“Қироллик клуби” карантиндан олдин амалга оширган хатосини тўғирлаб қўйиши учун 10 кун кифоя қилди. Эндиликда, клуб азалий рақибини турнир жадвалида қувиб ўтди ва чемпионлик учун қулай имконият ҳосил қилди. Айни дамда, клуб бир нечта омиллар сабабли майдонда ишончли футбол намойиш этмоқда.
Кучли рақобат
Тан олиш лозим, “Реал” клуби рестартга фантастик тарзда тайёргарлик кўрди. Клуб футболчиларнинг жисмоний ҳолатини тўлиқ тайёрлаш мақсадида Грегори Дюпонни йўллади ва у йигитларни ўз спорт формасини тиклаб олишида катта рол ўйнади. Айниқса, “Эйбар”га қарши учрашувининг иккинчи бўлимда “Реал” ўзининг жисмонан етук формада эканлигини барчага кўрсатиб қўйди. Бундан ташқари, жамоа захира ўриндиғининг “узунлиги” ҳам қўл келмоқда. Исталган позицияда кучли ижрочиларнинг борлиги асосий таркиб футболчилари учун қўшимча дам олиш имконини яратмоқда. Бу карантиндан сўнг, футболга қайтган клублар учун жуда муҳим.
Зидан бошқарувни ўз қўлига олди
Франциялик мураббий ўз кучига ишонишда давом этмоқда. Рестартдан олдин “Бетис” ва “Леванте”дан қабул қилиб олинган аламли мағлубиятлардан сўнг, футболчилар ҳам ўз кучига ишонишни бошламоқда. Яна ўша “Эйбар” билан ўтган учрашувни ёдга оламиз. Эътибор қаратган бўлсангиз, Зидан ўша куни руҳан ўз йигитларини сўнгги сонияларга қадар қўллаб-қувватлади. Натижа ҳам якунда “қироллик клуби” фойдасига ишлади. Ўша куни нафақат футболчилар, балки мураббий ҳам рестартдан олдин йўл қўйилган хатоларни тўлиқ ёпиб ташлашга муваффақ бўлишди.
Ирода ва эффект
Қайта тикланган мавсумда Мадрид клуби ҳар бир позицияда балансни мукаммал тарзда ушлаб турибди. Боз устига, футболчилар ҳам майдонда 100 фоиз куч билан ҳаракат қилмоқда. Айниқса, ҳимоячилар бир неча йил аввалги даражасини намойиш этаётгандек туюлмоқда. Қанотлар ва марказ ўртасидаги боғликлик кўзга ташланмоқда. Шу билан биргаликда марказ ҳам ҳужумчиларни тўлиқ тўп билан таминлашни уддалаяпти. Натижалар ҳам анча яхшиланган. Клуб сўнгги тўртта учрашувда рақиб дарвозасини 10 бор ишғол қилди. Бу фойдали ҳаракатларни голга айлантириш фоизи анча кўтарилганидан далолат.
Эден Азар ва Асенсио
Азар ва Асенсио Зидан учун кутилмаган совғага айланди десак, адашмаган бўламиз. Аслида, бу йигитлар учун деярли мавсум якунланган эди, бироқ карантин уларга қўл келди. Энди Азар ҳам Асенсио ҳам Зиданнинг тактик схемаларининг ранг-баранг бўлишида ўз ҳиссасини қўшмоқда. Жароҳатдан фориғ бўлган футболчилар секин-аста етакчиликни ўз қўлига олишни бошлади. Айниқса, белгиялик вингерда ижобий ўзгаришлар мавжуд. У мослашув жараёнини тўлиқ бошидан кечирган кўринади. Асенсио ҳам узоқ танаффусдан сўнг, гол киритди ва ҳали клуб учун наф келтиришга қодир эканлигини яна бир исботлаб қўйди.
Карим Бенземанинг голлари
“Реал” яна ўзига ўхшаши учун Карим Бенземанинг голлари сув ва ҳаводек зарур эди. Француз кутилганидек, карантиндан сўнг гол киритишни (3 та гол) бошлаб юборди. Бундан кўриниб турибдики, Бензема яна ўз оптимал формасида ва гол киритишга руҳан тайёр. Мавсум бошида, Бензема вазиятлардан фойдаланиш борасида оқсаётган эди. Бугунги кунга келиб, у яна “қотил” режимида тўп тепмоқда. Бу омил “Реал”га мавсумнинг қолган учрашувларида қўл келиши турган гап.
Ротация
Зидан ротатцияни ҳуш кўрувчи мураббийлар сирасига киради. Эътиборлиси шундаки, жамоа Начо, Йович, Васкес ва Искосиз қолган бир пайтда ҳам Зидан ротатциядан воз кечмаяпти. Клубдан кетиши аниқ бўлиб улгурган Хамеснинг “Аноэте” аренасида қандай ўйин кўрсатганига эътибор қаратинг. Зидан қўрқмасдан яна Винисиусни майдонга қайтарди. Умуман олганда, Зидан клуб ёшларидан ҳам асосий жамоа учун номзодларни кўриб чиқмоқда. Тез орада, янги номларни кашф этиши ҳам ҳеч гап эмас.
Янги стадионга мослашув
Аслида, “Сантьяго Бернабеу”даги ўйин ўтказишига ўрганиб қолган жамоа карантиндан сўнг “Алфредо Ди Стефано” стадионига кўчиб ўтди. Қувонарлиси шундаки, “қироллик клуби” янги стадион ва янги чимга тезда мослашиб олди. Бу мавсумнинг қолган учрашувларини кўтаринки кайфиятда якунлаш учун имкон яратади.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).