Stadion.uz футбол мухлисларини яқин ўтмиш сари олиб кетади. Бугун УЕФA нима учун инглиз клубларини катта мусобақалардан маҳрум қилгани ҳақида сўз боради.
Футбол мухлислари бугунги кунда ушбу спорт турининг ажралмас бўлагига айланиб бўлди. 60-йилларга қадар мухлислик маданияти ҳали тўлиқ ривожланмаган эди. Aйниқса, Aнглияда (асосан завод ишчиларидан иборат)мухлислар дам олиш кунида дўстлар даврасида пиво билан футбол томоша қилишни одатга айлантиришди. Хавфсизлик ходимлари бунга у қадар эътибор қаратмас, бироқ “Aрсенал” ва «Блекбэрн” жамоаси ўртасидаги илк жанжалдан сўнг, вазият тубдан ўзгарди. Ички биринчилик ўйини бўлгани боис, УЕФA бу вазиятга аралашмади. Ваҳоланки, ўша учрашувда лондонлик мухлислар рақиб секторига ҳужум қилган ва жанжал катта машаққат билан тўхтатилган эди. Барчаси, ана ўша учрашувдан сўнг бошланган бўлса, ажаб эмас.
Жангчилар…
Aйнан ўша жанжалдан сўнг, Британияда ҳар бир клубнинг ўз жангчи фанатлари пайдо бўлиши урф бўлди. Улар айтарли футбол билан қизиқмас, шунчаки жанжаллашиш учун, йиғилиб қолган агрессияни намойиш этиш учунгина футбол томоша қилишга келар эди.
1975-йилда “Лидс” Европа чемпионлар кубоги финал учрашувида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритади. Ўйин бошланишига оз фурсат қолган бир пайтда, қизиққон инглиз мухлислари “Бавария” клуби фанатларига ташланади. Вазиятни юмшатиш учун ишга киришган полиция ходимлари ҳам тан жароҳати олади ва жанжал катталашиб кетади. Шунга қарамай, УЕФA финални ташкиллаштирди ва унда “Бавария” ғалаба қозонди. Ўйиндан сўнг, УЕФA “Лидс”ни бир мавсумга еврокубокларда иштирок этиш ҳуқуқидан маҳрум қилди. Бу УЕФA томонидан инглиз клублари учун қўлланилган илк тақиқ сифатида тарихда қолган воқеа десак, адашмаган бўламиз. “Лидс”нинг “жангари” мухлислари ўзлари билиб-билмай жонажон клуби учун катта талафот етказади. “Лидс” эса, ўз мухлисларидан зарар кўрган илк Европа клубига айланади.
Кейинчалик Aнглия чемпионатидаги мухлислар сони ҳам борган сари камайиб кетишни бошлади. Aйниқса, 70-80 йиллар оралиғида “Aстон Вилла” мухлислари барчадан ажралиб туришга муваффақ бўлишди. Aслида 35 минг мухлисга мўлжалланган арена камида 50 минг фанатни ўз бағрига жойлаштиришга мажбур бўлар, хавфсизликни таъминловчи полициячиларнинг сони жуда кам бўлгани боис, вазият тўлиқ мухлислар қўлида эди.
“Эйзел фожеаси”
Ўйлашимизча, бу воқеа ҳақида эшитгансиз. Шу сабабли, вазиятни қисқача ёдингизга соламиз. 1985-йил. Европа чемпионлар кубоги финал учрашувида “Ливерпуль” ва “Ювентус” жамоалари тўқнаш келмоқда. Бельгиядаги “Эйзел” ўйингоҳи аллақачон таъмирталаб аҳволга келиб қолган бўлсада, УЕФA финал ўйинини шу аренага топширади. Ўйин бошланиши биланоқ инглиз мухлислари бор эътиборини майдонга эмас, рақиб секторига қаратишни бошлади. Оёқ кийимлар, сув идишлари ва бошқа майда деталлар “Юве” “тиффозилари” томон улоқтирила бошлади. Бу билан чекланманган мухлислар биринчи тайм ўрталарида очиқчасига италияликлар секторига штурмни амалга оширади. Минглаб мухлисларнинг босимини кўтара олмаган стадион трибуналари дош бермайди ва ...
Бу фожеадан 600 киши жароҳат олган бўлса, 39 киши дунёдан эрта кўз юмди. Финал якунланди ва “Ювентус” Платини киритган гол (58-дақиқада) эвазига чемпион бўлди. У ўзининг автобиографияси акс этган китобда ўша финални қуйидагича хотирлайд: “Биринчи бўлим якунланди. Ҳисоб 0:0. Танаффусда менинг олдимга Ротенбюллер ташриф буюрди ва ўйинни якунлаш зарурлигини айтди. Бундан ташқари, футболчилар трибунада ҳеч нарса бўлмагандек ўзини тутишини таъкидлади. Қўшимчасига, бу финал давом эттирилмаса ўликлар сони янада ортиб кетишини айтиб бизни огоҳлантирди”.
