Карантин қоидалари юмшатилиб, яна спорт мусобақалари ташкил этила бошланмоқда. Хусусан, профессионал бокснинг юраги бўлган Америка Қўшма Штатларида ҳам бокс оқшомлари ташкил этилмоқда. Жаҳон боксига нафақат ҳаваскор, балки проф боксда ҳам ўз юлдузларини тақдим этаётган Ўзбекистондан ҳам боксчилар аста-секин океан ортига бориб, навбатдаги жангга тайёргарликни бошлаб юборишган. Ҳозирга келиб, бир неча боксчимизнинг жанг санаси аниқ бўлиб улгурган.
15 август куни (Тошкент вақти билан 16 август тонгида) АҚШнинг Оклахома штатида «Matchroom Boxing» промоутерлик компанияси томонидан бокс оқшоми ташкил этилади. Унда бирйўла икки нафар боксчимиз рингга кўтарилади.
Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Исроил Мадримов (5-0-0, 5 КО) WBA вақтинчалик чемпионлик камари учун америкалик Эрик Уолкерга (20-2-0, 9 КО) қарши жанг қилади. Ушбу жанг кечанинг иккинчи даражали марказий жанги бўлиши кутилмоқда.
Айнан ушбу кечада Олимпия ўйинлари совриндори, жаҳон чемпиони Шаҳрам Ғиёсов мексикалик Франсиско Роходан ўзининг WBA International камарини ҳимоя қилади.
Шунингдек, айни пайтда Америкада бўлиб турган Бектемир Мелиқўзиев ҳам катта эҳтимол билан август ойида рингга кўтарилади. Фақат ҳозирча унинг рақиби ким бўлиши ноаниқ.
Ўзбек профессионал боксчилари ичида юқори рейтингга эга бўлган Қудратилло Абдуқаҳҳоров 10 октябрь куни IBF вақтинчалик чемпионлик камари учун россиялик Сергей Липинецга қарши рингга кўтарилади. Фақат ҳозирча Қудратиллода виза билан боғлиқ муаммолар юзага келган ва шу сабабли у АҚШга жўнаб кета олмаяпти.
Ўзбекистон бокс федерацияси матбуот хизмати