадиган жиҳати ҳам йўқ. Бугунги ўйинда ҳам хато қилаверди, қилаверди, оқибатда худди Куртуа каби Зидан ҳам уни алмаштиришга мажбур бўлди.
Карим Бензема — ўртамиёна ҳужумчи. “Реал”га эса бугунгидек вазиятда ўйинни қутқара оладиган ҳужумчи керак. Олдинги турлардан бирида ЕЧЛ доирасида “Вольфсбург”га қарши ўйин эсингиздами? Биринчи ўйинда “бўрилар” “Реал”ни 2:0 ҳисобида таслим этишганди. Жавоб ўйинида эса Роналду учта гол киритиб, “Реал”ни кейинги босқичга олиб чиққанди. Агар “қироллик клуби” плей-оффда яна шундай вазиятга тушиб қолса, жамоани қутқара оладиган футболчи борми? Йўқ. Азар ҳали формада эмас, Бенземада бундай хусусият азалдан бўлмаган... Бу эса Зидан ва Перес учун жиддий муаммо, аслида.
“Брюгге”га қарши ўйин кўрсатиб бердики, “Реал”нинг ҳозирги даражаси жамоанинг олдига қўйилган мақсадларни амалга ошириш учун етарли эмас. Бугун “Реал” мағлубиятга тенг дурангга имзо чекди. Тўғри, 2:0 ни 2:2 га айлантирганини ҳисобга олсак, “қироллик клуби” учун дуранг яхши натижа, аммо умумий вазиятни инобатга олсак, бугунги дуранг “Реал” учун мағлубият билан тенг. Қолаверса, Мадрид клуби биринчи ўйинда йирик ҳисобда мағлуб бўлган (0:3, “ПСЖ”).
Айни дамда шуниси аниқки, “Реал” ЕЧЛ ғолиблиги учун курашда фаворит эмас. Зидан ҳамон барқарор асосий таркибни аниқлай олгани йўқ, эҳтимол, ўзи учун белгилаб олгандир, аммо ҳали ҳеч бир асосий таркиб муҳим ўйинларда ўзини оқлагани йўқ. Ла Лигада “Атлетико” билан дуранг, ЕЧЛда “ПСЖ”дан учралган мағлубият ва ҳоказо.
Азарда ҳам муаммолар етарлича эканлиги кўринмоқда. Чиндан ҳам бельгиялик футболчида ортиқча вазн бор, бу вазндан ҳали халос бўла олгани йўқ ва энг ёмони шу вазн Азарга ўз ўйинини кўрсатишга йўл қўймаяпти. Азар “Реал”да ҳам “Челси”дагидек рақибларни бирин-кетин алдашга интилмоқда, аммо Мадридда бу ишни Лондондаги каби қойиллата олмаяпти. Бунинг учун ўша “Челси”да гуллаган Азар керак “Реал”га. “Реал” азалдан бирор-бир футболчининг ўйини қовушиб кетишини кутиб ўтирадиган жамоа бўлмаган, ўйининг ўхшадими, тамом, ўйнаб кетасан, ўхшамадими, акс ҳолда кетишга мажбурсан. Азарнинг “Челси” сафида кўрсатган ўйинлари орқали орттирган обрўси унинг “Реал”да ҳамон ўйнаётганига сабаб бўлмоқда. Аммо агар ўз устида кўпроқ ишлаб, аввалги формасига қайтмаса, “қироллик клуби” ундан воз кечади. Ахир бу жамоа Азардан-да кучлироқ футболчилардан воз кечиб юборган вақтида.
Бу мавсумдаги ЕЧЛ “Реал” учун ҳақиқий машаққатга айланади. Зидан қишда бирор-бир тажрибали ҳужумчини олиб келмаса бўлмайдиганга ўхшамоқда. Лука Йович каби кўп ҳам синалмаган футболчилар эса “Реал”га доим ҳам фойда келтиравермайди. Аслида ҳам Зиданнинг хоҳиши билан жамоага олиб келинган футболчилар, Зидан ишонган футболчилар унинг ишончини оқлай билишмаяпти. Кўрамиз,эҳтимол, вазият ўзгарар.
“Реал” энди қолган ўйинларда ғалаба қозонишга мажбур. Акс ҳолда гуруҳ босқичидан кейинги босқичга ўтишнинг ўзиёқ чинакам машаққатга айланиши мумкин.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).