Халқаро баскетбол федерацияси (FIBA) Халқаро олимпия қўмитаси (ХОҚ) билан маслаҳатлашувлардан сўнг эркаклар ўртасида баскетбол бўйича олимпия саралаш мусобақаларининг муддатларини тасдиқлади. Ушбу саралаш турнирларини ўтказиш муддатлари коронавирус пандемияси сабабли ўзгартирилган эди.

FIBA ушбу тўртта турнир бўйича ХОҚ билан маслаҳатлашувларда спортчиларнинг юкламаси, миллий терма жамоаларининг режалари ва мусобақалари муддатларини ҳисобга олди. ХОҚ ҳам ушбу омилларни ҳамда “Токио-2020” 2021 йилга кўчирилиши муносабати билан юзага келган фавқулодда ҳолатни ҳисобга олган ҳолда FIBAнинг олимпия саралаш турнири муддатларини тасдиқлади.

FIBA президенти Хамане Нианг ва Бош котиби Андреас Загклис ХОҚ президенти Томас Бах ва ХОҚ Ижроия кенгашига бунинг учун ўз миннатдорчиликларини билдирди. FIBAнинг тўрт саралаш турнири Канада, Хорватия, Литва ва Сербияда 2021 йилнинг 29 июнидан 4 июлигача бўлиб ўтади. Ушбу турнирнинг ҳар бирида олтитадан, жами 24 та миллий терма жамоа иштирок этади. Ҳозиргача Халқаро баскетбол федерациясининг 2019 йилги жаҳон чемпионати натижалари бўйича олти миллий жамоа ҳамда Токио-2020 мезбони Япония 2021 йилги Олимпия ўйинларида иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган.

FIBA олимпия саралаш мусобақаларига қуръа ташлаш Халқаро баскетбол федерациясининг Патрик Бауман номидаги баскетбол саройида 2019 йилнинг ноябрь ойи охирида бўлиб ўтган эди. Олимпия саралаш мусобақалари ғолиблари 2021 йил 23 июлидан 8 августгача Токиода бўлиб ўтадиган Ёзги олимпия ўйинларида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритади.