Яқиндагина Матч.тв нашри ҳамюртимиз Остон Ўрунов билан уюштирилган интервьюни эълон қилди. Ҳамюртимиз ушбу суҳбатда рус мухлисларини қизиқтирган саволларга жавоб бериб ўтди.
“Уфа”ўзбекистонлик футболчини 200 минг евро эвазига Тошкентнинг “Локомотив” жамоасидан сотиб олди. Декабрьойида 19 ёшга тўлган футболчи Ўзбекистон биринчилигида 50дан ортиқ ўйинлар ўтказишга муваффақ бўлгани эътиборга молик. Унинг РПЛдаги ишончли ўйинларини кўриб, РПЛнинг бўлажак юлдузи билан интервью уюштириш фикри уйғонди.
Нон ёпганмиз…
Мен Ўзбекистоннинг Навоий вилоятида таваллуд топганман. Бу жуда кичик ва шу билан биргаликда жуда гўзал шаҳар. У ернинг ҳавоси жуда тоза. Ёшлигим кўчада тўп тепиш билан ўтган десам, адашмаган бўламан. Биз истиқомат қиладиган туманда майдон бўлмагани боис, кунига 3 соатлаб асфальтда тўп тепар эдик. Ёдимда бор, 9 ёшга тўлганимда отамга мени футболга олиб боринг деб айтган эдим. Дадам жуда меҳрибон инсон. Бизга ҳеч қачон овозларини баландлатмаганлар. Ваҳоланки, мен чинакам жанжалнинг уяси бўлганман. Бир неча йил каратэбилан шуғулланганим боис, кўчада ҳар куни ўзимни кўрсатишга уринганман. Мендаги қизиққонлик ҳам ўша жанжаллар таъсири бўлса керак. Ҳозир ҳиссиётимни жиловлай оламан.
“Пахтакор”да ўйнашни истамайман…
Футбол тўгарагимдаги ўйинларим сабабли мени Навоий болалар жамоасига таклиф қилишди. 12 ёшимда мусобақада иштирок этиш учун Фарғонага йўл олдим. У ерда мен “Пахтакор” скаути назарига тушдим. Тасаввур қилиб кўринг, 12 ёш чоғимда уйимдан 350 км узоқликдаги интернетга ўқишга кирдим. Ёдимда бор, аввалига сира кўника олмаганман. Кечалари ота-онамга йиғлаб қўнғироқ қилар, “Пахтакор”да ўйнамайман деб хархаша қилар эдим. Мени олиб кетишларини илтимос қилиб,ҳар куни қўнғироқ қилганман десам адашмаган бўламан. Вақт ўтиши билан, барчаси менинг келажагим учун амалга оширилаётганини англадим. Орзу учун сабр қилишга тўғри келишини 12 ёшимдаёқ тушуниб етганман десам, адашмаган бўламан. Тўғриси, мен учун қийин паллаларда тўғри қарор қабул қилган ота-онамдан миннатдорман. Уларни уринтиришни истамайман. Биз тандирда нон ёпиб тирикчилик қилганмиз. Дадам ва ойим эрталабдан-кечгача қайноқ тандир олдида меҳнат қилишар эди. Тўғриси, бу жуда оғир меҳнат. Бугунги кунда мен ва акам Достон уларни ҳеч нарсага муҳтож қилмасликка тиришяпмиз.
Айтсам ишонмайсиз, ҳар куни уйдагилар билан сўзлашаман. Уларнинг далдаси мен учун жуда муҳим. Дадам ҳар куни “ортга чекинма, бор кучинг билан ҳаркат қил” деб мотивация берадилар. Бу сўзларни қайта-қайта эшитсамда, эртанги кунга бўлган ишончим ортади.
Исмим Ўзбекистонда бир дона
Тўғриси, исмим жуда камёб. Мен бутун ўзбекистон бўйлаб фақат бир маротаба ўзимнинг “адашим”ни учратганман холос. Тўлиқ исмим Остон Ўрунов Рустам ўғли. Шундай бўлсада, бундан нолимайман.
Мен ҳаяжонланмайман
16 ёшимда Ўзбекистон миллий чемпионатида дебют қилдим. Тўғриси, сира ҳаяжонланмаганман. Аслида, футбол учрашувлари чоғида деярли ҳаяжон босмайди. Мендаги бу одатдан “Уфа”даги жамоадошларим ҳам ҳайрон қолишган эди.
