Садио Мане 1992 йилнинг апрелида Сенегалнинг Седиу шаҳрида туғилган. Болалигида кичик Бамбали қишлоғига кўчиб ўтишган. Кичиккина уйда тўққиз жон яшашган — ака-укалари, опа-сингиллари, ота-онаси ҳамда тоғаси. Унинг акаси Малик Маке ҳам футболчи ҳисобланади.
ФУТБОЛГА ЖИДДИЙ ҚАДАМ
Маненинг отаси маҳаллий масжидда имом бўлиб ишлаган. Оилада доимий пул етишмовчилиги бор эди. Ота-она болаларининг яхши ўқиши ва яхши жойларда ишлашини исташарди.
Садио эса ёшлигидан футболга меҳр қўйди, ўзидан ёши катта болалар билан футбол ўйнарди. Телевизорда футбол юлдузларини кўрганида уларнинг ўрнида ўзини тасаввур қиларди. Сенегал 2002 йилда жаҳон чемпионати чорак финалига чиққанида эса футбол билан жиддий шуғулланишга қарор қилди.
Ота-онаси унинг дарсни ташлаб, футбол билан мунтазам шуғулланиш борасидаги қарорига қарши чиқишди. Аммо Мане мактабни ташлаб, Дакарга кетишга ва бахтини ўша ерда излашга қарор қилди. Ўқув йили тугаганида эса пойтахтга кетиши учун бутун қишлоқ аҳли унга пул йиғиб беришди.
ЙИРТИҚ ЛИБОС ВА ЙИРТИҚ БУТСА
«Женерасьон Фут» футбол академиясига кириш учун текширувдан ўтиш, ўз маҳоратини кўрсатиши керак эди. Маненинг кийими ва бутсаси йўқ эди, шунинг учун йиртиқ кийим ва йиртиқ бутсада борди. Унинг бу кўриниши мураббийларнинг эътиборини тортди, аммо Мане ўзини кўрсата олди ва синовдан муваффақиятли ўтди.
Машғулотлар пайтида Мане бегона оилага тушиб қолгандек ҳис қилди ўзини, аммо болалар билан тез чиқишиб кетди. Кейинги икки йил тинимсиз машғулотлар билан ўтди. 2011 йилда эса Дакарга “Метц” футбол клуби скаутлари ташриф буюриши керак эди. Улар Африкада ишлашар ва қашшоқ оилалар фарзандларига катта спортга кириш эшикларини очиб беришарди. Мане эса айнан улар истагандек жуда қашшоқ ва қобилиятли бола эди. 17 ёшли йигитча ёшлар жамоасининг асосий тўпурарига айланганди.
КАТТА ФУТБОЛ САРИ
20 ёшида Мане «Метц»нинг асосий жамоаси сафига қўшилади. Катта футболдги расмий дебюти 2012 йилга тўғри келади. Ўшанда у маҳаллий “Бастия» жамоасига қарши майдонга тушади. Мане 2012/2013 йиллардаги мавсумда 22 та ўйинда ҳаракат қилади ва иккита жамоага гол уришга эришади («Генгам» ва «Люзнак»).
Маненинг онаси ўғлим Сенегалда машғулот ўтказяпти, деб ўйларди. Унга ҳақиқатни футболчининг тоғаси айтади. Бу қўнғироқдан кейин Маненинг ота-онаси дастлаб ишонишмайди, футболчини телевизорда кўрмагунларига қадар Мане бизни алдаяпти, деб ўйлашади. Францияда яшаётган Мане эса қишлоғини жуда соғинарди. Бундан ташқари, йигитча маҳаллий иқлим ва маданиятга мослашишга қийналади. Ўйинлардан бирида олган жароҳати эса машғулотларда тўлиқ куч билан ишлашга халал беради, оқибатда бир нечта ўйинларни ўтказиб юборади.
