Карантин вақтида Ўзбекистон бокс федерацияси матбуот хизмати бир неча катта интервьюларни мухлисларимиз ҳукмига ҳавола қилиб келмоқда. Бунгача федерация раисининг биринчи ўринбосари Сакен Полатов, эркаклар терма жамоаси бош мураббийи Марат Қурбонов бир қатор саволларга жавоб бериб ўтишди. Бугунги меҳмонимиз бокс бўйича Ўзбекистон аёллар терма жамоаси бош мураббийи "Ўзбекистонда хизмат кўрсатган мураббий" унвони соҳиби Лочин Қўчқоров бўлади.
— Лочин ака, яқин йиллардан буён Ўзбекистонда аёллар боксига эътибор кучайди. Буни сиз мураббийлар, терма жамоа аъзолари ҳис қиляпсизларми?
— Ўзбекистон аёллар терма жамоаси мураббийи сифатида 2017 йили январь ойидан бошлаб фаолият бошлаганман. Унгача икки йил давомида Хитойда фаолият олиб бордим. Мени Ўзбекистонда аёллар бокси ривожига ҳисса қўшиш учун чақиришганди. Ўзбекистон бокс федерацияси таклифни эшитиб, у ердаги шартномамни бекор қилганман ва ўз ватаним терма жамоасида иш бошлаганман. Менгача ҳам бир неча мураббийлар ушбу йўналишда меҳнат қилишган. Жумладан "Ўзбекистонда хизмат кўрсатган мураббий" Ринат ака Юсупов, Раҳматжон Рўзиохунов, Дилмурод Ҳасанов, Камолиддин Муталов каби мутахассислар меҳнат қилишди. 2016 йилда Ёдгорой Мирзаева ўзбек қизлари ичида илк маротаба Олимпиада лицензиясини қўлга киритганди.
Яхши биласиз, 2016 йили йигитларимиз Олимпия ўйинларида ўзбекистонлик бокс мухлисларини хурсанд қилиб, илк маротаба умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллашди. Яқин йиллардан буён аста— секин қизларимизга ҳам эътибор қаратила бошланди. Бунинг учун албатта юртбошимизга раҳмат айтиб қоламан. Агар шундай темпда давом этсак, келажакда Худо хоҳласа яхши натижалар кўрсата оламиз. Умуман олганда, Марказий Осиёда асосан эркак боксчилар азалдан жаҳон миқёсида ажойиб натижалар кўрсатиб келишади. Шу сабабли, минтақамизда асосан эркаклар боксига эътибор кучли бўлган.
Яна шуни қўшимча қилишни истардимки, бугунги кунга келиб рағбатлантириш масалаларида қизларимизга ҳам эркаклар терма жамоаси билан бир ҳил эътибор кўрсатилади. Яъни, жаҳон ва Осиё чемпионатларида совриндор бўлган қизларимиз натижасига қараб, йигитлар билан бир ҳил мукофот пули олади. Улардан фақат натижа кўрсатиш талаб қилинади.
— Хитойдаги фаолиятингиз қандай бўлган?
— У ерда Ляонин провинциясининг Шенянь шаҳрида провинция терма жамоасида ишлаганман. Чин ўлкасидаги фаолиятим 2014 йилдан 2016 йилнинг декабригача давом этган. Қўл остимда асосан эркаклар, шунингдек 3-4 нафар қизлар ҳам бор эди. У ердаги боксчиларимдан бири аёллар ўртасида Осиё чемпиони бўлди, шунингдек эркаклар ўртасида икки нафар боксчимиз мамлакат чемпионати ғолибига айланди. Улар кетишимни исташмаганди. Аммо, улар мени тушунишди ва омад тилашди.
— Бугунги кунда аёллар терма жамоасининг қайд этаётган натижалари ҳақида нималар дея оласиз?
— Бунгача 2017 йилда Вьетнамда ўтказилган Осиё чемпионатида битта олтин, иккита бронза медалини қўлга киритдик. Ўшанда боксимиз тарихида илк маротаба Гўзал Исматова аёллар ўртасида Осиё чемпиони бўлганди. Яна Ёдгорой Мирзаева ва Эъзоза Мелиева бронза медалига сазовор бўлишган. Шунингдек, 2019 йилги Осиё чемпионатидан ҳам учта медаль билан қайтдик. Агар кузатган бўлсангиз, осиёлик боксчи қизлар жаҳон миқёсида ҳам кучли ҳисобланишади. Хитой, Таиланд, Филиппин каби мамлакатларнинг боксчи қизлари жаҳон чемпионатларида ҳам муваффақиятли иштирок этишади. Улар ўғил болаларга ўхшашади (кулади). Уларда узоқ йиллардан буён аёллар бокс мактаби фаолият олиб боради. Ҳозир Ўзбекистон бокс федерацияси томонидан спорт базаси яратиш бўйича саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда. Агар терма жамоамиз учун алоҳида база бўлса, яқин йиллар ичида биздан ҳам жаҳон миқёсидаги бокс юлдузлари етишиб чиқади. Ҳозирда ўсмирлар ва ёшлар тоифасидаги қизларимиз қитъа миқёсидаги мусобақаларда яхши натижа кўрсатишмоқда. Улар ёшлигидан бокс мактабини кўриб келишмоқда. Вақти келиб улар катталар ўртасидаги мусобақада қатнашишади ва шунда натижалар ҳам кўнгилдагидек бўлади. Яхши натижаларга эришиш учун вақт талаб этилади.
2019 йили Ўзбекистон бокс федерацияси ташаббуси билан Ўзбекистон ёшлар, ўсмирлар терма жамоалари ташкил этилди. Ёшлар терма жамоасига Камолиддин Муталов, ўсмирларга эса ўз вақтида таниқли боксчи бўлган Лазиз Зокиров тайинланди. Улар ўз штабларига иқтидорли, ёш мураббийларни жамлашди.
Ҳозир ўсмирлар ва ёшлар терма жамоаси боксчи қизлари ҳақиқий мактабни кўришмоқда. Бу келажакда ўз самарасини беради. Ўсмирларимиз 2019 йили Қувайтда ўтказилган Осиё чемпионатида муваффақиятли иштирок этиб қайтишди. Ишонаманки, улар аввалига ёшлар, кейин эса катталар терма жамоаси сафида жаҳон бокси етакчилари билан рақобатлашишади. Бу борада Ўзбекистон бокс федерациясининг аниқ режа ва стратегияси бор. Федерация биринчи вице-президентлигига Сакен Джетибаевич келганидан сўнг аёллар боксига эътибор кучайди. Биз учун йиғинлар ташкил этилмоқда, хорижий мусобақаларда ҳам иштирок этмоқдамиз.
— Мамлакатимизда аёллар бокс терма жамоаси тузилганига кўп вақт бўлгани йўқ. Айтиб ўтганингиздек, ҳозирги катта ёшдаги қизларимиз болаликларидан бокс мактабини кўришмаган. Улар қайси спорт турларидан таклиф этилган?
— Тўғри айтдингиз. Терма жамоа тузилаётган вақти спортчиларимиз таэквондо, қўл жанги, тайбокс каби спорт турларидан келиб қўшилишган. Улар орасида хаттоки оғир атлетикадан спорт устаси ҳам бор эди. Биз мана шундай қизлар билан қисқа муддат ичида терма жамоа туздик ва ҳозиргача шундай натижаларга эришдик.
— Карантин сабаб режалар ўзгарган бўлса керак. Боксчи қизларимиз айни пайтда нималар билан бандлар? Уларни назорат қилиб турибсизми?
— Айни пайтда барча боксчи қизларимиз уйларида ва улар билан мунтазам алоқани йўлга қўйганмиз. Улар икки маҳалдан шуғулланишмоқда. Ишонаманки, карантиндан сўнг барчаси яхши бўлади ва биз Париждаги лицензион турнирга тайёргарликни давом эттирамиз.
Агар карантин бўлмаганида Тошкент шаҳрида ёш қизлар ўртасида Ўзбекистон чемпионати ташкил этган бўлишимиз лозим эди. Бунинг учун Ўзбекистон бокс федерацияси томонидан катта тайёргарлик кўриб қўйилганди. Мусобақа учун барча нарса шай эди. Тайёргарлик юқори савияда эди. Бунинг учун федерацияга раҳмат. Лекин, ушбу вирус кутилмаганда бизнинг мамлакатимизга кириб келди ва режалаштирилган мусобақа ҳамда йиғинлар бекор қилинди.
— Халқаро Олимпия қўмитаси Олимпадада аёллар учун вазнни кўпайтиргани ҳақида нималар дея оласиз?
