“Ювентус” клуби ва Португалия терма жамоаси ҳужумчиси Криштиану Роналду профессионал фаолиятидаги 700-голини уришга улгурди. Бунинг учун у 973 та ўйин ўтказишига тўғри келди. У 12 та ҳар хил турнирларда 458 та гол урди. Ҳисоблаб кўрилганда, 112 минутга биттадан гол тўғри келади.
Роналду «Спортинг» сафида 31 та ўйинда 5 та гол урган, «Манчестер Юнайтед»да 292 та матчда 118 та тўп киритган, «Реал»да 438 та беллашувда 451 та голга муаллифлик қилган, «Ювентус» таркибида эса 51 та ўйинда 32 та гол уришга улгурди. Ва у бу билан тўхтамоқчи эмас. Хўш, кимлар Криштианудан кўпроқ гол урган? Қуйида ана шу саволга жавоб берамиз.
5. Герд Мюллер (735 гол)
Германиялик буюк тўпурар футбол тарихидаги энг яхши ҳужумчилардан бири ҳисобланади. 15 йил умрини “Бавария”да ўтказган Мюллер голлар сони бўйича клуб рекордини ўрнатган.
Мюнхен клуби афсонаси 1974 йилги жаҳон чемпионатида ғалаба тўпини киритган.
4. Ференц Пушкаш (746 гол)
Ҳеч қачон унутилмайдиган яна бир ҳужумчи. У Венгрия терма жамоаси ва “Реал” сафида порлаган. 1960 йилда Европа чемпиони бўлган. Венгрия термаси ва “Реал” афсонаси номига Пушкаш соврини жорий қилинган. ФИФА ушбу совринни ҳар йили энг чиройли гол муаллифига топширади.
3. Пеле (767 гол)
Пеле — фантастик натижа қайд этган афсона. Фаолияти давомида бир нечта рекордларни янгилаган бразилиялик футболчи Гиннеснинг рекордлар китобига ҳам киритилган. Яъни Пеле жами 1363 та ўйинда 1281 та гол киритган. Расмий ўйинларда эса, аниқроғи 831 та ўйинда Пеле 767 та гол киритган. Бу дегани битта ўйинга 0,92 та гол тўғри келади. Айнан у мундиалда Бразилиянинг юзинчи голини урган, у 1970 йилда Италия термаси дарвозасини ишғол қилганди.
2. Ромарио (772 гол)
Бразилияликларнинг ҳужумкор ўйинни хуш кўриши бежизга эмас. Бу Ромарионинг кўрсаткичида ҳам акс этган, у 994 та расмий ўйинда 772 та гол киритган.
Ромарио 1994 йилда ФИФА версиясига кўра йил футболчиси деб топилган. 2002 йилда эса Пеле билан бирга жаҳон чемпионатининг рамзий терма жамоасига киритилган.
Роналдо айнан Ромарио унинг кумири бўлганини таъкидлаган, Йохан Кройф эса Ромариони 11 метрлик ҳудудда энг ақлли футболчи деб таърифлаган.
1. Йозеф Бицан (805 гол)
Биринчи ўринда кимни кутгандингиз? Ҳар ҳолда Йозеф Бицанни кутмаганлигингиз аниқ. Аммо статистика австриялик афсонавий ҳужумчининг даҳшатли тўпурар бўлганини исботлайди.
Бицан фаолияти давомида жуда кўплаб жамоаларда ўйнаган. Австриянинг «Рапид» ва «Адмир» жамоасида тўп сурган, кейин эса Чехияга йўл олган ва фаолиятини ўша ерда тугатган. Чехияда у «Славия», «Витковиц», «Спартак» ва«Динамо» клублари шарафини ҳимоя қилган. Қизиғи, фаолияти давомида у учта терма жамоа — Австрия, Чехословакияҳамда Богемиява Моравия шарафини ҳимоя қилган.
Ҳисоб-китобларга кўра, Бицан фаолияти давомида жами 1470 та гол урган, аммо улар орасида норасмий ўйинларда киритилган голлар ҳам кўп.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).