Инглиз тили режамда бор
Аслида, рус тили борасида кўникмага эгаман. Мактабдаги ўқитувчиларимизнинг меҳнатлари сабабли рус тили билан танишман. Бундан ташқари, Андрей Канчельскис ва Самвел Бабаян билан бирга ишлаганчоғларимда тилни анча ўзлаштиришга муваффақ бўлдим. Улар билан ҳали-ҳамон алоқадамиз. Бу мураббийлар менинг футболчи сифатида шаклланишим учун жуда катта кўмак беришган.
“Навбаҳор”да ўсдим…
Наманганнинг “Навбаҳор” клубида футболчи сифатида ўсишга эришдим. Ўйиним яхши чиқаётгани боис, Наманган ҳокими мени сотиб юборишни истамаган эди. Кейинчалик, бундан ҳамкучлироқ даражага чиқишим учун кетишим кераклигини тушунгани учун ҳам қўйиб юборишга рози бўлди. Кейин Тошкентнинг “Локомотив” жамоаси билан шартнома имзоладим. Ана ўшанда карьерамда чинакам кўтарилиш кузатилди. Мени ўзбекистондаги энг яхши ёш футболчи деб эътироф этишди. Кўп ўтмай, терма жамоадан ҳам чақирув олдим.
Олифта эмасман…
Секин-аста мени кўчада мухлислар таниб қолишни бошлади. Тўғриси, бунга ҳотиржам муносабатда бўлишга интиламан. Айниқса, ёш футболчилар расмга тушишни илтимос қилишади. Бу жуда ёқимли ҳолат. Ҳеч қачон мухлислар илтимосини рад этмайман. Мақтанчоқ олифта сифатида уларнинг хотирасида қолишни истамайман.
Позициям…
Аслида, таянч ярим ҳимоясида тўп суришни хуш кўраман. Тўп учун кураш ва марказдаги тактик кўрсатмаларни бажаришдан завқланаман. Шундай бўлсада, мени қанотга яқинроқ жойлаштиришмоқда. Вазиятлардан фойдаланиш борасида оқсаётган бўлсамда, ишонч билдиришмоқда. Бу кредитларни кўкка совурмаслик учун ҳам бор кучим билан ҳаракат қилишим лозим. Ёшлик чоғларимда ҳимоя марказида тўп сурганман. Кейин, майдон марказига кўчиришди. Ўсмирлар жамоасида ҳужумчи ортида ҳам фойдаланишган. Қайси позицияда тўп суришнинг фарқи йўқ. Асосийси жамоам учун наф келтиришим.
Турли таклифлар бор эди, аммо…
“Уфа”га ўтишимдан аввалроқ, менга бир нечта Хитой клублари “оғиз солди”. Кўп ўтмай араб давлатларидан ҳам таклифлар келиб тушди. Биласизми, уларни ўйлаб ўтирмай рад этдим. Барча-барчасини рад этдим. Ҳатто кўриб ҳам чиққаним йўқ. Ниятим Европага йўл олиш эди. “Уфа” мен учун трамплин вазифасини ўтаб беришига умид қиляман.
Уйдан кўчага чиқмайман…
Машғулотлардан бўш пайтимда, кўчага чиқишни хуш кўрмаяман. Асосий вақтим уйда мусиқа тинглаш билан ўтади. Яқинда бу қўл келди. Клубга янги ташриф буюрганлар қўшиқ куйлаб бериши лозим экан. Минг ҳижолат билан бўлсада реп жанридаги қўшиқни куйладим. Бу биринчи бор қўшиқ куйлашим.
РПЛни Одил Аҳмедов учун томоша қилганман
Тан олиш лозим, ёшлик чоғимда РПЛ учрашувларини томоша қилмаган эдим. Кейинроқ Одил ака Аҳмедов “Анжи”га ўтгач, кузатиб боришни бошладим. Биз улар билан ака-укадек яқинмиз. Анча олдин улар менга жуда керакли маслаҳат берган эдилар. Менинг тўпни ўзимда узоқ ушлаб қолишимни пайқагач, “бир марта алда ва бир марта пас ижро эт” деган эдилар. Аввалига бунга эътибор қаратмадим. Кейинроқ ўйинларда шу ўгитга риоя қилишни бошлагач, тушуниб етдимки, бу марказий ярим ҳимояч учун “олтин ўрталиқ” экан.
Буни бутун ўзбек халқи кутмоқда…
Футболчи сифатида нафақат менинг, балки барча ўзбек футболчиларининг орзуси Қатарда бўлиб ўтувчи ЖЧда иштирок этиш. Мундиални бутун ўзбек халқи кутмоқда. Насиб этса, Қатар яшил майдонларига Қатар етиб борамиз.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).