ЎзПФЛ Комиссияси Coca Cola Суперлиганинг Тошкентда ўтадиган марказлаштирилган турларига жалб этилган персоналларни рўйхат бўйича текширувдан ўтказмоқда.
14 август куни биринчилардан бўлиб “Бухоро” ва “Бунёдкор” клублари 9-турнинг қолдирилган ўйини доирасида майдонга чиқади. Шу боисдан Комиссия биринчи галда мазкур клубларга эътиборини қаратди.
Комиссия аъзолари дам олиш кунларида “Бухоро” ва “Бунёдкор” жамоаларининг 25 нафардан футболчисини Ig G тестидан ўтказди. Унга кўра, тошкентликларнинг 10 нафари вирусни аллақачон ўз танасидан ўтказиб бўлган, бухороликларда эса бу кўрсаткич 11 тани ташкил қилмоқда. Комиссия мазкур 21 футболчининг функционал ҳолатини аниқлаш мақсадида текширувдан ўтказди. Айни вақтда уларда футбол учрашувларини давом эттириш билан боғлиқ муаммолар йўқ.
Режага кўра, “Бухоро” футбол клубининг ўринбосарлар таркиби Тошкентга энди етиб келади. Жамоа аъзолари ва клубнинг футболчилардан ташқари ходимлари душанба куни Ig G тестини топширади. “Бунёдкор” клубининг қолган вакиллари ҳам келаётган ҳафта бошида биринчи тестдан ўтади. Мазкур тест жавоблари мусбат чиқмаган футболчиларгина PZR тестини топширади.
Маълумот учун, ўз танасига вирусни қабул қилиб улгурган футболчиларда қолганлардан фарқли ўлароқ коронавирусни қайта бошдан ўтказиш эҳтимоли жуда кам. Улар, шунингдек, бошқа инсонга вирусни юқтирмайди. Шундан келиб чиқиб, Комиссия касалликни ортда қолдирган футболчиларнинг функционал ҳолатинигина синовдан ўтказяпти. Қўшимчасига, касалликни бошдан ўтказган, аммо ҳали антитаначалар шаклланмаган футболчилар ҳам мавжуд. Яна бир неча кун ичида катта эҳтимол билан уларда ҳам вирусга қарши курашувчи иммунитет ҳосил бўлади.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).