АВСТРИЯ САФАРИ
Шунга қарамай, “Метц” клубида яхши мавсум ўтказган Мане Сенегал терма жамоасига жалб қилинади. Мавсум олди трансфер вақтида эса Мане Францияни тарк этади. Ёш футболчига Австриянинг “Ред Булл” жамоаси қизиқиш билдирган ва унинг учун 4 млн евро таклиф қилганди. Мане янги жамоаси билан 4 йиллик шартнома борасида келишувга эришади ва Зальцбургга учиб кетади.
Янги мамлакатда футболчи ўзини ноқулай ҳис қилади — уйдан узоқда, маҳаллий тилни билмайди. Аммо жамоа бош мураббийси Рогер Шмидт унга ёрдам беради. Мане янги жамоасидаги биринчи мавсумини омадли ўтказади, у 16 та гол уради.
Кейинги мавсумда Садио клубнинг асосий фигурасига айланади, 2013 йилда эса Еврокубоклардаги биринчи голини киритади. Сентябрдан ноябрь ойигача эса яна 9 бор рақиблар дарвозасини ишғол қилади, кейин эса “Бавария”га қарши ўртоқлик ўйинида ҳам ўзини кўрсатади. Битта гол урган ҳамда голли узатмани амалга оширган Мане “Бавария”нинг мағлубиятсиз сериясига чек қўяди.
НАВБАТ АНГЛИЯГА
Маненинг ақлбовар қилмас ўйинлари бошқа жамоалар мураббийлари ва раҳбариятининг ҳам эътиборини тортади. 2014 йил ёзида “Суонси” ва “Вест Хэм” клублари қизиқиш билдиришади. Бу клублар футболчи учун яхшигина маош ва узоқ муддатли шартнома таклиф қилишади, аммо уларнинг Мане учун таклиф қилган суммаси «Ред Булл» раҳбариятини қониқтирмайди.
Шундай қилиб, Мане кейинги мавсумни ҳам Австрия клубида бошлайди, аммо қишда унинг янги таклиф кутаётганди. Англиянинг «Саутгемптон» клуби Мане билан 3 йиллик шартнома борасида келишувга эришади. “Ред Булл” раҳбариятини ҳам биринчи музокарадаёқ кўндиришади.
2014 йилнинг сентябрида эса Мане “Арсенал”га қарши Лига кубогида майдонга тушади, кейин эса Премьер-лигада ўйнайди. 2015/2016 йиллардаги мавсумда Мане 37 та ўйинда ҳаракат қилиб, 11 гол киритишга эришади.
ЭНГ МУҲИМ ҚАДАМ
Сенегаллик сеҳргарнинг хатти-ҳаракатлари “Ливерпуль” раҳбариятининг эътиборини тортади. Улар Мане учун 40 млн евро таклиф қилишади, “Саутгемптон” раҳбарияти рози бўлгач, Садио “қизиллар” билан узоқ муддатли шартнома имзолайди. Мане 2016 йилнинг августида “Арсенал”га қарши ўйинда “Ливерпуль” сафида дебют қилади ва гол уради. Унинг “қизиллар” сафидаги биринчи хет-трики 2018 йилнинг қишига тўғри келади. Бундан ташқари, май ойида Мане Чемпионлар лигаси финалида гол урган биринчи сенегаллик футболчига айланади.
ШАХСИЙ ҲАЁТИ
Иқтидорли футболчи ҳозирча уйланишга шошилмаяпти. Қолаверса, унинг кимнидир севиши ҳақида интернетда деярли маълумот йўқ. Чунки Мане севги ўйинларидан узоқ юради. Олдинроқ унинг севган инсони борлиги ҳақида маълумот тарқалганди, аммо у қиз ҳақида ҳеч нарса маълум эмас. Тахминлар бор, холос. “Инстаграм”даги саҳифасида ҳам дўстлари ва жамоадошлари билан тушган суратларини жойлаб боради.
БУГУН
Мане ҳозирда “Ливерпул”да 10-рақамда ўйнамоқда. Асосан, ўнг оёқда ҳаракат қилади. Бўйи 175 см, оғирлиги — 70 кг. Тезлиги, дриблинглари жойида.
Низомжон ИСЛОМОВ тайёрлади.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).