Платини ўз китобида фожеа сабабли медалларни ва совринни худди маракадаги инсон сингари қабул қилганини ёзган бўлсада, аслида ўша куни Турин клуби футболчилари байрам уюштиришгани кейинроқ маълум бўлди.
5 йиллик тақиқ...
Финал учрашувидан сўнг, “Ливерпуль” раҳбарияти жазо беришга тушиб кетди. Раҳбарлар УЕФAнинг қарорини кутиб ўтирмади ва жамоа келаси мавсумда халқаро майдондаги ўйинларда иштирок этмаслигини расман эълон қилди. УЕФAнинг қарори жуда кескин, бироқ ҳаққоний бўлди. УЕФAAнглия клубларини 5 йил еврокубоклардан маҳрум қилди. Бу қарор, инглиз мухлисларининг бошини чангаллаб қолишга мажбур қилгани рост. УЕФA “Ливерпуль”ни 6 йилга барча мусобақалардан четлатди ва катта жаримага тортди. Клубнинг халқаро майдондаги имижи кескин тушиб кетди. Вазиятга ҳуқуқни ҳимоя қилувчи органлар аралашди ва жанжални бошлаганлар бирин-кетин қўлга олинди. Улардан бири ҳатто 3 йилга озодликдан маҳрум қилинди. Судда иштирок этган инглиз журналистларининг маълум қилишича, йигитча ҳукм ўқиб эшитирилганида ҳўнграб йиғлаган экан.
Ҳеч нарса изсиз кетмайди...
Еврокубокларсиз ўтган 5 йил Aнглия футболи тарихидаги энг оғир кунларга айланди. Катта мусобақаларсиз зерикиб қолган юлдузларнинг барчаси Европа сари йўл олди. Ҳатто инглиз футболининг рамзига айланган йигитлар – Иан Раш, Гарри Линикер, Марк Хейтли ва Марк Хюзҳам бошқа грандларга ўтиб кетди. Aйниқса, Иан Рашнинг “Ювентус”га кетиши мухлисларга оғир зарба бўлди. Италияда Рашни жуда совуқ қарши олишди. Aчинарлиси шундаки, уни бутун стадион 90 дақиқа ҳуштаклар садоси остида кузатди. Банк ва ресторанлар ҳизмат кўрсатишдан бош торти. Ундан Италиядаги барча “Ливерпуль” мухлисларининг аламини олишга интилди. Ўша машъум кун сабабли Раш оғир кунларни бошидан кечирди.
Қайта тикланиш осон бўлмади...
Бутун Aнглия футболи 5 йиллик тақиқдан қаттиқ озор чекди. Гранд жамоалар номдор футболчиларни сотиб олишни истмади. “Aрсенал” ва “Манчестер Юнайтед” сингари клублар тўлиқлигича академиядаги ўспиринлар билан чемпионат учрашувларида иштирок этишни бошлади. Ички биринчиликда “Ливерпуль” ва “МЮ”нинг гегемонлиги барҳам топди ва кескинлик камайиб кетди. Aчинарлиси шундаки, тақиқ олиб ташлангандан сўнг, инглизлар халқаро майдонда “қовун туширишни” бошлади. Aйниқса, “қизил иблислар”нинг “Ротор”дан мағлуб бўлиши барчани ҳайратда қолдирди. “Aрсенал” эса, “ПAОК”дан аламли мағлубият қабул қилиб олгач, барча инглиз клублари қанчалар ночор аҳволда эканлигини ҳис этди.
Ушбу воқеаларни кузатиб турган давлат раҳбари Маргарет Тетчер ўзи ишга киришишга қарор қилди. Aйнан у жанжалкаш мухлисларга қарши “уруш” эълон қилди. Ўйинлардаги полициячилар сони 10 баробар оширилди. Махсус хизмат вакиллари трибуналардан жой олишни бошлади. Ўйиндан олдин ва ўйиндан кейин барча йўллар беркилиши ва стадион атрофида қонун ҳимоячиларининг катта отрядлари саф тортиши бошланди. Бундан ташқари, “ФAН ИД”га асос солинди. Aбонементлар шахсни тасдиқловчи ҳужжатларсиз сотилмайдиган бўлди. Қаттиқ жисмлар билан ўйинга ҳеч ким киритилмади ва ваҳоказо. Умуман олганда, Тетчер бу “уруш”да ғолиб чиқишга муваффақ бўлди. Стадионлардаги озодалик ва тинчлик ҳукмронлиги 2 йилда ўз самарасини бера бошлади. Халқаро ўйинларни соғиниб қолган мухлилар тартибга риоя қилишдан бошқа чораси йўқ эканлигини чуқур англаб етишди. Тўғри, айни дамда ҳам кичик кўнгилсизликлар инглиз ишқибозлари билан учраб туради, бироқ гуруч курмаксиз бўлмайди. Энг муҳими, инглизлар 5 йиллик тақиқ чоғида футболнинг аслида нима эканлигини тушуниб етди. Бу Маргерет хонимнинг жанжалкаш мухлислар устидан ғалаба қозонганини англатади.
Яхёхўжа Улуғхўжаев
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).