Аввалги Жаҳон чемпионатлари мухлислар учун ҳақиқий байрам ва қулайлик рамзи бўлган эди. Масалан, 2006 йил Германиядаги турнирда “KombiTicket” тизими орқали ўйин кунлари жамоат транспорти текин қилинган, 2018 йил Россияда шаҳарлараро поездлар, 2022 йил Қатарда эса метро хизмати мухлислар учун мутлақо бепул бўлганди. Бироқ 2026 йилги мундиалга мезбонлик қилаётган АҚШда вазият бутунлай бошқача тус олмоқда.
Шундоқ ҳам чипталар, авиақатновлар ва меҳмонхоналарнинг ҳаддан ташқари қимматлигидан азият чекаётган футбол ишқибозлари энди стадионга бориб-келиш учун ҳам катта маблағ сарфлашга мажбур.
Нью-Жерсидаги стадионга поездда бориб-келиш нархи 98 доллар, Массачусетсда эса 80 доллар этиб белгилангани футбол ишқибозларининг кескин норозилигига сабаб бўлди. Ваҳоланки, одатий кунларда Америка футболи (NFL) мухлислари ушбу йўналишлар учун мос равишда бор-йўғи 12,90 ва 20 доллар тўлашарди.
Маҳаллий расмийлар нархлар хавфсизлик ва қўшимча транспорт қатновлари харажатларини қоплаш учун белгиланганини айтишса-да, мухлислар буни турнир ташкилотчиларининг навбатдаги “талончилиги” деб баҳолашмоқда.
Шотландиялик мухлисларнинг режаси
Ташкилотчилар таклиф қилган қиммат транспорт хизматидан норози бўлган шотландиялик ишқибозлар вазиятдан чиқишнинг ўзига хос йўлини топишди. 28 йиллик танаффусдан кейин илк бор мундиалга чиққан Шотландия терма жамоасининг 1000 нафарга яқин мухлиси бирлашиб, 20 та мактаб автобусини ижарага олди. Натижада транспорт харажати бир киши учун бор-йўғи 50 доллардан тушди. Бу орқали улар расмийлар таклиф қилган транспорт харажатидан деярли икки баробар тежаб қолишди ва умумий ҳисобда 85 000 доллардан ортиқ маблағни ёнларида олиб қолишди.
“Бу Жаҳон чемпионатини режалаштириш бошидан охиригача даҳшатга айланди. Назаримда, бу тарихдаги бориш энг қийин ва қиммат турнирдир. Мен биргина Шотландия — Марокаш ўйини чиптаси учун 1350 доллар сарфладим. Ушбу 6 кунлик АҚШ сафаридан орттирилган кредит қарзларимни узишим учун камида икки йил керак бўлади”, дейди 37 ёшли шотландиялик мухлис Рори Филлипс-Ҳантер.
Шаҳарлардаги турлича ёндашув
Ҳамма штатларда ҳам транспорт тизими бир хил қиммат эмас:
Атланта, Хюстон ва Сиэтл: Стадионлар тўғридан-тўғри метро тизимига боғланган ва у ерда одатий арзон тарифлар амал қилади.
Майами: Мухлислар учун шаҳар марказидан стадионгача мутлақо бепул автобуслар қатнови йўлга қўйилган.
Филаделфия: FIFA ҳомийси бўлган Airbnb компанияси молиялаштиргани сабабли стадиондан қайтиш бепул қилинган.
Канзас-Сити: Махсус қатновчи автобуслар нархи 15 доллар этиб белгиланган.
Нью-Жерси (“MetLife стадиони”) ва Массачусетсдаги (“Gillette стадиони”) юқори нархлар эса стадионларнинг шаҳар четида жойлашгани билан боғлиқ. Одатда NFL ўйинларига мухлислар шахсий машинасида келишади, бироқ ЖЧ вақтидаги хавфсизлик чоралари ва VIP зоналар сабабли автотураргоҳлар кескин чекланган. Бу эса ўн минглаб одамларни жамоат транспортидан фойдаланишга мажбур қилмоқда.
FIFA ва маҳаллий ҳокимият ўртасидаги низо
Лозанна университети тадқиқотчиси Давид Гогишвилининг таъкидлашича, FIFA турнирдан миллиардлаб даромад кўрса-да (2023–2026 йиллар учун кутилаётган даромад 13 миллиард доллар), харажатларни мезбон шаҳарлар бўйнига қўйишга ўрганган. АҚШдаги маҳаллий расмийлар эса ушбу харажатларни солиқ тўловчилар ҳисобидан қоплашни исташмаяпти. Нью-Жерси губернатори Майки Шеррилл ҳам транспорт харажатларини FIFA тўлаши кераклигини талаб қилди.
Экспертларнинг фикрича, турнир ортидан ваъда қилинган улкан иқтисодий фойда ҳам ўзини оқламаслиги мумкин — ҳозирда АҚШнинг 11 та мезбон шаҳрида меҳмонхоналар бандлиги кутилган даражадан анча паст. Маълумотларга кўра, 1966 йилдан 2018 йилгача бўлган деярли барча Жаҳон чемпионатлари мезбон мамлакатлар учун якунда молиявий зарар билан якунланган.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).