— Дарҳақиқат, Токио Олимпиадаси учун Халқаро Олимпия қўмитаси аёллар учун вазнларни бештага кўпайтирди. Ташкилот гендерлар тенглигини таъминлаш мақсадида шундай қарорга келган. Шунга монанд равишда бизда ҳам ушбу йўналишга эътибор қаратилмоқда. Бу замон талаби. Мен сизга бир гапни айтишим мумкин. Қизларимизнинг потенциали юқори. Лекин бу спорт. Унда ҳар нарса бўлиши мумкин. Яна шуни қўшимча қилишим мумкинки, йигитларга қараганда қизлар билан ишлаш бироз мураккаб. Уларнинг ўзига хос характери, нозик табиати бор. Шу сабабдан ҳам барчага индивидуал ёндошув керак бўлади.
— Амманда ўтказилган лицензион турнирда битта йўлланма қўлга киритдик. Сизнингча бундан кўпроқ қўлга киритишимиз мумкин эдими? Ундай бўлса бизга нима ҳалал берди?
— Лицензион мусобақа якунига кўра битта вазнда йўлланма қўлга киритдик. Аслида, камида иккита лицензия олишни мақсад қилгандик. - 75 кг вазн тоифасида Навбаҳор Ҳамидова қозоғистонлик рақибасига қарши жангида ғалабага жуда яқин келганди. Лекин, якунда ҳакамлар рақибнинг ғалабасини қайд этишди. У ўша жангда жуда яхши ҳаракат қилганди. Аслида қозоғистонлик боксчи ҳам кучли эди, ўсмирлар Олимпиадасида совриндор бўлган. Шуни қўшимча сифатида айтишим мумкинки, Қозоғистонда аёллар боксига эътибор бундан 15 йил олдин бошланган. Навбаҳор эса ҳали ёш ва ўтган йили ёшлар терма жамоасидан бизга келиб қўшилди. Аслида у бунгача ёшлар терма жамоалари йўқ вақтда ҳам катталар терма жамоасида йиғинларда иштирок этарди.
— Терма жамоада сизга ёрдам бераётган мураббийлар ҳақида нималар дея оласиз?
— Тажрибали мураббийларимиз кўп. Умуман олганда ҳаракат қиляпмиз. Ишончим комил, режа асосида, шундай рухда ишни давом эттирсак, барчаси яхши бўлади. Ҳозирда ишни ташкил этишда турли ёш тоифаларидаги мураббийлар, жумладан ёшлар терма жамоаси мураббийи Камолиддин Муталов, ўсмирлар терма жамоаси устози Лазиз Зокиров, бундан ташқари Дилмурод Ҳасанов, боксчи қизларнинг шахсий мураббийлари ёрдам беришмоқда. Шунингдек, Зокир Шарофов, Ғайратжон Каримов, Исломжон Тожибоев каби мураббийларимизни ҳам алоҳида қайд этиб ўтишим лозим. Мураббийлар жамоамиз яхши, бир биргаликда яхши натижаларга эриша оламиз.
— Ўзбек бокси юлдузларидан бири Элшод Расуловнинг терма жамоага сизга ёрдамчи сифатида қўшилиши боксчиларга қандай таъсир қилди?
— Элшод Расулов терма жамоаси аъзоси бўлган вақтида ҳам истеъдодли, масъулиятли, кучли спортчи бўлган. Яқиндан бошлаб у ҳам Ўзбекистон бокс федерацияси топшириғига кўра биз билан бирга аёллар терма жамоасида иш бошлади. У ҳақиқий ёрдамчи. Бир қатор масалаларда ёрдам бериб келмоқда. Лекин барибир масъулият менда қолган, натижа учун мен жавоб бераман. Шундай бўлсада, мураббийлар штаби билан биргаликда келишиб, маслаҳатлашган ҳолда иш олиб борамиз. Унинг сафимизга келиб қўшилганидан хурсандман.
— Карантин вақтида боксчи қизларга маслаҳатингиз.
— Юзага келган карантин пайтида барчадан уйда қолишни, гигиена талабларига қатъий риоя қилишни сўраб қоламан. Ишонаманки, агар барча қоидаларга тўлиқ амал қилсак, биз ушбу коронавирусни енгиб ўтамиз. Барчага раҳмат. Насиб қилса, ҳаммаси яхши бўлади, барча соҳада ишларимиз ривожланиб кетади.
Азиз Тўхтамуродов суҳбатлашди.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).