Бугун Германиянинг Берлин шаҳрида давом этаётган велотрек бўйича жаҳон чемпионатининг навбатдаги кун дастурида ҳамюртимиз Ольга Забелинская иштирок этади. Спортчимиз бугунги дастурда омниум йўналишида жаҳон чемпионати медали қатори Токио Олимпиадаси йўлланмаси учун курашади.
Омниум – велотрекнинг кўпкураш йўналиши бўлиб, унда иштирокчилар кун давомида 4 бор стартга чиқишади. Ғолиб ҳар бир йўналиш бўйича жамғарилган очколар йиғиндисига қараб аниқлаб олинади.
Кундузги дастур Тошкент вақти билан 19:00 дан бошланиб, юртдошимиз скрэтч ва темпо рейс бўйича стартга чиқади. 22:30 дан эса кечки дастур бошланади. Унда элиминейшн ҳамда очколар пойгаси бўйича дастурлар белгилаб қўйилган. Сўнгги старт Тошкент вақти билан тахминан 00:30 га тўғри келади. Бироқ вақт аввалги баҳслар якунига қараб ўзгариши мумкин. Мусобақа “Eurosport2” телеканалида тўлиқ намойиш қилинмоқда.
Жаҳон чемпионати Токио Олимпиадасига йўлланма берувчи сўнгги стартдир. Мусобақа якунидан сўнг жаҳон рейтингининг кучли 21 талигидан ўрин олган спортчилар Олимпиадага йўлланма олади. Забелинская ушбу йўналишда рейтингнинг 24-поғонасида турибди. Мусобақада спортчимиз тахминан кучли бешталикка кира олса, Олимпиада йўлланмасини нақд қилиб қўяди. Спортчимиз кучли бешликка кира олмаса, Олимпиада лицензияси рақибларнинг натижасига боғлиқ бўлиб қолади.
Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси спортчимизга бўлажак стартларда омад ва зафар тилаб, Олимпиада лицензияларимиз сони яна биттага кўпайишини ният қилиб қолади.